"Етти йил ўтиб онам билан гаплаша олдим" – Лондондаги уйғур ҳикояси

Сурат манбаси, Aziz Isa Elkun
Шимолий Лондонлик Азиз Исо Элкун етти йил давомида онасининг тирик ёки йўқлигини билмай яшади. Ўтган йил апрелида тасодифан у онасидан аноним видео қўнғироқ қабул қилди. Унинг айтишича, бу қўнғироқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги кузатуви остида бўлган.
54 ёшли Азизнинг айтишича, унинг уйғур мусулмон онаси Ҳафизахон 2018 йилда Шинжон вилоятидаги Хитой лагерига жойлаштирилган ва кейинчалик озод этилган.
Хитой 2016 йилдан бери Шинжонда миллиондан ортиқ уйғур мусулмонларни қамоққа олганликда айбланмоқда, аммо ҳукумат уларни "қайта тарбиялаш лагерлари" деб атаб, барча айбловларини рад этади.
Азиз ҳукуматдан 82 ёшли онасига Буюк Британияга келишга рухсат беришни сўрамоқда, чунки у ерда онасига ғамхўрлик қила олади.
Хитой элчихонасидан изоҳ сўралганда, улар жавоб бермади.

Сурат манбаси, Aziz Isa Elkun
2017 йилдан бери илк бор гаплашган пайтни эслаётиб, Азиз шундай деди: "Онам жуда кўп йиғлади, мен билан гаплашганидан ниҳоятда миннатдор эди.
Менимча, қўнғироқ Хитой полицияси томонидан кузатилган, шунинг учун айтаётган гапимизга эҳтиёт бўлишимиз керак эди.
Мен ундан соғлиғини, сўрадим, у эса оилам ҳақида сўради."
У 2024 йил апрелидан бери онаси билан тўрт марта гаплаша олган, сўнгги қўнғироқ 2025 йил январида бўлган.
Унинг фикрича, Хитой полицияси қўнғироқларни кузатиб борган.
"Ҳар куни онам билан бемалол гаплаша олмаганим учун тушкунликка тушаман, – дейди Азиз. – Бу ҳолат менга қандай таъсир қилаётганини ифодалашга сўз тополмайман."
Беш йил олдин Би-би-си Азиз билан суҳбатлашганида, у онасининг лагердаги тақдиридан бехабар эканини айтган эди.
Шинжондан сургун қилинган олим Азиз Хитой ҳукуматининг уйғур мусулмонларига муносабати ҳақида ёзган ва бунга қарши норозилик билдирган.
У 1999 йилда фаоллиги туфайли Шинжонни тарк этишга мажбур бўлган ва 2001 йилда Лондонга кўчиб келган. Ҳозирда Азиз Британия фуқароси бўлиб, хотини ва уч фарзанди билан пойтахтда яшайди.
У шундай деди: "Бизнинг юртимизда 20 миллион уйғур бор ва Хитой ҳукумати уйғурларнинг ўз ватани билан алоқасини йўқ қилишга уринмоқда.
Британия ҳукуматидан онамга паспорт беришларини сўрайман, токи мен унга ғамхўрлик қила олай. Унинг қанча умри қолганини билмайман, шунинг учун овозимни баланд кўтаришим керак.
Бу инсоният тарихида ҳеч қачон содир бўлмаган, ақлим бовар қилмайди бу вахшийликни."
Би-би-сининг 2022 йилдаги суриштируви Шинжондаги лагерларда уйғурларни исломий эътиқодидан воз кечириш учун зўравонлик ва қийноқлар қўлланганини аниқлади.
Нюкасл университетининг хитойшунослик бўйича ўқитувчиси доктор Жоан Смит Финли шундай дейди: "Азизнинг ҳолати катта муаммонинг бир парчаси.
Биз кўрган нарса мен «давлат терроризми» деб атаган кампаниядир.
Давлат уйғур мусулмонлари учун оммавий қамоқ, ҳибсга олиш ва мажбурий меҳнат каби террор тизимидан фойдаланиб, ҳамма қўрқиши ва Хитой Коммунистик партиясига содоқат кўрсатиши учун даҳшат муҳитини яратди.
Одамлар Қуръонларини ёқиб, чет элдаги диндор қариндошлари билан алоқани узишга мажбур бўлишди."
2022 йилда БМТ ҳисоботида Хитойни Шинжон вилоятида "инсониятга қарши жиноятлар" ва "инсон ҳуқуқларини жиддий бузиш"да айблаш учун "ишончли далиллар" мавжудлиги айтилган эди – Хитой буни рад этган.
Азиз ёлғиз эмас. У Лондондаги кўплаб уйғур мусулмонларини билади, уларнинг бир нечта оила аъзолари лагерларда сақланмоқда.
"Уларнинг қариндошлари хитой тилини, Хитой коммунистик партияси ҳақида ҳарбий интизом билан ўрганишга мажбур қилинган, – дейди Азиз. – Ҳатто бир аёл лагердаги шароитлар туфайли вафот этди.
Ҳар бир хонада камералар ва микрофонлар ўрнатилган, улар доимий кузатувда. Уйғурлар жисмонан ва руҳан таҳқирланмоқда. Бу лагерлар ҳозир ҳам бор."
"Буни ошкор қилишим керак"
Азиз Ички ишлар вазирлигидан онасини Буюк Британияга олиб келиб, унга ғамхўрлик қилишига рухсат сўради.
Ички ишлар вазирлиги Би-би-си билан суҳбатдан бош тортиб, шундай изоҳ берди: "Алоҳида ҳолатлар бўйича изоҳ бермаслик ҳукуматнинг узоқ йиллик сиёсатидир."
Вазирлик вакили қўшимча қилишича, Британия фуқаролари учун кенгайтирилган оила аъзоларини Буюк Британияга олиб келиш учун автоматик ҳуқуқ йўқ, лекин: "Улар оила қоидалари, жумладан, катта ёшли қариндошлари бўйича мурожаат қилишлари мумкин."
Азиз бу йўл унга тўғри келмаслигини, чунки Хитой ҳукумати онасига паспорт беришдан бош тортишини айтди.

Сурат манбаси, Aziz Isa Elkun
"Мен Британия ҳукуматидан онамга паспорт беришларини илтимос қиламан, токи мен унга ғамхўрлик қила олай," деди у.
"Унинг қанча умри қолганини билмайман, шунинг учун овозимни баланд кўтаришим керак."
Азиз Буюк Британиядаги ўзи каби кўплаб уйғурлар номидан гапираётганини айтади.
"Бу оилаларнинг кўпчилиги гапиришга қўрқади, чунки улар оила аъзолари таъқиб остига олинишидан хавотирда, – деди у. – Мана бу асосий муаммо."












