Расмий Тошкент дипломатияси ёки Ўзбекистон барибир ютадими? Афғонистон ва Толибон Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Ҳайратон кўприги

Ўзбекистоннинг Афғонистон масаласидаги яна бир жиддий қарори кечаётган ҳафтада ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисида кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортди.

Айрим етакчи таҳлилчиларнинг расмий Тошкент ўзининг янгича минтақавий ташқи сиёсатида Россия бўладими ёки етакчи Ғарб давлатлари, дунёнинг исталган глобал қудрати раъйига қарши бора олиши мумкинлигига оид талқинларига ҳам сабаб бўлди.

Ўзбекистон бу гал Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга мўлжалланган катта миқдордаги халқаро гуманитар ёрдамлар учун ўзининг эшиклари ва йўлларини очди.

Уч куннинг ўзида Термизга етиб келган юкларнинг умумий миқдори 100 тоннага етгани айтилди.

Бу - Ўзбекистоннинг йирик ва муҳим халқаро транспорт ва логистика ҳабига айланишига оид гап-сўзларни ҳам янада кучайтирди.

Жиддий инсоний инқироз қаршисида қолган Афғонистонга гуманитар кўмак кўрсатишдаги ҳамкорлиги учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича агентлиги ҳам Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.

Маҳаллий нашрлар биргина шу ойнинг ўзида Термиздаги логистика маркази Афғонистонга БМТ Бутунжаҳон Озиқ-овқат дастурининг 40 вагон маҳсулотини юборгани ҳақида ёзди.

Хабар шу пайтгача Афғонистонга бевосита чегарадош бирор бир Марказий Осиё давлатидан олинмагани билан ҳам ўзига хос аҳамият касб этди.

Ўзбекистоннинг Афғонистон масаласида муҳим минтақавий ва халқаро ҳамкор, ўйинчи давлат сифатидаги ролини яна бир бор урғулади.

Сўнгги янгилик устига устак Ўзбекистон ҳаётидаги энг муҳим сиёсий воқеълик - президент сайловига саноқли кунлар қолган бир пайтга тўғри келди.

Гуманитар ёрдам

Сурат манбаси, twitter.com/UNHCR

Толибон ҳаракати шу йил 15 август куни Афғонистон назоратини яна ўз қўлига олган.

20 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг мамлакатни тўлиқ тарк этишларига эришган.

Саноқли ҳафтларнинг ичидаёқ ўзининг муваққат ҳукуматини тузган, Афғонистонни қайта Исломий Амирлик, деб эълон қилган.

Доимийси йўлида қўйилган жиддий қадам экани айтилганига қарамай, Толибоннинг янги муваққат ҳукумати дунё бўйлаб танқидлар билан қарши олинган.

Таркиби инклюзив эмаслиги ва зиддиятли экани талқинида жиддий хавотирларга сабаб бўлган.

Ҳукумати ҳали-ҳануз дунёнинг бирор бир давлати томонидан қонуний, деб тан олинмаган.

Расмий Тошкент Толибоннинг янги муваққат ҳукуматини ҳам биринчилардан бўлиб олқишлаб чиққан.

Афғонистоннинг янги давлат идоралари билан конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирган.

Инсонпарварлик ёрдамини топшириш

Сурат манбаси, Twitter/ahmadullahwasiq

Яқинда Афғонистонга ўзининг юқори даражали ҳукумат ҳайъатини ҳам юборган, янада четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.

Янги Кобулга нисбатан яккалаш эмас, мулоқот сиёсатини юритишга қарор қилган дунёнинг саноқли давлатларидан бири сифатида майдонга чиққан.

Ўзбекистон орада Толибон Афғонистонига катта миқдорда ўзининг гуманитар ёрдамини юборган биринчи Марказий Осиё давлатига ҳам айланган.

Расмий Тошкент Толибон Афғонистонда қудратга қайтган шу йил август ойида ҳам ҳеч бир минтақа давлати қилмаган ишни қилган.

Ҳаво кўприги - ўз аэропортлари эшикларини очган, ҳал қилувчи паллаларда Кобулдан халқаро авиаташувларга рухсат берган.

Расмий Тошкентнинг бу қарори билан минглаб ғарблик ва улар билан бирга ишлаган маҳаллий афғонларнинг хавфсизлигини таъминланган.

Бу уларнинг хавфсиз - учинчи давлатларга учиб кетишлари ва етиб олишларига имкон берган.

Ўшанда Ўзбекистон ва унинг раҳбарияти ўзининг бу кутилмаган ва "анчайин қалтис" қарори билан ҳам халқаро миқёсда эътиборга тушган.

Ғарбнинг айрим етакчи давлатлари лидерлари бу масалада кўрсатган ҳамкорлиги учун ҳам Ўзбекистон президентига расман ва ошкора раҳмат айтишгача боришган.

Расмий Тошкентнинг устма-уст қарорлари Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида ҳатто алоҳида таҳлилталаб воқеъликлардан бирига ҳам айланиб улгурган.

Ўзбекистон янги Кобулга нисбатан бугунги "изчил" ташқи сиёсати билан нималар кўзлаяпти?

Бу Ўзбекистоннинг фойдасига хизмати қиладими ёки зиёнига?

Камолиддин Раббимов

Сурат манбаси, FACEBOOK

Камолиддин Раббимов

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон

"Ўзбекистон Афғонистонда кечаётган йирик сиёсий жараёнларни бир неча йил олдин кўра билди ва бу жараёнларга тайёрланишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон Толибоннинг Афғонистон диёрида инкор қилиб бўлмас сиёсий, ҳарбий ва мафкуравий куч эканлигини инобатга олди.

Шунинг учун ҳам, Толибон ҳаракати билан мулоқотлар олиб бориш, ижобий алоқалар ўрнатиш орқали дипломатик-сиёсий ташаббусни қўлга олди.

Бу стратегияси билан Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёда, балки дунё давлатлари ичида ҳам фарқли ва масъулиятли йўл танлагани кейинги даврда кўриниб бормоқда.

Ўзбекистоннинг Афғонистон борасидаги ёндашуви замирида бир қанча тамойиллар туради.

Биринчидан, Ўзбекистон қўшни Афғонистонда стратегик тинчлик тарафдори.

Толиблар Афғонистонда бугунги кунда инкор қилиб бўлмас йирик умуммиллий сиёсий-ҳарбий куч бўлар экан, бу куч орқали Афғонистонда тинчлик, барқарорлик ва тараққиётган эришиш - нафақат Афғонистон учун, балки минтақа учун ҳам қулай фурсат сифатида кўрилиши мумкин.

Иккинчидан, ҳокимият - ҳар доим барқарорлаштирувчи омил бўлган. Толибон ҳаракати шу пайтгача Афғонистон заминида Ғарб коалициясига қарши энг йирик қаршилик кўрсатувчи куч сифатида намоён бўлди.

НАТО коалицияси чиқиб кетгач, толиблар Афғонистон давлати ҳокимиятини қўлга киритишди.

Толибон етакчилари

Сурат манбаси, ANADOLU

Бугунги кунда ҳеч бир қудратли давлат ёки давлатлар коалицияси Афғонистонда янги ҳарбий-сиёсий эксперимент, тажриба ўтказиш, бунинг учун миллиардлаб доллар сарфлаш, минглаб инсоний қурбонлар бериш ниятида эмас.

Ўзбекистоннинг ёндашуви Толибоннинг 38 миллионлик Афғонистон жамияти устидаги сиёсий масъулиятини расмийлаштириш орқали ҳаракатни тадрижий барқарорлаштириш, вазминлаштириш, тинч кучга айлантириш ниятини кўзда тутади.

Тарихдан маълумки, жуда кўплаб радикал кучлар, шахслар ва уларнинг гуруҳлари ҳокимиятга келишгач, тадрижий ўзгариб боришган, барқарорлашган.

Бошқача қилиб айтганда, ҳокимиятга интилиш ва келиш билан, ҳокимиятни ушлаб туриш орасида жиддий фарқ мавжуд: ҳокимиятни ушлаб қолиш учун жамиятнинг табиий ва фундаментал эҳтиёжларини қондириш - ҳокимият мустаҳкамлигининг бош гарови ҳисобланади.

Шундай бўлар экан, Афғонистонда Толибон ҳаракатини барқарорлаштиришнинг асосий воситаси - афғон жамияти эҳтиёжларига боғлаш ҳисобланади.

Учинчидан, Афғонистон ҳокимиятига Толибон ҳаракати келгач, бу давлатнинг баъзи қўшнилари толибларга ишончсизлик билдириш ва қаршилик кўрсатиш бобида лидерлик кўрсатишаётган бўлишса, Ўзбекистон бу ишни толиблар билан ишончли ҳамкорлик ва алоқалар ўрнатиш бобида қилмоқда.

Шу йўл билан Ўзбекистон, бир томондан, Толибон ҳаракатига ижобий алоқалар муждасини берган бўлса, иккинчи томондан, жафокаш афғон халқига бефарқ эмаслигини ифода қилмоқда.

Толибон музокарачилари

Сурат манбаси, official

Толибон ҳаракати ҳар доим "дўст-душман", "оқ-қора" категорияларида фикрлаган.

Унинг бу тафаккури ҳокимиятга келгач, кучайса кучаяди, лекин пасаймайди.

Мана шу фонда Ўзбекистон томонидан самимий ва дўстона алоқалар таклифи, ишончли алоқалар муждаси, Толибон ҳаракати томонидан қадрланишига шубҳа йўқ.

Қолаверса, бу йўл икки карра самарали ва маънан кучли ҳисобланади.

Чунки, мабодо, кейинчалик Толибон Афғонистони билан алоқалар пасаядиган бўлса ҳам, расмий Тошкентда "биз бу ҳаракатга дўстлик қўлини чўздик, лекин улар бу дўстликни қадрлай олишмади" дейишга имконият мавжуд.

Бу эса, расмий Тошкентнинг дипломатик ҳаракатлари замирида кучли маънавий-сиёсий ютуқ сақланиб қолаверишини англатади.

Лекин ҳозирги ҳолатда Толибон ҳаракати ҳам расмий Тошкент билан совуқ муносабатлардан мутлақ манфаатдор эмас.

Кейинги ойлар ва йилларда Афғонистон давлатчилиги жиддий иқтисодий, сиёсий ва маънавий инқироз ичида бўлади.

38 миллионлик жамиятни иқтисодий таъминлаш вазифаси толиблар учун ўта мушкул иш бўлиб қолаверади.

Афғонистонда толиблар мафкурасидан келиб чиқиб янги ва ҳаётий иқтисодий модел яратиш вазифаси - энг мураккаб лойиҳалардан бири бўлиб қолаверади.

Шунингдек, дунё ҳамжамияти толиблар ҳокимиятини тан олишга шошилмаяпти.

Шу фонда толиблар расмий Тошкентнинг ўта юқори даражадаги сиёсий-дипломатик алоқаларини фақат қадрлашга ҳаракат қилиши аниқ.

Гуманитар ёрдам

Сурат манбаси, twitter.com/UNHCR

Тўртинчидан, Ўзбекистон ташқи дунёнинг гуманитар ёрдамларини Афғонистонга етказиб беришда, қолаверса, бу давлатдан чиқиб кетишни истаётганлар учун асосий эшик сифатида намоён бўлар экан, Ўзбекистоннинг мақсади аниқ - Афғонистонда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий зўриқишни имкон қадар пасайтириш, каналлаштириш, вазиятни барқарорлаштириш ҳисобланади.

Чунки Афғонистондаги ижтимоий зўриқиш, натижада, кучли ижтимоий-сиёсий портлаш Ўзбекистон учун фақат ўта салбий ҳолат ҳисобланиши аниқ.

Тасаввур қилиш қийин эмаски, агар Афғонистонда гуманитар инқирознинг янги ва оммавий тўлқини юз берса, Термизнинг Дўстлик кўприги қаршисида юз минглаб, миллионлаб қочқинлар пайдо бўлиш эҳтимоли юқори.

Бундай ҳолатда афғон қочқинларини қабул қилиш ҳам, қилмаслик ҳам Ўзбекистон давлатчилиги учун ўта оғир маънавий, сиёсий ва иқтисодий имтиҳон бўлади.

Айнан шу мотивлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш таклифи билан чиқмоқда, Ғарб давлатларига мурожаат қилиб, музлатилган афғон маблағларини янги ҳокимиятга топшириш ғоясини олдинга сурмоқда.

Толиблар Афғонистони билан алоқаларни парваришлаётган Ўзбекистон тафаккурида яна бир омил мавжудки, бу омил расмий Тошкентнинг ташқи сиёсатдаги мустақиллигини алоҳида урғулайди.

Бу - геосиёсий омил. Агар эътибор берилса, ўтган йиллар давомида Россия Федерацияси толиблар билан алоқалар ўрнатиб, Афғонистондан НАТО коалициясини сиқиб чиқаришда сиёсий ҳамкорлик қилиб келди.

Лекин кейинги даврда Москва толибларни тан олишга шошилмаяпти, бу ҳаракатни Марказий Осиё учун "йирик таҳдид манбаи" сифатида талқин қилишга мойиллиги ошиб бормоқда.

Ўзбекистон толиблар Афғонистони билан ташқи қудратли давлатлар раъйини бирламчи ҳисобламасдан ишончли алоқалар ўрнатиши Россиянинг минтақадаги геосиёсий лойиҳаларига мувофиқ тушмаслиги ойдек равшан.

Қолаверса, кўпгина Ғарб давлатлари ҳам толиблар Афғонистонига нисбатан жиддий сиёсий ва иқтисодий босим қилиш тарафдори.

Аммо Ўзбекистон Афғонистонга бундай босимларни таҳликали ҳисоблайди.

Чунки бир дарё ва бир кўприк билан ажралган, кўп миллионли ўзбеклар яшайдиган қўшни Афғонистонда кучли ижтимоий бўҳрон ва сиёсий тўқнашувлар яна авж олса, бунинг оқибати Ўзбекистон учун фақат қалтис ёки ўта салбий бўлиши аниқ.

Юқорида саналган омиллар инобатга олинса, Ўзбекистон олдида анча тор траекториядаги прагматик, масъулиятли ҳаракатланиш имконияти мавжуд эди.

Расмий Тошкент мана шу имкониятни юқори даражада ишга солиб келмоқда".

Би-би-си: Афғонистон Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси, унга чегарадош бешта минтақа давлатидан биттаси.

Ўзбекистондан кейин дунёдаги энг катта - миллионлаб сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи йирик давлат.

Ўз вақтида минтақадаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи сифатида эътироф этилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати сўнгги чорак асрча вақт давомида бошпана топган, фаолият юритган ва ҳануз жон сақлаб келаётган мамлакат.

Толибон ва худди шу вақт оралиғида Афғонистонда жанг қилиб келган аксарият йирик жангари гуруҳлар эса, бу ўзбек жангари гуруҳининг ҳам яқин иттифоқчилари саналишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek