Янгиликлар: Хитой қўрқитиш тактикаси қандай ишлаётгани маълум бўлди... Xitoy Uyg'urlar Dunyo Yangiliklar

Графика

Хитой қўрқитиш тактикаси қандай ишлаётгани маълум бўлди.

Алоқадор мавзулар:

Сэм Жуда

BBC Newsnight ва BBC Verify

Тадқиқотчилар айтишича, Хитой хорижда яшаётган уйғурларни инсон ҳуқуқлари фаоллари ортидан жосуслик қилишга мажбурламоқда, Хитойдаги оилаларига эса таҳдид қилмоқда. Қочқинлар ва фаолларнинг Би-би-сига айтишича, қўрқитиш тактикаси уйғур жамоаларини бўлиб ташламоқда.

"Жоним болам, - дейди Олимнинг онаси экранга тикилиб. - Ўлимимдан олдин сени кўраман деб ўйламагандим."

Олим (исми ўзгартирилган) қаттиқ ҳаяжондалигини айтади. У Британияга қочганидан олти йил ўтиб, улар биринчи марта видео қўнғироқ орқали бир-биларини кўриб гаплашди.

Лекин хотиржамлик йўқ эди: қўнғироқни бошқа биров кузатиб турарди.

Хитой шимоли-ғарбий қисмидаги асосан мусулмон озчилик бўлган барча уйғурлар сингари Олимнинг онаси ҳам қаттиқ назорат остида яшайди.

Улар ҳеч қачон бир-бирларига тўғридан-тўғри қўнғироқ қила олмасдилар.

Бунинг ўрнига воситачи икки мобил телефондан Олим ва унинг онасига айри-айри қўнғироқ қилди.

У телефон экранларини бир-бирига қарама-қарши тутиб турарди, шунда улар бир-бирининг титроқ тасвирларини кўришлари ва карнайлардан бўғиқ овозни эшитишлари мумкин эди.

Олимнинг айтишича, улар зўрға гаплашиб, суҳбатнинг кўп қисмини йиғлаб ўтказган.

Онасининг орқасида кўринган оддий оқ девор унинг Шинжондаги уйими ёки Хитой ҳукумати бир миллиондан ортиқ уйғурни ҳибсга олган лагерми, у билмасди.

Аммо Олимнинг айтишича, у онаси билан алоқа қилиш қимматга тушишини билган, чунки ўртадаги воситачи хитойлик полициячи эди.

Уйғурлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитойдаги уйғурлар қаттиқ кузатув остида яшашади ва бир миллиондан ортиқ одамнинг махсус жамлоқлар тармоғида ушлаб турилгани ҳам ишонилган. Сурат 2019 йилда олинган

Офицер яна қўнғироқ қилиб, Олимдан уйғур ҳуқуқ ҳимоячилари йиғилишларида қатнашиб, разведка маълумотларини йиғиб, Хитой давлатига етказишни сўради.

"Лондонда Хитойга қарши норозилик намойиши бўлганда, улар менга қўнғироқ қилиб, у ерга кимлар боришини сўрашди", дейди Олим ва Би-би-сига ўша телефон қўнғироқлари ёзувларини берди.

Аксарияти Британия фуқаролари бўлган уйғур ҳуқуқлари гуруҳлар етакчилари билан дўстлашиш учун уларни ресторанларга олиб бориб суҳбатлашиш, тўловларни ҳам ўзи тўлаши учун Олимга пул ҳам таклиф қилинган.

Офицер, агар унинг янги даромади ҳақида шубҳалар пайдо бўлса, сохта компания ташкил қилишни таклиф қилди. Олимнинг айтишича, аллақачон ана шу мақсадда бошқалар номидан кўплаб ширкатлар ташкил этилган.

Агар у рад этса, оиласига зарар етиши мумкинлигига шама қилиб гапиргани Олимни боши берк кўчага тиқиб қўйди.

"Улар менинг оиламни гаровга олишяпти, - дейди Олим. - Мен зулмат кунларни яшаяпман."

Ҳукуматларнинг хориждаги диаспораларни назорат қилиш тактикаси трансмиллий репрессия деб аталади.

Тадқиқотлар кўрсатишича, хориждагиларни ўзларига бўйсундириш учун уларнинг оилалари билан алоқаларини назоратга олиш одатда Хитой полицияси томонидан кўп қўлланади.

Шеффилд университетидан доктор Дэвид Тобин ҳамкасби Нирола Элиме билан биргаликда шу кунгача ушбу мавзу бўйича энг кенг қамровли тадқиқотларни ўткази. Улар бир қанча мамлакатлардаги 200 дан ортиқ уйғур диаспораси аъзоларидан интервью олдилар. Унинг айтишича, Хитойдан ташқарида яшаётган барча уйғурлар трансмиллий репрессия қурбони бўляпти.

"Оилаларни ажратиб ташлаш - асосий тактика", дейди у. Телефон қўнғироқлари техник жиҳатдан мумкин бўлган жойларда ҳам Хитойда яшовчи қариндошлар қўнғироқ қилишмайди, дейди доктор Тобин. Унинг айтишича, қўнғироқлар назорат қилиниши ҳақида тахминлар бор ва эркин мулоқот уларни хавф остига қўйишидан қўрқишади.

Доктор Дэвид Тобин
Сурат тагсўзи, Доктор Дэвид Тобиннинг айтишича, хорижда яшаётган барча уйғурлар трансмиллий репрессия қурбонидирлар...

Оилавий алоқаларнинг узилиши Хитой полициясига назорат остида уларни видео қўнғироқ орқали гаплаштиришга имкон беради.

Талабларга бўйсунмаган итоатсиз оилалар учун салбий оқибатлар бўлиши билан огоҳлантирилади.

Буюк Британияда доктор Тобин тахминан 400 кишидан 48 уйғур билан суҳбатлашди.

Уларнинг учдан икки қисмига Хитой полицияси алоқага чиққани, ташвиқот ишларидан бош тортиш ёки оммавий ахборот воситалари билан гаплашишни тўхтатишни ва Хитой учун жосуслик қилишни талаб қилиб босим ўтказганини айтди.

Энг оғир зарба Буюк Британиядаги уйғурларга тушмаган.

Уйғурлар учун анъанавий хавфсиз бошпана бўлган, Хитойдан ташқаридаги энг йирик жамоалардан бирида 50 000 уйғур истиқомат қиладиган Туркияда 148 респондентнинг 80 фоизи Хитой ҳукумати томонидан худди шундай таҳдидлар бўлгани ҳақида гапирган.

Абдураҳим Парач 2013 йили Хитойдан қочиб, 2014 йилда Истанбулга келган.

"Туркия бутунлай бошқача эди. Биз хоҳлаган жойга боришимиз мумкин эди. Полиция бизни безовта қилмади, - дейди у. - Мен бундай ҳаёт бўлиши мумкинлигига ишонмасдим."

Аммо сўнгги бир неча йил ичида Туркиядаги уйғурлар учун манзара ўзгарди. Хитойда полиция одамларни бир-бирига қарши жосуслик қилишга мажбурлагани ҳақидаги хабарлар жамоа ичига ишончсизлик уруғини сочди.

Абдураҳим Парач

Сурат манбаси, ...

Facebook'да эълон қилинган видеода тенгдошлари томонидан қўлга олинган ва калтаклангандек кўринган ёш уйғур Пекин номидан жосуслик қилганини тан олади.

Бу видео қандай шароитда олингани номаълум бўлса ҳам, видео уйғур жамоаси орасида тарқалди.

Абдураҳимнинг фикрича, бундай хабарлар ўз таъсирини кўрсатади.

"Ёшлар уйғурларнинг норозилик намойишлари ва митингларидан узоқлашмоқда. Улар бу йиғилишларда Хитой айғоқчилари бўлиши мумкинлигидан қўрқишади", дейди у. Хитойнинг режаси ишламоқда.

Доктор Тобиннинг фикрича, турк расмийлари нима бўлаётганидан хабардор ва жавоб беришга шошилмаяпти. "Мамлакат Хитой сармоясига қанчалик боғлиқ бўлса, ҳамкорлик қилиш ёки унга кўз юмиш эҳтимоли шунчалик юқори бўлади", дейди у.

Туркия сўнгги йилларда Хитойга яқинлашгани ишонилади ва унинг уйғур жамиятини ҳимоя қилишига шубҳалар пайдо бўлди.

Туркия ҳукумати изоҳ сўровига жавоб бермади.

Аммо Хитой ўз иқтисодий таъсири катта бўлган мамлакатлардаги уйғурларни нишонга олиш билан чекланиб қолмаяпти.

Жули Миллсап
Сурат тагсўзи, Вашингтондаги Уйғур Инсон ҳуқуқлари лойиҳаси билан ҳамкорлик қилувчи америкалик фаол Жули Миллсапнинг айтишича, Хитой унга эрининг қариндошлари орқали босим ўтказишга уринган

Вашингтондаги Уйғур Инсон ҳуқуқлари лойиҳаси билан ҳамкорлик қилувчи америкалик фаол Жули Миллсапнинг айтишича, Хитой унга эрининг қариндошлари орқали босим ўтказишга уринган.

Унинг турмуш ўртоғи хан хитой бўлиб, улар 2020 йилда АҚШ пойтахтига кўчиб ўтишдан олдин Хитойда учрашишган.

Жули уйғурлар номидан кампания бошлаганидан сўнг, маҳаллий полиция "дўст бўлишни хоҳлаётганини" айтиб, унинг Хитойдаги қариндошлариникига бора бошлаган.

У ва унинг турмуш ўртоғига қайинсинглисининг телефонидан Жулининг болалари "етим" қолиши мумкинлиги ҳақида таҳдидли хабарлар келган. "Улар қайнсинглимнинг услубида ёзилмаган", дейди Жули ва унга полиция хабарни юборишни буюрган деб гумон қилаётганини айтади.

Яқинда Вашингтондаги эри ва унинг Хитойдаги синглиси ўртасидаги видеоқўнғироқ пайтида полиция кутилмаганда қисқача гапириб қолди ва Жули фурсатдан фойдаланиб, уни ёзиб олишга муваффақ бўлди.

"У дудуқланиб, гапларини нотўғри талқин қилмасликни сўради", дейди у. Офицер унга полиция АҚШ ва Хитой ўртасидаги "нозик" муносабатлар сабабли Америкада қариндоши бўлган барча маҳаллий оилалар билан учрашишини айтди.

Жулининг эри

Сурат манбаси, JULIE MILLSAP

Сурат тагсўзи, Яқинда Вашингтондаги эри ва унинг Хитойдаги синглиси ўртасидаги видеоқўнғироқ пайтида полиция кутилмаганда қисқача гапириб қолди ва Жули фурсатдан фойдаланиб, уни ёзиб олишга муваффақ бўлди

Жули оқ танли америкалик ва хан хитойлик оиланинг хавфсизлиги уйғурларникидан яхшироқ эканини тан олади. "Аммо барибир полиция таъқиблари, таҳдидлар, умуман ёқимсиз кундалик реаллик ҳақида гапиряпмиз", дейди у.

У Хитой ҳукумати хорижий мамлакат фуқароларини бемалол таъқиб қилиб, уларга буйруқ бераётганидан хавотирда эканини айтади.

АҚШ ҳукумати муаммога расман эътибор қарата бошлади.

Март ойида сенаторлар "Трансмиллий репрессия сиёсати тўғрисида"ги қонун лойиҳасини тақдим этди, унда бир қатор қонунбузарликлар, жумладан, чет элдаги оила аъзоларига таҳдидлар, "ишончли шахс ёрдамида мажбурлаш" каби усуллар келтирилган. Агар бу қонун лойиҳаси қабул қилинса, таҳдидлар ҳақида хабар бериш учун махсус телефон линияси яратилади ва Конгресс имкон қадар жиноятчиларга қарши санкцияларни қўллашни рағбатлантиради.

Норвегиялик уйғур ҳуқуқлари фаоли Абдували Айюбнинг айтишича, АҚШ қонунчилиги тўғри йўналишдаги қадамдир, лекин Ғарб ҳукуматлари бундан ҳам кўпроқ чора кўриши керак. Унинг фикрича, ҳар сафар бирор ҳолат расмийларга хабар қилинганида саволлар тўғридан-тўғри Хитой ҳукуматига йўналтирилиши ва оила аъзоларининг хавфсизлиги учун кафолатлар талаб қилиниши керак.

"Биз сизнинг фуқароларингиз, сизнинг қўшниларингиз ва сизнинг солиқ тўловчиларингизмиз. Ҳукуматларимиз бироз масъулиятни ўз зиммаларига олиши керак", дейди жаноб Айюб.

Доктор Тобин бу муаммони ҳал қилиш билан боғлиқ қийинчиликларни тан олади. "Оилангиз билан гаплашмоқчимисиз?" бу жиноят эмас. Биз бу таҳдид эканлигини биламиз. Биз биламизки, бу жамоаларни бўлиб ташлайди, руҳий саломатлик муаммолари ва жароҳатларга сабаб бўлади, аммо бу Британия ҳудудида жиноят эмас ", дейди у.

Буюк Британия Ички ишлар вазирлиги Хитойнинг хорижлик танқидчиларни қўрқитишга уриниши "қабул қилиб бўлмас" эканини, трансмиллий репрессиялар кўриб чиқилаётганини ва бундай ҳодисаларнинг барчаси ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар қилиниши кераклигини айтади.

Хитойнинг Лондондаги элчихонаси ўз баёнотида трансмиллий репрессия ҳақидаги даъволар "мутлақо асоссиз" эканини айтди. Хитой ҳукумати "уйғурларни ва уларнинг хориждаги қариндошлари билан мулоқотини қонунга мувофиқ ҳимоя қилади", дейилади хабарда.

Олим ўз ишини полицияга хабар қилмасликни маъқул кўрди, лекин Лондондаги бир гуруҳ уйғур ҳуқуқ фаолларига ўзининг оғир аҳволини тан олди.

Гуруҳ етакчиларидан бири бизга бундай мурожаатлар жуда тез-тез бўлиши, жамоа яхлитлигига рахна солаётганини айтди, бироқ тарғибот ишлари давом этишини таъкидлади. Уларнинг тажрибасига кўра, Хитой полициясининг деярли барча таклифлари рад этилади.

Олим қарор қабул қилишдан олдин роса ўйлади. "Оилам учун бошқаларга хиёнат қилиш миллатимни сотиш эканлигини англадим ва буни қилолмадим."

"Агар мен тўлашим керак бўлган нарх бўлса, шундай бўлсин." У ҳам Хитойнинг таклифини рад этди.

Бу ҳам шу ойги хабар:

Nike Уйғурларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланганми?

Nike store in China

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Nike Canada компанияси фаолияти устидан текшириш бошланган

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Nike ва олтин компанияси устидан шикоят қилдилар, Канада ҳукумати ушбу ширкатларнинг Хитойдаги фаолияти устидан текшириш бошлаган.

Шикоят муаллифлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқаролик жамияти ҳисобланган 28 ташкилотдан иборат коалициядир.

Бунга жавобан Nike Уйғурларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланган ширкатлар билан ҳамкорлик қилмаётганини билдирди.

Олтин қазиб олишга ихтисослашган Dynasty Gold компанияси эса бу даъволар Хитойда фаолиятимизни тўхтатганимиздан кейин кун тартибига олиб чиқилган демоқда.

2022 йили БМТ Хитойнинг Шинжон Уйғуристонидаги сиёсатига бағишланган ҳисобот эълон қилди.

Бу ҳисобот Хитойнинг "Шинжон минтақасида яшаётган мусулмон озчилик ҳисобланадиган Уйғурларга қарши содир этган жиддий инсон ҳуқуқлари бузилишлари халқаро жиноятларни, шу жумладан, инсониятга қарши жиноятни ўз ичига олиши мумкин" деган хулосага келди.

Хитой ҳукумати Уйғурларга қарши инсон ҳақларини поймол этаётгани айбловларини рад этиб келади.

Канадада 2021 йили илк бор шундай шикоятлар механизми ташкил этилди, Масъулиятли ишлаб чиқариш бўйича Канада омбудсмани (Core) келиб тушган шикоят бўйича тергов бошлади.

Даъво қилинишича, Nike Canada Corp Хитойнинг бир неча компанияларидан хомашё олиб ишлатган.

Бу Хитой компанияларини эса Австралиядаги Стратегик Сиёсат институти (ASPI) Уйғурларнинг мажбурий меҳнатга солинишидан даромад кўраётган компаниялар деб топган.

ASPI 2020 йили Уйғурларнинг аҳволига бағишланган ҳисобот эълон қилган.

Бу ҳисоботда айтилишича, 80000 дан ортиқ Хитойдаги фабрикаларда ишлаш учун кўчирилганлар.

Австралия тадқиқот институти ҳисоботида айтилишича, Nike ўзининг маҳсулотлари таркибида, таъминот занжирида мажбурий меҳнат бўлиши олдини олиш йўлида бирор аниқ қадам ташламаган.

Шинжондаги ўзларининг уйи ташқарисида расмга тушган Уйғур оиласи

Сурат манбаси, Getty Images

Nike эса номлари тилга олинган Хитой ширкатлари билан ҳозир алоқаси йўқлигини айтади, ўз фаолияти борасида маълумотни тақдим этган.

Бу маълумот ширкат ўз маҳсулотлари, хомашёсини танлаётганда қанчалар эътиборли ёндашганини намойиш этади.

Хабар қилинишича, омбудсманнинг Nike ширкати вакиллари билан учрашувлари амалга ошмаган, бироқ сўровларга жавобан Nike мактуб йўллаган.

"Биз Шинжон Уйғур Автоном ҳудудига боғлиқ мажбурий меҳнат ҳақидаги хабарлардан ташвишдамиз. Nike нинг Шинжондан маҳсулот манбаси йўқ ва биз ўзимизнинг контракт таъминотчиларимиз бу минтақадан текстил ёки калава ишлатмаётганини тасдиқлаймиз", дейилади Nike жавоб хатида.

Dynasty Gold ширкати билан боғлиқ хабарларда айтилишича, бу ширкатнинг Хитойда йирик манфаати бор ва Хитойдаги олтин конларида Уйғурлар мажбурий меҳнатидан фойдаланганидан даромад топган.

Олтин кони ширкати ўз баёнотида конлардаги амалиёт устидан назоратга эга эмаслигини айтган, ушбу иддаолар Dynasty Gold минтақани тарк этганидан кейин кўтарилди, деди.

Ширкат раҳбари дастлабки хабарлар "мутлақо асоссиз" деб айтди.

Канада омбудсманидан хабар қилишларича, Nike ва Dynasty Gold компанияларидан ташқари яна 11 шикоят келиб тушган ва ушбу шикоятлар бўйича ҳам яқинда қўшимча хабар берилади.

BBC изоҳ сўраб Nike ва Dynasty Gold компанияларига мурожаат қилди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002