Афғонистон: қизлар куйлашига тақиқ устидан текшириш ўтказилади Afg'oniston Tolibon Islom qizlar

Сурат манбаси, EPA
Афғонистон маориф вазирлиги эълон қилишича, Кобул шаҳрида қизларнинг жамоат тадбирларида куйлаши тақиқлансин деган буйруқ устидан текшириш бошланган.
Вазирлик баёнотида айтилишича, ёши 12 дан катта қизларнинг жамоатчилик олдида куйлашини тақиқлаш буйруғи пойтахт Кобул шаҳри маориф идорасининг бошлиғи томонидан чиқарилган.
Аммо Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги тақиқ буйруғи матнини кўрганини, у маориф вазирлиги томонидан чиқарилганини хабар қилган.
Афғонистонда қизларнинг куйлаши тақиқлангани ҳақидаги хабар социал медиада қаттиқ танқидларга сабаб бўлди.
#IAmMySong ҳештаги остида афғонистонлик қизлар ўзларининг қўшиқ куйлагани видео клипларини тарқатдилар.
Мамлакатдаги кўплаб зиёлилар тақиқни қоралаб чиқдилар, бу таълим олиш ҳуқуқида ортга қайтиш, деб чиқдилар.
"Худо кечирсин, инсон зоти шунчалар раҳмсизки, болага ҳам эркак ёки аёл деган кўз билан қарайди", деб ёзди афғонистонлик таниқли адиба Шафиқа Хполвак Твиттерда.
"Бу республика ичидаги толибонлаштириш", деб айтган Афғонистондаги 40 йиллик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сиймо Самар.
Ушбу можаро "агар Афғон ҳукумати Толибон ҳаракати билан тинчлик битимини имзоласа, бунинг оқибатлари қандай бўларкин" деган хавотирлар ўртага чиққан пайтда кузатилмоқда.
Толибон ҳаракати Афғонистонни бошқарган замонда қизларнинг таълим олишлари ва мусиқа буткул маън этилган эди.
12 яшардан катта қизларнинг қўшиқ куйлаши тақиқлансин деган буйруқда қизлар эркак мусиқа ўқитувчисидан сабоқ олишлари ҳам маън этилгани ҳақида сўз боради.
Афғонистон маориф вазирлигининг сўнгги баёнотида айтилишича, қизларга куйлашни тақиқлаш вазирлик мавқеъини акс эттирмайди.
Вазирлик бу буйруқни текшириши ва зарур бўлса, уни чиқарганларга нисбатан интизомий чора кўрилишини билдирган.
Айни пайтда Афғон ҳукумати Толибон билан сулҳ шартномасини имзолаш босими остида қолган.
Кўплаб Афғон аёллари мамлакатида қон тўқилиши тўхташини истасалар-да, Толибон билан тинчлик битимидан кейин хотин-қизлар ҳуқуқларининг келажаги қандай бўлади, деган хавотирдалар, дейишади мухбирлар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















