Россия Қозоғистон ва Қирғизистон қилган ишни қилди, Ўзбекистон, Марказий Осиё ҳозирча жим

Сурат манбаси, GAVRIIL GRIGOROV/Pool/AFP
Россия яна нимани кўзлаяпти ва нимадан хавотирда?
Кутилган ва кутилмаган қарор
Россия Олий суди ўз қарорини эълон қилди.
Суд Афғонистон Толибон ҳаракатини "террорчи ташкилотлар" рўхатидан чиқарди.
Россияда ташкилот фаолиятига қўйилган узоқ йиллик тақиқни бекор қилди.
Суд Россия Прокуратурасининг яқинда киритган даъвосини қондирди.
Қарорнинг зудлик билан кучга кириши айтилди.
Жараённинг ўзи эса ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди.
Россия постсовет маконида Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин бу каби қарорга келган учинчи давлат бўлди.
Янгилик кеча, 17 апрел куни қисқа соатларнинг ичидаёқ Ғарбнинг қатор нуфузли нашрларида ҳам сарлавҳаларга чиқди.
Россия Олий судининг қарори ҳам Толибон муваққат ҳукумати ҳалича дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олинмаган бир вазиятда янгради.
Толибон ҳукумати воизи бу янгиликни ҳам хуш қаршилашларини айтган, бу - икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беришини билдирган.
Афғонистон Толибон ҳаракатининг фаолияти Россияда 2003 йилда расман тақиқланган ва ҳаракат "террорчи ташкилотлар" рўйхатига киритилганди.

Афғонистон Толибон ҳаракати
Афғонистон Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ саналган.
Ҳаракат сафидаги жангарилар ва тарафдорларининг сони жами 200 мингдан ортиши айтилган.
Қудратга қайтишидан қисқа вақт ўтмай, ўзининг минтақада энг йирик Армияга эга бўлиш истагини ошкора баён қилишга ҳам улгурган.
Толибон ўз вақтида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳам яқин иттифоқчиси, деб кўрилган, ҳаракат байъат келтирган ва яқин иттифоқчисига айланган минтақадаги илк жангари гуруҳ.
Россиянинг Афғонистон Толибон ҳаракати билан боғлиқ сўнгги қарорига оид янгиликка ҳозирча Ўзбекистон илова аксарияти Афғонистонга чегарадош Марказий Осиё давлатлари пойтахтларининг расмий муносабати кўзга ташланмайди.
Қозоғистон ва Қирғизистон ўтган йили Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзларининг "террорчи ташкилотлар" рўйхатидан чиқаришга қарор қилишган, бу каби қарорга келган дунёдаги илк давлатларга айланишган, минтақа қолиб, жаҳонда ҳам яхшигина шов-шувга сабаб бўлишган.
Ҳар икки давлат ҳам ўзларининг қарорлари сабабини Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан ҳамкорликлари ва мулоқотларини кучайтириш истаги билан изоҳлашган, уни бугунги куннинг рад этиб бўлмайдиган зарурати ва ҳақиқати талқинида тақдим этишган.
Россия ўшанда бу икки минтақа давлатининг мазкур қарорини беэътибор қолдирмаган, муносабати эса, ижобий бўлган, бунга "тушуниш" билан ёндашишини айтган.
Уларнинг қарори билан боғлиқ устма-уст янгилик манзарасида ҳаракатнинг Ўзбекистонда "террорчи ташкилотлар" рўйхатида туриш-турмаслиги саволи очиқ қолган.
Аммо халқаро коалиция кучларининг Афғонистонни буткул тарк этиши ва Ғарб томонидан дастакланган афғон ҳукуматининг қулаши билан кечган сўнгги бир неча йил давомида Ўзбекистон Афғонистон Толибон ҳаракати ва унинг муваққат ҳукумати билан энг фаол мулоқотда бўлган Марказий Осиё давлати экани билан эътибор топган.
Ўзбекистон орада дунёнинг Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга ўзининг юқори мартабали ҳайъатининг юборган биринчи давлатига ҳам айланган.
Расмий Тошкент ўзининг бу каби пешқадамлик мавқеи сабабини энг аввало хавфсизлик омили билан изоҳлаган.
Иқтисодий ҳамкорлик ва минтақавий интеграция ҳам айни фонда улар уруғ бериб келаётган икки муҳим нуқта экани кўрилган.
Айрим таҳлилчилар ҳукуматига нисбатан расмий Душанбе сўнгги пайтларда ўзининг терс мавқеини бироз юмшатганини айтишларига қарамай, ҳаракат ҳали-ҳануз Тожикистоннинг мамлакатда фаолияти расман тақиқланган "террорчи ташкилотлар" рўйхатида.
Аммо ҳукуматларининг Толибон ҳаракати ва унинг ҳукумати билан боғлиқ сўнгги қарорларига аксарият минтақа аҳолисининг фикри бир хил эмас, айнан "террорчи" талқинида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлиб келаётган мавзулардан бири.
Афғонистон муҳим транзит йўлида жойлашган, Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлаш, Ўзбекистон каби денгизга йўли икки карра ёпиқ минтақа давлатларини жаҳон сув йўлларига олиб чиқиш потенциалига эга.
Лекин яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган, Ўзбекларники ва Тожикларники илова турли жангари гуруҳлар бошпана топган, жанг қилган ва жон сақлаб келаётган давлат.
Айрим етакчи Ғарб нашрларининг ёзишларича, Россиянинг сўнгги қарори тарихан Толибонга чуқур шубҳа билан қараган Тожикистон каби Марказий Осиё давлатларида хавотир уйғотиши мумкин.
Бу каби нашрларга кўра, айрим минтақа давлатлари ҳукуматлари зарурат туфайли бугунги Кобул билан алоқа ўрнатган бўлишса-да, Толибон илҳомлантирган радикаллашув, ўзаро чегаралари хавфсизлиги ва трансчегаравий жангарилари борасидаги қўрқувлар ҳамон сақланиб қолмоқда.
Кўпмиллатли Афғонистонда этник ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ ва туркманлар ҳам яшаб келишади.
Россия томони изоҳи

Сурат манбаси, ANADOLU
Агар, айрим таҳлилларга таянилса, Россия Афғонистондагиси бўладими ёки Яқин Шарқдагиси – йирик хавфсизлик таҳдиди қаршисида қолган ва шу боис ҳам, Толибон билан ҳамкорлик қилишни зарур, деб ҳисоблайди.
Бунга Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотининг мазмуни ҳам далолат қилади.
"Россия Афғонистон билан барча соҳаларда, жумладан, гиёҳвандлик ва терроризмга қарши курашда ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатишни мақсад қилган", — дейилади вазирлик баёнотида.
Унда қўшимча қилинишича, Москва ИШИДнинг Хуросон қанотига қарши олиб бораётган кураши учун ҳам Афғонистондан миннатдор.
Вазирлик баёнотида айтилишича, Москва Афғонистоннинг келажакдаги энергетика ва инфратузилма лойиҳаларида стратегик позициясидан фойдаланган ҳолда Кобул билан савдо, бизнес ва сармоявий алоқаларни мустаҳкамлашни ҳам мақсад қилган.
Ўтган йили Россия ўзининг бу яқин тарихидаги энг қонли ҳужумлардан бирига саҳна бўлган.
Март ойида бир гуруҳ қуролли шахслар Москва ташқарисидаги концерт залида 140 дан ортиқ кишини ўлдиришган.
Ҳужумга масъулиятни Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўзининг зиммасига олган, аммо АҚШ расмийлари бу гуруҳнинг Афғонистондаги Хуросон қаноти иши эканига оид жосуслик маълумотларига эга эканликларини айтиб чиққанди.
Айрим таҳлилчиларга кўра, Россия томони Толибонни бошқа жангари гуруҳларга қараганда яхшироқ ёки ҳатто хавфсизлик масаласида потенциал ҳамкор сифатида ҳам кўриши мумкин.
Бошқа томондан, воқеаларнинг сўнгги ривожи Украина уруши ва Россия худди шу уруш боис ҳали-ҳануз Ғарбнинг кўплаб иқтисодий, молиявий санкциялари остида қолаётган ва ҳар томонлама халқаро иҳотада қолмаслик учун айнан Глобал Жанубга янада кучлироқ юз бураётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Аммо Россиянинг сўнгги қарори мамлакатнинг ўзида ҳам бир хилда қарши олинмаган.
Айрим маҳаллий афғоншунос сиёсий таҳлилчилар бунинг мамлакатга фойдаси ҳақида ўзларининг жиддий шубҳада эканликларини айтишган.
Айни фикрда бўлган таҳлилчиларга кўра, сўнгги қарор ҳозир ҳам Москванинг кўмагига умид қилаётган аксилтолибон қаршилик ҳаракатини чўчитиши ва ўзларидан узоқлаштириши мумкин.
Уларнинг айтишларича, Афғонистон "барибир тинчимайди, вазият издан чиққан пайтда эса, Россиянинг барибир аралашишига тўғри келади, шу боис ҳам воқеаларнинг бу каби ривожига аввалдан ҳозирлик кўриши ва минтақадаги манфаатларини ҳимоя қилиш учун таяна олишлари мумкин бўлган дўст излашлари керак".
"Москва Афғонистондаги Толибон ҳукуматини расман тан олишда ҳам биринчилардан бўлмайди".
Бу каби таҳлилчиларнинг фикрларича, Толибон бу каби рамзий қарорлардан сиртдан сўзсиз мамнундек кўринади, бироқ жаҳон ҳамжамияти, шу жумладан, Россиядан кўпроқ нарса хоҳлайди.
"Биринчиси мунтазам ташқи молиялаштириш бўлса, иккинчиси ўз ҳукуматларининг сиёсий тан олиниши"
Мамлакатни қурол кучи билан эгаллаб, инклюзив ҳукумат тузиш бўладими ёки бошқа, Толибон муваққат ҳукумати халқаро ҳамжамиятнинг асосий шартларини бежавоб қолдираркан, Афғонистоннинг четдаги миллиардлаб долларлик активлари музлатилган, бериб келинаётган йирик миқдордаги йиллик молиявий кўмаклар ҳам кесиб қўйилган.
Афғонистондаги инсонпарварлик билан боғлиқ вазиятнинг издан чиқиши, миллионлаб аҳолисининг очликка юз тутиши ва иқтисодининг қулашига оид хавотирлар ҳаракат қудратга қайтган сўнгги уч йилдан ортиқроқ вақт ичида ҳамон тинмаган.
Қўшниларидаги ижтимоий, иқтисодий таназзул ва бунинг оқибатида юзага келажак катта миқдордаги қочқинлар оқими эҳтимоли ҳам минтақа давлатлари қолиб, Россия учун ҳам хавфсизлиги билан боғлиқ яна бир омилга айланиб улгурган.
Толибон ҳаракатининг Афғонистондаги илк тузуми халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаган, яқин иттифоқчиси, деб кўрилган "ал-Қоида" тармоғи масъулликда айбланган Нью-Йорк ва Вашингтонга қарши уюштирилган 2001 йил 11 сентябр ҳужумлари ортидан АҚШ бошчилигидаги халқаро иттифоқ томонидан қулатилган.
Сўнгги 20 йил ичида Россиянинг турли минтақаларида Толибон билан алоқада гумон қилинган шахсларга нисбатан жиноий ишлар ҳам очилган.
Айнан ИШИД ва Ғарб бошчилигидаги коалиция кучларининг Афғонистондаги узоқ йиллик ҳарбий ҳозирлиги бу икки томонни бир-бирига яқинлаштирган икки асосий омил ўлароқ ўртага чиққан.
Россия Марказий Осиёни ҳали-ҳануз ўзининг "жанубий сарҳадлари" сифатида кўриб келади, четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам Афғонистонга чегарадош Тожикистонда жойлашган, барча минтақа давлатларининг энг йирик ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкори, иттифоқчиси, стратегик шериги, аммо, аксарият таҳлилчиларнинг бирдек эътирофларича, Афғонистон таҳдидини уларга ўзининг ҳар томонлама босимини ўтказишда энг самарали таъсир воситаларидан бирига айлантиришга ҳам муваффақ бўлган.
31 март: Россияга Толибон, Толибонга Россия нега керак? Афғонистон, Марказий Осиё ва геосиёсат

Сурат манбаси, Reuters/Afghan Islamic Press collage
Россия Бош прокуратураси 31 март куни бу хусусда мамлакат Олий судига мурожаат қилган, тақиқни бекор қилишини сўраганди.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўтган йил охирида Толибонга қарши жорий этилган санкцияларни ҳам олиб ташлашга чақирганди.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи АҚШ ҳайъатларининг Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга ташрифлари фаоллашган бир пайтга ҳам тўғри келмоқда.
Россия Бош прокуратурасининг Афғонистон Толибон ҳаракати билан боғлиқ даъвоси бўйича суд мажлиси кеча, 17 апрел куни бўлиб ўтган.
Нима гап?

Сурат манбаси, Getty Images
Россия дунёнинг Афғонистонда қудратга қайтишидан аввал ҳам, кейин ҳам Толибон ҳаракати билан фаол мулоқотда бўлган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Ҳозир Афғонистонда АҚШ ва НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучларининг бирор бир ҳарбийси йўқ, расмий Вашингтон Афғонистон Толибон ҳаракати билан эришган "тарихий" битим доирасида ҳаракат ҳокимиятни эгаллашидан қисқа вақт ўтмай, 2021 йилнинг 31 август куни Афғонистонни тарк этган.
Россия худди ўша йили ҳам расмий таклиф Толибон юқори мартабали ҳайъатининг амалий ташриф билан пойтахт Москвага устма-уст икки бор келишига эришган.
20 октябрь кунги сўнггиси эса, Толибон Афғонистонда қудратга қайтган ва муваққат ҳукумати фаолиятда бўлган бир манзарада амалга ошган ва у Москва формати доирасидаги музокараларнинг навбатдагиси шаклида бўлиб ўтган.
Ўшанда толиблар билан Москвада кечган ҳар икки музокаралар чоғида ҳам Марказий Осиёга қарши таҳдид ва минтақанинг хавфсизлиги - Россия томони кун тартибига олиб чиққан энг муҳим масалалардан бири бўлган.
Толибондан Марказий Осиё чегараларини бузмаслик ва афғон тупроғидан уларга қарши ҳужумларга йўл қўймаслик кафолатини олган ҳам расмий Москва бўлиб чиққани кўрилган.
Россия томони бу ҳақда расман маълум қиларкан, Марказий Осиё давлатларини "дўстларимиз ва иттифоқчиларимиз", деб атаган.
Афғонистон таҳдиди ҳақида сўз юритаркан, Россия Марказий Осиёни ўзининг жанубий сарҳадлари сифатида тилга олаётгани ўшанда ҳам таҳлилчилар қолиб, оддий ўзбекистонликларнинг ҳам эътиборларини ўзига жалб этмай қолмаган.
Толибоннинг Афғонистонда қудратга қайтиши манзарасида чегараларини мустаҳкамлаш ва хавфсизликларини таъминлаш борасида минтақа давлатларига энг кўп ҳар томонлама ёрдам ваъдасини бераётган ва айримларига аллақачон кўмак беришни бошлаган ҳам айнан Россиядир.
Буларнинг барчаси Марказий Осиё ҳарбийлашувининг кучайиши ва бунинг натижасида минтақада Россия таъсирининг янада ортишига олиб келишига оид фараз, фикру мулоҳазаларни ҳам пайдо қилган.
АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистонни буткул тарк этиши айнан Россия ва Хитойнинг фаоллашуви фонида Марказий ва Жанубий Осиё атрофида геосиёсий танглик янада кучайишига оид жиддий хавотирлар бўй кўрсатаётган бир пайтга тўғри келган.
Россиянинг Афғонистон масаласидаги фаоллашуви расмий Москва Афғонистон таҳдидини яна Марказий Осиёга ўз сиёсий босимларини кучайтиришнинг салмоқли воситасига айлантиришига оид жиддий хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош уч давлати бўлишади.
Кремль, йилларки, минтақани ўзини жанубий сарҳадлари сифатида кўриб келади ва тилга олади.
Воқеаларнинг кутилмаган ривожи ва Россия

Сурат манбаси, rasmiy
Қозоғистон мисолида бўлгани каби Қирғизистоннинг ҳам Афғонистон Толибон ҳаракатини фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариш қарори ўтган йили Россиянинг эътиборидан четда қолмаган.
Ўшанда президент Путиннинг матбуот котиби Афғонистон билан қўшни экани боис, мамлакати Қирғизистон нега бу каби қарорга келганлигини "тушуниши"ни айтган.
"Қирғизистон Афғонистонга жуда яқин, шу боис, бу мамлакатнинг амалдаги раҳбарлари билан алоқа ўрнатиш жуда муҳим", - дея билдирганди Дмитрий Песков.
Россиянинг ҳам Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқариш ҳаракатида экани ўтган йил май ойида маълум бўлган.
Хабарларда, ҳаттоки, бу таклифнинг Россиядаги бирваракайига икки вазирлик - ҳам Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлар томонидан аллақачон президент Путинга киритилгани айтилган.
Орада Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси муовини Дмитрий Медведев Толибон билан тўлақонли муносабатларга яқин эканликларини ҳам маълум қилган.
Воқеаларнинг бу каби кутилмаган ривожи, ҳатто, россиялик айрим сиёсатшуносларнинг ўзлари томонидан Толибон ҳукуматини тан олиш йўлидаги биринчи қадам сифатида талқин қилинган.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай эса, айни шу масала хусусида Россия президентининг шахсан ўзи расман ва ошкора сўз юритган.
Путиннинг бу ҳақдаги гаплари пойтахт Тошкентда янграган.
Россия президенти ўтган йилнинг 26-28 май кунлари Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлиб қайтган.
Худди шу ташрифи якунлари бўйича пойтахт Тошкентда берган матбуот анжумани чоғида Толибон масаласи кўтарилган.
Путин ўшанда Толибонни тан олиш борасидаги қарорнинг "биргаликда ишлаб чиқилиши"ни айтган.
Россия президенти бу хусусда кўплаб бошқалари қатори "Марказий Осиёдаги ҳамкорлари, дўстларининг ҳам фикрлари инобатга олиниши", улар билан мулоқотда эканликларини таъкидлаган.
Россия томони ўзининг сўнгги истак ва режалари фонида Толибонни Афғонистондаги "ягона ва реал ҳокимият" сифатида тилга олган.
"Мавжуд реалликдан келиб чиқиб, шунга мос равишда муносабат қуришлари керак"лигини Ташқи ишлар вазиридан тортиб, президенти даражасида устма-уст такрорлаган.
Россиядан олинаётган айни мазмундаги хабарлар ўшанда Америка Қўшма Штатларини ҳам беэътибор қолдирмаган.
28 май куни Оқ уйнинг ўша пайтдаги маслаҳатчиси мамлакати Толибон ҳукуматини расман тан олиш режасида эмаслигини баён қилган.
Жон Кирби, "Агар, Россия бу ишни қилса, бошқаларга янглиш ишора беражаги"ни айтганди.
Шу йил бошида АҚШ президенти сифатида иккинчи бор ўз ваколати ижросига киришган Республикачи Дональд Трамп Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга оид ўзининг янги сиёсатини ҳозирча расман эълон қилмаган.
Аммо ҳаракатнинг яна Афғонистонда қудратга қайтишига йўл очган 2020 йилги "тарихий" битимга эришган биринчи АҚШ президенти ҳам айнан Трамп бўлган.
Истак ва мақсад…

Сурат манбаси, rasmiy
Худди шу манзарада расмий Москва Толибон билан Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасида ҳамкорлик қилиш истагида эканини ҳам маълум қилган.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти постсовет ҳудудининг ўзида ҳам, четда ҳам Кремлнинг энг йирик геосиёсий лойиҳаси сифатида кўрилади, унга Қозоғистон ҳам, Қирғизистан ҳам киради.
Россия томони ҳукумати тан олинган тақдирда, Толибон бошқаруви остидаги Афғонистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига тўлақонли аъзолигини ҳам қўллаб-қувватлаши ҳақида ҳам сўз юритган.
Сайланган ва қонуний ҳукумати бошқарган пайтда эса, Афғонистон Россия ва Хитой шамсияси остидаги мазкур ташкилот қошида фақат кузатувчи мақомига эга бўлган.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти эса, НАТО - дунёдаги энг йирик ҳарбий альянснинг минтақадагисига ҳам қиёс қилинган.
Аммо Россия Толибонни ўзининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқариб, тан олгудек бўлса, бунинг қандай шартлар асосида амалга ошиши ҳозирча маълум эмас.
Расмий Москванинг ҳам Толибонни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш ҳаракатида экани ва бу таклифнинг шахсан Путинга етказилганига оид хабар, бошқа томондан, масъулиятини Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан ва Россиянинг бу яқин тарихидаги энг қонли ҳужумдан унча кўп вақт ўтмай олинган.
Толибон халқаро ҳарбий доираларда ИШИДга қарши кураш ва Ғарб кучларининг Афғонистондаги узоқ йиллик ҳозирликларига чек қўйишда Россиянинг "яқин иттифоқчиси" сифатида кўрилган.
Айрим минтақавий етакчиларга кўра, айни шу икки омил тарихан ўзаро рақиб бўлган бу икки томонни бир-бирига яқинлаштирган.
Воқеаларнинг Толибон ва Афғонистон билан боғлиқ сўнгги ривожи эса, Кавказда мавқеи заифлашиши ва сўнгги Украина уруши сабаб, Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида халқаро миқёсда тобора иҳоталаниб бораётгани манзарасида расмий Кремль минтақада ўзининг геосиёсий амбицияларини янада парваришлаш, таъсирини кучайтириш, иттифоқчилари билан ҳар томонлама алоқаларини аввалгисидан-да мустаҳкамлаш, айнан глобал жанубга юз буриб, улар сафини кенгайтириш, таъминот занжирлари ва ташқи бозорларини турфалаштириш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри ҳам келган.
Толибон кучайиб бораётган худди ана шу геосиёсий танглик манзарасида Афғонистон иқтисодини яхшилаш, мамлакатга кўпроқ сармоя жалб қилиш, ўзининг савдо-тужжорий шерикларини турфалаштириш орқали халқаро иҳотадан чиқиш ҳаракатида.
Бунгача ҳар икки томонни Афғонистондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучлари ва халқаро ҳисоботларда сафларида МДҲ давлатлари орасидан энг кўп сондаги фуқаролари жанг қилгани айтилган ИШИДга қарши ягона мавқеълари бирлаштириб турган.
Россия барча Марказий Осиё давлатларининг бирдек энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори бўлади.
Четдаги энг йирик ҳарбий базаси ва нисбатан кўп ҳарбий иншоотлари ҳам шу минтақада жойлашган.
Ўзбекистон истисно қолган аксарият Марказий Осиё давлатлари Россия шамсияси остидаги ҳарбий блок - Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига ҳам аъзо.
Аммо айнан Ўзбекистон Толибон ва унинг муваққат ҳукумати билан ҳам фаол ҳамда мустақил мулоқот олиб бораётган минтақа давлатларидан бири бўлади.
Толибон муваққат ҳукуматининг ягона ўзбек аъзоси бошчилигидаги юқори мартабали ҳайъатининг бир МДҲга давлатига олий даражадаги илк ташрифининг ҳам Россиядан олдин айнан Ўзбекистонга амалга ошган.
Ҳам Кобул ва ҳам Тошкентда кечаётган музокараларда Ўзбекистон ўз хавфсизлиги масаласини толиблар билан бевосита, тўғридан-тўғри муҳокама қилаётгани кузатилади.
Шундай экан, бугун Россияга Толибон, Толибонга Россия нега керак? Икковлон ўртасидаги фаоллашаётган ҳамкорликнинг Марказий Осиёга таъсири қандай бўлади?
Би-би-си Ўзбек хизмати орада худди шундай савол билан Тошкентдан етакчи минтақавий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга ҳам мурожаат қилганди:

Сурат манбаси, facebook
Камолиддин Раббимов,
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон
"Кейинги йигирма йил - 2001-21 йиллар оралиғида Афғонистон - Ғарб геостратегиясига боғланган давлат бўлиб келди.
Ашраф Ғани бошчилигидаги сиёсий тузум йиқилиши ортидан, бу давлатнинг геосиёсий ориентирлари, геомафкураси қайта кўриб чиқилмоқда.
Бугун Афғонистон узра янги муносабатлар, алоқалар шаклланмоқда.
Толибон ҳукумати олдида турган йирик вазифа - янги Афғонистон ҳокимияти сифатида халқаро майдонда ўзини тезроқ легитимлаштириш, қонунийлаштириш ҳисобланади.
Бу борада Толибон ҳаракати Покистон давлати, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси ва бошқа давлатлар билан муносабатларга устуворлик бериш ниятида.
Дунёнинг қудратли давлатлари, улар қанчалик ўзаро рақобатда бўлишмасин, янги сиёсий тизимлар, ҳукуматлар ва давлатларни тан олиш ёки олмаслик борасида бир-бирининг фикрларига жиддий эътибор беришади.
Ғарб давлатлари бирон бир янги сиёсий тузимни ёки ҳукуматни тан олмаслик йўлидан борса, коллектив Ғарб бу қадамини имкон қадар жиддий тамойиллар, қадриятлар билан асослашга ҳаракат қилади.
Шу сабаб ҳам, қолган давлатлар олдида янги сиёсий тузимлар ёки давлатларни тан олиш борасида сиёсий-маънавий ва ҳатто ҳуқуқий тўсиқлар пайдо бўлади.
Шундай ҳолат жорий Толибон ҳукуматига ҳам тегишли.
Бугун Толибон маъмуриятини тан олиш борасида халқаро майдонда жиддий сиёсий-маънавий тўсиқлар шаклланган.
Лекин Толибон ҳаракатининг тактикаси шундан иборатки, коллектив Ғарбга нисбатан геосиёсий мустақил ёки муқобил бўлган давлатлар билан алоқаларни кучайтириш орқали ўзларининг ҳокимиятини тан олишга эришиш ниятидан кетмоқда.
Толиблар назарида мана шундай йирик давлатлардан бири - Россия Федерацияси ҳисобланади.
Ўтган йигирма йил давомида Толибон ҳаракати ва Россия Федерацияси Афғонистондан Ғарб коалициясини сиқиб чиқариш учун анча ҳамжиҳат сиёсий мувофиқлаштириш ишларини олиб боришди.
Толибон ҳам, Россия Федерацияси ҳам бир овоздан "Афғонистондан АҚШ бошчилигидаги Нато кучлари чиқиб кетиши керак!" деган позицияни такрорлаб келишди ва бунга эришишди.
Moskva Tolibonga ohista bosim o‘tkazishga moyil ekanligini, o‘zining norasmiy va rasmiy shartlarini tan oldirishga erishish niyatida ekanligini bildiradi...
Россия Федерациясининг Афғонистон борасидаги позицияси анча мураккаб.
Бир томондан, Москва толиблар билан йиллар давомида қўлга киритилган ишончли муносабатларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ниятида.
Афғонистон - йирик давлат. У муҳим географик нуқтада жойлашган.
Глобаллашган дунёда барча ҳудудлар, минтақалар ва давлатларнинг аҳамияти фақат ортиб боради.
Глобал миқёсда АҚШ, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси ўртасидаги рақобат янги даражага кўтарилмоқда.
Қолаверса, Покистон, Эрон Ислом Республикаси, Туркия ва Марказий Осиё давлатларининг геосиёсий ва геоиқтисодий муносабатлари ҳам рақобат ва чигаллик билан тўйинган.
Мана шу фонда Афғонистон давлатининг аҳамияти ва мақоми ўтган асрдаги каби бир ёқлама салбий эмас, балки бир қадар истиқболли ва аҳамиятли бўлиши аниқ.
Россия Федерацияси Афғонистон борасида иқтисодий ва сиёсий фаолликдаги биринчиликни Хитой Халқ Республикасига бериб қўйиш ниятида эмас.
Қолаверса, коллектив Ғарб дипломатияси ҳар доим ўзининг самарадорлигини кўрсатган.
Бу дегани, ўтган йигирма йил давомида икки томонга бўлиниб, ўзаро урушган бўлса-да, истиқболда коллектив Ғарб ва толиблар ўртасида босқичма-босқич ижобийлашиб борувчи алоқаларни кутиш мумкин.
Россия Федерацияси Толибон сиёсий тизими борасида икки нуқтадан иборат позицияга эга.
Биринчи нуқтада Толибон ҳаракатини Афғонистон ҳудудидаги табиий иттифоқчи, ҳамкор ва тан олинадиган куч сифатида эътироф этади.
Шунинг билан бирга, Толибон сиёсий тизимини тан олишга шошилмаслигини билдиради.
Бу билан Москва Толибонга оҳиста босим ўтказишга мойил эканлигини, ўзининг норасмий ва расмий шартларини тан олдиришга эришиш ниятида эканлигини билдиради.
Чунки, бир томондан, Толибон ҳаракатини сиёсий тан олиш, у билан муттасил мулоқотлар олиб бориш ва Толибон сиёсий тузумини ҳуқуқий жиҳатдан тан олмаслик ўртасида маълум ҳуқуқий-сиёсий зиддият пайдо бўлади.
Расмий Москва мана шу зиддиятни Толибонни ўз манфаатларига кўпроқ бўйсундириш истагида ишга солиш нияти сезилади...".












