Афғонистонда оналарни ким ўлдирмоқда? Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Qodriyaning opasi
Сурат тагсўзи, Шукрия Ёсиний: "Опам ўз ватанини биринчи ўринга қўярди".
    • Author, Жоэл Гюнтер
    • Role, BBC News

Ўтган йили айни шу ҳафтада толибон АҚШ ишлаб чиққан ва назарий жиҳатдан Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига йўл очувчи битимни имзолаган эди.

Битимга кўра, толибон АҚШ кучларига ҳужум қилмаслиги ва АҚШ ҳам ўз аскарларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиши керак эди.

Аммо битим Tолибон олдига афғон ҳукумати ва фуқаролар билан сулҳ тузиш мажбуриятини қўймас эди.

Ўтган ой бир якшанба тонгида, Қодрия Ёсиний доимгидек ишига отланди.

У устига янги пальтосини кийиб, ухлаб ётган ўғли Валини унга овқатланиш учун бироз пул қолдираётганини айтиш учун уйғотди. Сўнг хизмат машинасида йўлга тушди.

Ҳайдовчиси йўл йўлакай унинг дўсти ва ҳамкасби Олий суд судьяси Закия Ҳеравийни ҳам олволиш учун Кобул кўчалари бўйлаб юриб кетди.

Ёсиний 53 ёшда, Ҳерваий 47 ёшда бўлиб, улар Афғонистоннинг 250 аёл судьяларидан эди.

Бу рақам 20 йил олдин толиблар давридаги нолдан жадал суръатда ўсди, ҳозирда мамлакат судьяларининг 14 фоизини аёл судьялар ташкил қилади.

Бу икки аёл олиймақом сиёсатчи ҳам, ҳарбий мулозим ҳам эмас эди. Ҳеч бири аксар журналист ва фаоллар каби Tолибоннинг огоҳлантиришини олмаганди.

Улар кундалик хавфсизлик чораларини кўриб қўйишга ҳам ўрганишмаганди.

Ёсиний, оиласининг айтишича, яқиндагина ҳукумат бермоқчи бўлган тўппончани ҳам рад қилганди; ўзига керак бўлиб қолишини ўйламаганди.

Охир-оқибат тўппонча ҳам уни сақлаб қололмасди, эҳтимол.

Суиқасдчилар икки судья қаерда бўлиши мумкинлигини билишган.

Улар машинани ҳам, йўлни ҳам билишган. Улар уч киши эди.

Учовлон машина эшигини очишга уринганда, Ёсиний сумкасини кўксига босди ва бешта ўқ унинг ҳамёни, китоблари, болалари Оналар кунига атаб қўлда ёзиб берган ва доим ёнида олиб юрган табрик қоғозини тешиб ўтди. "У ҳар куни ўша қоғозга қарашини айтганди", дейди ўғли Вали.

"Онажон! Дунёга кўзимизни очган илк онданоқ сиз бизга ўзингизни бағишлаганингизни кўрганмиз. Сиз биз учун қилганларни қайтара олмаймиз, аммо ҳозир бу табригимиз сизни хурсанд қилишига умид қиламиз. Биз билан эканингиз учун раҳмат! Оналар куни билан!".

Вали 18 ёшда, унинг акаси Абдулваҳоб 19да. Улар бўлган воқеа ҳақида телефон орқали тоғаларидан эшитишди. Улар хавфсизлик учун уйдан чиқмай кутишди.

Ниҳоят полиция оналарининг ўқ илма-тешик қилиб юборган сумкасини келтирди.

Улар CCTVнинг суиқасд ҳақидаги хабарида қуролланган шахс мотоциклда қочаётгани, "Аллоҳу акбар" деб қичқираётганини кўрдилар. Қочаётганлар улар билан тенгқур эди.

Tabrik xati
Сурат тагсўзи, Ўқ илма-тешик қилган табрик қоғози. Оналарининг ўлими ортидан, полиция уни ўғилларига қайтарган
Ashyolar
Сурат тагсўзи, Битта ўқ Ёсинийнинг ҳуқуқшунослик китобларидан бирига теккан. Бошқасини сумкасининг боғичи тўхтатиб қолган

"Ҳар куни мактабда кўрадиганим йигитларга ўхшайди, - дейди Вали афсус билан. - Улар онангизни ўлдириши мумкинлиги хаёлингизга ҳам келмайди."

АҚШ-Tолибон битимидан бир йил ўтиб, мамлакат тинчликка сиёсий ечим излаётганда тинч аҳолининг нишонга олиниши Афғонистонни даҳшатга солмоқда.

Суиқасдчилар мамлакат судьялари, журналистлар ва фаолларга мотоциклларда келиб ҳужум қилмоқда ёки машиналари тагига магнитли бомбаларни ёпиштириб кетмоқда.

Улар шундоғам ҳаёти қисқалиги ҳақида ўйлаётган ва хавф остида экани ҳақида бирор марта ҳам огоҳлантириш олмаган одамларни ўлдирмоқда.

Суиқасдлар сентябрдан буён, Афғонистоннинг ўз ичидаги тинчлик учун музокаралар бошлангандан бери авжига чиқди.

Сешанба куни БМТ эълон қилган рақамларга кўра, ўтган йили 707 киши махсус ҳужумлар қурбони бўлган, буларнинг қарийб ярми ўтган уч ойга тўғри келади.

АҚШ ҳаво ҳужумлари ва Tолибоннинг кенг миқёсли ҳужумлари сони камайгани боис, умумий инсоний талафотлар сони озайган.

Аммо Афғонистон ҳаво кучлари ҳужумларида қурбонлар сони кескин ортган.

Суиқасдлар сабабли ўлим 45 фоизга кўпайган ва, БМТга кўра, Афғонистонда аввал кузатилмаган шаклда унчалик муҳим бўлмаган шахсларни ҳам нишонга олиш бошланган.

Қўрқув муҳитини кучайтираётган яна бир омил аксар ҳужумлар учун ҳеч ким масъулиятни бўйнига олмаётганидир.

"Одамлар ўляпти, бомбалар портлаяпти, ҳеч ким масъулиятни бўйнига олмаяпти", дейди "Afghan Peace Watch" мониторинг гуруҳи асосчиси Ҳабиб Хон.

Qodriya Yosiniy
Сурат тагсўзи, Қодрия Ёсиний Афғонистондаги 250 га яқин аёл судялардан бири эди. (Оилавий архивдан)

"Толиблар кўп сонда ҳужум қилар, туман ёки шаҳар марказларини қўлга ҳам олволиши мумкин эди", дейди у.

Кейин АҚШ билан битим тузилди, ундаги ошкор қилинмаган бандга кўра, толиблар катта шаҳарларда катта ҳужумлар қилмаслик мажбуриятини олган. Ана шу банд гуруҳ эътиборини ҳарбий ҳужумлардан махсус нишонга олувчи суиқасдларга ўзгартирган", дейди жаноб Хон.

Ҳеч ким жавобгарликни бўйнига олмаётгани боис, айримлар ҳужумлар учун Исломий давлат гуруҳини ёки тартибсизликдан ўз рейтингини оширишни кўзлаган сиёсий фирқаларни айбламоқда.

"Ҳамма АҚШ билан битим толибларни ҳарбий кучдан сиёсий ёки квази сиёсий кучга айлантиради деб умид қилган эди. Умуман улар ўзгариши мумкин эди", дейди Афғонистоннинг собиқ мудофаа вазири ўринбосари Тамим Асей.

"Аммо Tолибон ўзгарганини кўрсатувчи бирор белги йўқ. Улар шунчаки тактикани ўзгартиришди. Улар суиқасд уюштиришяпти, чунки бу битим шартларига унчалик зид эмас."

Толибон қудратга қайтишдан аввал ўзига потенциал рақиб бўладиганларни ўлдириш ва тирик қолганларда қўрқув уйғотиш учун суиқасдлардан фойдаланишда айбланмоқда.

Агар Вали Ёсинийдан онасини ким ўлдиргани ҳақида сўрасангиз, у "кучли диний гуруҳ" деб жавоб беради.

"Нимани сўраётганингизни биламан, аммо мен ҳақиқатда... Мен ким жавобгар эканини айта олмайман", деди у.

АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетиш бўйича белгиланган муддат - 1 май яқинлашаётган экан, Tолибон мувозанатни ўзгартириб, йирик ҳарбий амалиётларга қайтаётган кўринади.

Kobul
Сурат тагсўзи, Сўнгги ойларда амалга оширилаётган қотилликларнинг асосий қисми пойтахт Кобул ҳиссасига тўғри келади

Айримлар қўшинларнинг чиқиб кетиш муддатини музокара билан узайтириш мумкинлигига ишонади.

Аммо аксар афғон расмийлари умид қилгандек АҚШ мамлакатда кўпроқ муддатга қолса, толиблар буни Доҳа келишувини бузиш деб ҳисоблашлари ва америкаликларга қарши урушга қайтиш учун асос деб билишлари мумкин.

Мамлакат омонат аҳволда турибди.

Қодрия Ёсиний толиблар 1996 йили қудратга келмасидан илгари вояга етган эди.

У Кобулдаги ўртаҳол оилада ўсган; автомеханик ва уй бекасининг қизи эди.

Аммо онаси уни мактабга боришга мажбурлади. "Онамизда ўқиш учун кўп ҳам шароит йўқ эди. Аммо таълим олишни орзу қиларди", дейди Қодриянинг опаси Шукрия.

У Кобулдаги Аряна университетида дарс беради.

"У бизга ҳар бир одам ўқиса, бутун жамият яхшироқ ўқимишли бўлиб қолади, шу билан мамлакатни ўзгартиришингиз мумкин деган", дейди Шукрия.

Ёш Қодирия ўзининг ақлли ва интилувчан опа ва акалари олдида ҳам ажралиб турган.

У француз тилига ва кейинчалик француз фильмларига қизиққан.

11 ёшида ўқиш бепул бўлган, қизлар учун етакчи француз мактаби - Малалай лицейига кириш имтиҳонларидан ўтган.

Опасининг айтишича, мактабдаги даври унинг энг қувончли даври бўлган.

Бу унга кейинчалик Кобул университетида ҳуқуқшуносликдан таълим олишига, сўнг Олий суд журналига ишга киришига йўл очган.

Журналда икки йилини ўтказгач, ўзи ўқиган университетнинг ҳуқуқ факультетига ишга киради ва 25 ёшида юридик имтиҳонларни топшириб, судья бўлиб ишлаш ҳуқуқини олади.

Vali Yosiniy
Сурат тагсўзи, Валининг онаси суиқасд қурбони бўлди. У ўтган бир неча ойнинг ўзида бутун Афғонистон бўйлаб ўлдирилган юзлаб одамларнинг бири

Ёсиний билан бирга ўтган ойда ўлган дўсти Закия Ҳеравий ҳам ҳуқуқшунослик дипломини олгач, юридик амалиётни бошлаган эди.

У ўз синфида биринчи бўлганди, дейди унинг акаси Ҳожи Мустафо Ҳеравий. "У ҳуқуқшуносликни севарди, ўз юртини севарди."

Ҳеравий Ёсинийдан бир неча йил кейин университетни тамомлаган, аммо улар судья сифатида иш бошлашдан аввал Афғонистон фуқаролар уруши домига тушди, Ёсиний ва Ҳеравий оилалари билан Покистонга қочди.

Тўрт йил ўтиб, Tолибон Кобулни эгаллади, Малалай лицейини вайрон қилди ва афғон қизлари уйида ўтирсин деб қарор чиқарди.

Ёсиний Покистоннинг Пешаворида яшади; инглиз тилини, дояликни ўрганди, ҳуқуқ журналига мақолалар ёзди.

Афғонистонда танишган ва у ҳам мамлакатдан қочган йигит билан турмуш қурди.

"Толиблар қудратдан кетказилган заҳоти у Кобулга қайтди", дейди опаси.

Ҳеравий ва унинг кийим фабрикасида ишловчи акаси олти ой ўтиб, мамлакатга қайтишди.

"Биз Кобулга қайтишимиз билан у ишга кириш учун ариза топширди. Ва ишонасизми, икки кунда у Фан ва тадқиқотлар бўлимига аъзо бўлди", дейди у фахр билан.

Ёсиний юртга қайтгач, бир муддат доялик қилди ва ниҳоят юридик соҳага қайтди.

У журнал мақолаларини чиқарди ва мерос қонунчилигига доир китоб ёзди ва 2010 йилда судья бўлди.

Икки ўғли бор эди - Абдулвали ва Абдулваҳоб.

Беш йил муқаддам болалар 12 ва 14 ёшлигида уларнинг отаси бошқа турмуш қилиб кетди.

Vali Yosiniy

Abdulvahob Yosiniy
Сурат тагсўзи, Валининг укаси Абдулваҳоб Афғонистонда Толибон тузуми ағдарилган 2001 йилда туғилган

Барча оғирлик ўзига қолган Ёсиний болалари таълимига эътибор қаратди. "Нимага эришган бўлсам, онамнинг ўқишга ундови билан бўлди", дейди Вали.

Вали истеъдодли рассом ва тилшунос, аммо хорижда тиббиётдан таҳсил олишни орзу қилади.

Унинг Tолибон ағдарилган йили туғилган акаси Абдулваҳоб Кобул университетида иқтисод талабаси.

Абдулваҳоб қуролланган шахс кампусга ҳужум қилиб, 22 талабани ўлдирган ноябрь ойида университетда эди.

Онаси омонлигини билиш учун роса югуришига тўғри келганди ўшанда.

Қуролланганлар Ёсиний ва унинг дугонасига ҳужум қилган ўтган ойда Кобулда шунақа кўп суиқасдлар бўлгандики, одамлар бундан ажабланмай ҳам қўйганди.

Бу икки аёлнинг Tолибонга қарши бирор марта ҳам оммавий гапирмагани уларнинг ўлими сабабини тушунарсиз қилиб қўйганди.

Аммо бу ҳужум Tолибон айбланаётган стратегияни ифода этади - ҳукумат суянадиган институтларга зарар бериш ва аёлларга нима қилиш ё қилмаслик борасида огоҳлантириш беришдир.

"Бу аёллар ўлдирилгандан бери Афғонистонда аёлларнинг судья бўлиши қанчалик оғирлиги, қанча тўсиқларни енгиб ўтишлари кераклиги ва уларнинг бу тарзда ўлдирилиши қанчалик шафқатсизлиги ҳақида ўйлайман", дейди Афғонистон Мустақил Инсон ҳуқуқлари комиссияси раисаси Шаҳарзод Акбар.

Shaharzod Akbar
Сурат тагсўзи, Шаҳарзод Акбар Кобулдаги офисида

"Аёлларга жамият ишларида ўрин йўқлиги ҳақида неча марта айтилди. Аммо бу каби аёллар барчасига сабот билан чидади, мамлакатларига ҳисса қўшди ва ҳар бир инсоннинг яхшироқ келажаги учун курашди. Ана шу бу йўқотишни янада мусибатли қилади."

Ўтган сешанба куни Tолибон ва афғон ҳукумати музокарачилари ҳафталар давом этган боши берк кўчадан сўнг яна мулоқотни бошлашларини эълон қилишди.

Музокараларни бошлар экан, Tолибон муаммога сиёсий ечимга ҳозирлигини билдирди ва жамиятни даҳшатга солаётган суиқасдларга алоқаси йўқлигини даъво қилди.

Кобулда аксар фаоллар мамлакатни тарк этяпти ёки фаолиятини қисқартиряпти.

"Афғонистонда энди машина машина ҳайдамайман", дейди аёллар ҳуқуқлари фаоли доктор Патони Изаақзай, у ҳозир Германияда яшайди.

"Кобулда такси оламан. Зарур бўлгандагина кўчага чиқаман. Булар майда нарсалар, аммо мен ёлғиз эмасман - одамлар қўрқяпти."

"Агар мендан қўрқяпсизми деб сўрасангиз, ҳа, қўрқяпман", дейди у.

"Afghan Peace Watch" асосчиси жаноб Хон айтишича, уйи ва офиси жойлашган кичик мажмуадан ташқарига онда сонда чиқади. "Одамлар шафқатсиз воқеликка мослашмоқда", дейди у.

У ва унинг ҳаммаслак фаоллари АҚШ кучлари 1 майгача чиқиб кетгач, янада ёмонроқ бўлишидан қўрқмоқда.

Президент Байден қўшинларни олиб чиқиш муддатини узайтириши ва Tолибонга тинчлик бўйича қаттиқроқ шартлар қўйишига умидлар ҳам бор, аммо ҳаммаси мавҳум.

Ҳар икки томон урушга тайёр турибди.

"Агар майдаги муддат ўзгармаса ва бирдан чиқиб кетса, Афғонистон фуқаролар уруши домига тушиб қолиши мумкин, - дейди жаноб Асей. - Ал Қоида жонланишини кўрасиз, бошқа террор гуруҳлари болалайди ва улар Афғонистондан ҳужум платформаси сифатида фойдаланади. АҚШ қизиқиш ва дастакни йўқотади, Афғонистон эса, Сурия ёки Ливияга айланади."

Mustafo Heraviy
Сурат тагсўзи, Мустафо Ҳеравий ўтган ой синглисидан айрилди. "У менинг синглим бўлиши баробарида дўстим ҳам эди", дейди у

Ўтган йили суиқасд уюштирилганларнинг оилалари яқинларини бу дунёда кўролмайди.

Кўпчилиги уларни ким ўлдирганини ҳам билмайди.

Улар тинчлик музокараларига ёки АҚШнинг чиқиб кетиш режасига таъсир қила олмайди, шунчаки ғамини елкасига орқалаб, унга таслим бўлиб қолмаслик учун ҳаракат қилади.

"Мен ҳис қилаётган бу оғриқларни онам, опам ҳам ҳис қилган. Бошқа бирор одамнинг бошига булар тушишини истамайман", дейди Мустафа Ҳеравий кўзлари тўла ёш билан.

Қодрия Ёсинийнинг опаси Шукрия хавфга қарамай Аёллар масалалари бўйича вазирликдаги ишини - мамлакат кезиб, қишлоқлардаги аёлларга ўз ҳуқуқ ва имкониятларини тушунтиришни давом эттиришини айтади.

Ўтган ҳафта у Афғонистоннинг 34 вилоятидан 32 тасида аёллар билан учрашди.

"Толибондан қўрқмайман, - дейди у. - Улар менга таҳдид қилиши мумкин, аммо мен афғон аёллари учун ишлашни давом эттираман. Улар ўз мамлакатлари учун ва жамият учун қимматли эканликларини билишлари керак."

2019 йил бошида АҚШ ва Tолибон музокаралар учун учрашганда Афғонистоннинг адлия соҳасига имтиҳон топшириш учун онлайн тартибда рўйхатга олиш биринчи марта йўлга қўйилди.

Бу эса вилоятлардаги аёлларни ҳам жалб қилиш имконини берар эди.

Олий судга кўра, ҳозирда мамлакат бўйлаб 99 аёл судьяликка тайёрланмоқда. "Бу рақам ўсиши керак, - дейди Шукрия. - Синглим ҳам буни истар эди. Аёллардан яхши судьялар чиқади."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek