Ўзбекистон: Хитойликлар яшайдиган ўзбек қишлоғида бир кун

Қишлоқда
    • Author, Бахтиёр Турсунов
    • Role, Сурхондарё вилояти
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Сурхондарёнинг Шеробод туманидаги "Боғиобод" маҳалласи янгича типдаги намунали уйлари билан ҳам фарқланади. Ҳозирда бу ерда маҳаллий аҳоли билан бирга хитойликлар ҳам яшашмоқда. Улар ким ва қандай қилиб, Ўзбекистон жанубидаги овлоқ қишлоққа келиб қолишди?

Бир қатор хориж мамлакатлари Ўзбекистонда энергетика соҳасида қўшма корхоналар барпо этмоқда.

Айнан шундай қуёш батереялари ёрдамида электр энергияси тўплаш корхонаси Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида Хитой иштирокида ташкил этилган.

"Боғиобод" маҳалласи қуёш батереялари электростанциясидан тахминан ўн килотмерлик масофада жойлашган. Хитой ишбилармонлари ва қуёш панеллари қўшма корхонаси ишчилари ҳозирда шу ҳудуддаги қишлоқда сурхондарёлик аҳоли билан ёнма-ён яшашмоқда.

Биз айни қишлоққа бориб, икки давлат фуқаролари қандай бирга яшашаётгани билан қизиқдик.

Қишлоқда

Алоқадор мавзулар:

Хитойча саломлашиш ва хайрлашиш

Қишлоқда

Биз борган пайтда хитойликлар қишлоқдан анча олисдаги қўшма корхонада ишлаётган экан. Кўчада бир неча нафар ўзбекистонликларни учратдик.

"Бошида хитойликларнинг сони юз кишича эди, ҳозир бу тенг ярмига яқин қисқарган"- дея бизга ўз маҳалласини таништиради Устабой ака. Суҳбатдошимиз илгари муҳандис бўлиб ишлаган, ҳозир нафақада.

Бу суҳбатдошимиз билан бирга хитойликлар яшайдиган ҳовлиларга борамиз.

Ҳовлида эса кўпгина газ баллонлари ва сув тўлдириладиган бир неча бочкалар кўринади. Афтидан, мазкур хонадон чет эллик ишчилар ётиб яшашига мослаштирилган.

"Бу ерда илгари уйларнинг ижара ҳақи 500 минг сўмдан ортмасди. Ҳозирда хитойликлар ташрифи туфайли ижара баҳоси 2,5 миллион сўмдан 5 миллион сўмни ташкил этяпти. Айрим маҳаллий аёллар уларга ошпазлик, уй ишлари бўйича ишлашмоқда"- дейди Устабой ака.

iqtibos

Бу ерлик суҳбатдошим ўзбеклар ва хитойликлар ўртасида имо-ишорадан бўлак деярли ҳеч қандай мулоқот йўқлиги ҳақида гапиради.

Аммо бир хитойлик йигит ўзбек тилини ўзлаштирганини таъкидлайди.

"Биз унга Ғанишер деб исм қўйганмиз, у бизларга аралашиб, орамизда куймаланиб юради"- дейди Устабой ака.

Қишлоқда

Биз айнан бир текис уйлардан иборат маҳалла кўчаларини айланамиз. Нисбатан ҳали эскирмаган, ўн беш йилча муқаддам қурилган янги типдаги ҳовли эшик ва деразаларига Хитой иероглифи ва ҳарфлари туширилганига кўзимиз тушади.

"Улар янги йил байрамлари вақтида деразаларига турли ёзув ва безакларни тақишаркан. Ўзаро бир-биримизни тушунмаймиз. Фақат "ниҳао" деган сўзни биламиз. Бу салом, деган маънони билдиради. Улар ўтган йилнинг май ойидан бери бу ерга жойлашишди. Ҳозир меҳмонлар оқими камайган" - дейди бу ерлик 42 ёшли Норимхол.

"Фарзандларимиз билан футбол ўйнашади, бироқ айтарли қалин қадрдонлик уйғонмади"- дейди суҳбатдошимиз.

"Уларнинг раҳбарлари бизнинг уйимизда ҳам яшашди. Янги диванлар сотиб олдик. Яна иссиқда чидай олишмас экан. Ҳар бир хонага жами тўртта кондиционер ўрнатдик. Нуқул гуруч ейишаркан"- дея суҳбатга қўшилади унинг тенгдоши.

Хорижийлар қадами қутлуғ келса...

Хитой ва Ўзбекистон президентлари

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Кейинги йилларда Хитой ва Ўзбекистон алоқалари янада кучайгани кузатилади.

Мазкур маҳалла ҳудудида жойлашган чойхона ишчилари ҳам хитойликлар билан танишаётганларини гапиришади.

"Улар, кўпинча, таомни ўзлари билан олиб кетишади. Нархини зўрға калкулятор орқали тушунтирамиз. Имо-ишора билан сўзлашишдан тўғриси асабим таранг тортади. Бироқ чет элликлар ёнимизда яшаши ўзига хос янгилик" - дейди официант аёл.

"Улар туман марказига, бозорларга боришлари мумкин, бироқ жуда ҳам кечки вақтда юришса, маҳаллий милиция томонидан тўхтатилади. Улар ҳам тирик жон"- дейди хитойликлар билан ишлашини айтган маҳаллий йигит.

Қишлоқда
Сурат тагсўзи, Хитойликлар ўзлари электр ва иссиқ сув таъминотини яратишган.
Қишлоқда

"Хитойликлар қатъиян қонун ва тартибга риоя этадиган халқ экан. Маҳаллий аҳоли орасидан кимни ишга тайинласа, унга инсоф билан ҳақ тўлайди. Тўғри, улардан зарур ҳужжатлар талаб қилинади. Масалан, уйга хизматчи ёллашса ҳам соғлиғи бўйича шифокор кўриги маълумотномасини сўрашади" - дейди унинг ёнидаги ҳамкасби суҳбатга қўшилиб - "Хорижликлар билан ҳар қандай ҳамкорлик қандайдир (янги) тажрибага етаклайди. Бунинг ҳеч қачон зиёни йўқ".Айни пайтда, маҳаллий суҳбатдошларимиз қуёш қувватини йиғадиган корхона очилиши билан анча йиллардан бери маҳаллий одамларни қийнаб келган энергия тақчиллиги бартараф этилади, деган умидлари ҳали рўёбга чиқмаганини ҳам айтишади.

"Хитой қўшма корхонаси фаолиятидан ҳали жўяли натижа кўрмадик. Улар ишлаб чиқараётган ток бизга етиб келмади. Светларимиз ўчиб турибди. Маълумотларга қараганда, беш йил давомида электр манбаси фақат йиғилади, сўнг истеъмолга узлуксиз тадбиқ этилади"- дейди шерободликлардан бири.

Бошқа бир суҳбатдошимизга кўра, қўшма корхона очилиши ва хитойликларнинг келиши билан кўплаб қишлоқдошлари ва дўстларини ишли бўлишган.

Қишлоқда

"Мен таниган кўплаб кишилар Хитой корхонасида ишлашмоқда. Уларнинг вазифаси қуёш панеллари ўрнатиб, унинг мурватларини бурашдан иборат экан. Ойига 4,5 миллион сўмгача маош олишяпти. Имкони топилса, мен ҳам у ерга ишга жойлашмоқчиман"- дейди у.

"Мен Россияда кўп йиллар ишлаганман. У жойларда бегоналарга муомала, муносабат кўнгилдагидек эмас, жуда ҳам ноинсоний ва қўпол. Бизда эса барибир меҳмонларга қараш бутунлай бошқача. Улар йўлга қўяётган лойиҳалар барча учун баробар кутилган натижани беради "- дейди 30 ёшлардаги шерободлик суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон жанубида айни вақтда Хитой давлатидан ташқари Туркия, Жанубий Корея каби мамлакатлар билан ҳам иқтисодий алоқалар йўлга қўйилган.

Расмийлар чет эллик ҳамкорлар билан қўшма лойиҳалар кенг миқёсда ҳали келгусида давом этишини урғулайдилар.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002