Афғонистон: Панжшер водийсида қаттиқ жанглар бораяпти Panjsher Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Панжшердаги қуролли қаршилик ҳарбийлари

Сурат манбаси, AFP

Афғонистон пойтахти Кобул шимолидаги Панжшер водийсидан олинаётган хабарларга кўра, бутун мамлакатни босиб олган Толибон жангчилари билан тоғли водийни ҳимоя қилаётган Миллий Қаршилик Жабҳаси қуроллилари ўртасида қаттиқ жанглар кечмоқда.

Сентябрь ойининг бошидан буён Толибон ҳам, қаршилик томони ҳам ўзларининг душманларига катта талофатлар етказганларини даъво қилишаяпти.

Толибонга кўра, жабҳа "катта йўқотишлар" берган, ўзлари айрим ҳудудларни қаршилик ҳаракатидан тортиб олган.

Аммо Миллий Қаршилик Жабҳаси водийга кирадиган ҳамма жойларни ўзлари назорат қилаётганини, Толибон эса юзлаб қуроллиларини йўқотганини айтган.

Панжшердаги аксилтолибон аскар

Сурат манбаси, AFP

Бундан олдин Толибон Панжшердагиларни таслим бўлишга чақирганди.

Ўртада кечган музокаралар бесамар бўлган, томонлар музокаралар муваффақиятсизлигида рақибларини айбладилар.

Миллий Қаршилик Жабҳаси сафларида бир неча минг ҳудудий жангарилар ҳамда Афғон ҳукумати армиясининг собиқ ҳарбийлари жамланган деб кўрилади.

Айрим маълумотларга кўра, қаршилик ҳаракати аъзолари сони 15 мингни ташкил этади.

Панжшердаги қаршилик ҳаракатига таниқли мужоҳиддин қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг 32 ёшли ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қилмоқда

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Панжшердаги қаршилик ҳаракатига таниқли мужоҳиддин қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг 32 ёшли ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қилмоқда

Панжшердаги қаршилик ҳаракатига таниқли мужоҳиддин қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг 32 ёшли ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қилмоқда.

Аҳмад Шоҳ Масъуд Совет қўшинлари баробарида Толибонга ҳам бас кела олгани билан танилган, аммо 2001 йили "Ал-Қоида"нинг худкуш ҳужумчиси томонидан ўлдирилган.

Панжшер Афғонистонда ўзининг исломий амирлигини эълон қилган 1996 йилда ҳам Толибоннинг қўлига ўтмаган, уларнинг назоратидан ташқарида бўлган.

Аммо, айрим экспертларга кўра, толиблар ўша йиллардан яхши сабоқ чиқаришган ва бу гал водийни ҳар томондан қамал қилишган, уларнинг таъминот йўлларини кесиб қўйишган.

Қаршилик тимсоли

BBC map
Сурат тагсўзи, Толибон эгаллаган ҳудудлар қизил рангда, Толибларга бўйсинмаган ягона минтақа - Панжшер эса сариқ рангда

Панжшер Афғонистонда қаршилик тимсолига айланган водий бўлади.

Ўнлаб йиллар давомида бу водийни бирор бир босқинчи, ишғолчи куч босиб ололмаган.

Панжшер пойтахт Кобулдан бор-йўғи 50 чақиримча узоқликда жойлашган.

Ҳозир водийни минглаб Толибон жангариси қуршаб олган.

Толибон шу бир-икки кун ичида Афғонистонда ўзининг янги ҳукуматини эълон қилиш режасида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek