Хитой: Уйғур маҳкум ва маҳкумаларининг юзлари - Видео Uyg‘ur musulmon

2017 йил октябрида қўлга олинган вақти суратга туширилган Ҳавогул Таваккул
Сурат тагсўзи, 2017 йил октябрида қўлга олинган вақти суратга туширилган Ҳавогул Таваккул
Ўқилиш вақти: 9 дақ

Дунёга "Шинжон полицияси файллари" #xinjiangpolicefiles тарқалди. Шинжондаги полиция компьютерлари серверларига бузиб кириб олинган улкан маълумотлардан ўта махфий оммавий ҳибсхона тизимида олинган минглаб фотосуратлар, шунингдек, бу лагерлардан қочишга уринганларни отиб ўлдиришгача буйруқ берилгани ошкор бўлди.

"Шинжон полицияси файллари" деб аталган бу тўплам шу йил бошида Би-би-сига сиздирилган эди. Уларни текшириш ва аутентификация қилиш учун бир неча ойлик саъй-ҳаракатлардан сўнг, улар уйғурлар ва минтақадаги бошқа туркий озчиликларнинг ҳибс қилинишига оид муҳим янги маълумотларни тақдим этиши мумкин.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бу тўпламнинг ошкор этилиши БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Мишел Бачелетнинг яқинда Шинжоннинг ғарбий минтақасига сафари учун Хитойга боришига тўғри келди. Танқидчилар унинг сафар йўналиши ҳукуматнинг қаттиқ назорати остида бўлишидан хавотирда.

Кеш Хитойнинг "қайта тарбиялаш" лагерлари ва расмий қамоқхоналардан уйғурлар учун иккита алоҳида, аммо бир-бирига боғланган оммавий қамоқ тизими сифатида фойдаланганини мисли кўрилмаган тафсилотлар билан очиб беради ва иккала тизим ҳақидаги кенг тарқалган тасаввурга жиддий шубҳа уйғотади.

Ҳукуматнинг Шинжонда 2017 йилдан буён қурилган қайта тарбиялаш лагерлари "мактаб"дан бошқа нарса эмаслиги ҳақидаги даъвосини мазкур тўпламдаги ички полиция кўрсатмалари, қўриқчилар рўйхати ва маҳбусларнинг илгари эълон қилинмаган суратлари рад этади.

2018 йил январидан июлигача 5000 дан ортиқ инсоннинг сурати олинган
Сурат тагсўзи, 2018 йил январидан июлигача 5000 дан ортиқ инсоннинг сурати олинган

Уларда минглаб одамларни расман қамоққа тиқиш учун террорчилик айбловлари кенг қўлланаётгани, ўзбошимчалик билан чиқарилган шафқатсиз ҳукмларга тўла полиция рўйхатлари фош қилинди.

Ҳужжатлар уйғур идентлиги, маданияти ёки исломий эътиқодининг деярли ҳар қандай намоён бўлишига қарши сиёсат юритилганлиги, шунингдек, Хитой раҳбари Си Цзиньпингача бориб етадиган буйруқлар занжири ҳақида ҳозиргача топилган энг кучли далилларни тақдим этади.

Бу файлларда уйғурларнинг 2018 йилнинг январь ва июль ойлари оралиғида полиция томонидан олинган 5000 дан ортиқ суратлари бор.

Бошқа тегишли маълумотлардан фойдаланган ҳолда, улардан камида 2884 нафари ҳибсга олинганини кўрсатиш мумкин.

Қайта тарбиялаш лагеридагиларга келсак, улар Хитой узоқ вақтдан буён даъво қилиб келаётган кўнгилли "ўқувчилар" эмаслигини кўриш мумкин.

50 ёшли Ҳавогул Таваккул 2017 йил октябрь ойида ҳеч қандай сабабсиз қайта тарбиялаш учун ҳибсга олинган эди.

Қайта тарбиялаш лагерининг баъзи фотосуратларида калтак билан қуролланган қўриқчилар тасвирланган.

Бироқ, уларнинг ҳибс этилгани ҳақидаги даъволарни Хитойнинг энг юқори мартабали амалдорлари доимий равишда рад этиб келади.

Ушбу файллар Хитой барпо этган лагерлар "мактаб" эмас, қамоқона эканини исботлайди
Сурат тагсўзи, Ушбу файллар Хитой барпо этган лагерлар "мактаб" эмас, қамоқона эканини исботлайди

"Ҳақиқат шуки, Шинжондаги таълим ва ўқув марказлари одамларга экстремизмдан халос бўлишга ёрдам берадиган мактаблардир", деганди 2019 йили Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И.

Илҳом Исмоил, 30 ёш, қайта тарбиялаш учун ҳибсга олинган, 2018 йил февраль - сабаб кўрсатилмаган

Кўпчилик фақат исломий эътиқодларининг одатий ташқи белгилари учун ёки мусулмонлар кўп бўлган мамлакатларга боргани учун ҳибсга олинган.

60 ёшли Тожигул Тоҳир қайта тарбиялаш учун ҳибсга олинган, 2017 йил октябрь - "ноқонуний ваъз ўқиш"да айбланган.

Жисмоний таҳдид Тожигул Тоҳирнинг сурат фонида шундай кўриниб тургани "гуруҳга мансублик учун айблаш" кенг қўлланилишини тасдиқлайди.

Ҳужжатларда унинг ўғли спиртли ичимлик ичмагани ва чекмагани учун "кучли диний қарашларга эга" шахс сифатида тасвирланган. Натижада у терроризмда айбланиб 10 йилга қамалган.

Аммо у "қамоққа олинганларнинг қариндошлари" рўйхатида - шунчаки бирор қариндошининг "жинояти" учун гумонланувчилар орасига тушиб қолган минглаб одамлар орасида.

Бу тўплам тасвирда маҳбусларнинг кешдаги 2884 та фотосурати мавжуд.

Роҳила Умар энг ёш тутқун бўлган
Сурат тагсўзи, Роҳила Умар энг ёш тутқун бўлган

Фотосуратлар уйғур жамиятининг барча тоифалари қандай қилиб бирин-кетин лагер ва қамоқхоналарга олиб кетилганлигининг ноёб тасвиридир.

Уларнинг энг кичиги Роҳила Умар ҳибсга олинганда атиги 15 ёшда эди.

Уларнинг энг ёши каттаси Онахон Ҳамид ҳибсга олинганда 73 ёшда эди.

"Шинжон полицияси файллари"да - Би-би-си доҳил Халқаро Журналистлар консорциуми кешни шундай атаган - ўн минглаб расм ва ҳужжатлар мавжуд.

Улар орасида юқори мартабали амалдорларнинг яширин нутқлари; полициянинг ички кўрсатмалари ва шахсий маълумотлар; 20 000 дан ортиқ уйғурнинг ҳибс қилиниши тафсилотлари; ва жуда махфий жойлардан олинган фотосуратлар.

Тутқунлар фотосуратларидан коллаж

Қамоқхонанинг кўздан пана пучмоқларидан олинган сурат уйғурларнинг "қайта тарбияланаётганини" кўрсатаётгандек.

Файлларни етказиб берган манбага кўра, улар бу тўпламни Шинжондаги бир нечта полиция компьютер серверларини бузиб, юклаб олган ва шифрини очган, сўнг уларни Хитой ҳукумати Шинжондаги ҳолат бўйича нуфузли тадқиқоти учун санкция қўйган доктор Адриан Зензга топширган. У Коммунизм қурбонлари хотираси жамғармаси тадқиқотчисидир.

Доктор Зенз кейин уларни Би-би- сига тақдим қилди ва биз тўғридан-тўғри манба билан боғланишга муваффақ бўлган бўлсак-да, улар ўзларининг шахси ёки қаерда эканликлари ҳақида ҳеч нарса ошкор қилишни исташмади.

Олинган ҳужжатларнинг ҳеч бири 2018 йил охиридан бу ёғига ўтмайди, бу 2019 йил бошида Шинжоннинг шифрлаш стандартларини кучайтириш бўйича чиқарилган директива натижаси бўлиши мумкин. Ҳакерлар кейинги файлларни қўлга кирита олмаслиги мумкин.

Ота оналари билан бирга болаларнинг ҳам суратлари олинган
Сурат тагсўзи, Ота оналари билан бирга болаларнинг ҳам суратлари олинган

Доктор Зенз Европа Синология Ассоциацияси журналига Шинжон полицияси файллари бўйича экспертлар томонидан кўриб чиқилган мақола ёзди ва ҳибсга олинганларнинг тўлиқ суратлари ва бошқа далилларни интернетга жойлаштирди.

"Материал таҳрирланмаган, хом, ўз ҳолида, ранг-баранг. Бизда ҳамма нарса бор", дейди у Би-би-сига.

"Бизда махфий ҳужжатлар бор. Бизда раҳбарлар ўзлари нимани ўйлаётгани ҳақида очиқ гапирган нутқларнинг стенограммаси бор. Бизда электрон жадваллар мавжуд. Бизда тасвирлар бор. Бу мисли кўрилмаган даражада бўлиб, Хитой пропагандаси юзидаги ниқобни йиртиб ташлайди."

Шинжон полицияси файлларида Хитой "касб-ҳунар ўргатиш муассасалари" деб даъво қилган қайта тарбиялаш лагерларининг қамоқхона табиатини фош этувчи фотосуратлардан ҳам ортиқроқ бўлган бошқа ҳужжатлар ҳам бор.

Ички полиция протоколлари тўплами лагерларда қуролли зобитлардан мунтазам фойдаланилиши, қўриқ минораларига пулемётлар ва снайпер милтиқлари жойлаштирилиши ва қочишга уринганлар учун отиб ўлдириш сиёсати мавжудлигини тавсифлайди.

Айрим суратларда маҳбуснинг олдида тушиб қолган қамоқхонанинг эркак ва аёл нозирлари ҳам бор
Сурат тагсўзи, Айрим суратларда маҳбуснинг олдида тушиб қолган қамоқхонанинг эркак ва аёл нозирлари ҳам бор

Муассасалар ўртасида ёки ҳатто касалхонага ўтказилаётган ҳар қандай «ўқувчи»нинг кўзи боғланган, қўли кишанланган бўлиши мажбурийдир.

Ўнлаб йиллар давомида Шинжон қизғин айирмачилик, вақти-вақти билан зўравонлик ва давлат назорати кучайишига гувоҳ бўлди.

Аммо 2013 ва 2014 йилларда Пекин ва Хитой жанубидаги Кунмин шаҳрида пиёдалар ва йўловчиларга қарши содир этилган икки ҳалокатли ҳужум ортидан ҳукумат уйғур сепаратистлари ва радикал исломчиларни айблади ва сиёсатда кескин ўзгаришлар бошланди.

Давлат уйғур маданиятининг ўзини муаммо сифатида кўра бошлади ва бир неча йил ичида юзлаб улкан қайта тарбиялаш лагерлари сунъий йўлдош фотосуратларида пайдо бўлди, уйғурлар судсиз қамалди.

Шинжоннинг расмий қамоқхоналар тизими ҳам уйғурларни назорат қилишнинг яна бир усули сифатида анча кенгайтирилди, айниқса лагерларда маҳкама йўқлиги юзасидан халқаро танқидлар кучайиб бораётган бир пайтда.

Бу 452 электрон жадваллар тўплами икки томонлама ёндашувни аниқ намоён қилади, жумладан, чорак миллиондан ортиқ уйғурнинг исмлари, манзиллари ва идентификация рақамлари, кимнинг, қайси турдаги муассасада ва нима учун ҳибсга олинганини кўрсатади.

Улар лагерларда ҳам, қамоқхоналарда ҳам шафқатсиз ҳибсларни тасвирлайди ва катта маълумотни қўлида жамлаган Хитой расмийларининг ўзбошимча ҳибсга олишларини ҳужжатлаштиради.

Кўп йиллар ва ҳатто ўн йиллар олдин содир этилган «жиноятлар» учун ҳам одамлар жазога тортилганига сон-саноқсиз мисоллар бор: бир киши 2010 йилда "бувиси билан Қуръонни ўрганиб," бир неча кун ўтказгани учун 2017 йилда 10 йилга қамалган.

Энг ёши кекса маҳкума қўлга олинганида 73 ёшда бўлган Онахон Ҳамид экани маълум бўлди
Сурат тагсўзи, Энг ёши кекса маҳкума қўлга олинганида 73 ёшда бўлган Онахон Ҳамид экани маълум бўлди

Юзлаб одамлар мобил телефонлардан фойдаланишда "ноқонуний диний маърузалар"ни тинглагани ёки шифрловчи мессенжер иловаларни ўрнатгани туфайли қурбон бўлган.

Бошқалар эса қурилмаларидан етарлича фойдаланмаганликлари учун ўн йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган, юздан ортиқ одамга "телефони тўла ишламагани" учун доимий рақамли кузатувдан қочишга уриниш айби қўйилган.

Жадваллар кўрсатишича энг кичик баҳона ҳам энг кенг айбловларга, дейлик, «жанжал» ёки «жамоат тартибини бузиш» кейинчалик жиддий террорчилик ҳаракати сифатида жазоланишга олиб борган; етти йил, 10 йил, 25 йил, ҳукмлар рўйхати давом этаверади.

Агар терроризм ёрлиғи доим тўғри қўлланилса, одамларни қилган иши учун эмас, балки кимлиги учун ҳибсга олинишига ишора қилувчи маълумотни топиб бўлмайди.

Турсун Қодирнинг электрон жадвалида унинг 1980 йилларга бориб тақаладиган баъзи ваъзлари ва Қуръонни ўрганиш, сўнг кейинги йилларда "диний экстремизм таъсирида соқол ўстириш" жинояти санаб ўтилади.

Турсун Қодир "диний экстремизм таъсирида соқол ўстиргани" учун қамалди.

Турсун Қодирнинг айби 1980 йилларга бориб тақалган
Сурат тагсўзи, Турсун Қодирнинг айби 1980 йилларга бориб тақалган

Бунинг учун 58 ёшли эркак 16 йил 11 ойга қамалган. Кешдаги фотосуратлар унинг Хитой уйғурликни ифода этишни ноқонуний қилгандан олдинги ва кейинги қиёфасини кўрсатади.

Шинжон полицияси файллари лагерь ёки қамоқхонада бўлмаганлар учун ҳам юқори даражадаги текширув ва кузатувнинг оғир оқибатларини очиб беради.

Суратлар ўз уйида яшовчи уйғурлар ҳам суратга олиш учун кўп сонда - кексалардан тортиб ёш болали оилаларгача бўлган бутун жамоалар куннинг исталган вақтида, шу жумладан, ярим тунда полиция бўлимларига чақирилганини кўрсатади.

Лагерлар ва қамоқхоналарда олинган фотосуратлар учун ишлатилган файл номлаш тизими ҳам эҳтимолий умумий мақсадга, яъни Хитой юздан таниб олиш учун ўша пайтда қураётган катта маълумотлар базасига ишора қилади.

Уларнинг юзлари минглаб одамлар ғойиб бўлган лагерлар ҳақида маълумот беряптими ёки йўқ, айтиш қийин, аммо унга қўшилган электрон жадваллар хавфни жуда аниқ кўрсатмоқда.

Шуфу жамлоғи
Текес жамлоғи

2018 йилда полиция суратга олганидан беш ой ўтиб, эр-хотин Турсун Меметимин ва Ашигул Турғун олти йил аввал бировнинг уяли телефонида "ноқонуний мавъизани тинглаганлик"да айбланиб, тергов изоляторига жўнатилди.

Эр-хотин Турсун Меметимин ва Ашигул Турғун 2018 йилда қўлга олинган.

Эр-хотиннинг қизлари: Рўзигул Турғун 10 ёшда ва Аишем Турғун олти ёшда эди.

Мазкур файлларда уларнинг уч қизидан икки нафарининг суратлари ҳам бор: ота-онаси ғойиб бўлганида 10 ёшда бўлган Рўзигул Турғун ва олти ёшда бўлган Аишем Турғун.

Электрон жадвалларда ота-оналари ҳибсга олинган бу болаларнинг келгуси тақдири ҳақида оз маълумот берилган.

Эҳтимол, уларнинг кўпчилиги лагерлар билан бир вақтда бутун Шинжонда қурилган давлат мактаб-интернатлари тизимига жойлаштирилгандир.

Қўшиқ айтаётган маҳкумлар

Хориждаги уйғурларнинг Би-би-сига айтишича, тасвирларда кўплаб болаларнинг сочлари қирилгани, болалар ота-онаси ёки иккисидан бири қарамоғида бўлса ҳам, ҳеч бўлмаганда иш кунларида бундай мактабларга боришга мажбур бўлаётганидан далолатдир.

Фотосуратлар уйғур оилалар ўзлик ва маданият маскани бўлгани учун атай нишонга олиниши ва, Хитойнинг ўз сўзлари билан айтганда, "уларнинг илдизларини синдириш, насл-насабини йўқ қилиш, ришталарини узиш" сиёсатини акс эттиради.

Шинжон полицияси файллари нафақат Хитойнинг қамоқхона тизимининг ички ишини ҳар қачонгидан ҳам аниқроқ очиб беради, балки унинг қамрови ҳақида янги тасаввур беради.

Хитой харитаси

Электрон жадвалларнинг аксарияти Шинжон жанубидаги, уйғур тилида Конашаҳр ёки хитойча Шуфу деб номланган туманга тегишли.

Доктор Зензнинг таҳлили шуни кўрсатадики, биргина ушбу округда жами 22 762 киши - катта ёшли аҳолининг 12% дан ортиғи - 2017 ва 2018 йилларда лагерларда ёки қамоқхонада бўлган.

Умуман Шинжонга нисбатан қўлланилса, бу рақам 1,2 миллиондан ортиқ вояга етган уйғур ва бошқа туркий озчиликларнинг ҳибсга олинишини билдиради. Бу Шинжонлик экспертларнинг Хитой рад этиб келган кенг доирадаги ҳисоб-китобларига мос келади.

11 давлатдан 14 та медиа ташкилотдан иборат консорциум билан ишлаган Би-би-си Шинжон полиция файлларининг муҳим элементлари ҳақиқийлигини текширишга муваффақ бўлди.

Европа ва АҚШда яшовчи уйғурлардан ватанлари Шинжонда бедарак йўқолган қариндошларининг исм-шарифлари ва идентификация рақамлари сўралган. Электрон жадвал маълумотларида бир нечта мосликлар топилди, бу маълумотлардаги исмлар ҳақиқий одамларга тегишлилигини тасдиқловчи кучли далилдир.

Би-би-си, шунингдек, Беркли Калифорния университетининг суд-тиббиёт экспертизаси бўйича мутахассиси профессор Ҳани Фариддан ҳибсга олинган уйғурларнинг баъзи суратларини текширишни сўради.

У тасвирлар уйдирилганлиги ҳақида ҳеч қандай далил топмади - на компьютерда синтез қилинган "дипфейк"ларнинг одатий белгилар ва на зарарли рақамли манипуляциянинг бошқа белгилари.

Баъзи суратларнинг чеккаларида носозликлар мавжуд

Баъзи суратларнинг четларида кўрилган ғалати эффект улар Хитойнинг Шинжондаги улкан кузатув тармоғидан олингани ҳақидаги фикрни янада қувватлаши мумкин.

Профессор Фариднинг фикрича, носозликлар юзни таниш маълумотлар базасинининг кенг қўлланиладиган стандартлаштириш жараёни натижасидир, бунда ҳар қандай портрет кўзларни горизонталь равишда текислаш учун автоматик равишда бироз айлантирилади.

"Бу, албатта, мутлақо зарарсиз манипуляция", деб хулоса қилди у Би-би-си учун тайёрлаб берган ёзма ҳисоботида.

Тасвирларни уларга қўшиладиган вақт белгилари тартибида жойлаштириш ва кейин улар реал вақтда ва реал жойларда олинганлигини кўрсатадиган фондаги умумий тафсилотларни кузатиш орқали уларнинг ҳақиқийлигини текшириш мумкин.

Медиа консорциуми бу маълумотлар борасида изоҳ олиш мавжуд далиллар ҳақида батафсил саволлар билан Хитойнинг Вашингтондаги элчихонасига мурожаат қилиб, ёзма жавоб олди.

"Шинжон билан боғлиқ муаммолар инсон ҳуқуқлари ёки дин билан боғлиқ эмас, асосан терроризм, радикаллашув ва сепаратизмга қарши курашдир", дейилади баёнотда, шунингдек, унда Хитой ҳукумати "кўплаб кучли, ишончли ва самарали дерадикализация чораларини кўрган" деб қўшимча қилинган.

"Ҳозирда минтақада ижтимоий барқарорлик ва тотувлик, шунингдек, иқтисодий тараққиёт ҳукм сурмоқда", дея давом этади расмий баёнот ва "булар Шинжон ҳақидаги ҳар хил ёлғон ва нотўғри маълумотларга энг кучли жавоб" эканлигини таъкидлайди.

Аммо кешдаги бирор аниқ далилга берилган жавоб йўқ эди.

Шинжон полиция файлларида уйғурларнинг ўзлигини мажбуран ўзгартиришга уринишда қўлланилаётган жисмоний назоратнинг ҳаддан ташқари даражасини кўрсатадиган яна бир ноёб фотосуратлар тўплами мавжуд.

Улар лагерлар учун полиция ҳужжатларида тасвирланган усулларга ўхшаш усуллардан фойдаланиб, маҳбусларни синдириш усулларига ўхшайди, аммо бу лагер эмас, ҳибсхонада.

Маҳбус бошини эгиб чўккалаб ўтирибди, атрофини калтак кўтарган зобитлар ўраб олган.

Бундан ташқари, лагерлар ва қамоқхоналар ўртасидаги ўхшашликни яна бир бор кўрсатадиган ташвиқот сессиялари ҳам мавжуд.

Маҳбуслар кийимининг орқа томонидаги тавсифларга кўра, улар Шинжон шимолидаги Текес қамоқхонасида сақланган.

Кўриниб турибдики, маҳбуслар ташвиқот машғулотларидан ўтадилар.

Текесдаги ушбу машҳур қамоқхонанинг ташқи кўринишининг сунъий йўлдош тасвирлари баъзи фотосуратлар билан жуда мос келади, бу эса тасвирлар ҳақиқий эканлигини ва, умуман, маълумотлар тўпламининг ишончлилигини оширади.

Файлларда партиянинг юқори мартабали амалдорлари нутқлари ҳам мавжуд бўлиб, улар бу сиёсат ортидаги ғоя ҳақида тушунча беради, шунингдек, охир-оқибат ким жавобгар эканлигига ишора қилади.

Хитой жамоат хавфсизлиги вазири Чжао Кежининг 2018 йил июнь ойида Шинжонга ташрифи чоғида қилган махфий нутқида у биргина Шинжон жанубида камида икки миллион одам "экстремистик фикрлар" билан касалланганлигини чамалаган.

Президент Си Цзиньпин номи қайта-қайта тилга олинган нутқда Хитой раҳбари икки миллион кишилик мақсадга етиш учун барча маҳбусларни қамраб оладиган янги объектлар қуриш ва қамоқхоналарни молиялаштиришни кўпайтириш бўйича "оқил кўрсатмалари" учун мақтовга сазоворлиги айтилган.

Шинжон уйғурлари ва бошқа туркий озчиликларнинг оммавий ҳибс қилиниши ҳақиқатан ҳам Хитой раҳбари буйруғидан келиб чиқса, у буни амалга ошириш учун қандай вақт жадвалини кўзда тутганига ҳам ишоралар бор.

Кешда 2017 йилда Шинжон Коммунистик партиясининг қаттиққўл котиби бўлган Чен Цюаньго томонидан айтилган яна бир махфий нутқ мавжуд.

"Баъзилар учун ҳатто беш йиллик қайта ўқитиш ҳам етарли бўлмаслиги мумкин", дейди у юқори мартабали ҳарбий ва полиция ходимларидан иборат аудиториясига, ҳар қандай уйғур ўз шахсига ёки эътиқодига содиқ қолишда давом этар экан, бу жараённинг охири йўқ.

"Улар озодликка чиққач, муаммолар яна пайдо бўлади, бу Шинжондаги воқелик", деган у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek