Россия безовта, Ўзбекистон ва Марказий Осиё-чи - ҳар қандай эҳтимолга тайёр туриши керакми? Видео

Сурат манбаси, gettyimages/alexandrdemyanchuk/rasmiy
Минтақа тинчлиги ва барқарорлигига хавфли сигналлар пайдо бўлдими?
Нима гап?
Марказий Осиёда янги хавотир, Россия ҳам безовта, ўз ташвишини расман ва ошкора билдирди.
Минтақа тинчлиги ва барқарорлигига хавфли сигналлар пайдо бўлдими?
Энди бутун минтақа хавфсизлик архитектураси ўзгарадими?
Афғонистон ва Покистон орасидаги сўнгги танглик Ўзбекистонда ҳам акс-садо берди.
Худди ана шундай таҳлил ва талқинларга сабаб бўлди.
Аммо нега?
Мавзу таҳлилини "Диққат, BBC" дастуримизнинг бу галги сонида тинглаб, томоша қилишингиз ҳам мумкин. Бунинг учун қуйида илова қилинган линкни босинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Чегарадаги тўқнашувлар

Сурат манбаси, Getty Images
Минтақа сўнгги ойларда Афғонистон ва Покистон ўртасидаги энг ҳалокатли тўқнашувлардан бирига саҳна бўлди.
Покистон Толибон қудратга қайтиши ортидан, Афғонистон энг кўп тўқнашаётган минтақа мамлакатига айланди.
Покистондан ташқари уч Марказий Осиё давлати – Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам Афғонистонга чегарадош. Яна Эрон ва Хитой ҳам.
Афғонистондаги Толибон ҳукуматини Россиядан бошқа ҳеч ким тан олмагани ҳам мавзу аҳамиятини янада бўрттирди.
Вазиятга алал-оқибат Ғарбнинг аралашиши мумкинлигига фикру мулоҳазаларга ҳам замин яратди.
Шундай экан, нега бундай бўлди?
Mintaqadagi turli davlatlar xavfsizlik bo‘shlig‘i, kengroq va uzoq davom etadigan beqarorlik oxir-oqibat o‘zlariga ham ziyon yetkazishidan xavotirdalar.
Довуд Аъзамий
Халқаро сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича эксперт, BBC
Довуд Аъзамий: Афғонистон ва Покистон ўртасидаги танглик янгилик эмас. Бу икки қўшни ўртасидаги муносабатларда баланд-пастликлар кўп бўлган. Ўзаро алоқалари силлиқ эмас. Сўнгги инқироз Покистон ўтган ой Афғонистонга уюштирган ҳаво ҳужумлари ортидан бошланди. Толибон Афғонистонда қудратга қайтган сўнгги тўрт йил ичида эса, Покистоннинг бунга ўхшаш ҳужумларининг сони ўндан ортади. Исломобод Покистон Толибон ҳаракати аъзолари ва қўмондонларига зарба бераётганлигини айтади. Гуруҳни Покистон ичкарисидаги зўравон ҳужумларда айблайди. Бироқ Афғонистондаги Толибон ҳукумати Покистоннинг ушбу даъволарини такрорий равишда рад этиб келади. Афғон ҳудудидан бошқа бир давлат хавфсизлигига қарши фойдаланилишига изн бермаслигини айтади. Толибон ҳукумати Покистоннинг сўнгги ҳужумларини ҳам бежавоб қолдирмади. Покистоннинг бир қанча чегара постларига дрон ҳужумлари уюштирди. Ўнлаб Покистон аскарини ўлдириб, яралади. Қарама-қаршилик бир неча кун давом этди. Кейин Қатар ва Туркия воситачилигида муваққат оташкесимга эришилди. Бироқ муаммо ўзининг ечимини топмади. Ҳар икки томондан таҳдид ва айбловлар давом этди. Исломобод Толибон ҳукуматининг Покистон Толибон ҳаракатига қарши жанг қилиши, унинг курашини Исломга зид ва ноқонуний, деб эълон қилишини истайди. Бошқа томондан, Толибон ҳукумати Покистонни ўзларига қарши урушаётган ИШИДнинг Хуросон қанотига хавфсиз бошпана беришда айблайди. Бироқ Покистон ҳам буни рад этади. Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги тангликнинг кучайишига сабаб бўлган бошқа тарихий ва геосиёсий муаммолар ҳам бор. Масалан, Толибон ҳукуматининг Покистоннинг азалий рақиби бўлган Ҳиндистон билан алоқалари яхшиланди. Покистон Ҳиндистоннинг Афғонистондаги роли ва таъсири ортиб бораётганини ўзининг манфаатларига зид, деб билади. Покистоннинг Афғонистондаги сўнгги ҳаво ҳужумлари ҳам Толибон Ташқи ишлар вазирининг Ҳиндистонга илк сафари чоғида юз берди. Иккинчидан, баъзи афғонлар ва Толибон ҳукумати расмийлари Покистоннинг ҳозирги кескин мавқеини Афғонистонда тўғон қуриш масаласига ҳам боғлашмоқда. Биласиз, Афғонистоннинг иқтисоди кўпроқ қишлоқ хўжалигига асосланган. Аммо сўнгги бир неча йил қаттиқ қурғоқчиликка дуч келган. Толибон ҳукумати энди асосан қўшни давлатларга оқиб кетаётган мамлакат дарёларини бошқаришни режалаштирмоқда. Бундан бир неча ўн йиллар аввал режалаштирилган, бироқ Афғонистондаги давомий урушлар сабаб қурилмай қолган тўғонларни барпо этмоқчи. Ана шундай тўғонлардан бири Афғонистон шарқидаги Покистонга оқиб ўтувчи дарёлар устига қад ростлаши керак. Учинчидан, чегара можароси ҳам икки томон ўртасидаги ўзаро зиддиятга сабаб асос ва азалий муаммолардан бири бўлади. Афғонистон ўзининг Покистон билан чегарасини қонуний халқаро чегара, деб тан олмайди. Бу "Дюранд чизиғи" этник пуштунларни бўлиб ташлаган. Шу боис, мазкур чегара низоси ҳам геосиёсий беқарорлик ва ўзаро танглик манбасилигича қолаётир."
Россия, Хитой, Ҳиндистон... Бу танглик ядровий қудратларнинг эътиборини ҳам ўзига тортди.
Бошқа йирик минтақавий ўйинчиларда ҳам хавотир уйғотди, Эрон ҳам аралашмоқчи бўлди, ўзининг воситачилигини таклиф қилди.
Покистоннинг ўзи ҳам минтақадаги тўртта ядровий қудратдан биттаси бўлади.
Шундай экан, сўнгги вазият бутун минтақа учун нимани англатади?

Довуд Аъзамий: "Менимча, бу бутун минтақа учун хавфли оқибатларга эга. Агар, Афғонистон ёки Афғонистон билан Покистон беқарорлашадиган бўлса, бунга ўхшаш бир ҳолат хавфсизлик бўшлиғини пайдо қилиши мумкин. Бу нарса "ал-Қоида" ва ИШИДга ўхшаган бошқа гуруҳларга бу нарса қўл келади. Чунки тартибсизлик қанча кўп бўлса, улар учун хавфсиз бошпаналар, тайёргарлик жамлоқларига асос солишларининг имконияти шунчалик каттароқ бўлади. Давлатлар бошқа масалалар билан чалғиб қолишганида, ушбу гуруҳлар буни ўз ҳужумларини режалаштириш ёки амалга ошириш учун қулай бир фурсат, деб билишлари мумкин. Шунинг учун ҳам, бу каби бир эҳтимолнинг оқибатлари бутун минтақа учун салбий бўлади. Минтақадаги турли давлатлар хавфсизлик бўшлиғи, кенгроқ ва узоқ давом этадиган беқарорлик охир-оқибат ўзларига ҳам зиён етказишидан хавотирдалар. Иккинчидан, бу минтақанинг тараққиёти учун ҳам яхши бўлмайди. Агар бу давлатлар уруш ичида бўлишса ёки ўз эътиборларини урушга қаратишса, йирик минтақавий лойиҳаларнинг ижроси ҳам чиппакка чиқади. Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги Афғонистон орқали сўнгги йилларда жонланган савдо ҳам тўхтаб қолади. Алал-оқибат бундан бутун минтақа аҳолиси жабр чекади. Чунки бу жангарилик, қочқинлар оқими, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва контрабандасининг янада кучайишига олиб келади. Ишсизлик ва қашшоқлик ортса, кўкнори етиштириш ҳам кўпайиши мумкин. Иқтисодий қийинчилик даврида кўкнори етиштириш деҳқонлар учун энг қулай танлов бўлиши мумкинлигини ўтмишда кўрганмиз. Чунки бу уларга бошқа экинлардан кўра кўпроқ даромад келтиради. Кейин бу каби бир инқироз натижасида четга муҳожират ва ноқонуний одам савдоси кучайиши мумкин. Сабаб, қашшоқлашиб, очликка юз тутган одамлар тирикчилик илинжида бошқа давлатларга йўл солишади. Агар чегара узоқроқ муддатга савдо учун ёпиқ қолса, бу, бошқа томондан, Афғонистоннинг Марказий Осиё иқтисодларига интеграциялашувини кучайтириши, бошқа минтақа давлатлари, жумладан Эрон, Россия ва Ҳиндистон билан савдосини ошириши мумкин. Шундай экан, мавжуд вазиятнинг назоратдан чиқиб кетмаслигини таъминлаш бутун минтақа манфаатлари учун муҳим. Афғонистон ва Покистон ўртасида узоқ давом этувчи инқирознинг геосиёсий жиҳати ҳам бирдек аҳамиятга эга. Агар бунга ўхшаш бир инқироз чўзиладиган бўлса, бунга минтақадаги бошқа давлатлар ҳам аралашади. Ҳиндистон саҳнага чиқади. Россия, Эрон, Хитой ва Яқин Шарқдаги бошқа ўйинчилар ҳам ҳам бир четда қараб турмайди. Агар инқироз кенгаядиган бўлса, бунга ҳатто АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларининг ҳам турли йўллар билан аралашиши эҳтимоли йўқ эмас. Ғарб ва минтақавий қудратлар ўртасидаги танглик назарда тутилганида эса, Хитой, Россия ва Эрон Афғонистонда яна америкапараст ҳукуматнинг ўрнатилишини ҳам қўллаб-қувватлашлари анчайин ҳақиқатдан йироқ. Шу боис ҳам, бунга ўхшаш инқирозлар қанча тез ечим топса, бу нафақат мазкур икки давлат, балки-да бутун минтақа аҳолиси учун шунча яхши бўлади."

Сурат манбаси, Getty Images
"Дюранд" чизиғи...
Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара чизиғи эса, орадан бир аср ўтиб ҳам, дунёдаги энг баҳслиларидан бирилигича қолмоқда.
Кескинлик ва исёнчиликни кучайтирмоқда.
Аммо нега?
"1883 йилда инглиз дипломати Генри Мортимер Дюранд Афғонистон амири Абдурраҳмон Хон билан Британия Ҳиндистонини Афғонистондан ажратувчи чегарани белгиловчи шартномани имзолайди.
Шимолдаги Ҳиндикуш тоғларидан бошланиб, жанубдаги Балужистонгача узанган 2600 чақирим узунликдаги чегара "Дюранд" чизиғи, деб номланади.
Инглизлар бу чегарани бир қанча стратегик ва сиёсий сабабларга кўра яратишган.
Аммо орадан бир аср ўтиб ҳам, "Дюранд" чизиғи Покистон ва Афғонистон ўртасида танглик манбасилигича қолмоқда.
"Дюранд" чизиғи дунёнинг энг баҳсли чегараларидан бири бўлади.
У Британия манфаатларини жанубдаги Россия экспансиясидан ҳимоя қилишни кўзда тутган.
Аммо бир саҳифалик келишув афғонларга тегишли бўлган Пуштун ва Балуж ҳудудларини кесиб ўтган.
Оилалар ва қабилаларни ажратиб, бир неча асрлик савдо йўлларини бўлиб қўйган.
1947 йилда янги ташкил этилган Покистон давлати ушбу шартномани мерос қилиб олган.
"Дюранд" чизиғини белгиланган халқаро чегара, деб ҳисоблаган.
Уни тўсиқлар, назорат пунктлари ва расмий ўтиш жойлари билан мустаҳкамлаган.
Афғонистон бу чегара чизиғини ҳеч қачон тан олмаган. Келишув босим остида имзоланганини даъво қилган.
Кейинчалик қудратга келган афғон ҳукуматлари уни мустамлакачилик, "жамоаларни ажратувчи нафрат чизиғи" ва суверенитетни бузиш, деб аташган.
Бу можаро чегараоша исёнчилик, контрабанда ва икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг кескинлашишига олиб келди.
Тўрхам ва Чамандаги йирик чегара ўтиш жойлари ҳар икки мамлакат аҳолиси учун жуда муҳим бўлса-да, "Дюранд" чизиғи бўлиниш, мерос ва ҳал этилмаган кескинлик рамзи бўлиб қолмоқда".
Бошқа хавотирлар...
Сўнгги йилларда Афғонистоннинг бугунги раҳбарияти Покистон Толибон ҳаракати аъзоларини мамлакатнинг Марказий Осиёга чегарадош ҳудудларига кўчираётганига оид хабарларнинг сони ортган.
Аллақачон бунинг минтақа барқарорлигига таҳдид эканига оид хавотирлар ҳам янграб бўлган.
Афғонистонлик таниқли Ўзбек қўмондони, собиқ-вице президент маршал Дўстум ҳам орада уларни бунинг хавфи билан огоҳлантириб чиққан.
Шундай экан, айни мазмундаги хабар ва хавотирлар қанчалик асосли?
Pokistonlik toliblarning Afg‘oniston shimoliga ko‘chirilishiga oid gap-so‘zlar uzoq vaqtdan beri katta janjallarga sabab bo‘lib keladi...
Фазл Аҳмад Ёлғиз
BBC.COM/UZBEK
Фазл Аҳмад Ёлғиз: "Покистонлик толибларнинг Афғонистон шимолига кўчирилишига оид гап-сўзлар узоқ вақтдан бери катта жанжалларга сабаб бўлиб келади. Аммо Толибон ҳукумати Покистон Толибон ҳаракатининг Афғонистон ичкарисида ҳозир эканини тан олмай келаяпти. Бундан олдин, яъни 2021 йилда Толибон ҳукуматининг сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистоннинг Вазиристон минтақаларидан келган қочқинларни яхшироқ назорат қилиш учун Афғонистоннинг бошқа ҳудудларига ерлаштирмоқчи эканликларини тасдиқлаган. Лекин уларнинг сонлари ва кимликларига аниқлик киритмаган. Айнан қайси вилоятларга жойлаштирилишлари ҳам ноаён қолганди. Лекин бу катта хавотирларга сабаб бўлди. Жумладан, маршал Абдулрашид Дўстум бунга жиддий муносабат билдириб, Толибон ҳукумати Покистон Толибон ҳаракатини Афғонистон шимолига жойлаштиришни режалаган, бу нафақат Афғонистон шимоли, балки Марказий Осиё давлатларига ҳам катта хавф туғдириши мумкин, деган ташвишларни билдирганди."

Сурат манбаси, Ndc.gov.af
Марказий Осиё давлатлари пойтахтлари эса ҳозирча жим, уларнинг бутун минтақа тараққиёти, ўз хавфсизликлари ва иқтисодлари учун муҳим бўлган бу икки давлат ўртасидаги танглик юзасидан бирор бир баёнот билан чиққанликлари кўрилмайди.
Аммо уч Марказий Осиё давлати ва Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон ўртасида ҳам зиддиятли масалалар йўқ эмас.
Бир томондан, Афғонистоннинг амалдаги раҳбарияти жадаллик билан қуришни бошлаган зиддиятли Қўштепа канали мисолида Амударё суви тақсимоти....
Бошқа тарафдан, Афғонистондан олиб қочилган АҚШ ҳарбий авиатехникасининг тақдири.
Толибон ўтган йили қаттиқ ювилиб кетгани талқинида яна Марказий Осиё давлатлари билан чегараларини ҳам қайта кўриб чиқмоқчи эканини айтган.
Яқинда, дастлабки маълумотларга кўра, тўқнашувга Панж (Амударё) дарёсининг оқими ўзгаргани ва бу икки давлат ўртасидаги табиий чегара чизиғига таъсир қилгани сабаб бўлгани айтилиб, Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон ва Тожикистон ўртасида отишма юз берганига оид хабарлар ҳам олинган.
Сув тақсимоти, яъни тўғонлар масаласида эса ўзаро қуролли тўқнашувлар бугунги Афғонистон ва Эрон ўртасида ҳам юз берган.
Шундай экан, буларнинг барчаси Марказий Осиё давлатлари учун қанчалик ва нимаси билан хатарли?
Pokiston Toliboni masalasi bugun O‘zbekiston uchun, mintaqamiz uchun to‘g‘ridan to‘g‘ri hayotiy masalaga aylandi, deyish mumkin...
Алишер Илҳомов
Лондондаги "Марказий Осиё Due Deligence" таҳлил маркази раҳбари
Алишер Илҳомов: "Хавфсизлик нуқтаи назаридан, ҳозирги пайтда Толибоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан тўғридан-тўғри қуроллли қарама-қаршиликка бориши эҳтимоли жуда паст. Ҳозир икки томонда ҳам музокара олиб бориш, қайсидир соҳаларда ҳамкорлик қилиш, юзага келган муаммоларни ҳал қилиш сиёсий иродаси мавжуд. Бироқ Покистон билан Афғонистон ўртасида келиб чиққан охирги низо Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё мамлакатлари учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки Афғонистон ҳудуди орқали Покистон жанубидаги денгиз портларига олиб чиқадиган савдо логистика йўлларини ўтказиш режаси бор. Мана шунга ўхшаган нотинч замонда бу режаларни ҳаётга тадбиқ этишга умид қилиб бўлмайди. Шунинг учун Покистон Толибони масаласи бугун Ўзбекистон учун, минтақамиз учун тўғридан-тўғри ҳаётий масалага айланди, дейиш мумкин. Бундай шароитда Ўзбекистон ушбу муаммони ҳал этишда фаол мавқеъни эгаллаши лозим, энг аввало дипломатик соҳада ҳаракат қилмоғи лозим. Афғонистон Толибон раҳбариятини ўз ҳудудида Покистон Толибонига бошпана бермасликка, "Таҳрики Толибон"нинг Афғонистондаги фаолиятини чеклашга кўндириши керак. Бу нарса деярли имконсиз нарса, чунки Афғонистон ва Покистон Толибони бир қабила вакилларидирлар. Лекин "Таҳрики Толибон Покистон"нинг Афғонистондан туриб Покистонга қарши қандайдир амалларга қўл уришига йўл қўймаслик Афғонистоннинг ўзининг манфаатига хизмат қилади деб кўндириш муҳимдир."

Сурат манбаси, Getty Images
2021 йилда афғон учувчилари томонидан ҳаво ҳудудларини бузиб, Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб қочилган ўнлаб АҚШ ҳарбий авиатехникасининг тақдири эса ўзи Афғонистонда қудратга қайтган сўнгги тўрт йилча вақт ичида Толибон ҳукумати диққат-эътиборида турган энг асос масалалардан бири экани кўрилади.
Бу хусусда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳар қандай муҳокама ёки келишув тафсилотларига бефарқ эмас, муносабатини узоқ куттирмайди ва ошкора билдириб келади.
Орада Афғонистон муваққат Мудофаа вазири айни масала юзасидан минтақа давлатларига огоҳлантириш билан чиқишгача борган.
Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид АҚШ ҳарбий авиатехникаси олиб қочилган давлатлар уларни Афғонистонга қайтаришмаса, "бунинг оқибатларига юз тутишлари" билан пўписа қилган.
У, ўшанда "бизни мажбур қилишмасин, яхшилик билан қайтаришсин, ҳафсаламизни пир қилишмасин", деркан, "қўлимиздаги бор имкониятлардан фойдаланиб, кучимизни кўрсатиб қўямиз", деган сўзларгача қўллаган.
Америка томонининг бу ўзларининг мулклари экани ва расмийларнинг улардан аксарияти Ўзбекистон ихтиёрига топширилганига оид баёнотлари ҳам Толибон ҳукуматини мазкур авиатехникани Афғонистонга қайтариш талабидан қайтара олмаган.
Вазирлик шу йил феврал ойида "Black Hawk" русумидаги етти қирувчи вертолётнинг Ўзбекистондан Америка Қўшма Штатларига қайтарилганига оид хабарлардан Исломий Амирлик хавотирда эканлигини билдирган.
Толибон Мудофаа вазирлиги ўзининг сўнгги баёнотида ҳам мазкур вертолётларнинг Афғонистонга тегишли эканини қайта баён қилган.
Улар собиқ маъмурият мулозимлари қочган пайтда, Ўзбекистонга ўтиб қолгани ва Афғонистонга қайтарилиши кераклигини яна бир бор таъкидлаган.
Ўзларининг бу вертолётларнинг Америка Қўшма Штатларига қайтарилишини "ҳеч қанақасига қабул қила олмаслик"ларини ҳам билдирган.
Толибон Мудофаа вазирлиги бунинг сабабини "Афғонистон халқи ўз ҳаққини ҳимоя қилиш ва талаб қилиш ҳуқуқига эга экани, шунинг баробарида, қўшни давлатлар ҳам афғонларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишлари шарт" эканлиги билан изоҳлаган.
Аммо, шундай деркан, минтақадаги бирор бир мамлакатдан алоҳида ном тутмаган, акс-ҳолдаги оқибатларига ҳам хосан тўхталмаганди.
Масъулиятини ИШИДнинг Хуросон қаноти ўз зиммасига олган бўлса-да, айнан Толибон қудратга қайтиши ортидан бу икки Марказий Осиё давлати Афғонистондан илк бор ракета ҳужумига ҳам учраган.
Шундай экан, бу минтақа давлатлари пойтахтларининг ҳам Толибон билан тўқнашув эҳтимолидан хавотирда бўлишлари қанчалик асосли?
...har qanaqa, shu kelajakni, voqealar rivojini inobatga olgan holda, hozir mintaqaviy xavfsizlikka ancha urg‘u berib, e’tiborni shunga qaratish kerak ko‘proq.
Фарҳод Толипов
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон
Фарҳод Толипов: "Менимча, бундай бўлмаса керак. Афғонистоннинг ҳозирги ҳокимияти бошқа кераксиз, беҳуда, маъносиз мақсадларга кўз олайтирмасдан, ўзининг юртини тинчлантириш, ўзининг юртини ривожлантириш ҳақида кўпроқ ўйлаши керак. Чегараларни кўриб чиқиш бўладими ёки бошқа, қанчалик бошқа масалаларга ўтаверса, шунчалик ўзининг ривожланиши секинлашаверади, истиқболи мавҳумлашиб бораверади, демак, ўзига жабр бўлиб, дегандек, ўзининг барқарорлиги ва хавфсизлигига, ҳаттоки, зарар етказган бўлади."
Аммо, бошқа томондан, аксарият Марказий Осиё давлатлари Толибон ҳукумати билан фаол дипломатик мулоқотда.
Улар билан савдо-иқтисодий алоқаларини кучайтиришаяпти.
Йирик миқдордаги битимлар имзолашаяпти.
Инсонпарварлик ёрдамлари юборишяпти.
Трансафғон бўладими ёки Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўли қурилиши, TAPI, CASA-1000 - турли катта минтақавий лойиҳаларни ҳам ҳамкорликда амалга оширишмоқчи.
Бундан буёғига яна Афғон муаммоси ечимига Марказий Осиё бир ҳамжамият бўлиб, якдил ёндашмоқчи.
Афғонистоннинг ўзларига - минтақага интеграциясини кучайтиришмоқчи.
Қозоғистон ва Қирғизистон эса яқинда биринчилардан бўлиб Афғонистон Толибон ҳаракатини кетма-кет ўзларининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқаришгача боришган, бу каби кутилган ва кутилмаган қарорлари билан дунё бўйлаб сарлавҳаларга ҳам чиқишган.
Шундай экан, бу Толибонни тийиб туриш, икки ўртада ҳар қандай эҳтимолий тўқнашувларнинг олдини олишга кифоя қиладими?

Сурат манбаси, Baxtiyor Saidov_Telegram
Ўзбекистон ичкарисидан муносабат
Фарҳод Толипов: "Бир томондан, ҳа. Иккинчи томондан, барибир, Афғонистоннинг тақдири доим геосиёсий тус олган. Шунинг учун, бу давлатнинг тақдири буёғига ҳам кўп жиҳатдан фақатгина ўзининг ички кучлари, ички мустақил жараёни бўлиб қолмай, унда йирик кучларнинг муросаси, йирик кучларнинг, керак бўлса, ёрдами, кўмаги, ижобий маънодаги аралашуви ҳам, балки, мақсадга мувофиқ бўлар. Бежиз эмас, биз, мана, ҳозир Америка Қўшма Штатларининг янги раҳбариятири томонидан шундай бир сигналларини эшитдик, шунинг учун, ким билади, балки, уёқ томондан ҳам маълум даражада бу можарога қандайдир аралашув бўлиб ҳам қолар, яхши маънода. Хавотирланишга ҳар доим сабаблар топилади. Шунинг учун ҳам, токи, "қўшнинг тинч, ўзинг тинч", деган мақол бор эканки, қўшнинг нотинч бўлса, сенга ҳам нотинчлик бўлади, деб, ҳар қанақа шу келажакни, воқеалар ривожини инобатга олган ҳолда, ҳозир минтақавий хавфсизликка анча урғу бериб, эътиборни шунга қаратиш керак, кўпроқ. Кези келганда, эслатмоқчиман, ўтган йили Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Остонадаги навбатдаги Маслаҳатлашув учрашувида айнан мана шу масала янгича кун тартибига қўйилган эди. Яъни, Марказий Осиёни дейилган, минтақавий, хавфсизлик архитектурасини, деб айтилади, яратиш тўғрисида. Марказий Осиё давлатлари, яъни минтақавий хавфсизлик чоралари, механизмларини кўриб,..хусусан, бунинг биринчи аломатлари турлича машқларда, қўшма машғулотларда намоён бўлди. Демак, мана шундай йўлдан, яъни, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлидан бориш керак."
Ўзбекистон ташқарисидан муносабат
Алишер Илҳомов: "Толибонни ҳар хил ҳарбий ташкилотларнинг ҳамжамияти дейиш мумкин. Толибон ичида Ҳаққоний раҳбарлик қиладиган урушқоқ, экстремистик йўналиши ҳам бор, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишни истайдиган конструктив, технократлар қаноти ҳам мавжуд. Фикримча, шунга эришиш керакки, қўшни мамлакатлар билан сиёсатни ана ўша технократлар белгилаб берсин, чунки бу нарса яна ўша Афғонистоннинг ўзининг манфаатига тўғри келади. Биз Толибонни мамлакатнинг қонуний раҳбарияти деб тан олишимиз шарт эмас, аммо ҳукумати билан мулоқот, музокараларни давом эттиравериш керак. Ўзбекистон ҳукумати ҳозир тўғри йўл тутаяпти: Толибон билан ҳамкорлик қилаяпти, инсонпарварлик ёрдамлари юбораяпти. Бу Афғонистондан олиб чиқилган авиацияни қайтармаганимиз учун товон пулидек бўлиши мумкин, чунки АҚШ рухсатисиз Ўзбекистон уларни Афғонистонга қайтаролмайди. Шунинг учун ўртадаги тарангликни юмшатиш учун иқтисодий ҳамкорлик, гуманитар ёрдамларни давом эттириш керак. Энг муҳими, савдо-логистика йўллари очилишига эришиш. Ёки бўлмаса, яна Россиянинг қаноти остига бориш керак. У ерда ҳам муаммолар бор, чунки Украинага бостириб киргани учун санкциялар киритилган. Ўзбекистон хоҳлаган тақдирида ҳам Россия орқали дунёга чиқиш қийин бўлиб қолди. Ўзи шундоғам географик жиҳатдан денгиз йўлларидан қамалиб қолган Ўзбекистон ҳарбий можаролар туфайли икки карра тиқилиб қолди. Бу эса мамлакат иқтисодига салмоқли салбий таъсир қилади."
Иқтисодий режалар тақдири-чи?
Афғонистон ва Покистон, айниқса, денгизга йўли икки карра ёпиқ Ўзбекистонни денгиз савдо йўлларига олиб чиқиш потенциалига эга.
Марказий Осиё сўнгги йилларда Жанубий Осиёнинг бу икки давлати билан ўзаро манфаатли йирик энергетика ва темир йўллари лойиҳаларига бош қўшиш, жаҳон бозорларига осонлик билан чиқиб, савдо-сотиғини кучайтириш ҳаракатида.
Афғонистон ва Покистон ўртасидаги сўнгги инқироз эса уларнинг Марказий Осиё билан савдо-сотиқларига ҳам таъсир қилмай қўймади.
Покистон билан савдосини тўхтатган, Ўзбекистон эса илк бор Толибон билан ҳаво ва қуруқ йўл коридорини очишгача боргани айтилди.
Шундай экан, бу каби бир вазият Марказий Осиё таваккал қилаётганига далолат қилмайдими?
Inklyuziv, ya’ni hamma xalq qo‘llab-quvvatlaydigan davlat kerak-da. U yerda o‘zi uchta-to‘rrtaga bo‘linib turgandan keyin, bir narsa deyish qiyin...
Сапарбой Жубаев
Минтақавий иқтисодий таҳлилчи, Қозоғистон
Сапарбой Жубаев: "Албатта, хавф бор. Чунки энг муҳим масала, бу, Афғонистоннинг ўзининг ичида. Чунки Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати ҳамма аҳоли вакилларини ўзини жамламайди, инклюзив эмас. Покистон билан бу пуштун иккаласининг орасидаги келишмовчилик жуда катта. Шунинг учун ҳам, қудратга инклюзив бир ҳукумат келмагунича, сайлов бўлибми ё бўлмаса, катта бир, масалан, Хитойми, Россиями ёки Америка Қўшма Штатларими, шу бир қандайдир ҳукуматни қўллаб-қувватламагунича, у ерда ҳали тинчлик бўлмайди. Шу боис, у ерда катта режа юритиш жуда хавфли. Албатта, ҳозирги вақтда Россия жанубда ўзига ёндош давлатларни топиш учун Афғонистонда Толибон ҳукуматини тан олди. Лекин уларни Россиядан бошқа ҳеч бир давлат тан олгани йўқ. Энг биринчи муаммо, қўшни Эрон, Покистон, Туркманистон, Тожикистон уларни тан олгани йўқ. Хитой ҳам, шу жумладан. Лекин Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзининг бизнес қизиқишлари учун улар билан савдони ривожлантираяпти. Покистонга чиқадиган темир йўлга ҳам ўзининг иштиёқини билдирди. Лекин, тушуниб турибдики, у ерда тинчлик бўлмагунича, бу темир йўл ёки ТАПИ газ қувурларини қуриш ҳалича жуда хавфли. Мана, масалан, шу савдо қилаётганининг ўзи ҳам жуда хавфли. Таваккал қилаяпти, энди, умид бор-да...Лекин, барибир, шу охиригача етказишга, бунга катта сармоя киритишга фақат Хитой ёки бўлмаса, Америка Қўшма Штатлари қодир. Энди, АҚШ нега Баграм ҳақида сўз очди. Агар-да, бунга Толибон кўнса, балки, шундай кейин қандайдир бир гарант бўлиши мумкин. Халқаро молия ташкилотлари ҳам бу режаларни биз молиялаштирмаймиз, дейди. Одатда, бунга ўхшаш халқаро режалар олдин Осиё Тараққиёт банки, Европа Тараққиёт банклари, Ислом Тараққиёт банкларига ўхшаш банклар томонидан молиялаштирилади, кейин бошқа давлатлар қўшилишади. Улар ҳозир қизиқмаётганидан сўнг, ҳар бир давлат албатта ҳаракат қилаяпти, Ўзбекистон жуда кўп, шу энди, орада кўп муаммо бору, уларни ечиш учун биз ҳозир Афғонистон билан келишамиз, ҳаммаси яхши бўлиши керак, деб, учрашувлар бўлаяпти, Қозоғистон ҳам учрашувлар қилаяпти, молиялаштирамиз, деяпти, лекин буни амалга оширишга ҳали имконияти йўқ. Инклюзив, яъни ҳамма халқ қўллаб-қувватлайдиган давлат керак-да. У ерда ўзи учта-тўрртага бўлиниб тургандан кейин, бир нарса дейиш қийин."

Томонлар ўртасидаги муваққат сулҳни доимийсига узайтириш эса, узоққа чўзилди.
Икковлон ўртасига Қатар ва Туркия тушди. Хитой, Ҳиндистон, Эрон ва Россия ҳам уларга тинчиш даъвати билан чиқди.
Покистон эса, орада Толибон ҳукуматига Тора-Борани эслатди.
Толибон ҳукумати ҳам уларга тўғридан-тўғри уруш билан таҳдид қилди.
Узоқ йиллик урушлар гирдобидаги, сўнгги чорак асрнинг ўзида Афғонистон Толибон ҳаракати мисолида бир жангари гуруҳ икки бор ҳокимиятни эгаллаган ягона минтақа мамлакати.
Афғонистон Толибон ҳаракати яқин-яқингача минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ, деб кўрилган, жаъми аъзолари ва тарафдорларининг сони 200 мингдан ортиши айтилган, қудратга қайтишидан қисқа вақт ўтмай эса, муваққат ҳукумати минтақада энг йирик Армияга эга бўлиш режасини ошкора баён қилган ташкилот.
Яқинда АҚШ Афғонистонда қиймати $7 миллиард долларга тенг ҳарбий техника қолдирган бўлса, уларнинг 70 фоизи Толибон назоратига ўтганига оид маълумотлар ҳам бўй кўрсатган.
Толибоннинг каттариб бораётган армияси асосан худди шу техникага таяниши ҳам айтилган.
АҚШ президенти эса янги маъмурияти аъзолари билан илк йиғинида Афғонистонда ҳатто қиймати $85 миллиард долларга тенг замонавий қурол-аслаҳа қолганлигини ҳам иддао қилган.
Аммо, шундай деркан, Доналд Трамп уларни қайтариб олишлари кераклигини орада бир эмас, бир неча бор таъкидлаган, аммо Толибон ҳукумати уларни қайтармаслик аҳдида ҳам қатъий.
Расмий Исломобод эса Афғонистонда қолдирилган АҚШ техникасидан қанчалик хавотирда эканликларини шу йил бошида расман ва ошкора баён қилган.
Айнан Покистон айни масалада ўзининг расмий муносабатини билдирган Афғонистонга чегарадош биринчи минтақа давлатига айланган.
Расмий Исломобод ўшанда "Афғонистонда АҚШ замонавий қурол-аслаҳасининг борлиги мамлакатлари ва унинг фуқаролари хавфсизлиги учун жиддий ташвиш туғдириши"ни таъкидлаган.
"Бу қуроллар террорчи ташкилотлар, жумладан, Покистон Толибон ҳаракати томонидан Покистонда терактлар уюштириш учун ишлатилган"ини баён қилган.
"Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматини бу қурол-аслаҳалар янглиш қўлларга тушиб қолмаслиги учун барча лозим чораларни кўришга ҳам ундаган".
Қўшнисининг айни мазмундаги расмий баёнотини эса, Афғонистоннинг бугунги раҳбарияти бежавоб қолдирганди.
Толибон ҳукуматини шу пайтгача Россиядан бошқа ҳеч ким расман тан олмаган.
АҚШ президенти эса Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга нисбатан ўзининг сиёсатини ҳалича очиқламаган.
Аммо орада Толибонни "хорижий террорчи ташкилот", деб топиш-топмаслик масаласини қайта кўриб чиқишга киришган.
Доимий ечим нимада?

Сурат манбаси, Getty Images
Шундай экан, Покистон ва бугунги Афғонистон ўртасидагиси каби бир зиддиятнинг дипломатик ечими борми, бўлса у нимага боғлиқ?
Довуд Аъзамий: "Улар муаммони ҳал қилиш учун самимий ният билан музокараларга киришишлари, уни чўзиш ёки янада мураккаблаштирмасликлари керак. Тинчлик имконияти бор, йўқ эмас. Савдо-сотиқ, боғлиқлик кучаядиган бўлса, бу икки қўшни давлат тинчликда яшай олади. Аммо, шунда ҳам, танглик буткул йўқолмайди. Чунки икки давлат ўртасида мураккаб масалалар анчагина кўп. Улар, ҳеч бўлмаганда, бу муаммолардан айримларини музлатишлари ва эътиборларини ўзлари учун бирдек манфаатли бошқа масалаларга қаратишлари мумкин. Дейлик, юқорида айтганимдек, икки томонлама ва минтақавий савдо, ҳамда ТАПИ ва КАСА каби турли йирик минтақавий лойиҳалар бунга мисол бўла олади. Чунки бу нарса минтақани бир-бирига янада яқинлаштириши ва бутун минтақа аҳолиси учун бирдек фойдали бўлиши мумкин. Сув тақсимоти масаласида эса, халқаро қонунлар бор. Улар бу зиддиятларини ана шу қонунлар асосида ҳал қила олишлари мумкин. Агар, ана шу халқаро тартиб-қоида ва меъёрларга амал қиладиган бўлишса, сув тақсимоти масаласи ҳам ортиқ муаммо бўлмайди, яъни ечимини топа олади."
Афғонистон, бошқа томондан, сўнгги ўн йилликларда Ўзбекистон Исломий ҳаракати бўладими ёки "Исломий жиҳод иттифоқи" – илдизлари Марказий Осиёга бориб тақалувчи турли жангари гуруҳлар ҳам бошпана топган, жанг қилган ва омон қолган аъзолари ҳануз жон сақлаб келаётгани айтилувчи минтақа давлати бўлади.
Қандай сабаблар билан бўлмасин, бу мамлакатдаги ижтимоий, иқтисодий ва хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг издан чиқиши эса, айнан Толибон қудратга қайтган ўтган тўрт йил ичида Марказий Осиё давлатлари қолиб, ҳатто дунёнинг глобал ядровий, иқтисодий ва ҳарбий қудратлар сирасига кирувчи қўшниларининг ҳам жиддий хавотирларига молик истиқболлардан бири бўлади.












