Ўзбекистон ва Марказий Осиё: Энди Россия ҳарбий ҳозирлиги кучаядими, Хитой-чи, вазиятга аралашадими – янги қўрқув ва хавотирлар қанчалик асосли? Видео

Сурат манбаси, gettyimages/afp
Янги савол, қўрқув ва хавотир

Сурат манбаси, Getty Images
Марказий Осиё чегараси бузилди.
Минтақа кетма-кет ҳужумга учради, тўқнашувларга саҳна бўлди.
Нишон – Тожикистон, нега?
Устма-уст ҳужумлар кимнинг иши?
Мавжуд вазият Ўзбекистон, бутун минтақа хавфсизлиги учун нимани англатади?
Россия ва Хитой-чи, энди нима қилади?
"Диққат, BBC" дастуримизнинг бу галги сонида худди ана шу мавзу таҳлили. Дастуримизни видео шаклда кўриш учун қуйида илова қилинган линкни босинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Нега бундай бўлди?

Сурат манбаси, Getty Images
Марказий Осиё чегараси бузилди.
Минтақа Афғонистондан устма-уст ҳужумга учради, тўқнашувларга саҳна бўлди.
Кетма-кет ҳодисалар яна саноқли ҳафталарнинг ичида юз берди.
Тожикистон ягона нишонга айланди.
Бунақаси эса Марказий Осиё минтақасининг бу яқин тарихида бўлмаган.
Сўнгги воқеалар минтақа қолиб, ҳатто халқаро миқёсда эътибор топди.
Нега бундай бўлди?
"Албатта, бунинг ўз сабаблари бор. Биринчидан, ҳозир Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистонда фаол эмас. Лекин тожик жангариларидан иборат "Жамоат Ансаруллоҳ" гуруҳи Толибон билан яқин ҳамкорликда ва улар анчагина фаол. Эсингизда бўлса, икки йил муқаддам Афғонистоннинг шимоли ва шимоли-шарқида бир қанча аъзолари тоғлардаги тошларга ўз гуруҳлари номларини ёзиб, Тожикистон ҳукуматига ўзларининг борликларини билдириб қўйишган. Бу албатта ўшанда Тожикистон томонининг норозилигига сабаб бўлди. Лекин, бошқа томондан, бу Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида исломий жангариларнинг борликларини кўрсатиб қўйди", - дейди BBC билан суҳбатида худди шу саволга жавоб бераркан ҳозир Прагада бўлган асли тожикистонлик мустақил журналист Сирожиддин Ислом.
Суҳбатдошимизга кўра, бу ҳолатни, мисол учун, Афғонистон билан нисбатан кичикроқ чегарага эга бўлган Ўзбекистон ёки Туркманистон мисолида айтиб бўлмайди. Журналист худди шу саволимизга жавоб бераркан, ўзининг эътиборини яна Тожикистоннинг Афғонистондаги Толибон ҳукумати билан муносабатларининг бугунги аҳволига ҳам қаратди.
"Бундан ташқари, Тожикистон Марказий Осиёда Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан дипломатик алоқалар ўрнатмаган ягон давлат бўлиб қолаяпти. Тожикистон ҳукумати Толибон иқтидорга келгандан кейин ҳам ўзининг эътирозларини очиқчасига билдирган ва у ердаги этник озчиликлари, аниқроғи, тожиклар манфаатини ҳимоя қилишдан манфаатдор эканлигини ҳам айтган. Ҳозиргача икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар йўқ", - дейди суҳбатдош.
Аммо, мустақил журналистга кўра, сўнгги йилларда мавжуд вазият ўзгарган. Сўнгги йилларда Россиянинг Украина билан банд бўлиб қолиши, Европа Иттифоқининг ҳам марказий эътибори асосан Украинага қаратилиши ва АҚШ сиёсатидаги ўзгаришлар, албаттаки, Толибонни анчайин фаол ҳаракат қилиш ва бир маънода, Тожикистон ҳукуматини ўз хоҳиш-иродасига бўйсиндиришга уринишига олиб келган.
"Шу маънода Тожикистон ҳукумати ён беришларга бораяпти ва расман Толибон ҳукуматини тан олмаса ҳам, у билан алоқалар мавжудилигини кўрсатаяпти. Яъни, чегарадаги хавфсизлик, тижорат ва электр энергияси таъминоти масаласида икки ўртада қандайдир борди-келди, мулоқотлар мавжуд. ", - дея ўз сўзларида давом этади журналист.
Лекин, суҳбатдошнинг фикрича, Афғонистон томонидан Тожикистон ҳудудларида қандайдир бир қуролли ҳаракатларнинг бўлиши, бу биринчидан, Толибон ҳукуматининг марказлашмаганлигини кўрсатади. – Иккинчи томондан, Толибон ичида Тожикистон ҳукуматига салбий муносабатда бўлган элементларнинг ҳам борлигини кўрсатади.
Вазият ўзгардими?
Siz aytayotgan hududlar Markaziy OSiyoning juda ham kichkina nuqtalari hisoblanadi. U yerlarda katta qurolli amaliyotlarni o‘tkazish mumkin, degan fikrdan yiroqman.
Тожик-афғон чегарасида қуролли тўқнашувлар кўп юз берган.
Агар, расмий рақамларга таянилса, биргина ўтган йилнинг биринчи ярмида тўқнашувлар сони ўнтага етган.
Аммо уларнинг барчасига наркодилерлар сабаб бўлгани айтилган.
Сўнгги ҳужумларнинг сабаби, шакли ва табиати эса ўзгарган. Хитой фуқаролари нишонга олинган.
Амударё ўзани устидан ҳам тўқнашилгани айтилган. Граната билан жиҳозланган дрон қўлланган.
Бу нимани англатади?
"Сиз айтаётган ҳудудлар Марказий ОСиёнинг жуда ҳам кичкина нуқталари ҳисобланади. У ерларда катта қуролли амалиётларни ўтказиш мумкин, деган фикрдан йироқман. Албатта, бундай яккам-дуккам, кичик тўқнашувлар, чегаралардан сизиб ўтиш, наркотикларни олиб ўтишга уринишлар ёки қандайдир бир қуролли жангари гуруҳларнинг Тожикистон ҳудудига ўтиб, қанақадир террорчилик ҳужумларини уюштириш эҳтимолларини назардан соқит этмаган бўлардим. Бундай нарсалар бўлиши мумкин", - дейди Прагадан мустақил журналист суҳбатдошимиз.
Аммо, унга кўра, бу систематик ёки кенг кўламда бўлади, деган фикрда эмас.
"Бундан на Тожикистон ҳукумати ва на Толибон ҳукумати манфаатдор, деб ўйлайман. Агар, икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқалар тикланса, чегараларда катта муаммолар қолмайди. Аммо, ҳозирча, Тожикистон ҳукумати, расмий Душанбе бунга тайёр эмас".
Хитой нега нишон?

Сурат манбаси, Getty Images
Тожикистонга қилинган худди шу ҳужумларда Хитой фуқаролари ҳам ўлдирилди. Яна тан жароҳати ҳам олди.
Ҳодиса шуниси билан халқаро миқёсда эътибор топди.
Бунга ўхшаш ҳолат бундан аввал Покистон ва Афғонистонда ҳам кузатилган.
Хитой минтақа давлатлари барчасининг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори, ётиримчиси ва қарз берувчиларидан бири.
Ўзининг энг йирик иқтисодий лойиҳаларини ҳам минтақа билан боғлаган.
Шундай экан, воқеалар нега бундай тус олди?
Сайид Абдуллоҳ Низомий
BBC Афғон хизмати
Сайид Абдуллоҳ Низомий: Энг муҳим савол ҳам шундаки, нима учун хитойликлар ва уларнинг бизнеслари Покистон, Афғонистон, Тожикистон ва минтақанинг бошқа ҳудудларида ишонга олинаяпти? Афғон-тожик чегарасида яқинда юз берган ҳодисада эса ҳатто хитойликлар қурбон ҳам бўлишди. 2022 йилнинг декабрида Афғонистон пойтахтида ҳам хитойликларнинг меҳмонхонаси нишонга олинди. Бундан ташқари, шу кунларда яна хитойликларнинг Кобулдаги ресторани ҳам ҳужумга учради. Унда ҳам бир хитойлик ўлдирилди. Биз суҳбатлашган экспертларга кўра, бунга Хитойнинг минтақани кўзлаган узоқ муддатли режалари сабаб бўлган. Хитойнинг Ўзбекистон бўладими ёки Тожикистон, қолган минтақа давлатларида ҳам ўзининг иқтисодий режалари бор. Советлар Иттифоқи парчаланиши ортидан Хитой минтақада ўзининг иқтисодий таъсири, иштироки ва узоқ муддатли режаларини кенгайтирди. Аммо аксарият минтақа давлатлари ҳукуматларининг қаттиққўл сиёсати сабаб, одамлар бу ҳақда ўзларининг фикрларини очиқча билдира олишмайди. Сўнгги воқеалар бизга Хитойнинг бу каби йирик иқтисодий лойиҳалари ва фаол иштироки таҳдид остида қолаётганига далолат қилади.
Ким масъул?

Сурат манбаси, skrinshot
Аммо бу ҳужум ва тўқнашувларга масъулиятни ҳозирча бирор бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган.
Тожикистон уларни "террорчи ташкилотлар"га нисбат берди. Аммо қай бири эканини очиқламади.
Толибон бу давлатларнинг орасини бузиш илинжидаги душманларнинг иши эканини айтди, лекин улар ҳам фақат шу билан чекланди.
Айрим афғон нашрлари "Жамоат Ансоруллоҳ" номини тилга олди. Текширув ишлари натижалари эса, ҳалича эълон қилинмаган.
Шундай экан, масъул ким?
Сайид Абдуллоҳ Низомий: Минтақадаги вазиятнинг қанчалик ҳассос экани назарда тутилса, қандайдир бир гуруҳнинг хитойликларга қаратилган бу каби ҳужумларга масъулиятни ўз зиммасига олиши осон эмас. Покистоннинг баъзи бир ҳудудларида ИШИДнинг Хуросон қаноти ёки Балужистон Озодлик армияси улардан айримлари ўзларининг ишлари эканлигини ҳам айтиб чиқди. Хусусан, Балужистон Озодлик армияси гуруҳи Хитойнинг Покистон билан яқиндан ҳамкорлиги учун бу ишни қилганини иддао қилди. Ўзларига тегишли бўлган ердан Покистон ҳукумати ва Хитой фойда кўраётганлигини айтди. Хитойликларнинг Афғонистондаги меҳмонхонаси ва ресторанига қаратилган ҳар икки ҳужумга эса, ИШИДнинг Хуросон қаноти ўзлари масъул эканликларини даъво қилди. Аммо фақат ИШИДнинг Хуросон қаноти ёки Балужистон Озодлик армияси эмас, "Жамоат Ансоруллоҳ" гуруҳи хам, узоқ йилларки, минтақада, Афғонистоннинг айрим ҳудудларида фаол. Бундан ташқари, асосан мусулмон уйғурлардан ташкил топгани айтилувчи Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати ҳам анча пайтдан бери Покистон, Афғонистон ва минтақанинг қолган ҳудудларида фаолият юритиб келади. Бу гуруҳлар Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларига қарши. Улар ҳам Хитойнинг минтақадаги иқтисодий манфаатларини таҳдид остида қолдириши мумкин.
Толибон ваъдаси...

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистон яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган. Сўнгги бир неча ўн йилликда ўз вақтида ҳарбий доираларда энг йирик Ўзбек жангари гуруҳи деб кўрилган ва илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам айнан Афғонистондан бошпана топиб келган. Унинг сафларидан ажралиб чиққан турли гуруҳлар учун ҳам Афғонистон бошпана вазифасини ўтаб келган.
Толибон ўзи Афғонистонда қудратга қайтган ўтган тўрт йил ичида бирор бир жангари гуруҳнинг учинчи бир давлатга қарши афғон тупроғидан фойдаланишига изн бермаслигини изчил равишда такрорлаб келади. Ўзларининг Доҳа битими шартларига содиқ қолишларини таъкидлайди.
Орада Ўзбекистон, Марказий Осиёни Афғонистон бундан буён хавф солмаслигига ҳам ишонтирган.
У ҳолда нега бундай бўлди? Тожикистон мисолида айтганда, минтақа нега саноқли ҳафталарнинг ўзида Афғонистондан устма-уст ҳужумга учради?
Сайид Абдуллоҳ Низомий: Толибон ҳозир ҳам бирор бир хорижий жангари гуруҳнинг Афғонистонда фаолият юритиши ва уларнинг учинчи бир давлатга қарши афғон тупроғидан фойдаланишига изн бермаслигини таъкидлайди. Тожикистондаги Хитой фуқароларига қарши қаратилган ҳужумларга ўзининг муносабатини билдираркан, Толибон Ташқи ишлар вазири улар давлатлар ўртасида "ишончсизлик" пайдо қилишга интилаётган "душманлар"нинг иши эканини айтди. Толибон сўнгги йилларда ИШИДга қарши кенг кўламли амалиётлар олиб борди, уларни жиловлашга муваффақ бўлганини ҳам иддао қилди. Бундан ташқари, Толибон "Жундуллоҳ" ва Шарқий Туркистон Исломий ҳаракатининг ҳам ортидан тушди. Фаолиятларини издан чиқаришга уринди. Улар жангариларидан аксарияти ИШИД Хуросон қаноти сафларига ҳам қўшилди. Толибон уларни эгаллаб турган ҳудудларидан сиқиб чиқаришга қаттиқ ҳаракат қилди. Аммо бунга тўлиқ муваффақ бўлмади. Чунки ҳозир ҳам бу гуруҳлар бошпана топиб, ўз фаолиятларини давом эттираётган ҳудудлар бор. Уларни Покистон қўллаб-қувватлайди, деган иддаолар бор. Бундан ташқари, Афғонистоннинг мураккаб жўғрофий жойлашуви, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги танглик ҳам уларга қўл келаётгани айтилади. Бу гуруҳлар фаол бўлиши мумкин, аммо аввалгидек Афғонистон ичкарисида эгаллаб турган турган ҳудудлари йўқ. Толибон бунга ўхшаш ҳужумларнинг олдини олиш учун ҳозир жосуслик амалиётларига зўр бераяпти. Сўнгги тўрт йил ичида Толибон ҳужум уюштириш фитнасида бўлган турли жангари гуруҳларнинг ўнлаб аъзоларини қўлга олганлигини айтади.
Чегара ҳимояси панд бердими?
Айнан тожик-афғон чегарасининг хавфсизлиги Россия, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти қолиб, ҳатто Европа Иттифоқи, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳам бош қўшган масала бўлади.
Толибоннинг Афғонистонда қудратга қайтиши манзарасида Тожикистоннинг ўзи ҳам ўзаро чегарада қўшимча ҳимоя чизиқларини яратаётганини айтганди.
Ўзбекистон ва Туркманистон мисолида қолган икки минтақа давлатиники билан қиёсланганда, Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси энг узуни бўлади.
Тожик-афғон чегарасининг узунлиги 1300 километрдан ортади.
У ҳолда сўнгги воқеалар нимага далолат қилади?
Мустақил журналист суҳбатдошимиз Сирожиддин Ислом бунинг сабабини энг аввало тожик-афғон чегарасининг ҳар доим ҳам мустаҳкам бўлмагани омилига боғлайди.
"Афғонистоннинг Тожикистон билан чегараси минтақадаги энг узуни. Шу боис, унинг баъзи нуқталарини тўлиқ назорат қилиш имконсиз. Чунки жўғрофий нуқтаи назардан, тиктоник нуқтаи назардан ўзаро чегара жудаям мураккаб жойларда жойлашган. Айниқса, Тожикистоннинг Панжи Поёндан бошлаб то Бадахшон минтақасигача бўлган ҳудудлари тўлиқ назорат қилинмайди, имконсиз буни назорат қилиш. Жуда ҳам катта куч, маблағ керак. Бундай куч ва маблағ Тожикистон ёки Афғонистондан ҳам йўқ", - дейди суҳбатдош.
Аммо, унга кўра, тожик-афғон чегарасида ўнлаб чегара нуқталари, постлар бор ва шу боис ҳам, бу ерларда Тожикистон ҳамда Толибон ўртасида қандайдир бир катта жанжаллар келиб чиқади, деб айтишга ҳалича эрта.
Чегарадаги вазиятга яқиндан назар

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистон Тожикистондан ташқари Ўзбекистон ва Туркманистонга ҳам чегарадош.
Ўзбекистон Толибон қудратга қайтганидан кейин Афғонистон билан чегарасида йирик халқаро савдо маркази – эркин савдо ҳудудини ишга туширган. Бу ишни қилган биринчи минтақа давлатга айланган.
Йирик миқдордаги савдо-иқтисодий келишувларга борган.
Термиз-Ҳайратон кўпригини фуқаролар ҳаракати учун қайта очган.
Шу кунларда Ўзбекистон Толибон ҳукумати билан ҳарбий ҳамкорлик қилмоқчи эканига оид расмий хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Биргина Ўзбекистон мисолида олганда, ҳозир чегара қанчалик хавфсиз?
BBC Ўзбек хизмати мухбири Фируз Раҳимий яқинда Ўзбекистон орқали Афғонистонда бўлиб қайтган.
"Ўзбекистондан Афғонистонга ўтаётган пайтингизда, айниқса, Ўзбекистон томонидан ундай кўп чекловлар йўқ. Бемалол. Фақат кўришади, ўтасиз, кетасиз. Албатта, Амударё устидаги кўприкнинг ярмига боргунча Ўзбекистон томонининг тартиб-қоидаларига риоя қилишингиз керак. Масалан, ҳеч нарсани суратга ололмайсиз. Пиёда ўтадиганлар ҳам, иккита, учта машинага ўтириб, кетадиганлар ҳам бор", - дейди у.
Суҳбатдошнинг айтишича, афғон томонига ўтгач ҳам, вазият деярли худди шундай, у қадар текширув йўқ. Аммо Афғонистондан Ўзбекистонга қайтаётган пайтда ҳикоя умуман бошқача.
"Толибон чегарачилари бор. Сумкангиз бўладими ёки ўзингиз, яхшилаб текшириб, кейин ўтказади. Ўзбекистон томонига ўтгач эса, улар янада қаттиқроқ текширишади. Иккита-учта текширув нуқтасидан ўтишингиз керак бўлади. Қуролли чегарачиларни кўришингиз мумкин", - дея сўзларида давом этади Фируз Раҳимий.
Tolibon hozir qat’iy bir shaklda qudratda. Qudrat va tuzumi shundayki, odamlar markazdan tayinlanadi, markazdan keladi. Albatta, Tolibonning chegara, politsiya kuchlari ham bor.
Афғонистон томонидан олсак, Толибоннинг чегара назорати заиф, улар бу ишни маҳаллий қудратли шахсларга топшириб қўйган, деган иддаолар бор.
У ҳолда бу каби даъволар қанчалик асосли бўлиши мумкин?
Фируз Раҳимийнинг айтишича, бу каби даъволар ҳозир эмас, Афғонистон Исломий республикаси амалда бўлган пайтда кўпроқ ҳақиқатга яқин бўлган.
"Нега деганда, Толибон ҳозир қатъий бир шаклда қудратда. Ҳар бир ҳудудда ўзларининг одамлари, айниқса, Афғонистон марказидан келган одамлари бор. Чунки Толибоннинг қудрат ва тузуми шундайки, одамлар марказдан тайинланади, марказдан келади. Албатта, Толибоннинг чегара, полиция кучлари ҳам шаклланган. Агар, ҳужумларга келсак, ҳа, у ерларда ўтиш нуқталари унча кенг эмас, ўрмонзорлар ҳам бор, кейин у ҳудудлар олдинлари бангивор моддалар ўтказилган нуқталари билан ҳам танилган. Ундан кейин, айниқса, Бадахшон вилояти, яъни Афғонистон томонидагиси ўз вақтида бангивор моддалар энг кўп етиштирилувчи ҳудуд саналган, бундан ташқари у ерда олтин, бир қанча конлар бор, Покистонга ҳам алоқалари жуда яқин. Шунинг учун ҳам, буларнинг барчаси бу ҳудудларда ноқонуний қуролли гуруҳларнинг фаол бўлишларига кўпроқ замин яратади, деб айтиш мумкин", - дейди у.
Бу Марказий Осиё учун нима дегани?

Сурат манбаси, skrinshot
Толибон қудратга қайтиши ортидан, Ўзбекистон ҳам Афғонистондан ҳужумга учраган.
Ўшанда ракета ҳужумига масъулиятни ИШИДнинг Хуросон қаноти ўз зиммасига олган.
Хуросон қаноти ҳозир ИШИДНинг энг жанговар тармоғи сифатида кўрилади.
Яқинда эълон қилинган халқаро ҳисоботда тармоқ Марказий Осиёда янги аъзолар ёллашда давом этаётгани айтилган.
Ўтган йили Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам АҚШдан қолган ва Толибон қўлига ўтган қурол-аслаҳага имконли бўлганига оид хавотирлар бўй кўрсатган.
Аммо яқинда Марказий Осиё хавфсизлик масаласига баҳамжиҳат ёндашиш қарорига келган.
Тошкентда минтақавий хавфсизлик концепциясини қабул қилган.
Худди шу манзарада тожик-афғон чегарасидаги сўнгги воқеалар бутун Марказий Осиё учун нимани англатиши мумкин?
Тошкентдан сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толиповнинг фикрича, бу Афғонистон томонидан фақат Тожикистон ҳудудига қилинган қандайдир ҳаракатлар, деб ёндашилса, бу тўғри ёндашув бўлмайди.
"Ҳар қанақа мана шундай таҳдидлар албатта биринчи галда қайсидир Марказий Осиё давлатидан бошланади", - дейди таҳлилчи. "Бараварига бутун Марказий Осиёга бўлмайди-ку".
Фарҳод Толиповга кўра, шу боис ҳам, аслида Тожикистонга қилинган мана шундай ҳаракатлар бу – минтақавий ўлчами бор таҳдид, деган фикрда.
"Биз биламиз, анча йиллардан бери Афғонистон беқарор мамлакат бўлиб келаяпти. Афғонистонни ҳали барқарор йўлда турди, барқарор йўлда ривожланаяпти, энди тинчлик ўрнатилди, кафолатланди дейишга ҳали анча эрта".
"Афғонистон ҳудудидан турлича таҳдидлар ҳали у ёки бу кўринишда пайдо бўлиб турибди".
Таҳлилчи фикрича, шу боис ҳам:
- Бир томондан, баҳоли қудрат гуманитар ёки бошқача ёрдамлар орқали Афғонистонни барқарорлаштиришга ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
- Иккинчи томондан, минтақавий даражада барибир хавфсизлик чораларини кўриб, тайёр туриш керак.
- Учинчи томондан, халқаро даражада, айниқса, БМТ даражасида Афғонистонга эътибор барибир яна қайтиши керак, кучайиши керак.
Энди Россия ҳарбий ҳозирлиги кучаядими?

Сурат манбаси, Getty Images
Россия Хитой ва Тожикистоннинг яқин иттифоқчиси.
Аммо Афғонистонда Толибон ҳукуматини расман тан олган биринчи давлат.
Тожикистонда Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган.
Сўнгги ҳужумлар манзарасида Тожикистон Афғонистон билан чегарасининг қўшма ҳимоясига Россия ҳарбийларини жалб этиш ҳаракатида эканига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатди.
Душанбе буни расман рад этди.
Аммо уларнинг раддияси энди минтақада Россиянинг ҳарбий ҳозирлиги кучаяди, деган хавотирларни арита олмади.
Шундай экан, бу каби хавотирлар қанчалик асосли?
Bu ko‘p jihatdan Markaziy Osiyo davlatlarining irodasiga va qarorlariga bog‘liq.
Тошкентдан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Фарҳод Толипов фикрича, бу кўп жиҳатдан Марказий Осиё давлатларининг иродасига ва қарорларига боғлиқ.
"Бу база Ўзбекистон ҳудудида эмас, фақатгина Тожикистон ҳудудида, деб ҳисобласак, қанчалик Тожикистон ҳукумати, раҳбарияти ўша Марказий Осиё минтақавий концепцияси асосида деймизми, минтақавий чораларни ишлаб чиқиб, қўшни давлатлар билан ҳамкорликда турлича таҳдидларга тайёр туриш ҳаракатларини амалга оширадимики ёки ана ўша ўзининг ҳудудида жойлашган Россия базасига мурожаат қилармикан, кўп жиҳатдан, мана шундай дилемма деймизми, танловга боғлиқ бўлиб қоларди", - дейди таҳлилчи.
Ўзбекистонлик таҳлилчига кўра, концепция қабул қилинган экан, анча йиллардан бери қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказилиб, мувофиқлаштирилган чоралар кўриб келинган экан, мана шундай механизм ва минтақавий ҳамкорлик ҳозирча мавжуд бўлган таҳдидларга қарши жавоб қайтариш учун салоҳияти етарли ва Россиянинг ҳарбий базасига мурожаат қилишга зарурат йўқ.
"Энди, бу албатта юқорида айтганимдек, база Тожикистон ҳудудида бўлгани учун уларнинг ўзига ҳавола дейиш мумкин".
Хитой энди нима қилади?
Hozir qandaydir qat’iy choralar ko‘rilmasa, Xitoy qo‘shimcha diplomatik bosimlarga borishi mumkin.
Хитой ҳам Афғонистонга чегарадош олтита минтақа давлатидан биттаси.
Йилларки, Афғонистондан бошпана топиб келаётган Шарқий Туркистон Исломий ҳаракатини ўзининг хавфсизлигига таҳдид сифатида кўради.
Аммо дунёнинг глобал ядровий ва ҳарбий қудратларидан.
Расмий Пекин Тожикистонга қилинган ва ўз фуқаролари ўлдирилган ҳужумларни кескин қоралаган. Текширишни талаб қилган.
Сатҳга ўзининг гуруҳини юборгани ҳам айтилган. Аммо уларнинг кимлардан иборат бўлгани ноаён қолган.
Расмий Пекин минтақада ўзининг геоиқтисодий ва геосиёсий манфаатларига эга қудрат.
Хитой энди нима қилиши мумкин?
Алишер Илҳомов
Халқаро сиёсий таҳлилчи, Лондон
"Бу воқеаларга бир ойчадан кўпроқ бўлди. Яна улар афғон-тожик чегарасида юз берди. Шу боис, Хитой ҳар икки давлат расмийларидан бу ҳужумларни текшириш ва қайта такрорланишининг олдини олиш учун ишончли чоралар кўришларини истайди. Чунки мазкур ҳужумлар уларнинг чегарадаги вазиятни ҳалича тўлиқ назорат эта олишмаётганига ҳам далолат қилиши мумкин. Бу ҳужумларнинг бирида ҳарбий дрон ҳам қўллангани айтилди. Мазкур факт Афғонистон ва Хитой ўртасидаги алоқаларга дарз етказиб, бу каби ишларни қила олишга қодир афғон гуруҳларининг борлигини кўрсатади. Хитой эса Афғонистоннинг муҳим ҳамкори ва ётиримчиси бўлади. Тожикистоннинг ҳам. Ҳозир қандайдир қатъий чоралар кўрилмаса, Хитой қўшимча дипломатик босимларга бориши мумкин. Агар бу натижа бермаса, мазкур муаммони ҳал қилиш учун қандайдир санкциялар қўллаши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Аммо, менимча, сўз алоқаларни узишгача бормайди. Лекин бу кўпроқ Афғонистон томонига тааллуқли бўлади. Чунки буларнинг барчаси афғон ҳудудидан содир этилмоқда. Бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш учун Тожикистон ҳукумати ҳам чегарадаги назоратни кучайтириши лозим. Ҳужумлардан бирининг дрон ёрдамида қилингани эса, уларни вақтида пайқаб, йўқ қила олиши учун Тожикистондан қандайдир техник, ҳарбий чоралар кўришини ҳам тақозо этади. Афтидан, уларнинг ҳарбий-техник базаси ҳали бунга тайёр эмас. Улар қандайдир мажбуриятларни ўз зиммаларига олишдан аввал, дронларни кузатиб, жангариларнинг фақат ер эмас, осмондан уюштириши мумкин бўлган амалларини ҳам назорат этишларига имкон берувчи жиҳоз, мосламаларни сотиб олишлари керак. Кўринишича, чегараларнинг назорати учун биргина анъанавий усулларнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун Тожикистонга маълум вақт керак бўлади. Аммо улар бу ишни имкон қадар тезроқ қилишлари лозим. Хитойда дрон ишлаб чиқариш нисбатан яхши ривожланган. Хитой бундай дрон ҳужумларига йўл қўймаслик учун ҳар икки давлатга ҳам ҳарбий ёрдам кўрсатиши мумкин. Украина уруши манзарасида ҳарбий ҳаракатлар нуқтаи назаридан вазият кескин ўзгарди. У ерда дронлар ҳал қилувчи кучга айланди ва бошқа давлатлар, жумладан, бизнинг минтақамиз ҳам бунга тайёрланиб, тегишли чораларни кўриши керак. Хитой тожик чегарачилари билан ҳамкорликда ҳаво ҳудуди, чегарани кузатиб, ҳар қандай хавфнинг олдини вақтида олиш учун чегарага мутахассислардан иборат қандайдир бўлинмасини ҳам юбориши мумкин. Минтақа Хитойга ҳам геосиёсий ва ҳам иқтисодий нуқтаи назардан муҳим."
Хотиржам бўлиш мумкинми?

Сурат манбаси, skrinshot
Сўнгги ҳодисалар манзарасида Тожикистон ҳукумати янги постлар ташкил қилиш бўладими ёки бошқа, Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлаш учун қўшимча чоралар кўраётганини расман маълум қилди.
Тожик-афғон чегарасида 18 январ куни юз берган тўқнашувдан кейин чегара хавфсизлигини таъминлаш учун бундан буёғига ҳам "барча куч ва воситалар ишга солиниши"га ишонтирди.
Аммо шу кунларда тожик-афғон чегарасида яна тўқнашув юз берганига оид хабарлар олинди.
Шундай экан, хотиржам бўлиш мумкинми?
BBC энг сўнггида худди ана шундай савол билан яна Прагадан асли тожикистонлик мустақил журналист Сирожиддин Исломга мурожаат қилди.
Унинг айтишича, ҳозир Тожикистон Армиясини жуда ҳам заиф, деб бўлмайди, ресурслари етарли ва бошқа томондан, Хитой ва Россия чегарада бундай катта конфронтацияларни юз беришига йўл қўймайди, деган фикрда.
"Бундан ҳеч ким манфаатдор эмас. Ҳаттоки Толибон ҳам", - дейди у.
"Гарчанд, биласиз, Толибон марказий ҳукумати кучли бўлгани билан, Афғонистон ва Тожикистон чегарасидаги ҳудудлар узоқ бўлганлиги учун у ерларда марказий ҳокимиятнинг иқтидори камроқ. Ўша маҳаллий дала қўмондонлари, маҳаллий қудратли шахсларнинг таъсири, нуфузи каттароқ. Тожикистон ҳам буни яхши билади. Агар, зарур бўлса, улар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиб, чегарадаги ўша тангликни аритиши мумкин."
Унга кўра, шу боис ҳам, Толибон томонидан, Афғонистон томонидан Тожикистонга қандайдир йирик бир қуролли ҳаракатлар бўлади, минтақадаги хавфсизлик издан чиқади, деган фикр нотўғри.
































