Ўзбекистон Толибоннинг муваққат ҳукуматини олқишлади, АҚШ хавотирда, Хитойнинг кўнгли тўқ video Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Alamy
Ўзбекистон Толибоннинг муваққат ҳукуматига расман муносабат билдирган илк Марказий Осиё давлати бўлди.
Сўнгги янгиликка ўз диққатини қаратган дунёнинг илк мамлакатларидан бири экани кўрилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги шу соатларда расмий баёнот билан чиқди.
Расмий Тошкент Ўзбекистон Афғонистонда муваққат ҳукумат тузилганини олқишлашини билдирди:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Мазкур қарор Афғонистонда кенг кўламли миллий келишувга эришилиши, мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши томон илк қадам бўлиб қолишига умид қилишларини айтди.

Афғонистоннинг янги давлат идоралари билан конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.

Сурат манбаси, official
Толибон ҳаракати яқинда эски Исломий Амирлиги номидан Ўзбекистонни Мустақиллик санасининг 30 йиллиги билан устма-уст табриклаган.
Ҳам Қатардаги сиёсий идораси ва ҳам Афғонистондаги воизи расмий Тошкентга ўз раҳбариятлари номидан табрикномалар йўллашган.
Доимийси бўладими ёки муваққати, ҳали ўз ҳукуматларини расман эълон қилмаган бир мавқеъларида Ўзбекистонни шерик, ҳукумати ва халқини дўст ҳамда биродар, деб аташган.
Ўзларига қўшни бўлган Ўзбекистон билан "самарали ва дўстона муносабатлар ўрнатиш" истагини билдиришган.
Сўнгги йилларда расмий Тошкентга берган ваъдаларини ҳам такрорлашган.
Яна бир бор "Ўзбекистон иштирокида Афғонистонда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, темир йўл ва электр узатиш тармоқларини қуришни давом эттиришдан манфаатдор эканликлари"ни тасдиқлашган.
"Афғонистон Ислом Амирлиги томонидан ўзбек шерикларига бу йўналишда барча зарур ёрдам кўрсатилиши"ни таъкидлашганди.
Халқаро ҳамжамият бундан аввал Афғонистонни куч билан эгалласа, уларни яккалаб қўйишлари билан огоҳлантирган.
Аллақачон бир қатор йирик донорлар Афғонистонга бериб келган катта миқдордаги молиявий ёрдамларини тўхтатишга киришишган.
Худди шу манзарада толибларнинг иқтисоди абгор бир мамлакатни қайта оёққа қўйишга қанчалик қодир бўлишларига оид саволлар, жиддий хавотирлар ўртага чиққан.
Хавотир

Бунгача дунё давлатлари орасидан Америка Қўшма Штатларининг сўнгги янгиликка расман муносабат билдиргани кўрилган.
Аммо расмий Вашингтон ўзининг эътибори ва хавотирларини асосан Толибон муваққат ҳукуматининг таркибига қаратган.
Толибон сўнгги АҚШ ҳарбийси Афғонистонни тарк этишидан роппа-роса бир ҳафта ўтиб, кеча, 7 сентябрь куни Афғонистонни яна Исломий Амирлик, деб эълон қилган.
Мамлакатда қайта Шариат қонуни амал қилишини билдирган.
Пойтахт Кобулда матбуот анжумани уюштириб, воизи расман янги муваққат ҳукумати ва Вазирлар Маҳкамасининг таркиби билан таништирган.
Янги муваққат Бош вазир ва қолган ҳукумат аъзолари барчасининг толиблар етакчиларининг ўзларидан ташкил топгани кўрилган.
Ораларида Афғонистондаги бошқа ҳеч бир сиёсий куч вакиллари ва бирор бир хотин-қизнинг йўқлиги ҳам маълум бўлган, аксариятини этник паштунлар ташкил этган.
Рўйхатдагилар орасида БМТ "қора рўйхати", АҚШ Федерал Қидирув Бюроси қидирувида бўлган ва қонли ҳужумларда айбланганларининг борлиги эса, кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаган.
Ҳаракатнинг очиқ ва инклюзив ҳукумат тузишга оид ваъдаси ҳозирча ўзини оқламаган.
Толибон воизи нега айнан муваққат ҳукумат эълон қилишгани сабабини, ўз таъбирича, Афғонистондаги инқирозий вазият билан изоҳлаган.
Аммо айнан муваққати ҳаракатнинг доимий ҳукуматини тузиш йўлидаги муҳим қадам, дея баҳо топган.
Баёнот

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ томонининг муносабати эса, Давлат департаментининг расмий баёнотида ўзининг ифодасини топган.
Баёнотда зиддиятли янги рўйхатнинг фақат толиблар ва эркаклардан иборат эканига диққат қаратилган.
Янги тайинланганлардан айримларининг мансублиги ва шу пайтгача қилган қилмишларидан хавотир билдирилган.
АҚШнинг Толибонга "айтган сўзи эмас, қилган ишидан келиб чиқиб" баҳо беражаги яна бир бор таъкидланган.
Толибонни саёҳат ҳужжатлари бўлган чет эл фуқаролари, афғонларнинг кетишлари ва ҳозир парвозга шай самолётларнинг учишига тўсқинлик қилмаслик каби зиммасига олган масъулиятларини бажаришга ундашда давом этишлари айтилган.
Ҳаракат афғон тупроғидан ташқи таҳдид мақсадида фойдаланилмаслигини қатъий кафолатлашига умид қилаётганликлари ҳам билдирилган.
"Дунё Афғонистондаги вазиятни яқиндан кузатиб тургани"ни эслатилган.
Айнан сўнгги 20 йил ичида АҚШ Афғонистонда энг катта сондаги ҳарбийсига эга ва якуний сўзни айтиш мавқеига эга давлат бўлиб келган.
Аммо ўзининг шунча йиллик ҳозирлиги ортидан ҳам афғон можаросига якуний ечим топишга қодир бўлмаган.
Ўтган йили Толибон билан имзолаган "тарихий" тинчлик битими шартларига мувофиқ, шу йил 31 август куни Афғонистонни буткул тарк этган.
Аммо битимда кўзда тутилган афғонлараро мулоқотлар ўзининг якунига етмаган.
Толибон худди шу манзарада Афғонистонни куч билан эгаллаган.
Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукумат режаси чиппакка чиққан.
Толибон қўлига ўтган-ўтмагани ҳануз ноаён қолаётган Панжшердаги Миллий Қаршилик Жабҳаси эса, уларнинг муваққат ҳукуматини "ноқонуний", деб атаган.
Дунё давлатларини, "Афғонистон халқининг истак-хоҳишига асосланган шартларни бажармагунига қадар, Толибоннинг ҳукуматини тан олмаслик"ка чақирган.
Мамлакат конституциясига мувофиқ ўзини муваққат президент, деб эълон қилган Амруллоҳ Солиҳнинг ҳозир Толибонга қарши кучлар билан бирга Панжшерда экани айтилади.
Толибон бунгача хотин-қизларга вазирлик мақоми берилмаслигини ўзи маълум қилган.
Янги ҳукумати таркибига эскисидан бирор бир кишининг кирмаслигини ҳам билдирган.
Толибоннинг биринчи Исломий Амирлиги Афғонистонда 1996-2001 йилларда амал қилган.
2001 йилда эса, айнан АҚШ бошчилигидаги халқаро иттифоқ кучлари томонидан ағдарилганди.

Сурат манбаси, official
Афғонистондаги воқеаларнинг бугунги ривожига бефарқ бўлмаган дунёнинг яна бир ядровий, иқтисодий ва ҳарбий қудрати бўлган Хитой эса, янги афғон ҳукумати ва унинг раҳбарлари билан мулоқотларини давом эттиришини айтган.
Ушбу мамлакатдаги элчихоналари ҳануз фаолиятда эканини билдирган.
Аммо, худди шунинг баробарида, Ташқи ишлар вазирлиги воизи "янги Афғонистон ҳукумати барча этник гуруҳлар ва ҳаракатларнинг фикрларини тинглаши, ўз халқининг интилишлари ва халқаро ҳамжамиятнинг умидларига мувофиқ иш олиб боришига умид қилиб қолишлари"ни ҳам айтган.
Хитой томонининг билдиришича, Толибон ўзларига янги тузумдан барча фойда кўришини таъкидлаган.
Расмий Пекин яқинда, ҳали қудратга келмай турибоқ, Толибонни Афғонистондаги "муҳим ҳарбий ва сиёсий куч", деб эътироф этган. Яна бир бор "дўстимиз", деб атаган.
Айни мазмундаги эътирофлар Толибон юқори мартабали сиёсий ҳайъатининг ўтган ой Хитойга қилган амалий ташрифи чоғида янграган.
Толибон ҳайъатини Хитойда қанчалик илиқ қаршилангани Ғарбдаги раҳбарлар ва етакчи нашрлар эътиборига ҳам тушмай қолмаган.
Қудратга келиши ортидан эса, Толибон Хитойни Афғонистоннинг асосий ҳамкори, деб атаган.
Хитой ҳам минтақанинг Афғонистонга чегарадош яна бир давлати бўлади.
Тинчиса, Афғонистонни ҳам қамраб олиши мумкин бўлган миллиардлаб долларлик йирик минтақавий лойиҳаларнинг муаллиф ва ташаббускори экани кўрилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















