Афғонистон: Панжшер энди таслим бўладими – Толибон билан музокаралар иш бермади Panjsher Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Толибон Панжшердагиларни таслим бўлишга чақирди. Музокаралар чиппакка чиққанини билдирди. Толиблар билан маршал Абдулрашид Дўстумнинг ҳам музокара қилиши айтилганди. Панжшер ҳамон минглаб Толибон жангариси қуршовида қолмоқда.
Маршал Абдулрашид Дўстумнинг ҳозир аниқ қаердалиги маълум эмас.
Ўзи ёки тарафдорларининг Толибоннинг сўнгги даъватига муносабати ҳам ҳалича кўзга ташланмайди.
Бундан уч кун бурун Панжшердаги кучлар ўзларининг Толибонга таслим бўлиш ниятларини йўқлигини билдиришган.
Улар Толибон билан музокаралар олиб бориш режасида эканликларини маълум қилишган.
Британиянинг Рейтер ахборот агентлиги бу хусусда генерал Атто Муҳаммад Нурнинг ўғли билан гаплашишга муваффақ бўлганди.
Холид Нур Толибон билан "баҳамжиҳат музокаралар олиб бориш учун" Афғонистондаги мухолиф сиёсатчилар бирлашаётганликларини айтган.
Уларнинг орасида "маршал Абдулрашид Дўстум"нинг ҳам борлигини тилга олган.
Худди ўша суҳбати чоғида Холид Нурнинг ўзи ҳам музокаралар иш бермаслиги "эҳтимоли юқори" эканини эътироф этган.
Аммо, шундай бўлган тақдирда, ўзларининг ҳеч қачон таслим бўлмасликларини баён қилган.
Толибон воизи ҳам Панжшердаги ўзларига қарши кучлар билан музокаралар кечаётганини тасдиқлаган.
Забиҳуллоҳ Мужоҳид уларнинг иш бериши эҳтимолини "60 фоизлар", деб баҳолаганди.
- Афғонистон: Толибон ҳамон ололмаган сўнгги минтақа - Панжшер қандай водий?
- Афғонистон: Панжшерда Толибонга қарши уришиш учун минглаб одамлар йиғилмоқдами?
- Толибон учун Афғонистон шимолини тўлиқ олиш нега муҳим?
- Дўстумнинг ўғли қутқарилди, Мозори Шариф нисбатан тинч, Толибон Қандаҳорни ҳам олди
- Шимолий Афғонистон ва ўзбеклар: Маршал Дўстум қайтишидан кун ўтиб, Толибон унинг она шаҳрига бостириб кирди
Аудиомурожаат

Сурат манбаси, Getty Images
Панжшер жорий пайтда Афғонистоннинг ҳануз Толибон қўлига ўтмаган ягона минтақаси бўлади.
Толибларга қарши кучларнинг таянч нуқтаси ва истеҳкоми экани кўрилади.
Икки ўртадаги музокараларнинг иш бермаганини Толибоннинг юқори мартабали мулозими маълум қилган.
Амир Хон Муттақий Twitter орқали аудиомурожаат билан чиққан.
У ўзининг мурожаатида музокаралар иш бермаганини айтиб, Панжшердагиларни қўлларидан қуролларини қўйишга чақирган.
Водий аҳолисини уларни кўндириб беришга ҳам ундаган.
Аммо Афғонистоннинг сўнгги Мудофаа вазири вазифасини бажарувчиси бошқача баёнот билан чиққан.
Бисмиллоҳ Муҳаммадий Толибоннинг Панжшерга қилган ҳужуми даф этилгани, ҳаракатнинг 30 дан ортиқ жангариси ўлдирилганини маълум қилган.
Афғон генералининг кеча, 1 сентябрь куни қилган айни мазмундаги баёнотига эса, толибларнинг муносабати ноаён қолган.
Қаршилик тимсоли

Панжшер Афғонистонда қаршилик тимсолига айланган водий бўлади.
Ўнлаб йиллар давомида бу водийни бирор бир босқинчи, ишғолчи куч босиб ололмаган.
Панжшер пойтахт Кобулдан бор-йўғи 50 чақиримча узоқликда жойлашган.
Ҳозир водийни минглаб Толибон жангариси қуршаб олган.
31 август куни ҳам Панжшерда ҳар икки рақиб томон ўртасида жанглар кечганига оид хабарлар олинган.
Қаршилик ҳаракати воизи Толибон ўзларини ҳар томондан ҳужумга тутганини, аммо шунга қарамай, 8 нафар жангарисини ўлдиришга муваффақ бўлганликларини айтган.
Аммо Толибон бунга зиёд баёнот билан чиққан.
Айнан ўзларининг Панжшердагиларга оғир талафот етказганликларини билдирган.
Уларнинг учта назорат-ўтиш нуқтасини босиб олганликларини ҳам иддао қилган.
Толибоннинг айни мазмундаги иддаосига Панжшердагиларнинг муносабати ҳозирча кўзга ташланмаган.
Кучлар нисбати

Сурат манбаси, Getty Images
Панжшердаги Толибонга қарши курашаётганларнинг сони 15 минг нафарча экани айтилади.
Толибон сафларидаги доимий жангариларининг сони эса, 80-85 мингтани ташкил этади.
Худди шу манзарада Афғонистоннинг Панжшерга қўшни Бағлон, Пағмон ва Дайкўнди вилоятларида ҳам жанглар кечганига оид хабарлар олинган.
Толибон эса, шу бир-икки кун ичида Афғонистонда ўзининг янги ҳукуматини эълон қилиш режасида.
Сиёсий лидери ортидан ҳаракатнинг Олий қўмондони, диний, сиёсий ва ҳарбий масалалар бўйича Олий раҳбари Мавлавий Ҳибатулла Охундзода ҳам яқинда Афғонистонга қайтган.
Хабарларга кўра, Толибоннинг лидерлари янги ҳукумат борасидаги уч кунлик мулоқотларини кеча, 1 сентябрь куни якунлашган.
Афғонистоннинг амалдаги президенти Ашраф Ғани худди ўша куни мамлакатни тарк этган, ҳозир Бирлашган Араб Амирликларида.
У яқинда тез орада яна Афғонистонга қайтишини айтган, аммо аниқ санасини очиқламаган.
Орада унинг вице-президент вазифасини бажарувчиси Амруллоҳ Солиҳ, мамлакат конституциясига мувофиқ, ўзини муваққат президент, деб эълон қилган.
У ҳам ҳозир Панжшерда, Толибонга қарши кучлар билан бирга.
Панжшердаги қаршилик ҳаракатига таниқли мужоҳиддин қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг 32 ёшли ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қилмоқда.
Аҳмад Шоҳ Масъуд Совет қўшинлари баробарида Толибонга ҳам бас кела олгани билан тилга тушган, аммо 2001 йилда ал-Қоиданинг худкуш ҳужумчиси томонидан ўлдирилган.
Панжшер Афғонистонда ўзининг исломий амирлигини эълон қилган 1996 йилда ҳам Толибоннинг қўлига ўтмаган, уларнинг назоратидан ташқарида бўлган.
Аммо, айрим экспертларга кўра, толиблар ўша йиллардан яхши сабоқ чиқаришган ва бу гал водийни ҳар томондан қамал қилишган, уларнинг таъминот йўлларини кесиб қўйишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













