Коронавирус, мусулмонлар ва Саудия Арабистони: Ҳажга ҳалича шошманг

Ҳаж зиёрати подшоҳликнинг йирик молиявий манбаларидан бири ҳам бўлади

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат тагсўзи, Ҳаж зиёрати подшоҳликнинг йирик молиявий манбаларидан бири ҳам бўлади

Ислом, мусулмонлар ва Саудия Арабистони: Ҳажга ҳалича шошманг - коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият бироз ойдинлашишини кутинг. Бу йилги зиёратингизни ҳалича режаламай туринг.

Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра масалалари бўйича вазири дунё мусулмонларига ана шундай даъват билан чиқди.

Давлат телевидениесида чиқиш қилди.

Вазир Муҳаммад ибн Солиҳ Бантин, "Саудия Арабистони ҳар қандай шароитда Ҳаж ва Умра зиёрати илинжида бўлганларга тўлиқ хизмат кўрсатишга тайёр"лигини айтган.

"Аммо жорий вазиятда сўз Аллоҳдан ўзларини ҳимоя этишини сўраган глобал пандемия ҳақида кетаётгани, шу боис ҳам, подшоҳлик мусулмонлар ва фуқароларини ҳимоя қилиш илинжида", эканини таъкидлаган.

"Худди шу сабабдан, биз барча давлатлардаги мусулмон биродарларимиздан вазият ойдинлашмагунча, сайёҳлик агентликлари билан шартнома тузмай туришларини сўрадик", деган.

Йиллик Ҳаж зиёрати Ислом олами учун муқаддас саналади. Уни адо этишга қодир бўлган ҳар бир мусулмон учун фарз, деб билинади. Бир ҳафта давом этади. Ҳар йили дунё бўйлаб 2.5 миллионга яқин мусулмон Ҳаж зиёратини адо этади.

Ҳаж зиёрати подшоҳликнинг йирик молиявий манбаларидан бири ҳам бўлади.

Бу йилги Ҳаж зиёратининг июл ойи охирларига тўғри келиши кутилган.

Аммо сўнгги ойларда бўй кўрсатиб турган коронавирус пандемияси Ҳаж зиёратининг тақдирини ҳам савол остида қолдирган.

Адо этиладиган бўлса, коронавируснинг янада тарқалиб кетишига сабаб бўлмасмикан қабилидаги хавотирларга сабаб бўлган.

Саудия Арабистонида илк коронавирус ҳолати расман шу йилнинг 2 март куни қайд этилган.

Ҳозирга келиб, Саудия Арабистонида коронавирусга чалинганлар сони бир ярим минг кишидан ортган.

Жаъми ўнта ўлим ҳолати қайд этилган.

Подшоҳликда коронавирусга чалиниш ҳоллари анчайин шитоб билан ортиб бораркан, саудиялик масъуллар асрларки кўрилмаган кескин чорага қўл уришган.

Макка ва Мадинадаги дунё мусулмонлари учун энг муқаддас икки қадамжо: ал-Ҳарам (Ҳаром) ва ан-Набавий масжидлари эшикларини ёпишган.

Бу икки масжидга намозхонларнинг кириши ва тоат-ибодат қилишларини вақтинчалик тақиқлашган.

Тақиқ 20 мартдан бошлаб кучга кирган. Аммо унинг муддати, муҳлати очиқланмаган.

Ундан уч кун аввал эса, айнан коронавирус таҳдиди боис, подшоҳликдаги қолган масжидларда ҳам жума илова жамоат намозларини ўқиш маън қилинган. Намозхонларга тоат-ибодатларини уйда қилишлари айтилган.

Ўтган ой Саудия Арабистони вирус тарқалишининг олдини олиш учун "Умра виза"лари беришни вақтинча тўхтатиб қўйган.

Макка ва Мадинага коронавирус тарқалган давлатлардан чет эллик сайёҳларнинг келишини ҳам тақиқлаб қўйган. Пойтахт ар-Риёдни ҳам четдан ташрифлар учун ёпган.

Халқаро парвозларни бекор қилган.

Мактаблар, савдо марказлари ва ресторанлар ёпилгани, тунги комендантлик соати жорий этилгани хабар берилган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи Саудия Арабистони мамлакатга туристлар оқимини кучайтириш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Бу валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг иқтисодий ислоҳотлар режасининг асос нуқталаридан бири бўлади.

Муқаддас Ҳаж зиёратининг буткул бекор қилиниши бу яқин ўрталарда кузатилмаган.

Аммо 2014 йилги Эбола эпидемияси вақтида бўлгани каби, касаллик кенг тарқалган ҳудудлардан зиёратчилар келиши чекланган.

Муҳаммад ибн Солиҳ Бантиннинг айтишича, Ҳаж ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳозир бекор қилинмасидан аввал Умра зиёратини адо этган, кейин ўзларини иҳоталашлари айтилган ёки уйларига қайтишга улгурмаган одамлар тушган меҳмонхоналарни назоратдан ўтказишмоқда.

Вазирга кўра, бунгача Умра визасини сотиб олишга улгурганлар ҳам пулларига куйиб қолишмайди. Ҳаққи қайтарилади.

Шу пайтга қадар дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 860 минг кишидан ортган. 42 мингдан кўпроқ инсон қурбон бўлган.

Коронавирус илк бор ўтган йилнинг сўнгги кунида Хитойда аниқланган, расман қайд этилган.

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Koronavirus yangiliklari

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek