"Ер юзидаги дўзах" — Таиландда сақланаётган уйғурлар Хитойга депортация қилиниш арафасида. Уларнинг оиласи нима дейди?

nilufar

Сурат манбаси, Niluper

Сурат тагсўзи, Нилуфар 3 фарзанди билан Туркияда яшамоқда.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Аввалроқ Таиландда ҳибсда сақланаётган бир гуруҳ эркаклар Хитойга депортация қилинаётгани маълум бўлган эди. BBC ҳаёти хавф остида эканидан бонг урилаётган бу инсонларнинг яқинлари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Ўз уйидан қувилиб, қатағонликдан азият чекаётган уйғур қочқинлари тақдири Таиланддаги ниҳоятда аянчли ва даҳшатли ҳақиқатни кўрсатмоқда.

Нилуфар (исм ўзгартирилган) ўн йиллик машаққатни бошдан кечирган ва доимий азобда яшаб келаётганини айтади.

Ҳозир уч фарзанди билан Туркияда яшаётган қочқинликдаги бу уйғур аёл Таиландда қамалиб қолган турмуш ўртоғи тақдиридан қаттиқ хавотирда.

Ўн кун аввал у Таиланд расмийлари иммиграция ҳибсхонасида сақланаётган уйғур эркакларини уларнинг Хитойга топширилишига оид ҳужжатларга қўл қўйишга кўндиришга уринганидан хабар топган.

Маҳбуслар имзо чекишдан бош тортган.

Таиланд ҳукумати уйғур маҳбусларни тез орада ортга қайтариш режасида эмаслигини таъкидлаётган эсада, инсон ҳақлари фаоллари ўтмиш такрорланиши ва депортация исталган пайтда амалга ошиши мумкинлигидан бонг урмоқда.

"Бу ҳолатни ўғилларимга қандай тушунтиришни билмайман," дейди Нилуфар BBC'га.

"Мен доимий азоб ва қўрқувда яшаяпман, ҳар қандай лаҳзада эримнинг депортация қилинганлиги ҳақида хабар келиши мумкин."

Пароканда бўлган оила

Нилуфарнинг оиласи 2014 йилда Хитой ҳукумати босимидан қутилиш илинжида бошқа кўплаб уйғурлар қатори Шинжон вилоятидаги ўз уйини ташлаб чиққан.

Нилуфар турмуш ўртоғи диний эътиқоди туфайли Хитой расмийлари билан зиддиятга борганини эслайди.

Жуфтлик ўзи билган бошқа одамлар ҳибс этилаётгани ёки ғойиб бўлаётгани ортидан 2014 йил бошида Шинжондан кетишга қарор қилган.

Улар ўша вақтда Шинжондан қочган 350 га яқин уйғурлар орасида эди.

Таиланд Малайзия чегарасига яқин ерда ҳибс этилган бу уйғурларнинг 109 нафарини 2015 йил июлида бирор огоҳлантиришсиз ортга депортация қилган. Бу амал халқаро майдонда жиддий танқидларга сабаб бўлган эди.

Депортация қилинган бу уйғурларнинг кейинги тақдири ҳақида кўп нарса маълум эмас. Бошқа давлатлардан Хитой қўлига топширилган уйғурлар эса узоқ йиллик қамоқ жазолари олган.

uyg'ur

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Уйғурлар 2022 йил Истанбулда ўтган матбуот анжумани чоғида Хитойда ҳибс этилган яқинлари суратларини намойиш этмоқда.

2015 йил ёзида Нилуфарнинг 170 нафар аёл-болалар қатори Туркияга кетишига рухсат берилган.

У ўшандан бери турмуш ўртоғи билан на кўришмагани, на гаплашмаганини таъкидлайди.

Нилуфарнинг эри ҳали ҳам Таиланддаги ҳибсхонасида қолаётган 48 уйғур эркакнинг бири.

Бу эркакларнинг беш нафари ҳибсхонадан қочишга уриниши ортидан қамоқ жазоси олган бўлса, Таиланд ҳукумати қолган 43 эркакни Хитой қўлига топширишга тайёрланаётгани айтилмоқда.

"Ердаги дўзах"

Бангкокдаги Иммиграция ҳибс маркази инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан "ер юзидаги дўзах" деб таърифланган.

Ҳозирда 900 га яқин маҳбус, жумладан, 43 уйғур эркак сақланаётган бу марказда шароит ниҳоятда абгор экани айтилади.

Марказ озиқ-овқат етарли эмаслиги, сув ифлослиги, шамоллатиш тизими ёмонлиги ва тиббий ёрдам деярли кўрсатилмаслиги билан маълум.

Журналистлар ичкарига киритилмайди, адвокатлар эса, одатда, ўз мижозларини бу ерга тушиб қолмаслик учун қўлдан келган бор ишни қилишга ундайдилар.

"Энг ёмон нарса – бу мавҳумлик," дейди уйғурларга кўмак беришга ҳаракат қилиб келаётган нодавлат ташкилотлардан бири директори Чалида Тажароэнсук.

"Улар қачон Хитойга жўнатилишини билмаган ҳолда яшамоқда ва қаттиқ жазоланишдан қўрқмоқда".

hibsxona

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бангкокдаги Иммиграция ҳибс маркази инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан "ер юзидаги дўзах" деб таърифланган.

Нилуфарнинг ўзи ҳам Таиланддаги ҳибсхонада эри ва катта ўғлидан вақтинча ажралиб қолган ҳолда оғир кунларни бошдан кечирганини айтади.

У санитария шароитлари ёмон бўлган жойда – ваннахонада кўзи ёргани, ўша пайтда энди икки яшар бўлган тўнғич ўғли эса қўриқчилар томонидан зўравонликка гувоҳ бўлганини хотирлайди.

"Туркияга келганимиздан кейин у яна хавфсиз жойда эканини ҳис қилиши учун жуда узоқ вақт талаб қилинди".

Қатағондаги миллат

hibsxona

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Таиланддаги Иммиграция ҳибс марказида сақланаётган чет эллик маҳбуслар. 2019 йил январь.

Хитойнинг уйғурларга нисбатан қатағон сиёсати халқаро миқёсда кенг қораланган.

Бир миллионга яқин уйғурлар "қайта тарбиялаш лагерлари"да сақланаётгани тахмин қилинади.

Бу лагерлардан асосий мақсад уйғур маданияти, миллий ва диний ўзлигини йўқ қилишга қаратилган, деб ҳисобланади.

Шунингдек, қийноқлар ва изсиз йўқолишлар ҳақида кўплаб маълумотлар бор, аммо Хитой буларни инкор этиб келади.

Пекин босими

Таиланд ҳибсда сақланаётган бу 43 уйғур эркакнинг ҳам бошқалар каби Туркияга кетишига нега рухсат бермаётгани сабабини ҳеч қачон изоҳламаган.

Аммо бу Хитой кўрсатаётган босим туфайли экани деярли ойдин.

Бангкокда сақланаётган бу уйғурлар тақдири бошқа маҳбуслар каби Иммиграция департаменти эмас, балки мамлакат Бош вазирига тўғридан тўғри бўйсунувчи Миллий хавфсизлик кенгаши қўлида.

АҚШнинг мамлакатга бўлган таъсири аста-секин сўнар экан, Хитойники ошиб бормоқда – расмий Бангкок иқтисодиётини жонлантириб олиш йўлида Пекин билан алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор.

БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича агентлиги уйғурлар масаласига нисбатан суст ёндашувда айбланмоқда.

Таиланд қочқин мақомини тан олмайди, бу эса ҳибсдаги эркакларнинг озод қилинишини қийинлаштиради.

Бироқ мазкур масалада фақат Хитой манфаатига ён босиш Таиланд учун таваккал иш.

2015 йилдаги мажбурий депортация ортидан мамлакатнинг халқаро имижига жиддий путур етган.

Бундан ташқари 2015 йил августида — депортациядан бир ой ўтиб, Бангкокдаги хитойлик туристлар орасида машҳур зиёратгоҳда кучли портлаш содир бўлган ва, оқибатда, 20 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Бу портлаш уйғур жангариларининг қасос ҳаракати бўлган, деб ҳисобланади, аммо йиллардан бери Таиланд ҳукумати бу икки воқеа ўртасида боғлиқлик мавжуд, деган фаразни аритишга зўр бериб келади.

Озодликдаги тутқунлик

hasan imom

Сурат манбаси, Hassan Imam

Сурат тагсўзи, Ҳасам Имом Таиланддаги ҳибсхонадан қочиб, Туркияга келишга муваффақ бўлган.

Ҳатто Таиланддаги ҳибсдан қочиб қутилганлар ҳам ноаниқлик билан юзма-юз келмоқда.

Ҳасан Имом ҳозирда Туркияда яшаётган уйғур қочқинларидан бири.

У 2014 йилда чегарада қўлга олинган Нилуфар билан бир гуруҳда бўлган.

109 уйғур Хитойга топширилганидан хабар топган Ҳасан қаттиқ қўрқувга тушган.

"Бу қўрқув чидаб бўлмас даражада эди," эслайди у.

Шундан сўнг Ҳасан дохил 20 маҳбус қочишга қарор қилади – улар оддий мих билан деворни тешишга муваффақ бўладилар.

Қочоқларнинг 11 нафари қўлга тушади, Ҳасан эса ўрмонга орқали Малайзияга ўтиб олиб, у ердан Туркияга етиб олади.

Жони омон қолган бўлсада, Ҳасан руҳи ҳамон тутқунликда эканини таъкидлайди.

"Онам билан сўзлашмаганимга 10 йил бўлди", дейди у.

Шинжонни ташлаб чиққан кўплаб қочқинлар яқинлари билан алоқадан маҳрум бўлган.

"Ортда қолган ота-онамнинг бугунги аҳволидан бехабарман. Лекин Таиланддаги маҳбусларимиз аҳволи жуда ёмон экани аниқ", сўзлайди Ҳасан.