Толибон Панжшерда ҳам байроғини ўрнатди, Масъуд янги даъват билан чиқди, Кобулда намойиш - Panjsher Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Taliban video
Толибон Панжшерда ўз ғалабасини эълон қилди. Байроғини ўрнатди. Афғонистон тўлиқ ўзининг назорати остига ўтганини айтди. Қаршилик кучларига нима бўлди?
Ҳаракат кеча, душанба куни Панжшерда ўз байроғи ўрнатилган видеони эълон қилди.
Панжшер Афғонистоннинг Толибон назорати остида бўлмаган ягона минтақаси эди.
Водийдаги қаршилик кучлари яна бир бор раддия билан чиқишди.
Панжшердаги бирор бир стратегик мавқеъларидан силжимаганликларини айтишди.
Ҳали яна жанг қилишларини билдиришди.
Миллий Қаршилик Жабҳаси лидери "халқни оёққа туриш"га чақирди.
Аҳмад Масъуднинг аудиомурожаати ижтимоий тармоқларда тарқалди.
- Афғонистон: Толибон ҳамон ололмаган сўнгги минтақа - Панжшер қандай водий?
- Афғонистон: Панжшерда Толибонга қарши уришиш учун минглаб одамлар йиғилмоқдами?
- Толибон учун Афғонистон шимолини тўлиқ олиш нега муҳим?
- Дўстумнинг ўғли қутқарилди, Мозори Шариф нисбатан тинч, Толибон Қандаҳорни ҳам олди
- Шимолий Афғонистон ва ўзбеклар: Маршал Дўстум қайтишидан кун ўтиб, Толибон унинг она шаҳрига бостириб кирди
Аудиомурожаат

Сурат манбаси, Reuters
Масъуд ўзининг мурожаатида халқаро ҳамжамиятни қоралади.
Уларни Толибонни легитимлаштириш, ҳарбий ва сиёсий қўллов беришда айблади.
Аҳмад Масъуд "қаерда бўлишларидан қатъиназар, афғонларни мамлакат фаровонлиги, эркинлик ва шараф учун оёққа қалқиш"га ундади.
Толибон Афғонистонни бундан уч ҳафта бурун қуролли йўл билан эгаллаган.
15 август куни пойтахт Кобулга кирган, Ғарб томонидан қўлланган афғон ҳукуматини қулатган.
Ҳаракат бу каби ютуққа Афғонистонда ҳали хорижий иттифоқ қўшинлари ҳозир бўлган бир пайтда эришган.
Аммо ўтган йил Толибон ва расмий Вашингтон ўртасида имзоланган "тарихий" битимга мувофиқ, ҳозир Афғонистонда бирор бир хорижий аскар қолмаган.
31 август куни сўнгги АҚШ ҳарбийси ҳам пойтахт Кобулни тарк этган.
Аммо худди шу манзарада Панжшер яна Афғонистоннинг Толибон қўлига ўтмаган ягона минтақаси бўлиб қолаётганди.
Афғонистон ишғоли

Сурат манбаси, Reuters
Толибон қаршилик кучларини мавҳ этиш учун орада Панжшерга минглаб жангарисини юборган.
Водийни ҳар томондан қуршаб олган, бу гал Панжшерга элтувчи барча таъминот йўлларини ҳам кесиб қўйган.
Ўтган ҳафта ҳар икки томон ҳам музокараларга киришганликларини тасдиқлашган.
Аммо орадан қисқа вақт ўтмай, Толибон музокаралар чиппакка чиққанини маълум қилган.
Бунинг ортидан Панжшерда қақшатқич жанглар бошланиб кетган.
Ҳар икки тараф ҳам бир-бирларига оғир талафот етказишаётганини иддао қилиб келишган.
Аммо уларнинг даъволарини мустақил манбалар орқали тасдиқлаш ҳануз имконсизлигича қолмоқда.
Қаршилик тимсоли

Панжшер Афғонистонда қаршилик тимсолига айланган водий бўлади.
Ўнлаб йиллар давомида бу водийни бирор бир босқинчи, ишғолчи куч босиб ололмаган.
Панжшер пойтахт Кобулдан бор-йўғи 50 чақиримча узоқликда жойлашган.
У ердаги Толибонга қарши курашаётганларнинг сони 15 минг нафарча экани айтилади.
Толибон сафларидаги доимий жангариларининг сони эса, 80-85 мингтани ташкил этади.
Толибон эса, шу бир-икки кун ичида Афғонистонда ўзининг янги ҳукуматини эълон қилиш режасида.
Сиёсий лидери ортидан ҳаракатнинг Олий қўмондони, диний, сиёсий ва ҳарбий масалалар бўйича Олий раҳбари Мавлавий Ҳибатулла Охундзода ҳам яқинда Афғонистонга қайтган.
Ғарб қўллаган ҳукумат

Афғонистоннинг амалдаги президенти Ашраф Ғани худди ўша куни мамлакатни тарк этган, ҳозир Бирлашган Араб Амирликларида.
У яқинда тез орада яна Афғонистонга қайтишини айтган, аммо аниқ санасини очиқламаган.
Орада унинг вице-президент вазифасини бажарувчиси Амруллоҳ Солиҳ, мамлакат конституциясига мувофиқ, ўзини муваққат президент, деб эълон қилган.
У ҳам ҳозир Панжшерда, Толибонга қарши кучлар билан бирга.
Куни-кеча Амруллоҳ Солиҳнинг водийни тарк этганига оид хабарлар ҳам олинган.
Бунинг ортидан унинг раддия видеомурожаат билан чиққани кўрилган.
Аммо бу мурожаатнинг айнан қаерда ёзилганини тасдиқлаш имконсизлигича қолганди.
Панжшердаги қаршилик ҳаракатига таниқли мужоҳиддин қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг 32 ёшли ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қилмоқда.
Аҳмад Шоҳ Масъуд Совет қўшинлари баробарида Толибонга ҳам бас кела олгани билан тилга тушган, аммо 2001 йилда ал-Қоиданинг худкуш ҳужумчиси томонидан ўлдирилган.
Панжшер Афғонистонда ўзининг исломий амирлигини эълон қилган 1996 йилда ҳам Толибоннинг қўлига ўтмаган, уларнинг назоратидан ташқарида бўлган.
Аммо, айрим экспертларга кўра, толиблар ўша йиллардан яхши сабоқ чиқаришган.
Панжшер ишғолига бу гал бошқача стратегия билан ёндашишган.
Кобулда яна намойишлар

Пойтахт Кобул эса, бу гал йирик норозилик намойишларига саҳна бўлган.
Юзлаб намойишчи Толибон бошқарувига қарши чиқишган.
Улар хотин-қизлар ҳуқуқларининг ҳимоя этилишини талаб қилишган.
Толиблар яна намойишларни тинч йўл билан тарқатишга ҳаракат қилишган.
Аммо бу гал ҳавога қарата ўт очишган.
Толибон қудратга келган сўнгги уч ҳафта ичида Афғонистон устма-уст намойишлар ичида қолган.
Пойтахт Кобулдан ташқари ғарбий Ҳирот ва шимолий Мозори Шарифда ҳам худди шунга ўхшаш намойишлар кузатилган.
Толиблар бу намойишларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи ва қалампирли газ қўллаган.
Намойишчиларни ҳақорат қилгани, калтаклаганига оид хабарлар ҳам олинган.
Кўчага чиққанларнинг аксарияти эса, хотин-қизлар экани билан кўпчиликнинг диққатини ўзига тортган.
Толибон қудратда экан, бу каби намойишлар Афғонистон учун деярли мисли кўрилмаган воқеълик бўлган.
Ҳаракатнинг норозилик чиқишларига нисбатан бу каби тоқатли муносабати ҳам шу пайтгача кузатилмаган.
Афғонистон Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ бўлади.
Аммо сиёсий қаноти ҳам бор, Қатар пойтахти Доҳада сиёсий идораси фаолият юритиб келади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















