Хитой уйғурларни ростдан йўқотиб юбормоқчими? Xitoy, янгиликлар

Сурат манбаси, Getty Images
Хитой Шинжон шимоли-ғарбий минтақасида Уйғур аҳолиси ва асосан мусулмон бўлган бошқа этник гуруҳларга нисбатан инсониятга қарши жиноятлар ва геноцид содир этишда айбланмоқда.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари фикрича, сўнгги бир неча йил ичида Хитой бир миллиондан ортиқ Уйғурни ўз хоҳишига қарши "қайта тарбиялаш лагерлари" деб аталувчи йирик тармоқда ҳибсга олган ва юз минглаб одамларни қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Би-би-сига 2022 йилда тақдим қилинган бир қатор полиция файллари Хитойнинг ушбу лагерлардан қандай фойдаланиши тафсилотларини очиб берди ва у ерларга қуролли зобитлар жойлаштирилгани ва қочишга уринганларга қарши отиб ўлдириш сиёсати мавжудлигини фош этди.
АҚШ аввалроқ Хитойни Шинжонда геноцид содир этишда айблаган бир қанча давлатлар қаторига қўшилди. Етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Amnesty International ва Human Rights Watch Хитойни инсониятга қарши жиноятларда айблаган ҳисоботларини чоп этдилар.
Хитой Шинжонда инсон ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги барча айбловларни рад этади. Хитой ҳукумати Шинжон полицияси маълумотлари тафсилотлари эълон қилинганидан сўнг, терроризмга қарши чоралар натижасида Шинжонда ўрнатилган тинчлик ва фаровонлик "ҳар хил ёлғонларга" энг яхши жавоб эканини айтди.

Сурат манбаси, Google
Уйғурлар кимлар?
Расмий равишда Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди (ШУАҲ) деб номланувчи Шинжонда 12 миллионга яқин уйғур истиқомат қилади, асосан мусулмонлар.
Уйғурлар турк тилига ўхшаш ўз тилларида сўзлашади ва ўзларини маданий ва этник жиҳатдан Марказий Осиё халқларига яқин деб биладилар. Улар Шинжон аҳолисининг ярмидан озроғини ташкил қилади.
Сўнгги ўн йилликларда Хан хитойларининг (Хитойнинг этник кўпчилиги) Шинжонга оммавий кўчиши содир бўлди, гўёки бу кўчишлар у ердаги озчиликни сиқиб қўйиш учун давлат томонидан уюштирилган.
Хитой, шунингдек, минтақада мусулмон уламоларини таъқиб қилиш ва диний маросимларни тақиқлаш, масжид ва қабрларни вайрон қилишда айбланган.
Уйғур фаоллари ўз халқининг маданияти йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолганидан қўрқадилар.
Шинжон қаерда жойлашган?

Сурат манбаси, Getty Images
Шинжон Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, мамлакатдаги энг катта минтақадир. Тибет сингари, у ҳам автономдир, яъни назарий жиҳатдан ўзини-ўзи бошқаришнинг баъзи ваколатларига эга. Аммо амалда иккала минтақа марказий ҳукумат томонидан қаттиқ чекловларга дучор бўлади.
Шинжон асосан чўл минтақаси бўлиб, жаҳон пахтасининг бешдан бир қисмини етиштиради. Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари экспорт қилинадиган пахтанинг катта қисми мажбурий меҳнат билан терилганидан хавотир билдирди ва 2021 йилда баъзи Ғарб брендлари Шинжон пахтасини таъминот занжиридан чиқариб ташлади, бу эса хитойлик таниқли шахслар ва интернет фойдаланувчиларининг брендларга қарши норозилигига сабаб бўлди.
2020 йил декабрь ойида Би-би-си тадқиқоти Шинжонда ярим миллионга яқин одам пахта теримига мажбурланганини аниқлади. Қайта тарбиялаш лагерлари ҳудудида янги заводлар қурилгани ҳақида далиллар мавжуд.
Минтақа нефть ва табиий газга ҳам бой ва Марказий Осиё ва Европага яқин жойлашгани учун Пекин уни муҳим савдо линияси деб билади.

Сурат манбаси, AFP
ХХ аср бошида уйғурлар қисқа муддат минтақа мустақиллигини эълон қилдилар, аммо 1949 йилда янги Хитой коммунистик ҳукумати тўлиқ назоратига ўтказилди.
Хитойга қарши қандай даъволар бор?
Бир қанча давлатлар, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Нидерландия Хитойни геноцидда айбладилар, бу халқаро конвенция томонидан "миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни тўлиқ ёки қисман йўқ қилиш нияти" деб таърифланган.
Бу даъволар, уйғурларни лагерларга қамашдан ташқари, Хитой уйғур аёлларини аҳолини бостириш, болаларни оиласидан ажратиш ва гуруҳнинг маданий анъаналарини бузиш учун мажбурий оммавий стерилизациядан фойдаланаётгани ҳақидаги хабарлардан келиб чиқади.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Хитой "геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар" содир этаётганини таъкидлади.
2021 йил апрель ойида Буюк Британия парламенти Хитой Шинжонда геноцид содир этаётганини айтди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси 2018 йилда Хитой Шинжондаги "аксил-экстремистик марказларда" бир миллионга яқин одамни ушлаб тургани ҳақида ишончли маълумотларга эга эканлигини айтди.
Австралия Стратегик Сиёсат Институти 2020 йилда Шинжонда 380 дан ортиқ шундай "қайта тарбиялаш лагерлари" мавжудлигини тасдиқлади, бу аввалги ҳисоб-китобларга қараганда 40 фоиз кўп.
Шинжон полицияси файллари деб номланган сўнгги сиздирилган полиция ҳужжатларида мавжуд бўлган маълумотлар таҳлили шуни кўрсатдики, 2017 ва 2018 йилларда деярли 23 минг аҳоли, яъни бир тумандаги катта ёшли аҳолининг 12 фоиздан ортиғи лагерь ёки қамоқхоналарда бўлган. Бутун Шинжон учун бу рақамлар 1.2 миллиондан ортиқ вояга етган уйғурлар ва бошқа туркий озчиликлар ҳибсга олинганини англатади.
Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасснинг айтишича, файлларда "Хитойнинг инсон ҳуқуқларини паймол қилишини тасдиқловчи ҳайратланарли тафсилотлар" мавжуд.
"Хитой телеграммалари" номи билан машҳур бўлган аввалроқ ошкор қилинган ҳужжатлар лагерлар қаттиқ тартиб ва жазолар билан қатъий тартибли қамоқхоналар сифатида ишлатилишини аниқ кўрсатган.
Лагерлардан чиқишга муваффақ бўлган одамлар жисмоний, руҳий ва жинсий қийноқлар ҳақида хабар беришди. Аёллар оммавий зўрлаш ва жинсий зўравонлик ҳақида гапиришди.
Қатағонга қандай тайёргарлик кўрилди?
1990 йиллардан бери Шинжонда аксилхан ва айирмачилик кайфиятлари кучайиб, баъзан зўравонликларга айланган. 2009 йилда Шинжондаги тўқнашувларда 200 га яқин одам ҳалок бўлган, хитойликлар ўз давлати учун курашаётган уйғурларни айблаган эди. Аммо сўнгги йилларда оммавий хавфсизлик таъқиблари мухолифатни йўқ қилди.
Шинжон ҳозирда ҳамма жойда кузатув тармоғи, жумладан полиция, назорат-ўтказиш пунктлари ва автомобиль рақамларидан тортиб то жисмоний шахсларгача бўлган барча нарсани сканерлайдиган камералар билан қамраб олинган. Human Rights Watch ташкилотига кўра, полиция одамларнинг ҳатти-ҳаракатларини, масалан, қанча электр энергиясидан фойдаланиши ва олд эшикдан қанчалик тез-тез кириб чиққанини кузатиш учун мобил иловадан ҳам фойдаланмоқда.
2017 йилдан бошлаб, Президент Си Цзиньпин Хитойдаги барча динлар хитойга йўналтирилган бўлишини талаб қилувчи фармон чиқарганидан бери кўпроқ тазйиқлар бошланди. Фаолларнинг айтишича, Хитой Уйғур маданиятини йўқ қилишга уринмоқда.
Шинжон полициясининг 2019 йилгача бўлган ҳужжатлари Уйғурларнинг йилларча аввал содир этган "жиноят"лари учун жазоланганига яна бир ойдинлик киритади. Кўпчилик мобил телефонлардан фойдаланиш, "ноқонуний маърузалар"ни тинглаш ёки телефонларидан етарлича фойдаланмаслик туфайли қурбон бўлган кўринади, бу охиргиси фойдаланувчи рақамли кузатувдан қочишга ҳаракат қилаётгани белгиси сифатида кўрилади.
Хитой нима дейди?
Хитой Шинжонда инсон ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги барча айбловларни рад этади. Шинжон полицияси файлларига жавобан Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмийси Би-би-сига бу ҳужжатлар "Хитойни қоралашга уринаётган антихитой овозларининг сўнгги намунаси" эканини айтди. Унинг айтишича, Шинжонда барқарорлик ва фаровонлик ҳукм сурмоқда, халқ бахтли ва тўкин ҳаёт кечирмоқда.
Хитой Шинжондаги босим терроризм олдини олиш ва исломий экстремизмни йўқ қилиш учун зарур, лагерлар эса маҳкумларни терроризмга қарши курашда қайта тарбиялашда самарали восита эканини айтади.
У Уйғур жангарилари мустақил давлат учун зўравонлик кампаниясини олиб бораётганини, портлашлар, саботаж ва ички тартибсизликларни режалаштираётганини таъкидлайди, бироқ Уйғурларга қарши босимни оқлаш учун таҳдидни бўрттириб кўрсатишда айбланади.
Хитой Уйғур аҳолисини оммавий стерилизация йўли билан камайтиришга уринаётгани ҳақидаги иддаоларни "асоссиз" дея рад этади, мажбурий меҳнат ҳақидаги айбловлар "бутунлай уйдирма", дейди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek











