АҚШ Афғонистондан кетмоқда, Россия энди Марказий Осиёдан хавотирда - Afg'oniston Markaziy Osiyo Rossiya AQSh

Сурат манбаси, Russian MOD/TASS
- Author, Павел Аксёнов
- Role, Би-би-си
Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб мини-тур ўтказди Ушбу сафарлар АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши, бу эса толибларни кучайтириб, минтақадаги беқарорликка таҳдид солаётган бир вақтда кузатилди.
Россия мудофаа вазири Ўзбекистонда икки мамлакат ўртасида ҳарбий соҳада биринчи марта ишлаб чиқилган 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегик шериклик дастурини тақдим этди. Тожикистонда Шойгу ҳаво ҳужумидан ягона мудофаа тизимини яратиш тўғрисидаги битимни имзолади ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) мамлакатлари Мудофаа вазирлари кенгашининг йиғилишида қатнашди.
"Қўшни Афғонистондаги инқироз фонида биз биргаликда юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларни бартараф этишни режалаштирмоқдамиз, машғулотлар давомида амалий ўзаро алоқалар масалаларини ишлаб чиқмоқдамиз", дейди Шойгу Тожикистонга сафари мақсадини изоҳлар экан (иқтибос РИА Новости бўйича).
Би-би-си билан суҳбатлашган мутахассислар Россия Марказий Осиё минтақасида беқарорлик кучайишидан қўрқади, деган фикрни тасдиқлайди. Афғонистондаги вазиятнинг таназзулга учраши 1 май куни АҚШ ва НАТО ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқишни бошлаши билан боғлиқ.
Россиянинг Афғонистон билан умумий чегараси йўқ, аммо Афғонистоннинг қўшнилари - Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан жиддий иқтисодий алоқалар мавжуд ва Россияга ушбу давлатлардан кўп муҳожир боради.
АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини қандай олиб чиқмоқда?
Ўтган якшанба куни Афғонистондаги хорижий контингент қўмондони, АҚШ генерали Скотт Миллернинг айтишича, қўшинларни олиб чиқиб кетиш аллақачон бошланган - америкаликлар афғон ҳарбийларига ҳарбий техника ва базаларни топширишни бошлаган. 2020 йил февралида имзоланган келишувга кўра, Қўшма Штатлар шу йилнинг 1 майига қадар ўз ҳарбий кучларини мамлакатдан бутунлай олиб чиқиб кетиши керак эди, аммо бу 11 сентябрга қолдирилди.

Сурат манбаси, Vadim Savitsky/TASS
Яқинда Афғонистонга 2500 америкалик аскар, шунингдек, НАТОнинг турли мамлакатларидан 7500 га яқин қўшин жойлаштирилганди.
Чет эл ҳарбий кучлари мамлакатга 11 сентябрь ҳужумларидан сўнг олиб келинган. 2009 йил декабрь ойида Афғонистондаги хорижий контингент 100 минг кишини ташкил этди.
Афғонистонда Қўшма Штатлар ва иттифоқчиларнинг ҳарбий ҳозирлиги 2014 йилда пасайишни бошлади. Аммо америкаликлар хавфсизлик нуқтаи назаридан мамлакатни буткул тарк этишга журъат этмадилар - афғон ҳукумати ёлғиз ўзи толибларга қарши тура олмасди. Улар Толибон ҳаракати билан мамлакатдан чиқиб кетиш шартлари дохил келишув имзолашни режалаштирдилар - Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларига хавфсизлик кафолати берилиши, расмий ҳукумат билан музокараларни бошлашга ваъда бериш, маҳбусларни алмаштириш ва бошқалар керак эди.
Доҳада 2020 йил февраль ойида имзоланган битимга кўра, қўшинлар олиб чиқиб кетиладиган бўлди, Афғонистон келажаги бўйича музокаралар жараёни бошланди. Ўшандан бери Қўшма Штатлар, Россия ва бошқа мамлакатлар Толибон ва Афғонистон ҳукумати ўртасида мулоқот ўрнатиш ҳаракатларини тўхтатмади. Аммо ҳозирча натижалар катта эмас: Толибон вакиллари баъзан йиғилишларга келмайди ва можарони ҳал қилиш бўйича ҳали ҳам аниқ режа йўқ.

Сурат манбаси, Anadolu Agency
Медиаторлар музокаралар жараёнини бошлашга уринаётган бир пайтда, томонларнинг ҳар бири - Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўзларини мамлакатдаги ягона қонуний ҳокимият деб билмоқда.
Нега Афғонистондаги беқарорликдан қўрқиш керак?
1991 йилда Совет қўшинлари Афғонистондан чиқарилгандан сўнг юзага келган инқирозга ўхшаш ҳолат НАТО ҳарбийлари чиқиб кетганидан сўнг ҳам юз бериши мумкинлигидан хавотирлар бор.
"Юз бериши мумкин бўлган энг яхши нарса, агар чиқиб кетиш учун ажратилган муддат катализатор бўлиб хизмат қилса, томонларни тезроқ қарор қабул қилишга ундайди. Улар ёки сентябргача бирор сиёсий келишувга эришадилар ёки охир-оқибат фуқаролар уруши бошланади. Сурия сценарийси", деди Кобулдаги Уруш ва тинчликни ўрганиш институти ижрочи директори Би би си билан суҳбатда.
Олий иқтисодиёт мактаби Жаҳон иқтисодиёти ва жаҳон сиёсати факультети профессори Андрей Казанцевнинг Би-би-сига айтишича, Афғонистондан чет эл контингенти чиқарилиши билан "домино эффекти" пайдо бўлиши мумкин. Ушбу атама 20-асрда дунёнинг турли минтақаларида содир бўлган воқеаларни, бир мамлакатда коммунистик режимнинг ўрнатилиши бошқаларда ҳам худди шундай оқибатларга олиб келишини англатган.
Аммо бу сафар "домино эффекти" бошқача кўринишда бўлади. Казанцев толиблар босқинидан эмас, балки бутун минтақада бетартиблик ва беқарорлик тарқалишидан қўрқади. "Худди шу ҳолат 1990 йилларда Афғонистонга қўшни мамлакатларда ҳам бўлган. Совет қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетгач, у ерда ҳаммаси вайрон бўлган, 1992 йилда [Афғонистон Президенти Муҳаммад] Нажибуллоҳ режими қулаган, мужоҳидлар ўзаро урушган, кейин Тожикистонда фуқаролар уруши бошланган, Тожик-Афғон чегараси бузилган, сўнг бу ҳолат бутун минтақага аста-секин ёйила бошлади", дейди у.

Сурат манбаси, Getty Images
Андрей Казанцевнинг айтишича, толиблар марказий раҳбариятга бўйсундирилган ягона куч эмас. У толибларни "америкаликларга қарши курашадиганларнинг барчасини бирлаштирувчи умумий ташкилот" деб атайди. Улар "ал-Қоида" ёки "Исломий давлат" (иккаласи ҳам кўплаб мамлакатларда, шу жумладан, Буюк Британия ва Россияда тақиқланган) каби халқаро террорчи ташкилотларни қўллаб-қувватлаган ва шундай қилмоқда ва алоҳида кичик экстремистик гуруҳлар билан алоқаси бор.
Шу билан бирга, Афғонистоннинг турли минтақаларида Толибоннинг позициялари турлича бўлиб, уларнинг бутун ҳудуд бўйлаб ҳокимиятини ўрнатишга қаратилган ҳар қандай уриниши фуқаролар урушига айланади, масалан, пуштун қабилалари ёки ўзбек, тожик ёки ҳазара каби миллий озчиликлар билан.
«Бу Марказий Осиё мамлакатлари учун жуда жиддий ҳолат, чунки тожиклар Тожикистон билан, Тожикистон Россия билан, ўзбеклар Ўзбекистон ва Туркия билан ҳам, ҳазоралар Эрон билан боғлиқ боғлиқлиги сабабли улар бир зумда қарама қарши фронтга айланади. Катта минтақавий уруш учун автоматик потенциал ортади", деди Андрей Казанцев.
2020 йилда Россия стратегиялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази (ЦАСТ) томонидан нашр этилган "Иттифоқчилар" китобида таъкидланганидек, айнан мужоҳидларнинг Афғонистондаги ғалабаси 1990 йилларнинг бошларида Тожикистонда юз берган қонли миллий можарога катализатор бўлди - чегара оша мамлакатга қурол ва қочқинлар оқими келди. Муаллифлар ушбу можарони "тожик давлатчилиги туғилишидаги жароҳат" деб аташади.
Шу билан бирга, мамлакат "Исломий давлат"нинг жиддий хавфи остида қолмоқда. "Умуман олганда, 1.9 минг жангари Сурияда ва Ироқда ИШИД сафида жанг қилган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра 2018 йил охирида - эҳтимол кўпроқ жангарилар асосан Ўзбекистондан бўлган", дейилади китобда.
Россия қандай қилиб инқироз олдини олмоқчи?
Ўн ярим йил давомида Тожикистон ва Ўзбекистон Афғонистондаги халқаро ҳарбий операцияни қўллаб-қувватлаш учун муҳим марказ бўлиб келди. 2001 йилдан 2007 йилгача Франциянинг Mirage 2000D қирувчи учоқлари ва C-135F ёқилғиташувчилари Душанбе аэропортида жойлаштирилган бўлиб, кейинчалик Қандаҳорга кўчирилган. ЦАСТ маълумотига кўра, Тожикистон 2001 йилдан бери ва ҳеч бўлмаганда 2019 йилгача АҚШдан ҳарбий ёрдам олган.
Бироқ Москва Душанбенинг хавфсизлик бўйича асосий шериги бўлиб қолмоқда. 201-ҳарбий база Тожикистонда жойлашган бўлиб, у ерда баъзи манбаларга кўра олтидан ортиқ, бошқаларга кўра, уч мингга яқин ҳарбий хизматчи бор. Ушбу база таркибида Душанбе яқинидаги "Айний" ҳарбий аэродромида жойлашган Ми-8 ва Ми-24 вертолётлари гуруҳи ҳам бор.

Сурат манбаси, Getty Images
ЦАСТ маълумотларига кўра, 201-сонли мото ўқчилар дивизияси мулкининг бир қисми тожик ҳарбийларига ўтказилди. Бундан ташқари, Россия ушбу мамлакатга зирҳли транспортёрлар, жанговар вертолётлар, артиллерия тизимлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа қуроллари ва танклар етказиб берди. Сўнгги йилларда етказиб беришлар кўпайди. Россия ўз ҳарбий олийгоҳларида тожик армияси учун офицерлар, 201-базада эса мутахассислар, шу жумладан, ҳайдовчи механиклар, алоқачиларни тайёрлайди.
Афғонистондаги амалиётлар давомида Ўзбекистон АҚШнинг Марказий Осиёдаги муҳим шерикларидан бири бўлган. 2001 йилдан 2005 йилгача ҳарбий учоқ ва вертолётлар учун ҳарбий аэродром "Қарши-Хонобод"да Американинг йирик ҳарбий базаси жойлаштирилди. Сиёсий келишмовчиликлар туфайли Тошкент Вашингтон билан ҳамкорликни қисқартирди. Шундан сўнг Россия ушбу базадан фойдаланди, аммо Тошкентнинг Россия билан муносабатлари мураккаб эди. Ўзбекистон икки марта КХШТдан чиқиб кетди ва блокка қайтиш режаси ҳақида бошқа гап бўлмади.
Энди Россия минтақадаги ҳозирлигини кўпайтиришгагина эмас, балки минтақавий давлатларни мустаҳкамлашга интилмоқда, дейди экспертлар. Шу билан бирга, у янги иқтисодий, ҳарбий ёки сиёсий блокларни яратишга интилмаяпти, эскиларининг тузилишини ўзгартиришга уринмаяпти, аксинча, асосан икки томонлама шартномаларга эътибор қаратмоқда.
Бунга қисман минтақа давлатларининг ҳар бири Россия билан биргаликда гуруҳ шартномалари "тизими"да бўлганлиги сабабдир: Тожикистон КХШТ аъзоси, аммо Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо эмас (унда Қирғизистон ва Қозоғистон бор), Ўзбекистон КХШТдан чиққанидан сўнг, фақат МДҲ таркибида қолди, Туркманистон умуман блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаб турибди.
Яна бир сабаб - давлатларнинг ўзлари ўртасидаги мураккаб муносабатлардир. 29 апрель куни Сергей Шойгунинг минтақага сафари якунлангач, қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув юз берди. Ўнлаб одам ҳалок бўлди.
Россиялик ҳарбий эксперт Виктор Мураховский ҳозирги кунда ҳар қандай блокларни яратишга уринишдан кўра икки томонлама алоқаларни сақлаб қолиш осонроқ деб ҳисоблайди: "Замонавий сиёсатнинг ҳақиқати бу Варшава шартномаси ёки Шимолий Атлантика шартномаси каби блокларнинг ўтмишга айланишидир".
Унинг айтишича, Россия минтақада янги ҳарбий базалар очмайди, ҳатто мавжудларини кенгайтирмайди; Тожикистон ва Ўзбекистон хавфсизлиги мустақил таъминланади.
"Тожикистонга қарши тўғридан-тўғри ҳарбий тажовуз бўлса, Россия аэрокосмик кучлар ва юқори аниқликдаги тизимлар орқали ёрдам бериши мумкин, аммо асосий эътибор маҳаллий кучларга, уларни тайёрлашга, жиҳозлашга қаратилади. Ҳеч ким ўз батальон-тактик гуруҳларини ҳужумга ташламайди", дейди Виктор Мураховский.
Мустақил сиёсатшунос, Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубновнинг айтишича, АҚШнинг роли ушбу вазиятда сақланиб қолади - улар Афғонистонни тарк этгандан кейин минтақада ҳаракат қилиш имкониятини сақлаб қолишга уринишади. Бу, масалан, ҳарбий ҳаво базаси ҳисобидан амалга оширилиши, унда учувчили транспорт воситалари ҳам, учувчисиз ҳаво воситалари ҳам ишлаши мумкин.
Дубновнинг сўзларига кўра, бу ҳолат Россия нима учун Тожикистонга ҳаво ҳужумидан қўшма мудофаа тизимини яратиш тўғрисида битим имзолаш таклифини берганини тушунтириши мумкин. "Ҳозирги вазиятда Тожикистон ҳаво майдонига Афғонистондан ким ҳужум қилиши мумкинлигини билмайман. Аммо бу Россиянинг Тожикистондаги ҳозирлигини кучайтириши мумкин. Нега у ерга бир нечта С-400 жойлаштирмаймиз?" дейди у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














