Хитойлик инвесторлар Ўзбекистонга хавф солаётгани йўқ – ҳукумат

Сурат манбаси, Uzbek Embassy in China
Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мамлакатда Хитойнинг иқтисодий таъсири кенгайишига оид хавотирлар ортаётган бир пайтда, одамларга тушунтириш билан чиққан. Вазирлик бу мавзу борасида "афсоналар ўрнига фактлар"ни тақдим этаётганини тилга олган.
16 март куни Facebookʼдаги расмий саҳифада эълон қилинган постда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги сўнгги вақтларда Хитой бизнеслари Ўзбекистонни эгаллаб олмоқда қабилидаги "асоссиз даъволар" тарқалаётганини маълум қилган.
Вазирлик ўқувчида хитойлик инвесторлар Ўзбекистонда юритаётган фаолият бўйича тасаввур ҳосил бўлиши йўлида ўз постида олти хил пункт бўйича тушунтириш берган.
Постда Ўзбекистон фақат Хитой инвестицияларига қарам эмаслиги, барча инвесторлар, келиб чиққан мамлакатидан қатъий назар, мамлакатда тенг шароитларда ва қонун талабларига мувофиқ фаолият юритиши таъкидланган.
Билдирилишича, охирги уч йилда Хитой инвестициялари асосан саноат соҳаси (62 фоиз) кириб келмоқда.
Вазирлик бу орқали маълумот орқали сўнгги кунларда тарқалаётган хитой бизнесменлари экин майдонлари ва табиий бойликлар захираларини эгаллаб олаётганига оид гап-сўзлардан хавотирга тушмаслик кераклигини билдирган.

Сурат манбаси, Screenshot/Facebook
"Кўп тарқалган нотўғри фикрларга қарамай, хитой инвестицияларининг атиги 4% қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Ўзбекистонда чет эл инвесторларига ер сотилиши тақиқланган – уни фақат 25 йилга ижарага олиш мумкин ва бу фақат очиқ аукцион орқали амалга оширилади", таъкидлаган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги.
Шунингдек, расмий тушунтиришда текстиль соҳасида ҳам вазият хавотирли эмаслигини тилга олган.
"Бугунги кунда Ўзбекистонда 7600 дан ортиқ текстиль корхонаси мавжуд бўлиб, улар йилига 123,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаради. Улардан атиги 57 таси хитой капитали иштирокида ташкил этилган, яъни хитой компаниялари улуши сезиларли эмас".
Вазирлик Хитой компаниялари Ўзбекистонга инновациялар ҳам олиб келаётганини урғулаган.
"Хитой инвестициялари Ўзбекистоннинг технологик ривожланишига ҳам хизмат қилмоқда. Мисол учун Жиззах вилоятидаги BYD автомобиль заводини келтириш мумкин. Бу ерда 1500 иш ўрни яратилган, уларнинг аксариятини ўзбек мутахассислари эгаллаган. 2024 йилда 200 нафар ўзбекистонлик мутахассис Хитойда BYD заводларида малака оширди".
"Юқоридаги фактлар асосида қуйидаги хулосалар чиқариш мумкин: Хитой инвестицияларининг асосий қисми саноат, технология ва энергетикага йўналтирилган. Чет эллик инвесторлар Ўзбекистонда ер сотиб ололмайди. Лойиҳаларда иш ўринларининг аксариятини ўзбекистонликлар эгаллайди. Ҳамкорлик фақат инвестицияларни жалб қилиш эмас, балки янги технологиялар ва иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади", хулоса қилинади расмий тушунтиришда.
Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори ва қарз берувчиси ҳисобланади.
Икки ўртадаги савдо айланмасида эса кескин тафовут мавжуд. Масалан, ўтган йили жами айланма қарийб 14 миллиард долларни ташкил этган бўлса, шундан Хитойга экспорт қилинган ўзбек товарларининг умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлган.
Февраль ойидан буён ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда Хитой бизнесларининг таъсири кенгайиб, хитой диаспораси ошиб бораётгани тилга олинган хавотирли хабарлар бот-бот кузатилмоқда.
Қуйида воқеалар силсиласидан хабардор бўлишингиз мумкин.

Сурат манбаси, Расмий
Ўзбекистон Бош вазири матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов Хитойнинг Ўзбекистондаги иқтисодий кенгайиши ва хитойлик муҳожирлар сонининг кўпайиши бўйича билдирилаётган хавотирларни рад этди.
Platina.uz сайтига гапирган Ҳидоятов ривожланаётган Ўзбекистон учун кўплаб сармояларнинг кириб келаётгани нормал жараён эканлигини айтди.
"Қолаверса, мамлакатимизга нафақат Хитой, балки бошқа давлатлардан, масалан, Германия, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Саудия Арабистони, Малайзия кабилардан ҳам кўплаб инвесторлар ҳамда тадбиркорлар келиб, фаолият юритмоқда", дейди Бекзод Ҳидоятов.
Бош вазир матбуот котиби ўзбекистонлик тадбиркорлар ёки мигрантлар ҳам турли давлатларда, хусусан, Хитойда ҳам фаолият юритишини таъкидлаган.
"Ҳозир дунёнинг исталган мамлакатида ўзбек маҳаллаларидан тортиб, ўзбек тилида ёзилган номлари магазин ва миллий ошхоналаригача топиш мумкин".
Хитой масаласига алоҳида тўхталган расмий уни аҳоли сони бўйича дунёда етакчиси эканлигини ва ҳатто Ғарбий Европа, Шимолий Америкада катта диаспоралари борлигини айтган.
"Лекин ҳеч ким уларнинг хавфи борлиги тўғрисида гапирмайди. Шундай экан бу борада ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ", дейди у.
Ҳидоятов ижтимоий тармоқларда билдирилаётган хавотирларни марказлашган манипуляцион кампанияга ўхшатган.
"Бу ҳуддики марказлашган ҳолда учинчи томоннинг манфаати билан бошқарилаётган манипуляцион компанияга ўхшайди. Шунинг учун юртдошларимиздан провокаторларнинг турли манипуляцияларига ишонмасликни сўраймиз", дейди у.
Бош вазир матбуот котиби Хитой Ўзбекистоннинг стратегик шериги эканлигини эслатган.
"У бизнинг ҳудудий яхлитлигимиз ва суверенитетимизни ҳурмат қилади ҳамда қатъий қўллаб-қувватлайди. Ҳатто бу бўйича алоҳида шартнома ҳам имзоланган. Яъни, бундан ваҳима кўтаришга асос йўқ".
Bugungi kunda, agar adashmasam, 6 ming nafardan ziyod hindistonlik aynan O‘zbekiston OTMlarida tahsil olmoqda. Lekin bu degani O‘zbekistonni hindlar egallab oladi, degani emas-ku
У Ўзбекистонла таълим олаётган ҳиндистонлик талабаларни мисол сифатида келтирган.
"Бугунги кунда, агар адашмасам, олти минг нафардан зиёд ҳиндистонлик айнан Ўзбекистон ОТМларида таҳсил олмоқда. Лекин бу дегани Ўзбекистонни ҳиндлар эгаллаб олади, дегани эмас-ку!", дейди Ҳидоятов.
У Ўзбекистон ёпиқ давлат эмаслигини таъкидлаган.
"Қайтараман, Ўзбекистон аввалгидек ёпиқ давлат эмас. Одамлардан бироз тоқатли бўлишни, турли хил ёлғон ёки провокацион ахборотларга учмасликни сўраймиз", дейди Бекзод Ҳидоятов.
Бу изоҳ сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда Хитойга қарши кайфиятлар ортиб бораётган бир пайтда берилди.
Ушбу муҳокамалар 15 феврал куни Тошкентдаги Миллий боғда хитойлик фуқароларнинг тўпланиши акс этган видеодан сўнг кучайди. Ижтимоий тармоқларда бу йиғилишни "митинг" деб ҳисоблаганлар ҳам бўлди. Аммо Тошкент шаҳар милицияси бу иддаоларни рад этиб, воқеа Huawei компанияси ходимлари томонидан ташкил этилган спорт тадбири эканлигини маълум қилди.
Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда Хитой таъсирига оид баҳслар янада кучайди. Бир нечта жамоат арбоблари ҳукуматни Хитойнинг иқтисодий экспансиясига йўл қўйганликда айблади.
Ўзбекистон бугунгача Марказий Осиёда Хитойга қарши кучли норозилик намойишлари кузатилмаган давлатлардан бири эди. Аммо қўшни давлатлардан Қирғизистонда 2019 йилда Хитой мигантларига қарши намойишлар ўтказилган, Қозоғистонда эса Хитой таъсирига доир хавотирлар ижтимоий беқарорликнинг асосий манбаларидан бири бўлиб келмоқда.
10 март: Хитой, Шанхай ташкилоти билан яқинлик хавотирлими?

Сурат манбаси, Reuters
Хитой расмийлари Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти раиси ўлароқ қандай тадбирларни ташкиллаштиришлари ҳақида ҳисобот бераётган бир вақтда Ўзбекистон жамоатчилиги фаоллари Хитой "юмшоқ экспансияси"дан хавотир изҳор қилаяптилар.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида Хитой фуқаролари кўпайгани, шаҳарнинг катта қисмини сотиб олаётганлари, шу сабабли кўчаларда Хитой тилидаги баннер ва рекламалар пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди, ижтимиой тармоқ фойдаланувчилари Тошкент ерлари гўёки хитойлик бизнесменларга бериб юборилаётганидан хавотир билдирдилар.
Ушбу хабарларга жавобан Ўзбекистон Кадастр Агентлиги баёнот эълон қилди, уларни "нотўғри хабарлар" деб атади.

Сурат манбаси, .
Кадастр агентлигига кўра, чет эллик фуқаролар ва юридик шахслар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ер участкаларига фақат ижара ҳуқуқи асосида эга бўлишлари мумкин, бу Ўзбекистон Республикаси Ер Кодексида белгилаб қўйилган.
"Ижарага берилган ерни хусусийлаштириб олишади, деб ваҳимага тушмаслик лозим. Хавотирга ўрин йўқ. Чет элликларга ер хусусийлаштириб берилмайди", деб ёзди Ўзбекистон Кадастр агентлиги.
Айни пайтда бошқа кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистонга ҳам сармоя киритаётган, қарзлар бераётган Хитойнинг Ўзбекистон суверенитети ва мустақиллигига узоқ муддатли таъсири, Хитой "юмшоқ экспансияси" ҳақидаги баҳслар давом этаяпти.
Журналист Муҳаммад Шакур иқтисодий манфаатларни тан олган ҳолда мамлакат суверенитети учун потенциал риск мавжудлиги ҳақида ёзди.
"Хитой корхоналари ўзининг иқтисодий, техник, инженерлик ва менежерлик потенциали билан кириб келиши иқтисодиётимизни жонлантиришига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Аммо гап бир кунлик локал манфаат эртага КАТТА муаммога олиб келиши муқаррарлиги ҳақида. Қанақа муаммога? Суверенитетни йўқотишга", деб ёзди ўзининг Телеграм каналида.
Журналист бундай таъсирларга турли мамлакатларнинг муносабати ҳар хил бўлиши мумкинлигини урғулади, аммо Ўзбекистон вазияти нозиклигини айтди.
"Миллий манфаатларни ҳимоя қилишга доир қарорларга кўпчилик (жамоатчилик) таъсир этадиган давлатлар учун "Хитой" деб аталмиш феномен хавф туғдирмайди – миллий манфаатларни сотиб юбориш бундай вазиятда ўта қийин. Бироқ қарор қабул қилиш соҳаси узурпация қилинган (айниқса нокомпетент ва миллий манфаатни англай олмайдиган одамлар томонидан узурпация қилинган) мамлакатлар учун Хитой – айнан суверенитетни йўқотиш хавфи", деб ёзди Муҳаммад Шакур.
Иқтисодий заифлик хавотирлари
Журналист нега Ўзбекистондаги иқтисодий вазият Хитой олдида нимжон қилиши мумкинлиги ҳақида мулоҳаза билдирди:
"Иқтисодчи Бакиров бақириб келаётганидек, Ўзбекистон ўғри-монополист савдогарларнинг "вотчина"сига айланган. Савдогар учун эса бирон нарсани сотиш бу – "ничего личного, только бизнес" масаласи", деб ёзди Муҳаммад Шакур.
У мамлакатдаги қарор қабул қилиш вазияти борасидаги ташвишини ёзди:
"Қарор қабул қилиш соҳаси савдогарлар томонидан узурпация қилинган бўлиши шуниси билан ҳам хатарлики, бунда биринчи шахс асло сотқин бўлмаган ҳолатда ҳам миллий манфаатлар сотилиб кетиши мумкин. Чунки ўзини савдогарлар билан ўраган битта одам бунақа вазиятда савдогарларнинг босимига асло дош беролмайди – савдогарлар битта одамга "ҳақиқатларни" тушунтириб қўяди барибир. Масалан мамлакатга зарар келтириб турган авточайқовчини мамлакатга фойда келтираётганини "исботлаб" беради".
Сиёсий шарҳловчи Одилжон Юсуф Ўзбекистоннинг мустамлакага айланиш тарихини эслатди:
"Хитойликлар Ўзбекистонга фақат тижорат мақсадида келяпти. Бундан ортиқча ҳавотирга тушмаслик лозим. Бу масалада толерантроқ бўлиш керак. Шундагина тараққий этамиз" деб хитойликларни қучоқ очиб кутиб олаётганлар бир нарсани ёдингиздан чиқарманг, XIX асрда босқинчи Чор Ўрусиясининг жосуслари ҳам Туркистонга аввал бошда савдогарлар ниқоби остида келган. Ўшанда ҳам бизнинг ишонувчан, содда ва самимий одамларимиз меҳмондўстлик қилиб, уларга уйининг тўрини бўшатиб берган. Бундан эса душман усталик билан фойдаланган. Кейин нима бўлганлигини ўзингиз жуда яхши биласиз. Оқибатда бутун миллат қуллик кишанини кийди".
Тарихий параллел ва ҳушёрлик огоҳлик
Шарҳловчи Ўзбекистон яна хатоларни такрорламаслиги учун ўтмишдан сабоқ чиқариши лозимлигини ёзди.
"Совет иттифоқи парчаланиб, мустақил бўлганимизга 30 йилдан ошган бўлса-да, мафкуравий кишанлардан ҳали тўлиғича халос бўлганимиз йўқ. Энг ачинарлиси шундаки, кўпларда қуллик зеҳнияти сақланиб қолган. Ҳатто орамизда мустамлака даврини қумсайдиганлар талайгина", деб ёзди Одилжон Юсуф.
У мамлакатдаги Хитой фаолиятига қаттиқроқ ёндашув кераклиги ҳақида ёзди:
"Хитой масаласига жиддийроқ ёндашмасак бўлмайди. Хитойликларга бунчалик эркинлик бериб юбориш ярамайди. Бу ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Уларнинг ҳар бир ҳаракатини назорат қилиб туриш лозим. Улар доимий назоратда эканликларини ҳис қилишсин. Шундагина хитойликлар ҳар бир қадамини ўйлаб босишга ҳаракат қилади", деб ёзди сиёсий шарҳловчи.
У Хитой нияти яхшилигига шубҳа билан қарашини билдирди.
"Хитойликлар бизнинг юртга яхши ниятда келяпти деб ўйламайман. Зеро, Хитойдан хавфсирашга етарлича асосларим бор. Масалан, Хитой давлатининг ислом ва мусулмонларга нисбатан қарама-қарши позиция эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Хитой ҳукуматининг уйғур мусулмонларига қарши қўллаб келаётган золимона сиёсати ҳам барчага маълум".
"Энди бир яхшилаб ўйлаб кўринг, уйғур мусулмонларини, яъни биродарларимизни ўзига душман деб биладиган давлат биз ўзбек мусулмонларига дўстлик қилиши мумкинми?! Асло йўқ! Хитой бизга ҳеч қачон дўстлик қилмайди", деб ёзди Одилжон Юсуф.
Маданий интеграция ва кўзга ташланадиган ҳозирлик
Ижтимоий тармоқларда Хитой билан боғлиқ хавотирлар ҳукумат ва бизнес алоқаларидан ҳам ошиб ўтиб маданий интеграцияга доир билдирилаётгани кўзга ташланади.
Телеграмдаги "Ўзбекистон реал янгиликлари" блоггинг канали "Хитойликлар ёппасига келиб Ўзбек қизларига уйланаяпти" деб ёзди.
"Охирги йилларда бундай никоҳларнинг сони кескин ўсаяпти ва бу тенденция тобора кучайяпти", деб ёзди канал.
Телеграмдаги Uzbek Gold канали оддий хитойликлар Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида ҳозирлигини кўпайтирганлари ҳақида гапирди.
"Хитойликлар аллақачон "Аския" ва "Абу Саҳий" бозорларини босиб олишди. Улар маҳаллаларимизда ҳам яшашаяпти. Бефарқ бўлмайлик", деди канал бошловчиси Нилуфар Ҳамроева.












