Афғонлар барибир Ўзбекистонга ўтмоқчими? Ўзбекистон, Афғонистон ва Толибон Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Сўнгги кунларда пойтахт Кобулдан Мозори Шарифга келаётган афғонларнинг сони ошган. Уларнинг Ўзбекистон орқали Афғонистонни тарк этиш илинжида эканликлари айтилмоқда.
Би-би-си Мозори шарифликлардан бири билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.
Унинг айтишича, ҳозирга келиб, кўпчилик пойтахт Кобул орқали чиқиб кетишдан умидини узган.
АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни буткул тарк этишгач, Кобулдан Мозори Шарифга келаётганларнинг сони ортган.
Суҳбатдошимизга кўра, улар энди Ўзбекистон билан чегарага етиб олиш ҳаракатида.
Мозори Шариф шимолий Балх вилоятининг маркази бўлади.
Балх эса, Афғонистоннинг Ўзбекистонга чегарадош ягона вилояти саналади.
Расмий Тошкент Афғонистонда Толибон Ўзбекистонга чегарадош шимолий Балх вилоятини эгаллаган ва Кобулга, қудратга қайтган сўнгги уч кун ичида устма-уст уч бор баёнот билан чиққан.
Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг 17 август кунги расмий баёнотида ҳам Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганлигини айтган.
Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича "Толибон" Ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турганини маълум қилган.
"Қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига содиқликлари"ни яна бир бор қатъий баён қилганди.
Сўнгги хабарларга кўра, Ўзбекистон 6 сентябрдан бошлаб электрон виза расмийлаштиришни вақтинча тўхтатган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бунинг сабабини https://e-visa.gov.uz/ тизимида профилактика ишлари ўтказилиши билан изоҳлаган.
Аммо жараённинг яна қачондан бошлаб қайта йўлга қўйилиши санасини расман очиқламаган.
- Толибон учун Афғонистон шимолини тўлиқ олиш нега муҳим?
- Дўстумнинг ўғли қутқарилди, Мозори Шариф нисбатан тинч, Толибон Қандаҳорни ҳам олди
- Россия Ўзбекистон, Тожикистондан кейин энди Хитойга ўтдими? Афғонистон ва Толибон
- Афғонистон: Толибон сафида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам жанг қилаяптими?
- Шимолий Афғонистон ва ўзбеклар: Маршал Дўстум қайтишидан кун ўтиб, Толибон унинг она шаҳрига бостириб кирди
Ўзбекистон ва Афғонистон

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.
Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси қолган ташқи чегараларининг ичида энг қисқаси бўлади.
Аммо Ўзбекистон билан икки ўртада Афғонистоннинг халқаро аҳамиятга молик ва Шимолий Таъминот тармоғининг энг муҳим узви бўлган Ҳайратон кўприги ва порти жойлашган.
Икки давлатни муҳим муҳим автомобиль, поезд ва сув йўллари боғлаб туради.
Ҳозир Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларининг барчаси ҳам толиблар назорати остида.
Ҳаракат сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистондан чиқишни бошлаган ўтган икки ой ичида шимолий Балх вилоятига ҳам кириб борган.
Вилоят маркази Мозори Шариф пойтахт Кобул билан бирга Толибон энг сўнггида Афғонистонда босиб олган икки йирик шаҳардан биттаси бўлган.
Афғонистон шимолидаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида, ҳали июнь ойидаёқ Ўзбекистон ўз чегарасини бир томонлама ёпган.
Расмий Тошкент ўшанда бунинг сабабини Афғонистонда ковид билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашиб бораётгани билан изоҳлаган.
Аммо Ўзбекистон томонининг қарори Толибон Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ўз ҳужумларини шиддатлаштираётган бир пайтга тўғри келган.
Мозори Шариф халқаро аэропорти эса, Толибон сўнгги уч ҳафта ичида Афғонистонда фаолиятини қайта йўлга қўйганини эълон қилган биринчиси бўлган.
Ўзаро чегара

Сурат манбаси, Screenshot
Лекин, шунга қарамай, толибларнинг шиддатли ҳужумлари билан кечган икки ой ичида Ўзбекистон Тожикистон билан бирга афғон қочқинлари томонидан чегараси энг кўп бузилган иккита минтақа давлатидан биттасига айланган.
Ўзбекистон орада ўз чегарасини ноқонуний кесиб ўтган 150 га яқин афғон ҳарбийси ва қуроллиларини ортга қайтарганини ҳам билдирган.
Бу хусусда устма-уст баёнот билан чиқиб, Афғонистон томонини бундай қилмаслик билан қатъий огоҳлантирган.
Толибон Мозори Шариф ва пойтахт Кобулни эгаллаган кунлари Афғонистон шимолида катта қудратга эга ўзбек маршали Абдулрашид Дўстум, Балхнинг собиқ ҳокими, таниқли афғон сиёсатчиларидан бири Атто Муҳаммад Нур ва Афғонистон президенти ўзининг ҳам Ўзбекистонга қочиб ўтишганига оид хабарлар олинган.
Аммо Ўзбекистон томони буни тасдиқламаган, расман раддия билан чиққан.
Бунинг ортидан ҳам Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган юзлаб афғонистонлик қочқинларга оид хабарлар олинган.
Айрим маҳаллий нашрлар ўз манбаларига таяниб, уларнинг Термиз туманидаги чодирли лагер ва ҳарбий полигон яқинидаги ковид-марказига жойлаштирилганликлари ҳақида ҳам ёзишган.
Аммо айни мазмундаги хабарлар ҳалича ўзининг расмий тасдиғини топмаган.
"Жонажон қўшни"

Сурат манбаси, official
Афғонистондаги кескин издан чиқиб бораётган вазият манзарасида БМТ бир неча бор қўшни давлатларни афғон қочқинларига ўз чегараларини очишга чақириб чиққан.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам амалий ташриф билан Навоий вилоятида экан, 27 август куни Афғонистон ўзларининг "жонажон қўшнилари" эканига тўхталган.
"Ўзини худди шу нарса ўйлантириши, улар ҳам, ўзлари ҳам кўчиб кета олмасликлари"ни айтган.
Ўзбекистон раҳбари худди шу чиқиши чоғида Ҳайратон кўпригини вақтинча ишга туширганликларига кун бўлганини ҳам маълум қилган.
Шавкат Мирзиёев бунинг сабабини "жафокаш афғон халқига кўмак бўлиш мақсади" билан изоҳлаган.
"Афғонистон халқи ҳозир ёрдамга муҳтож" экани, "агар улар тинчлик сари ҳаракат қилишса, ўзларининг уларга кўмакчи бўлишлари"ни айтган.
Чегарадаги сўнгги вазият

30 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расман билдиришнома билан чиққан.
"Ўзбекистон Афғонистондаги Толибон режимидан қочганларга ўз чегараларини очишга тайёрлиги" ҳақидаги айрим ахборот агентликлари ва веб-сайтлари орқали тарқалган маълумотларни расман рад қилган.
Ҳозирда хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилгани ва "Термиз" назорат-ўтказиш пунктидан қуруқлик орқали ўтиш амалга оширилмаётганини билдирган. Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги "Термиз" назорат-ўтказиш пунктини яқин орада очиш очиш кўзда тутилмаганини ҳам маълум қилган.
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида афғон қочоқларини қабул қилмаслигини, транзитда ёрдам кўрсатишини, уларнинг мамлакатда қатъий чекланган вақтда бўлиб туришини яна бир бор таъкидлаган.
Чегарани кесиб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишлар, уларнинг сабабларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бартараф этилиши билан қайта огоҳлантирган.
Аммо орада расмий Тошкент дунёнинг қатор давлатлари билан уларнинг фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш масаласи бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга киришган.
Уларнинг биргаликдаги ҳаракатлари натижасида ўтган ой охирида Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистондан минглаб чет эл фуқароси олиб чиқилгани расман маълум қилинган.
Куни-кеча Термизда бўлиб қайтган Би-би-си Ўзбек хизмати мухбирига эса, Афғонистондан қайтган ўзбекистонликлар Толибон ўзбекларга яхши муомала қилаётганини айтишган.
Толибон Ҳайратонда чегара назоратини ўз қўлига олгани, Ўзбекистонга чегарадош шимолий Афғонистонда ҳозир вазият тинч эканини билдиришган.
Уларнинг сўзларига кўра, Толибон визаси бор афғонистонликларни аллақачон Ўзбекистонга ўтказишни ҳам бошлаган.
Аммо Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири ўзаро чегарадаги вазиятни яқиндан кўришга имконли бўлмаган.
Толибон пойтахт Кобулни эгаллаган 15 август куни ҳам расмий Тошкент Афғонистондаги элчихонаси ва консуллиги ишлаб тургани, ходимлари ҳам ҳали эвакуация этилмаганини маълум қилган.
Шу ҳафта чоршанба куни эса, мамлакат Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон ўзининг Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарида президент сайлови даврида сайлов участкаларини очишни режалаётганини расман маълум қилган.
Ўзбекистон президент сайлови шу йилнинг 24 октябрь кунига белгиланган.
Афғонистон дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги этник ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати сифатида кўрилади.
Аммо узоқ йиллик урушлар сабаб, Афғонистон аҳолиси бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган, худди шу боис ҳам, мамлакатдаги миллий озчиликларнинг аниқ фоизига оид ишончли рақамлар имконли эмас.
Мозори шарифлик суҳбатдошимиз ҳам Афғонистондан чиқиб кетмоқчи.
Аммо Толибон изн бермаслигини айтиб, бунга муваффақ бўлишига кўзи етмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














