Афғонистон урушида Толибон енгиб, Америка енгилдими? Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Толибоннинг маҳаллий етакчиси
Сурат тагсўзи, Толибоннинг Балх вилоятидаги волийи Ҳожи Ҳикмат 1990-йилларда жангариларга қўшилган

Афғонистон: Толибон урушда "енгиб", Америка "енгилдими"? Толиблар бугун худди ана шундай фикрда. АҚШ эса, Толибон билан тарихий битимига зид борди. Майгача Афғонистонни тарк этмаслигини айтди. Би-би-си Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош Балх вилоятида бўлди, бу хусусда у ердаги толиблар билан суҳбатлашди.

Секундер КерманийваМаҳфуз Зубайде

BBC News, Балх

Автомашинада Толибон назорат қилаётган ҳудудга бориш кўп вақт олмайди. Шимолий шаҳар Мозори Шарифдан йўлга чиқиб, йўл четига ўрнатилган бомбалар портлашидан ҳосил бўлган ўралар аро ўттиз дақиқача юрилса, мезбонимиз қошига етиб борамиз: Толибоннинг Балх вилоятидаги волийи Ҳожи Ҳикмат.

Ўзига атир сепган, қора саллалик Ҳожи Ҳикмат гуруҳнинг ветеран аъзоси, улар мамлакатнинг катта қисмини назоратга олган 1990-йилларда жангариларга қўшилган.

Толибон ўз қудратини бизга намойиш қилиш учун тамошо ҳозирлабди. Кўчанинг икки томонига бошдан-оёқ қуролланган жангарилар саф тортган, бири реактив гранатомет кўтарган, бошқа бирида АҚШ армиясидан тортиб олинган М4 автомати.

Балх мамлакатнинг энг барқарор ҳудудларидан бири эди, ҳозир энг нотинчларидан биттасига айланган.

Шафқатсизлиги билан ном чиқарган маҳаллий ҳарбий қўмондон Барялай йўл томонни кўрсатади: "ҳукумат кучлари у томонда - катта бозор ёнида, аммо улар ўзларининг базаларини ташлаб кета олмайди. Бу ҳудудлар мужоҳидларга қарашли".

Бу Афғонистоннинг аксар қисмларида кўриш мумкин бўлган манзара: ҳукумат шаҳарлар ва катта шаҳарчаларни назорат қилади, Толибон эса уларни ўраб олган ва қишлоқ жойларнинг катта қисмини қўлга олган.

Жангарилар муҳим йўлларга назорат ўтиш нуқталарини жойлаштириш орқали ўз устунликларини кўрсатмоқда. Толибон аъзолари автоуловларни тўхтатиб, эгаларини сўроқ қилар экан, Толибоннинг жосуслик хизмати маҳаллий раҳбари Амир Соҳиб Ажмал бизга улар ҳукуматга алоқаси бор одамларни излаётганликларини айтади.

"Биз уларни қўлга олиб қамаймиз, - дейди у. - Сўнг ўз маҳкамамизга топширамиз, кейин нима бўлиши ҳақида улар қарор беради."

Толибон ғалаба ўзлари томонда эканига ишонади. Бир пиёла чой устида Ҳожи Ҳикмат эълон қилади: "Биз урушда енгдик, Америка енгилди". Президент Жо Байденнинг Афғонистондаги қолган АҚШ кучлари чиқиб кетишини сентябрга қадар кечиктиргани ўтган йилги келишувда белгиданган муддат - 1 майдан кейин ҳам улар мамлакатда бўлишини англатади. Бу эса Толибон сиёсий етакчиларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Шунга қарамай, вазият Толибон фойдасига.

"Биз ҳамма нарсага тайёрмиз, - дейди Ҳожи Ҳикмат. - Биз тинчликка ҳам тайёрмиз, жиҳодга ҳам." Унинг ёнида ўтирган ҳарбий қўмондон қўшимча қилади: "Жиҳод ибодатдир. Ибодат шундай амалдирки, қанча қилма, ҳеч чарчамайсан".

Ўтган йили Толибоннинг "жиҳод"ида ошкора зиддиятлар пайдо бўлди. Гуруҳ АҚШ билан битим имзолагач, халқаро кучларга ҳужум қилишни тўхтатди, аммо афғон ҳукумати билан урушни давом эттирди. Ҳожи Ҳикмат бу ерда ҳеч қандай зиддият йўқлигини таъкидлайди. "Биз шариат асосида қурилган исломий давлат истаймиз. Улар талабимизга кўнгунча биз урушни давом эттирамиз."

Толибон Афғонистондаги бошқа сиёсий гуруҳлар билан ҳокимиятни бўлишишга тайёрми, деган саволга Ҳожи Ҳикмат Толибоннинг Қатардаги сиёсий етакчиларига бўйсунишини айтади: "Улар қандай қарорга келса, биз қарор қабул қиламиз", деб қайта- қайта такрорлайди.

Толибон ўзини атиги бир исёнчи гуруҳ сифатида эмас, балки келгуси ҳукумат сифатида кўради. Улар ўзларини "Афғонистоннинг исломий амирлиги", деб атайди. Улар бу номни ҳокимиятда бўлган 1996 йилдан 2001 йил 11 сентябрь ҳужумларидан сўнг ағдарилгунгача бўлган даврда қўллаганлар.

Ҳозир уларда анча мукаммал "соя" тузилмаси бор - уларнинг тайинланган расмийлари назоратларидаги ҳудудларда кундалик ҳаётни бошқаради. Толибон волийи - вилоят ҳокими Ҳожи Ҳикмат бизни сайрга таклиф қилди.

Бизга бошланғич мактабни кўрсатди. БМТ берган парталарда ёш ўғил ва қиз болалар ёзиб ўтирарди. 1990-йилларда ҳокимиятда бўлганида Толибон, гарчи буни ўзлари тан олишмаса ҳам, қиз болалар таълимини тақиқлаганди. Ҳатто ҳозир ҳам каттароқ ёшдаги қизларга мактабга боришга рухсат берилмаётгани ҳақида хабарлар бор. Аммо Толибоннинг айтишича, бу ерда уларнинг таълими фаол рағбатлантирилмоқда.

"Улар ҳижобда бўлар экан, таҳсил олишлари жуда муҳим", дейди Толибоннинг таълим бўйича маҳаллий комиссияси расмийси Мавлавий Салаҳуддин. Унинг айтишича, ўрта мактабларда аёл ўқитувчилар ишлашига рухсат берилган, ҳижоб эса мажбурий. "Агар улар шариатга амал қилса, ҳеч қандай муаммо йўқ."

Афғонистондаги қизлар мактаби
Сурат тагсўзи, Баъзилар, толиблар яна ҳокимиятни қўлга киритишса, қизларнинг таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишидан қўрқишади

Айрим маҳаллий манбаларнинг бизга айтишича, Толибон санъат ва фуқаровий ҳуқуқ дарсларини мактаб дастуридан чиқариб ташлаган, бунинг ўрнини исломий дарслар билан тўлдирган. Қолган дарслар эса миллий таълим дастури бўйича кетяпти.

Хўш, Толибон ўз қизларини мактабларга юборадими? "Менинг қизим жуда ёш, аммо каттароқ бўлгач, уни мактаб ва мадрасага юбораман. Муҳими у ерда ҳижоб ва шариат бўлсин", дейди Салаҳуддин.

Мактаб муаллимларига ҳукумат маош беради, Толибон эса уларни бошқаряпти. Бутун мамлакат бўйлаб ана шунақа қоришиқ тизим ишлаяпти.

Ёрдам ташкилотига қарашли яқин орадаги тиббий клиникада ҳам аҳвол шу - Толибон аёл хизматчиларга рухсат берган, аммо тунда эркаклар навбатчилик қилиши шарт. Аёл ва эркак беморлар бир-биридан ажратилган. Оилани режалаштириш ҳақидаги маълумотлар ва контрацепцияни бемалол олса бўлади.

Толибон уларни бизга имкон қадар ижобий томондан кўрсатишни истайди. Мактабдан уйига қайтаётган бир гуруҳ ўқувчи қизлар олдидан автомашинада ўтганимизда Ҳожи Ҳикмат завқ билан уларга ишора қилади, кутганларимиз бошқача бўлиб чиққанидан хурсандлигини яширмайди. Толибоннинг аёллар ҳуқуқлари бўйича қараши ҳамон хавотирли бўлиб қолмоқда. Гуруҳда аёл вакиллар умуман йўқ. Улар 1990-йилларда аёлларнинг уйдан ташқарида ишлашини тақиқлаган эди.

Балх вилояти қишлоқлари кўчаларидан борар эканмиз, анчагина аёлларга кўзимиз тушади, уларнинг ҳаммаси ҳам бошдан-оёқ ўранган, яъни бурқада эмас, бемалол юришибди. Маҳаллий бозорда эса ҳеч бири йўқ. Ҳожи Ҳикматнинг таъкидлашича, бунга тақиқ йўқ, аммо анъанавий жамиятда уларнинг бозорда юриши одатий эмас.

Балхлик аёллар
Сурат тагсўзи, Толибон клиникаларда аёлларнинг ишлашига рухсат берган, аммо тунда эркаклар навбатчилик қилиши шарт

Бутун сайр давомида Толибон бизга ҳамроҳ бўлди. Биз гаплашган маҳаллий одамларнинг бари бу гуруҳни қўллаб қувватлаши, хавфсизликни таъминлаб, жиноятларни камайтиргани учун улардан миннатдорлигини изҳор қилди.

"Ҳукумат назорат қилган вақтларда улар одамларни қамаб, озод бўлиши учун пора талаб қиларди, - дейди бир кекса киши. - Одамларимиз жуда қийналди, ҳозир эса бу аҳволдан хурсандмиз."

Толибоннинг ўта консерватив қадриятлари қишлоқ аҳолиси қадриятлари билан деярли қарама-қарши эмас, аммо кўпчилик, айниқса шаҳарлар аҳолиси 1990-йиллардаги шафқат билмас исломий амирлик ўтган йигирма йилда эркинлик муҳитида ўсган авлоднинг эркинликларини чеклаб, тағин қайтиб келишидан қўрқади.

Бир маҳаллий аҳоли вакили исмини айтмаслик шарти билан кейинроқ бизга айтишича, Толибон бизга гапириб берганидан кўра анча қаттиққўлроқ. У соқолини қирган қишлоқликлар юзига шапалоқ урилгани ёки калтаклангани, мусиқа тинглангани учун аудио қурилмалар синдирилганини тасвирлаб берди. "Одамларда улар айтганини қилишдан бўлак танлов йўқ, - дейди у Би-би-сига. - Ҳатто майда масалалар учун ҳам жисмоний жазо берилади. Одамлар қўрқиб қолган."

Толиблар
Сурат тагсўзи, "Одамларда толиблар айтганини қилишдан бўлак танлов йўқ, - дейди маҳаллий одамлардан бири Би-би-сига

Ҳожи Ҳикмат 1990-йиллардаёқ Толибон сафида бўлган. Ёш жангарилар ёнимизда ўралашиб, суратга олиб, селфига тушиб турган бир вақтда Ҳожи Ҳикмат камерамизни кўрган заҳоти салласи учи билан юзини ёпишга уринди. "Эски одатлар", деб тиржайди у. Кейинроқ у ўзини суратга олишимизга изн берди. Эски Толибон даврида суратга олиш тақиқланган эди.

Толиблар ҳокимиятдалигида хато қилганмиди, деб сўрайман. Улар яна ўшандай йўл тутадиларми?

"Аввалги Толибон ва ҳозирги Толибон битта. Ўша вақт ва ҳозирни солиштирсангиз, ҳеч нарса ўзгармаган, - дейди Ҳожи Ҳикмат. - Аммо одамлар таркиби ўзгарган. Айрим одамлар қаттиқроқ, айримлари мулойимроқ. Бу нормал ҳол."

Толибон ўзлари қуришни истаётган "Исломий ҳукумат" қандай бўлиши ҳақида атай аниқ гапирмаётгандек кўринади. Айрим таҳлилчиларнинг айтишича, бундан мақсад гуруҳ ичидаги муътадилроқлар ва радикаллар ўртасида қарама-қаршилик келиб чиқиши олдини олишдир. Улар ўз қарашларини мувофиқлаштириб, бўлиниб кетишдан сақлана оладиларми? Ҳокимиятга келсалар, жиддий синовдан ўтишларига тўғри келади.

Товуқ гўшти ва гуруч билан тушлик қилаётганимизда, олисда тўртта алоҳида ҳаво ҳужумлари товушини эшитдик. Ҳожи Ҳикмат пинагини ҳам бузмади. "Олисда, хавотир олманг", деди у.

Ҳаво кучлари, хусусан, америкаликлар қўллови ўтган йиллар давомида Толибоннинг илгарилаши олдини олишда катта ёрдам берган. АҚШ ўтган йили Толибон билан битим имзолагач, ҳарбий амалиётларини кескин камайтирди. Кўпчилик улар чиқиб кетгач, Толибон ҳарбий йўл билан мамлакатни тўлиқ эгаллаб олишидан қўрқмоқда.

Ҳожи Ҳикмат афғон ҳукумати ёки Толибон тили билан айтганда, "Кобул маъмурияти"ни ғайриисломий ва бузуқ деб атайди. У каби одамлар агар ҳаммаси ўзлари айтгандек бўлмаса, бошқалар билан қандай муроса қилиши тасаввур ҳам қилиш қийин.

"Бу жиҳод, - дейди у. - Буни ҳокимиятни қўлга олиш учун эмас, балки Аллоҳ ва унинг қонуни учун қиляпмиз. Бу мамлакатга шариатни қайтариш учун. Кимки бизга қарши турса, уларга қарши урушамиз."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek