Шинжон қоғозлари: Уйғурлар бостирилиши ортида Хитой раҳбарлари турибди - Xitoy Uyg'ur

Сиздирилган ҳужжатларда Хитой Президенти Си Цзиньпин ва Бош вазир Ли Кэцян номлари келтирилган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сиздирилган ҳужжатларда Хитой Президенти Си Цзиньпин ва Бош вазир Ли Кэцян номлари келтирилган

Янги эълон қилинган ҳужжатлар Президент Си Цзиньпин дохил Хитойнинг энг юқори раҳбарлари Уйғур мусулмонларининг давлат томонидан бостирилишига боғлиқ эканлигини кўрсатган.

Бу ҳужжатлар орасида нутқлар бор, бу нутқларни таҳлилчилар ҳукумат раҳбарларининг оммавий тутқунлик ва мажбурий меҳнатга етаклаган чораларга чақириқларининг исботи дедилар.

Хитой Уйғурларга қарши геноцид содир этаётганини мунтазам рад этиб келади.

Ҳужжатларнинг айримлари бундан олдин хабарларда тарқалган, аммо сўнгги сиздирилганларида шу вақтгача ҳеч жойда кўрилмаган маълумотлар бор.

Ҳужжатлар "Уйғур Трибунали"га тақдим қилинган. "Уйғур Трибунали" шу йил сентябрида Буюк Британияда бўлиб ўтган мустақил халқ трибуналидир. Қоғозлар шу вақтгача тўлалигича эълон этилмаган.

Уларга "Шинжон қоғозлари" деб ном берилган.

"Шинжон қоғозлари" Си Цзиньпин ва Бош вазир Ли Кэцян дохил Хитой Коммунистик Партияси раҳбарларининг баёнотлари Шинжон Уйғуристондаги Уйғурлар ва бошқа мусулмонларнинг ҳаётига қандай таъсир қилганини намойиш этади.

Бу таъсирларга мажбуран тутқунликда сақлаш, аёлларни оммавий стерилизациялаш, ассимиляцияга мажбурлаш, "қайта ўқитиш" ва тутқун Уйғурларни фабрикаларга ишлашга мажбурлаш амаллари киради.

АҚШда чоп этиладиган New York Times газетаси ўзларига сиздирилган ўхшаш ҳужжатларни 2019 йили нашр қилган, аммо мавжуд қоғозларнинг ҳаммаси ҳам кенг оммага етиб бормаган эди.

Ўзининг ҳисоботида Доктор Адриан Зенс айтишича, ўзининг таҳлиллари ҳукумат раҳбарлари баёнотлари билан Уйғурларга қарши жорий этилган кейинги сиёсат "янада кенгроқ, батафсилроқ ва илгари англаб етилганидан ҳам муҳимроқ" боғлиқлик борлигини намойиш этади.

Шинжондаги инсон ҳуқуқларини поймол этаётгани даъволари боис Хитой халқаро ҳамжамиятнинг йирик босими остида қолган.

Хитойнинг Шинжонга нисбатан сиёсати кескин ўзгаришига 2013 йили Пекин марказида ва 2014 йили Кунмин шаҳрида содир этилган қонли ҳужумлар сабабчи бўлган, Хитой ҳукумати бу ҳужумларда Уйғур исломий жангарилар ва бўлгинчиларни айблаган.

Бу ҳужумларга жавобан 2016 йилдан бошлаб Хитой ҳукумати Уйғур ва бошқа мусулмонлар учун "қайта билим бериш маркази" деб номланган лагерларни барпо этиш бошланди, ўзларининг тутишлари ишончли эмас деб кўрилган Шинжон яшовчилари нишонга олинди.

Шунингдек, Хитой Уйғурларни Шинжондаги пахта далаларига пахта теришга мажбурлаш стратегиясини ҳам ишлаб чиқди.

Хитой ҳукумати мусулмон аҳоли сонини камайтириш мақсадида Уйғур аёлларини оммавий мажбурий стерилизациялагани, болаларни ота-оналаридан ажратгани, Уйғур мусулмонларини ўзларининг анъанавий маданиятидан мосуво қилиш мақсадини кўзлагани хабарлари ҳам тарқалди.

Дунёнинг қатор мамлакатлари, хусусан, АҚШ, Канада ва Нидерландия Хитойни геноцид ва инсониятга қарши жиноятларни содир этаётганликда айбладилар.

Хитой ушбу даъволарни ғазаб билан рад этиб келади, Шинжонда кўрилаётган чоралар терроризм олдини олиш, исломий экстремизм илдизини қўпориш мақсадини кўзлаган, жамлоқларда тутқунларни "қайта тарбиялаш" терроризмга қарши курашда самарали восита бўлаяпти, деб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek