Нега мусулмон лидерлар, ҳатто Толибон, уйғурлар сабаб Хитойни қораламаяпти? Video Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
Афғонистонда шиддат билан илгарилаётган Толибон ҳаракати ҳам Хитойга ўз дастагини изҳор қилди. Покистон Бош вазири эса, яқинда Хитойни "энг яхши дўстларидан бири" сифатида тилга олганди. Мусулмон лидерлар Пекинни очиқча танқид қилишга қўрқишадими?
Беш кун аввал The Wall Street Journal мухбирларига гапирган Толибон воизи Суҳайл Шаҳин уйғурлар муаммолари ҳақида сўралганда, "биз тафсилотларини билмаймиз, билсак, хавотир билдирамиз", деди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Афғонистоннинг эҳтимолий Толибон ҳукумати Шинжондаги инсон ҳукукларини қоралашда Ғарб давлатларига қўшиладими, деб сўралганда, ҳар қандай қарор ўша вақтнинг воқеъликларига асосланишини айтиб, яна Хитойни қоралашдан бош тортди.
Бунинг эртасига South China Morning Post нашридаги мақолада Толибон Хитойни "ўз дўсти", деб атади.
Ўтган ой АҚШнинг Axios сайтига берган интервьюсида Покистон Бош вазиридан "нега Хитойдаги мусулмонлар қирғини ҳақида жимсиз?", - деб сўралганида, у қирғинни рад этди ва "Хитой энг қийин кунларида Покистоннинг энг яхши дўстларидан бўлгани"ни айтди.

Сурат манбаси, Reuters
Покистон дунёнинг энг йирик иккита мусулмон давлатидан биттаси бўлади.
Хитой эса, йилларки, Покистоннинг энг яқин иқтисодий ва ҳарбий ҳамкори сифатида кўриб келинади.
Расмий Исломобод изчил равишда рад этса-да, Покистоннинг Толибон ҳаракатига ҳам катта таъсирга эга эканига ишонилади.
Бу икки стратегик иттифоқчи давлат Афғонистонга бевосита чегарадош.
Расмий Пекин орада Толибон ҳайъати билан музокаралар олиб боришга ҳам уринган.
Уларнинг бир неча бор Хитойга келишларига ҳам эришган.
Аммо икки ўртада кечган музокаралар тафсилотлари кенг матбуот учун имконсиз қолган.
Хитойни Афғонистондан бошпана топган Туркистон Исломий партияси ҳам ташвишга солмай қўймайди.
Туркистон Исломий партияси уйғур жангари гуруҳи саналади. Унга Хитойнинг Шинжон Уйғуристонида асос солинган.
Гуруҳ орада Яқин Шарқда ҳам қайта уюшиш, ўз тармоғига асос солишга муваффақ бўлгани айтилган.
2019 йилда Афғонистонда яна фаоллашганига оид хабарлар ҳам олинган.
Хитой дунёнинг энг йирик иқтисодий ва ҳарбий қудратларидан бири бўлади.

Расмий Пекин сўнгги йилларда аксарият минтақа давлатларини ўз ичига олувчи кўп миллиард долларлик йирик геоиқтисодий лойиҳаларни ҳам ўртага ташлаган.
Минтақада бу каби лойиҳалар билан чиқишга қурби етиши мумкин бўлган давлатнинг ўзи эса, йўқ экани ҳам айтилади.
Аммо охирги беш йил ичида Хитой юз минглаб уйғур мусулмонларни ҳеч қандай маҳкамасиз қамаб қўйгани айтилди - улар бедарак йўқолиши, махсус лагерларда жинсий таҳқирлаш ва мажбурий бичишга юз тутиши, қийноқларга тутилиши хабар қилинди.
Европа Иттифоқи худди шу боис келгуси йил Хитойда ўтадиган Қишки Олимпиадани дипломатик бойкот қилишга овоз берди.
Британияда ҳам тобора кўп депутатлар ҳукуматни шундай қадамга ундамоқда.
Европа Иттифоқи, АҚШ ва Британия аллақачон Шинжондаги вазият сабаб Хитойга санкциялар киритган.
Аммо, кўп мусулмонлар хавотирига қарамай, исломий давлатлар бундай қилгани йўқ.
Ўтган йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Германия элчиси бошчилигида қирқта давлат Хитойнинг уйғурларга қўллаётган сиёсатидан чукур хавотирда эканларини айтиб, баёнот қилишди.
Аммо, сўнг, Куба бошчилигидаги 45та давлат Хитойнинг ёнини олиб баёнот чиқарди ва Хитой террорчиликка қарши чора кўраётганини айтди.
Бу хатга Саудия Арабистони, Покистон, Миср ва Эрон ҳам имзо чекди.

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Бундан ташқари, ўша мусулмон давлатларнинг баъзилари ва Бирлашган Араб Амирликлари уйғурларни тутиб, Хитойга топшираётгани ҳам суриштирувларда аниқланди.
Бу каби айбловлар Туркияга нисбатан ҳам янгради.
Мусулмон лидерлар эса, Пекинни очиқча танқид қилишга қўрқадилар.
"Дунё бўйлаб мусулмонлар бу масалага қарши чиққанларига гувоҳ бўлдик. Аммо, аксар аҳолиси мусулмон бўлган давлатлар ҳукуматларига келсак, аҳвол бошқа. Хитойнинг йўлини кесишга жуда қўрқадиган йирик компаниялар каби, кўп ҳукуматлар ҳам, Хитойнинг иқтисодий қудрати туфайли, уни норози қилишдан кўрқадилар. Мусулмон давлатларнинг деярли бари бир кемада, улар нафақат Хитойни танқид қилишдан қўрқишмоқда, балки ҳатто бу воқелар бўлаётганини рад этиб, Хитойни қўллаб чиқишмоқда", - дейди Америка-Ислом алоқалари кенгашидан Эдвард Аҳмад Митчел.
Дунёнинг мусулмон лидерларини қоралаётганлар Британияда ҳам намойишларга чиқишди.
"Мусулмон ҳамжамиятида аянчли чорасизлик кузатиляпти. Исломий Ҳамкорлик ташкилоти дейсизми, Араб Лигасими, БМТ ё бошқаси - жаҳон бир четда туриб, геноцид амалга оширилишини томоша қиляпти. Бу - фаластинликлар, сурияликлар ё кашмирликларнинг қисмати муҳимроқ, аммо уйғурларга келганда, сиёсат ё иқтисод деб, жим турамиз деган муждани беряпти", - дейди "Рамадан" жамғармаси раҳбари Муҳаммад Шафиқ.
Хўш, мусулмон давлатлар Хитойни очиқ қоралай бошлашса, нима ўзгарарди?
Бунга жавобан Европа Уйғур институтидан Элеанор Ҳант ҳамма нарса ўзгарарди, деган фикрда.
"Биринчидан, уйғурлар ўша давлатларда хавфсиз бошпана ола олган бўлардилар. Ҳозир бундай қилолмайдилар ва босим остидалар. Бу давлатлар Хитойни очиқ танқид қилишса, бошқалар ҳам эргашган бўларди ва бу вазиятнинг ўзгаришига етаклаган бўларди", - дейди у.

Сурат манбаси, Getty Images
Албатта, Хитой президенти Шинжонда инсон ҳуқуқлари топталаётганини рад этади.
Афтидан, Сининг мусулмон дунёсидаги кўпгина иттифоқчилари ҳам унинг сўзларини такрорлашга тайёрлар.
Мақола Би-би-си мухбири Алим Мақбул видеолавҳаси асосида тайёрланди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














