Коронавирус, қанақа коронавирус? Мамлакат раҳбарларига ишонса бўладими?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Абдужалил Абдурасулов
- Role, Би-би-си
Коронавируснинг шиддат билан тарқаётгани аксарият мамлакатларни ўз ҳудудларида карантин ўрнатишга мажбурламоқда. Дунёнинг турли бурчакларидан вирус ҳақида келаётган хабарлар урушни эслатади. Ҳар куни дунё харитасидаги қизил доиралар кенгайиб бормоқда.
Аммо бир неча давлатлар бу глобал пандемиядан "омон" қолган кўринади.
Улар орасида Туркманистон ҳам бор.
Расман бу мамлакатда вирусга чалинганлар йўқ.
Аммо Туркманистон дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бири саналади.
Шунданми, кўпчилик мамлакат раҳбарларининг баёнотларига ишонқирамай муносабат қилади.
"Туркманистоннинг расмий соғлиқни сақлашга доир статистикасига ишониб бўлмайди", дейди Лондоннинг тропик тиббиёт мактаби профессори Мартин Макки.
У Туркманистондаги саломатлик тизимини ўрганган.
"Кўп йиллар давомида улар ВИЧга чалинган икки одам бўлганини урғулаб келишарди, бу мутлақо нотўғри маълумот. Ўтган йиллар давомида улар мамлакатда ВИЧ-ОИТС (СПИД) билан оғриган одамлар йўқлигини таъкидлаб келишди. Бу ҳам нотўғри. Биз 2000 йилларда улар бир неча касалликлар тарқаганини яширишганини биламиз. Бу касалликлар орасида вабо ҳам бўлган".
Аксарият эса коронавирусни тилга олишга ҳам қўрқади.
"Менга ҳукуматда ишлайдиган танишларимдан бири вирус ҳақида гапирса муаммога дуч келиши мумкинлигини айтди", дейди номи сир қолишни истаган бир ашхободлик.
Туркманистон ҳукумати шунга қарамай коронавирусга қарши чора-тадбирларга қўл урган.
БМТ, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ва маҳаллий идоралар муштарак ҳаракатлар дастурини муҳокама қилишаётгани маълум.
Кураш режаси

Сурат манбаси, United Nations
БМТнинг Туркманистондаги раҳбари Елена Панова Би-би-си билан суҳбатда айни режа коронавирусни аниқлаш, диагностика ва бошқа муҳим масалаларда мулоқотни йўлга қўйишни мувофиқлаштиришни кўзда тутади.
Мен БМТ ҳукумат расмийларнинг маълумотларига қанчалар ишониши ҳақида сўрайман.
Панова хонимга кўра, "БМТ бошқа давлатларда бўлгани каби расмий маълумотларга таянади. Ҳукумат бизга ва ЖССТга маълумотларни тақдим қилади ва биз шу асосда иш кўрамиз. Бу ерда ишонч ҳақида гап кетмаяпти".
Елена Панованинг тахмин қилишича, ҳозирда қатновларга ўрнатилган чекловлар иш бераётган бўлиши мумкин.
Туркманистон ростдан ҳам бундан бир неча ҳафталар аввал чегараларини ёпди, Хитой билан авиа қатновни эса феврал бошида тўхтатди.
Ашхобод ва Туркманобод шаҳарларида карантин ҳудудлари жорий қилинди.
Лекин гувоҳларга кўра, ҳамма ҳам карантиндан ўтгани йўқ.
Пойтахтдагиларнинг айтишларича, четдан келганлар карантин ҳудудини пора бериб тарк этиш мумкин бўлган.
Панова хоним эса, Туркманистонга хориждан келаётганлар ва коронавирус аломатлари бўлганлар ташхис қилинади.
Аммо БМТ вакили мамлакатда кунига қанча тест-анализлар ўтказилаётгани ва ҳақида саволга жавоб беролмади.
Қанча тест жиҳозлари борлиги ҳақидаги саволимиз ҳам очиқ қолди.
"Бизнинг расмийлар билан суҳбатларимизга таянилса, улар етарлича тестлар борлигини айтишади", дейди БМТ вакили.
Аммо соғлиқни сақлаш тизими коронавирусга тайёрми?
"Очиғи, буни билмаймиз. Мулозимларга кўра, улар маълум бир маънода тайёр, бунга биз шубҳа қилмаймиз. Бу ердаги шифохоналар яхши жиҳозланган".
"Аммо агар корнавирус тарқайдиган бўлса, унда соғлиқни сақлаш тизимига кучли босим келади. Бунда сизнинг қанчалар тайёр эканингизнинг аҳамияти йўқ. Барибир босим бўлади, етишмоқчилик бўлади. Шунинг учун биз мулозимлар билан сунъий нафас олдириш ва бошқа тиббий жиҳозларни ғамлаб қўйиш ҳақида гаплашмоқдамиз".

Бошқа кўплаб давлатлар, жумладан Туркманистон қўшниларида ҳаёт бир маънода тўхтаб қолар экан, Ашхобод зўр бериб мамлакатда ҳеч бир ўзгариш бўлмаганини кўрсатмоқчи...
Тўйлар бўлмоқда, ресторанлар очиқ. Ҳеч ким ниқоб кийгани йўқ, байрам ва турфа оммавий тадбирлар бекор қилинмаган.
Ҳукумат атайдан аҳолини глобал пандемияга эътибор бермасликка ҳаракат қилаётгандай таасурот пайдо бўлади.
Коронавирус ҳақида гапирилганида ҳам уни нафас йўллари билан боғлиқ касаллик сифатида тақдим қилишади.
"Коронавирус" сўзи деярли ишлатилмайди.
Ҳеч ким бу сўзга тақиқ ўрнатмаган бўлса ҳам муаммо ўлароқ тилга олинмаётгани рост.

Сурат манбаси, AFP
Масалан, март ойи охирларида Туркманистон раҳбари Бердимуҳаммедов Ўзбекистон раҳбари Мирзиёев билан телефонда суҳбатлашишди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида "коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун биринчи навбатда қилинадиган ишлар" муҳокама этилгани айтилди.
Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги эса бу муҳим нуқта ҳақида умуман ҳеч нарса демади.
Аммо дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири Туркманистонда ҳам пандемия ваҳимаси йўқ эмас.
Шаҳарлараро қатнов чекланган.
Ашхободга кираверишда махсус постлар ўрнатилган.
Полиция шаҳарга кираётганларнинг ҳароратини ўлчайди.
Президент исириқ тутатиш хосиятини айтиши билан дўконлар ва бозорларда бу қуритилган ўсимликнинг нархи қимматлади.
Туркманистонда ҳар қандай муаммо режимнинг "бахт-саодат ва қудрат" ақидасига соя солиши мумкин.
Коронавирус эса бу ақидаги мухолифатдан кўра ҳам жиддийроқ хавф солади.
Бу пандемия Туркманистон раҳбари ташаббуси билан "саломатлик ва бахт" ғояси, тонгги бадантарбия ва сигаретларни ёқиш аслида муаммоларни яшириш эканини исботлаши мумкин.
Саломатлик ғояси бу Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг шахсига сиғиниш асосларидан бири.
Давлат телевизионида у спортзалларда жавлон уради.
Вазирлари билан бадантарбия қилади.
Велопойгаларда олдинги қаторда кўрсатилади.
Буларнинг баридан мақсад айнан президент шарофати билан миллат бахтиёр ва саломат эканини кўрсатишдир.
Худди шунинг учун ҳам коронавирус тарқаладиган тақдирда ҳам раҳбарлар уни узоқ вақт яширишга ҳаракат қилишлари эҳтимоли кўпроқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












