Толибон Панжшерни ишғол қилганини айтмоқда - Афғонистон, янгиликлар Panjsher Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Мужоҳид

Сурат манбаси, Reuters

Толиблар воизи Забиҳуллаҳ Мужоҳидга кўра, Афғонистоннинг собиқ вице-президенти Амруллоҳ Солиҳ мамлакатни тарк этган.

Унинг айтишича, Толибларга қарши кучлар раҳбари Тожикистонга қочиб кетган.

Толибон воизи шунингдек, қаршилик кучларига раҳбарлик қилаётган шахслар ҳозирда "йўқолиб қолишган".

Мужоҳидга кўра, "Афғонистон уларнинг ватани ва исташса ватанга қайтишлари мумкин".

Панжшерда бугундан бошлаб электр ва сув таъминоти қайта тикланиши маълум қилинган.

Толибон инсонпарварлик ёрдамга муҳтож

Толибон воизи мамлакатда ички парвозлар қайта бошланганини айтар экан, тез орада халқаро рейслар ҳам тикланишига умид билдирган.

Унга кўра, мамлакатни қайта қуриш учун халқаро ёрдам лозим.

Мужоҳид халқаро ҳамжамиятни ёрдамларни давом эттиришга чақирган.

Толибларга қарши кучларнинг сўнгги истеҳкоми?

Иккала томон ҳам ой бошидан бери ўз душманларига катта талофатлар етказганларини даъво қилиб келишаётганди.

Толибон бир неча бор Панжшердаги раҳбарларга таслим бўлишни таклиф қилган эди.

Панжшердаги аксилтолибон аскар

Сурат манбаси, AFP

Ўртада кечган музокаралар бесамар бўлган, томонлар музокаралар муваффақиятсизлигида рақибларини айбладилар.

Миллий Қаршилик Жабҳаси сафларида бир неча минг ҳудудий жангарилар ҳамда Афғон ҳукумати армиясининг собиқ ҳарбийлари жамланган деб кўрилади.

Айрим маълумотларга кўра, қаршилик ҳаракати аъзолари сони 15 мингни ташкил этади.

Панжшердаги қаршилик ҳаракатига таниқли мужоҳиддин қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг 32 ёшли ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қилмоқда

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Панжшердаги қаршилик ҳаракатига таниқли мужоҳиддин қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг 32 ёшли ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қилмоқда

Панжшердаги қаршилик ҳаракатига таниқли мужоҳиддин қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг 32 ёшли ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қилгани айтилади.

Унинг отаси Аҳмад Шоҳ Масъуд Совет қўшинлари баробарида Толибонга ҳам бас кела олгани билан танилган, аммо 2001 йили "Ал-Қоида"нинг худкуш ҳужумчиси томонидан ўлдирилган.

Панжшер Афғонистонда ўзининг исломий амирлигини эълон қилган 1996 йилда ҳам Толибоннинг қўлига ўтмаган, уларнинг назоратидан ташқарида бўлган.

Аммо, айрим экспертларга кўра, толиблар ўша йиллардан яхши сабоқ чиқаришган ва бу гал водийни ҳар томондан қамал қилишган, уларнинг таъминот йўлларини кесиб қўйишган.

Қаршилик тимсоли

BBC map
Сурат тагсўзи, Толибон эгаллаган ҳудудлар қизил рангда, Толибларга бўйсинмаган ягона минтақа - Панжшер эса сариқ рангда

Панжшер Афғонистонда қаршилик тимсолига айланган водий бўлади.

Ўнлаб йиллар давомида бу водийни бирор бир босқинчи, ишғолчи куч босиб ололмаган.

Панжшер пойтахт Кобулдан бор-йўғи 50 чақиримча узоқликда жойлашган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek