Толибон Афғонистондаги уйғурларни энди Хитойга бериб юборадими - уйғурлар қаттиқ қўрқувда Afg‘oniston Tolibon Xitoy dunyo yangiliklar

Мозори Шариф шаҳри

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Мозори Шарифдаги кабобпаз. Бу шаҳарда ҳам кичиккина уйғурлар жамоаси яшайди
    • Author, Жоэл Гюнтер
    • Role, BBC News

Шу ҳафта бошларида Афғонистон толиблар қўлига ўтгани сабабли кўтарилган чанглар босила бошлагач, шимолий шаҳар Мозори Шарифдаги бир уйда кичик бир гуруҳ одамлар тўпланди. Меҳмонлар эътибор тортмаслик учун якка-якка тўпланишди.

Улар шаҳардаги уйғур жамоаси кексалари ва уларнинг турли шаҳарлардан Skype орқали боғланган айрим оила аъзолари эди. Уйда қўрқув кайфияти зоҳир эди. Ягона мавзуда гаплашилди: қочиш.

Ўрта ёшлардаги эркак Туркиядаги фаолларга ёрдам сўраб қўнғироқ қилди. Бири жавоб бермади, бошқаси қўлидан келган ҳамма ишни қилишини айтди, аммо айни дамда у кўп ёрдам бера олмайди.

Гуруҳ ундан яна қўнғироқ қилишни давом эттиришни сўрайди, аммо хушхабар йўқ. Ниҳоят, тун тушгач, меҳмонлар қандай эҳтиёткорлик билан келган бўлса, шундай тарқалди, аммо аввалгидан тушкунроқ кайфиятда.

"Ҳозир бизга ҳеч ким ёрдам бермайди, - дейди улардан бири учрашувдан сўнг Би-би-сига. - Ҳамма қўрқувда."

Миллионлаб бошқа афғонлар каби мамлакат уйғурлари ҳам бу ҳафта мутлақо бошқа, Толибон назоратидаги бир воқелик қаршисида қолди. Бошқа афғонлар каби уйғурлар ҳам Толибон бошқарувида янада аҳволлари танг бўлишидан қўрқмоқда. Аммо улар яна бошқа бир нарсадан хавотирда: Хитойнинг кучлироқ таъсири.

Хитойнинг шимоли ғарбидаги Шинжон бўлгасида 12 миллион уйғур яшайди. 2017 йилдан бери улар ва бошқа мусулмон озчиликлар давлатнинг оммавий қамаш, таъқиб қилиш, кузатувга олиш, мажбурий меҳнатга жалб қилиш, айрим ҳисоботларга кўра, қийноқ ва стерилизация ҳамда зўрлаш кампаниясига нишон бўлмоқда. Хитой Шинжонда инсон ҳуқуқлари мунтазам бузилаётганини рад қилиб, лагерларни эса экстремизмга қарши курашиш учун касб ҳунар ўргатиш марказлари, деб атаб келади.

Афғонистонда уйғурлар сони 2000 нафарча экани айтилади ва улар ҳам ўзларига қарши таъқиблар кучайишидан анча аввал, ўн йилларча муқаддам Хитойдан қочганларнинг иккинчи авлодидир. Аммо уларнинг афғон ID картасига "уйғур" ёки "хитойлик қочқин", деб ёзилади. Улар агар Хитой АҚШ қолдириб кетган бўшлиқни тўлдирса, нишонга олинишлари мукинлигидан таҳликада яшамоқда.

"Ҳозир Афғонистонда энг катта қўрқув манбаи шу", дейди Кобулда эллик ёшлар чамаси бир уйғур эркак. Айтишича, унинг оиласи Толибон ҳокимиятни эгаллагандан бери уйдан ташқари чиқмаган. "Биз Толибон ҳаракатимизни назорат қилишда Хитойга ёрдам бериши ёки бизни тутиб Хитойга топшириб юборишидан хавотирдамиз", дейди у.

Афғонистонда Би-би-сига гапирган уйғурларнинг барчаси Толибон мамлакатни эгаллагандан бери уйдан чиқмай ўтиришгани, фақат аҳён-аҳёнда телефон орқали бошқалар билан боғланиб тургани ҳақида гапирди.

"Биз ҳозир тирик мурдага айланиб қолганмиз, - дейди бошқа бир уйғур Кобулда. - Шунчалик қўрққанимиздан ташқари чиқмаяпмиз."

Мозори Шарифда бир ота хотини, болалари билан уйда яшириниб ётганини айтади.

"10 кундирки уйдамиз, ҳаётимиз тўхтаб қолган, - дейди у. - ID карталаримизга уйғурлигимиз аниқ қилиб ёзиб қўйилган."

Шинжон

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитойнинг Шинжон бўлгасидаги мана бу иншоотларнинг уйғурлар учун барпо этилган ҳибсхона-жамлоқлар экани ишонилади

Хитойдан қўрқиш асоссиз эмас. Хитой уйғурларни таъқиб қилишни хорижда ҳам бошлаб юборган, одамлар овозини ўчириш учун агрессив усуллардан фойдаланмоқда, баъзида уларни тутиб, Шинжонга қайтармоқда. Уйғур Инсон Ҳуқуқлари Лойиҳаси томонидан июнда эълон қилинган маълумотларда 1997 йилдан бери 395 нафар уйғур депортация қилингани, аммо аслида рақам бундан анча катта бўлиши мумкинлиги айтилган.

"Хитой Марказий Осиё давлатларига катта инвестиция киритган ва яқин дипломатик алоқалар ўрнатган, натижада бу мамлакатларда уйғурлар маҳаллий полиция ва Хитой агентларига нишон бўлмоқда", дейди Канададаги уйғур фаол Меҳмет Тоҳти. "Тажрибамиздан биламизки, Хитой билан яқин дипломатик алоқалар уйғурлар таъқибига сабаб бўлади."

Хитой Толибон билан ҳам айни шундай стратегияни ўйлаган бўлиши мумкин. Бу иттифоқ муайян маънода эҳтимолдан узоқ, чунки Толибон тарихан уйғур жангарилари билан алоқаларга эга бўлган. Уйғур жангариларини эса Хитой ўзига хавф, деб билади. Аммо Толибон Хитой билан алоқалар тарихига ҳам эга. Таҳлилчиларнинг фикрича, қудратли давлатнинг янги Толибон режимига технология, инфраструктура ва легитимлик тақдим қила олиши толибларнинг уйғурлар билан ҳар қандай иттифоқини босиб кетиши мумкин.

"Хитойнинг бир макон бир йўл лойиҳаси унга ўзи ҳамкорлик қилган давлатларга кучли иқтисодий таъсир ўтказиш имконини беради, эвазига уйғурлар қурбон қилинади", дейди Брэдли Жардин. У Хитойнинг хориждаги иқтисодий ва сиёсий ҳозирлигини ўрганган таҳлилчи.

"Толибон Хитойдан иқтисодий имтиёзлар ва инвестиция истайди, Афғонистон уйғурлари эса, қўпол қилиб айтганда, айирбошланади."

Июлда Хитой Толибоннинг олий мартабали делегациясини Тяньцзинга таклиф қилди, у ерда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Толибон "мамлакатдаги тинчлик, келишув ва қайта қуришда муҳим роль ўйнаши"га умид қилишини айтди. Толибон ҳам ҳеч кимга афғон заминидан Хитойга қарши фойдаланишига йўл қўймасликка ваъда берди.

Ўтган ой Хитой Ташқи ишлар вазири Толибон сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъатининг раҳбари, ҳаракатнинг сиёсий лидери билан шахсан учрашди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ўтган ой Хитой Ташқи ишлар вазири Толибон сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъатининг раҳбари, ҳаракатнинг сиёсий лидери билан шахсан учрашди

Афғонистондаги уйғурлар бу учрашувдан хабардор - дипломатик муносабатларнинг қалинлашаётгани ҳақидаги хабар мамлакат бўйлаб уйғур жамоалари орасида тарқалди. Улар, шунингдек, Хитойнинг уйғурларни хорижда қандай таъқиб қилаётганидан ҳам хабардор.

"Ҳаммамиз Толибоннинг Хитой билан муносабатларидан хабардормиз, улар қочиб келган одамларнинг кетига тушишидан қўрқяпмиз", дейди Шинжонда ўсган, ҳозир Мозори Шарифда яшаётган аёл.

"Биз бозорга чиқишни, умуман, уйдан чиқишни тўхтатдик, - дейди у. - Биз қўрқиб яшаяпмиз. Бизга ёрдам керак. Илтимос ёрдам беринг."

Афғонистондаги эҳтимолий хавф остида яшаётган гуруҳлардан фарқли ўлароқ, уйғурларни ҳимоя қиладиган давлат йўқ, бу эса уларни Толибон бошқарувида янада заиф қилиб қўяди.

"Уларнинг манфаатини тамсил қиладиган бирорта давлат йўқ", дейди Жорж Вашингтон университети профессори ва "Уйғурларга қарши уруш" китоби муаллифи Шон Робертс. "Улар бошқа давлатлар ўз фуқароси бўлгани ёки этник алоқаси бўлгани учун одамларни мамлакатдан олиб чиқиб кетаётганини кўришмоқда. Масалан, қозоқлар, қирғизлар... Аммо уйғурлар, менимча, ўзлари номидан гапира оладиган ҳеч ким йўқлигини ҳис қилиб туришибди."

Уйғурларни олиб чиқиб кетиш учун ноҳукумат ташкилотлар ҳаракат қилишмоқда, аммо улар ҳам бошқалар каби тўсиқларга учрамоқда. Туркияда яшовчи уйғур қочқин Абдулазиз Носирийнинг Би-би-сига айтишича, у Афғонистон ичида яшовчи уйғурлар ёрдамида исмлар рўйхатини тузган ва уни активист гуруҳлар орқали АҚШ, Британия ва Туркия ҳукуматларига топширмоқчи. "Биз уларни олиб чиқиш учун имконимиз борича ҳаракат қиляпмиз", дейди у.

Кобулдан юзлаб километр наридаги Мозори Шарифдан одамларни олиб чиқиш анча мураккаб. Ҳатто бир оилага учоқдан жой олиб қўйилганда ҳам автомашинада икки кун юрилади, Толибоннинг текширув нуқталаридан ўтиб бориш керак.

"Бир мусулмон сифатида умидсизлик шайтонга хос деймиз", дейди Мозори Шарифдаги уйғур ота.

"Аммо Афғонистонда туғилганимдан бери фақат уруш кўрдим. Қирқ йиллик уруш, бири иккинчисига уланиб кетган, - дейди у. - Мен ўзимдан эмас, болаларим, айниқса, қизларимдан хавотир оламан. Мен улар ўқиб шифокор бўлишларини орзу қилган эдим."

Бу оиланинг бирорта ҳам аъзоси Хитойда бўлмаган. Улар фақат қамоқ лагерлар ва Шинжондаги таҳқирлашлар ҳақида ўқишган. Ота Толибон бошқарувидан қўрқади. "Аммо биз Хитойдан кўпроқ қўрқамиз, - дейди у. - Чунки уни тасаввур ҳам қила олмаймиз."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek