Шошилинч хабар, Афғонистон: Толибон Исломий Амирлиги ва янги муваққат ҳукуматини эълон қилди video Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Афғонистонда қудратга келишидан уч ҳафта ўтиб, Толибон ўзининг янги муваққат ҳукуматини эълон қилди. Янги Вазирлар Маҳкамасини таништирди.
Янги вазирлар рўйхатини пойтахт Кобулдаги матбуот анжумани чоғида ҳаракат воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид ўқиб, эшиттирди.
Муваққат ҳукумат таркибидаги аксарият вазирларнинг Толибон етакчилари ва муллалар экани айтилмоқда.
Хабарларга кўра, уларнинг орасида сўнгги 20 йил ичида АҚШ ва Нато кучларига қарши ҳужумлари билан тилга тушган бир қанча нуфузлилари ҳам бор:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Забиҳуллоҳ мужоҳиднинг айтишича, Афғонистон жорий пайтда инқироз ичида.
Унга кўра, худди шу боис ҳам янги муваққат ҳукуматни айнан ҳозир эълон қилишга қарор қилишган.
Олий қўмондони, Олий диний, сиёсий ва ҳарбий лидери Мавлавий Ҳибатулла Охундзода номидан экани айтилган баёнотда янги ҳукумат ҳам Шариат қонунига амал қилиши билдирилган.
Муваққати Толибоннинг доимий ҳукуматини тузиш йўлидаги муҳим қадам экани айтилмоқда.
Янги Бош вазир

Сурат манбаси, SUPPLIED
Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, Мулла Муҳаммад Ҳасан Ахунд Афғонистоннинг янги муваққат Бош вазири этиб тайинланган.
У ҳануз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "қора рўйхати"да туради.
Мулла Муҳаммад Ҳасан Ахунд Исломий Амирлиги Афғонистонда қудратда бўлган пайтда Толибоннинг Ташқи ишлар вазири муовини бўлган.
Янги муваққат Бош вазир этиб тайинлангунча ҳаракатнинг бошқарув кенгашига раислик қилган.
Ҳаракатнинг сиёсий лидери Мулла Абдулғани Бародар Ахунд унинг биринчи муовини, деб эълон қилинган.
Мулла Абдулғани Бародар Ахунд Толибон ҳаракатининг тўртта ҳамасосчисидан бири бўлади.
У ҳаракат сиёсий қанотининг Доҳадаги идорасини ҳам бошқарган, 2019 йилда амалий ташриф билан Ўзбекистонда ҳам бўлиб қайтган.
Янги Бош вазирнинг иккинчи муовини ўлароқ Абдул Салом Ҳанафийнинг номи тилга олинган.
Этник ўзбек ва Толибон музокарачилар гуруҳининг аъзоси.
Муваққат Ички ишлар вазири этиб эса, АҚШ Федерал Қидирув бюроси кўз остидаги Сирожиддин Ҳаққоний тайинланган.
У ҳозир отасининг ўрнига ўрин Ҳаққоний тармоғининг амалдаги лидери бўлади.
Муваққат Мудофаа вазири лавозимини Толибон ҳаракати асосчиларидан бири ва ҳозирда марҳум экани айтилувчи илк лидери Мулла Умарнинг ўғли Мулла Ёқуб эгаллаган.
Хорижий қўшинларнинг ортга сафарбарлиги борасида АҚШ билан музокаралар олиб борган Амир Хон Муттақий муваққат Ташқи ишлар вазирига айланган.
Толибон сўнгги кунларда янги ҳукумат тузиш устида жиддий иш олиб бораётганини айтиб келаётганди.
Ҳаракат ўз ҳукуматини тез орада эълон қилишини ваъда қилган.
Унинг очиқ, инклюзив, аммо исломий бўлишини айтган.
Бирор бир хотин-қизнинг вазирлик мақомида бўлмаслигини ҳам билдирган.
Янги ҳукумати таркибига эскисидан бирор бир кишининг кирмаслигини ҳам таъкидлаганди.
Шу соатларда эълон қилинган муваққат ҳукуматнинг қанчалик инклюзив экани ҳозирча маълум эмас.
Сўнгги янгиликка Афғонистондаги қолган сиёсий кучлар баробарида халқаро ҳамжамиятнинг муносабати ҳам ҳалича кўзга ташланмайди.
Толибон қандай бошқарилади?
Ҳозир ҳаракатнинг беш етакчиси бор.
Шу пайтгача 26 кишилик Олий маслаҳат ва қарор қабул қилувчи кенгаши ҳам амал қилиб келган.
Ўзининг "Вазирлар Маҳкамаси" ҳам фаолият юритган.
Улар турли соҳаларни назорат қилишган.
Қатар пойтахти Доҳада сиёсий идораси жойлашган.
Бу халқаро ваколатхонаси эса, тинчлик музокараларига масъул эди.
Аммо Толибон ҳаракати бу гал ҳам қудратни куч билан эгаллаган.
15 август куни пойтахт Кобулга кирган, Ғарб қўлловидаги афғон ҳукумати қулаган.
Президент саройи - Аргни ҳам босиб олган.
Ҳали АҚШ ҳарбийлари бўлган бир пайтда Афғонистонни қайта эгаллаган, яна қудратга айтган.
Толибоннинг Амир ал-Мўъминини Мавлавий Ҳибатуллоҳ Охундзоданинг ҳозир Афғонистонда экани айтилади.
Ҳаракатнинг сиёсий лидери Мулла Абдулғани Бародар Ахунд эса, Афғонистонга қайтган биринчи юқори мартабали Толибон лидери бўлган.
Толибон қудратга қайтишидан саноқли кунлар ўтибоқ, унинг жанубий Қандаҳор вилоятига келгани хабар берилган.
Орада пойтахт Кобулга ўтгани ҳам маълум бўлганди.
Афғонистоннинг амалдаги сайланган президенти эса, Толибон пойтахт Кобулга кирган куни четга қочган.
Муҳаммад Ашраф Ғани ҳозир Бирлашган Араб Амирликларида.
Унинг Афғонистонни тарк этиши ортидан вице-президент вазифасини бажарувчиси мамлакат конституциясига мувофиқ ўзини муваққат президент, деб эълон қилган.
Амруллоҳ Солиҳнинг ҳозир Толибонга қарши кучлар билан бирга Панжшерда экани айтилади.
Сўнгги янгиликка ҳар икковлоннинг ҳам бирор бир шаклдаги муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.
Толибоннинг бундан аввалги Исломий Амирлиги Афғонистонда 1996-2001 йилларда амал қилган.
2001 йилда эса, АҚШ бошчилигидаги халқаро иттифоқ кучлари томонидан ағдарилган.
Хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан афғон можаросига якуний ечим топа олишмаган.
Толибон ҳаракати ва расмий Вашингтон ўртасида ўтган йили имзоланган "тарихий" битимга мувофиқ, шу йил 31 августга қолмай Афғонистонни тарк этишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















