Коронавирус - Яқин Шарқдаги вақт бомбаси

Суриялик қочқинлар жамлоғи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Суриялик қочқинлар жамлоғи
    • Author, Жонатан Маркус
    • Role, BBC News дипломатик мухбири

Коронавирус секин-аста Яқин Шарққа кириб бормоқда.

Бу ерда унинг инсоний оқибатлари қақшатқич бўлиши мумкин.

Ҳатто Яқин Шарқдаги ривожланган тиббиёт тизими ва захираларга эга Исроил ҳам пандемия оқибатлари қаршисида қийналиб қолмоқда.

Исроил худди Ғарбий Европа ва АҚШ юз тутган муаммоларга рўбару келмоқда.

Эронда эса аҳвол янада оғирроқ: Ўлим ҳоллари тез ошмоқда.

Кўпчилик таҳлилчилар Эрон расмийлари айтаётган қурбонлар сонига ишонишмайди.

Дин вирусга қарши курашда муаммоми?

Яқин Шарқдаги баъзи ҳолатлар коронавирус инқирозини янада оғирлаштириши мумкин.

Бу минтақа одамлари ҳаёт тарзида диннинг ўрни катта.

Диндор жамоалар ўз одатларини тезда ўзгартиришмайди.

Исроилдаги ўта тақводор Ҳаредим яҳудийлари ижтимоий масофаланишга қулоқ солишмади ва оқибатда вирусдан катта азият чекдилар.

Суриядан Ироққа қайтган Шиа мусулмон зиёратчиларида ҳам коронавирус топилди.

Яъни бундай амаллар вирусни тарқатишга қўл келиши эҳтимоли аён бўлди.

Инқироздаги давлатлар

Саудия Арабистони ва Россия ўртасидаги нефть нархи уруши эса минтақа иқтисодий аҳволини ёмонлаштирди.

Яқин Шарқдаги аксар ҳукуматлар одамларга маошларини тўлаб туриш ёки бизнесларни қўллаш учун зарур захираларга эга эмас.

Аммо минтақадаги энг улкан муаммо - у ердаги урушлар ва бу урушлар туфайли қочқинларга айланган жуда катта сондаги инсонлар тақдири.

Сурия, Ливия ва Яман - инқироздаги давлатлар. Уларда захиралар кам, тиббий жиҳозлар етмайди.

Суриянинг исёнкорлар назорат қилаётган ҳудудларидаги касалхоналарни эса Президент Асад кучлари ва Россия ҳужумга тутиб, вайрон қилишган.

Ёрдам ташкилотлари минтақа учун зудлик билан халқаро кўмак зарурлигини айтишмоқда.

Вирус учун қулай шароит

Суриялик қочқинлар жамлоғи

Сурат манбаси, AFP/GETTYIMAGES

Сурат тагсўзи, Суриялик қочқинлар жамлоғи

Сурия ҳукумати аллақачон илк коронавирус ҳолати аниқланганини билдирган.

Ҳозиргача низо қуршовида қолган Идлибда биронта коронавирус аниқлангани айтилмади.

Бу, ҳойнаҳой, вирусни аниқловчи тиббий жиҳозлар етмаслиги сабаблидир.

Чегара Билмас Шифокорлар ташкилотига кўра, йирик ва одам тиқилинч қочқинлар жамлоқларида оддий санитария шарт-шароитлари ҳам йўқ ва бу жойларда вирус жуда тез тарқалиши мумкин.

Касалхоналар шундоқ ҳам урушларда ярадор бўлган одамлар билан тўлиб-тошган.

Халқаро Қочқинлар гуруҳи пандемия пайтида дунёдаги энг ҳимоясиз инсонлар - қочқинларни унутмасликка чақирди.

"Ҳукуматлар ўз фуқароларини ҳимоя қилишмоқда ва бунга ҳақлилар" - деди ташкилот вакили Ҳардин Ланг.

"Аммо коронавирусга қарши халқаро кураш самарали бўлиши учун, барчани қамраб олиш керак".

"Дунёдаги ўз уйидан ажралган 70 миллион инсоннинг тақдирига кўз юмиш бизнинг виждонимизга ҳавола" - дейди Ҳардин Ланг.

"Уларга ёрдам бериш йўлида қадамлар қўйиш эса - ҳам тўғри, ҳам ақлли амал".

Ишдан чиққан тизимлар

Ривожланган дунё ҳам бугун йирик иқтисодий қийинчиликларга юз тутмоқда ва муҳим транспорт йўллари ёпилди.

Шундай шароитда барчани қамраб олиш қийин.

Яқин Шарқдаги муаммолар эса жуда улкан.

Халқаро Қочқинлар гуруҳига кўра, Ироқ, Сурия, Ливан ва Туркияда ҳозир 12 миллион қочқин яшайди.

Минтақа давлатлари ўртасидаги очиқ чегаралардан қочқинлар ва муҳожирлар кўп ўтиб қайтишади.

Минтақадаги издан чиққан тиббиёт тизимлари эса коронавирусга қарши курашда яна бир бошқа йирик муаммодир.

Халқаро Қочқинлар гуруҳи айнан Сурияга катта эътибор қаратади.

Беш ярим миллионда кўп (5.6 миллион) суриялик бошқа давлатлар қочиб ўтган.

Суриянинг ичкарисида ҳам олти ярим миллион инсон (6.5 миллион) уй жойини ташлаб, бошқа жойларда яшамоқда.

Уларнинг аксариятида бирон тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкони йўқ.

Қочқинлар тиқилинч ва ифлос жамлоқларда яшашади ҳамда улар ижтимоий масофаланиш ёки шахсий гигиенага риоя қилиш имконига эга эмаслар.

Хавфли нуқталар

Ҳатто ҳозир жанг кечмаётган жойларда ҳам хатарли ва заиф нуқталар бор.

Мсалан, Исроил ишғол қилган Ғарбий Соҳил ва Ғазо Бўлгаси..

Ғарбий Соҳилнинг 40% қисмини назорат қилувчи Фаластин Маъмурияти коронавирус тарқаб кетиши олдини олиш учун чора кўришга қийналмоқда.

Исроил ва Ғарбий Соҳил ўртасида ишчиларнинг қатнаши вирус ёйилишига сабаб бўлиши мумкин.

Ўта аҳоли зич Ғазо Бўлгаси эса янада каттароқ хавотирларни уйғотади.

Ғазо аҳли қуршов ичида: Бир тарафдан Исроил, бошқа тарафдан Миср хавфсизлик баҳонасида Ғазони амалда қамал ичида қолдирмоқда.

Бу ҳудуд учун масъулият кимнинг зиммасида бўлади, деган масалада халқаро ҳамжамият ва Исроил ўртасида узоқ вақт баҳслар тинмади.

Исроил қўшинлари ҳудуддан чиқиб кетди ва у ердаги аҳвол учун масъулият энди Ҳамас елкасига тушади.

Аммо Ғазога коронавирус тарқалса, бу жуда ҳам қийин ва мураккаб вазиятни юзага келтиради.

Шу сабабли ҳам халқаро ёрдам ташкилотлари ва фаласттинлик таҳлилчилар Исроил ўз қамалини бекор қилсин, деб чақиришмоқда.

Хусусан, Ғазо Бўлгаси, Ғарбий Соҳил ва Исроил коронавирусга қарши курашда бирлашиши зарурлиги айтилмоқда.

Душманлар дўстлашадими?

Албатта, халқаро инқироз пайти душманларнинг дўстлашиши яхши нарса.

Исроил Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларга керакли жиҳозлар юбораётгани ва Фаластин тиббиёт ходимлари учун махсус тайёргарлик машғулотлари ўтаётгани айтилади.

Аммо бу минтақадаги барча душманларнинг дўстлашиши эҳтимоли паст.

Яман низоасидаги тарафлар оташкесимга келамиз дейишса-да, бу ҳали амалга ошмади.

Атиги бир неча кун олдин Саудия Арабистони иншоотлари ракета ҳужумига тутилди.

АҚШнинг Эронга қарши киритган жазо чоралари ҳам кўтариладиган кўринмаяпти.

Трамп маъмуриятининг баёнотларига қарамай, Эрондаги аҳвол чигаллашмоқда.

Эрон ҳатто четдан энг зарур жиҳоз ва дори-дармонларни ҳам сотиб ололмаяпти.

АҚШдаги ўнг қанотчиларнинг гапларига қулоқ тутсангиз, улар гўё Эрон ҳукумати обрўсини янада тўкиш учун ҳатто шу коронавирус инқирозидан ҳам фойдаланаётгандек туюлади.

Трамп маъмурияти буни очиқ айтмаса ҳам, барибир, коронавирус инқирози баҳонасида Эрон билан муносабатларни очиш йўлида йирик қадам қўймоқчи эмас.

Муқаррар офат

Яқин Шарқ бўйлаб коронавирус ёйилса, унинг оқибатлари қандай бўлади, деган савол кескин турибди.

Нега деганда, аввало, минтақадаги кўп ҳукуматларнинг легитимлиги савол остида. .

Ёш авлоднинг орзулари чилпарчин бўлган.

"Араб баҳори" кўп нарсани ўзгартирмади, аксинча, уни келтириб чиқарган муаммолар ҳамон долзарб.

Урушлар ва касалликлар асрлар бўйи тарихнинг қора саҳифаларини белгилаб келишган.

Афсуски, ҳозир дунё коронавирус инқирозининг илк палласида турибди.

Бу инқироз Яқин Шарқни ҳам қамраб олиш эҳтимоли йўқ эмас.

Уруш ва низолар қаъридаги бу минтақа эса коронавирус офатидан кейин ҳозиргидан ҳам баттар аҳволга тушиши мумкин.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek