Ўзбекистон Исломий ҳаракати яна Ўзбекистон учун таҳдидга айланадими? Видео

- Author, Feruza Rahmon
- Role, bbc.com/uzbek
- Ўқилиш вақти: 27 дақ
Афғонистондаги ўзбекистонлик жангарилар кучайишнинг янги имкониятини топишдими?
Жаҳон миқёсидаги янгилик шу кунларда Ўзбекистон ва минтақа хавфсизлиги билан боғлиқ янги хавотирларни ҳам пайдо қилмай қолмади...
Ўзбекистонлик жангариларнинг 'қуролланаётгани' маълум бўлди – бу Ўзбекистон учун таҳдидми? Тафсилотлари учун видеомизни ҳам томоша қилинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

Афғонистон дунёнинг Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон - уч Марказий Осиё давлатига чегарадош давлати бўлади.
Дунёнинг бошқа ўнлаби қаторида энг йириги илова қатор Ўзбек жангари гуруҳлари ҳам бошпана топган, жанг қилган ва ҳозир ҳам жон сақлаб келаётган саноқли мамлакатларидан бири.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида тўлиғича байъат келтирган Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг бугунги кундаги энг жанговар ва энг ҳалокатли қаноти сифатида эътироф этилаётган Хуросон қаноти қайта кучайишга муваффақ бўлган ва бу Марказий Осиё ҳукуматларида аллақачон жиддий хавотирларни пайдо қилиб бўлган давлат.
Узоқ йиллик урушлар гирдобидаги, сўнгги чорак асрнинг ўзида Афғонистон Толибон ҳаракати мисолида бир жангари гуруҳ икки бор ҳокимиятни эгаллаган ягона минтақа мамлакати.
Афғонистон Толибон ҳаракати яқин-яқингача минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ, деб кўрилган, жаъми аъзолари ва тарафдорларининг сони 200 мингдан ортиши айтилган, қудратга қайтишидан қисқа вақт ўтмай эса, муваққат ҳукумати минтақада энг йирик Армияга эга бўлиш режасини ошкора баён қилган ташкилот.
Турли жангари гуруҳларнинг қанчалик кучайгани фонида 2001 йилнинг 11 сентябр куни Нью-Йорку Вашингтонга қарши уюштирилган ва худди ўша пайтда Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳам яқин иттифоқчиси кўрилган "ал-Қоида" амалга оширгани даъво қилинган қўшалоқ ҳужумлар сабаб, Афғонистондаги тан олинмаган дастлабки тузуми АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция томонидан ағдарилган, бу галгисининг тақдири ҳам қудратга қайтишидан уч йилдан кўпроқ вақт ўтиб ҳамки, ҳануз ноаён қолаётган, ўзи такроран рад этиб келаётган бўлса-да, охирги пайтларда раҳбарияти орасида ички низолар кучайиб бораётгани айтилувчи ҳаракат.
Бошқа томондан, Афғонистонда қудратга қайтишидан ҳеч қанча ўтмай, якка ўзи жадал қуриб, битказишга киришган ва Марказий Осиё давлатлари барчасининг жиддий хавотирларига сабаб зиддиятли Қўштепа канали ҳам воқеаларнинг сўнгги ривожи фонида алоҳида эътиборга молик яна бир масала бўлади.
Чунки айнан сув ресурслари тақсимоти ҳам сувга чанқоқ минтақада урушга етаклаши мумкин бўлган энг ҳассос муаммолардан бири сифатида кўрилади.
Шу каби бир манзарада Би-би-си манбаларининг хабар беришича, Афғонистонда АҚШ ҳарбийлари томонидан қолган, собиқ афғон ҳукумат кучларига берилган ва Толибон томонидан қўлга киритилган ярим миллион қурол йўқолган, сотилган ёки контрабанда йўли билан бошқа жангари гуруҳлар ихтиёрига ўтказилган.
АҚШ Афғонистонда қиймати $7 миллиард долларга тенг ҳарбий техника қолдирган бўлса, уларнинг 70 фоизи Толибон назоратига ўтган.
Собиқ афғон мулозимининг ўз исм-шарифини очиқламаслик шарти билан Би-би-сига айтишича, 2021 йилда Афғонистонда қайта ҳокимиятни эгаллаши ва мамлакатнинг Ғарб томонидан дастакланган амалдаги ҳукумати қулаши ортидан, Толибон аксарияти Америка Қўшма Штатларининг пулига келган бир миллионга яқин қурол-аслаҳа ва ҳарбий жиҳозни қўлга киритган.
Агар Би-би-си ўрганган маълумотлар ва айрим Ғарб нашрларидаги хабарларга таянилса, уларнинг орасида ҳарбий самолётлар, ўнлаб қирувчи вертолётлар, катта сондаги зирҳли машиналар, кичик юк уловлари, танклар, танкларга қарши ракеталар, ўн минглаб ҳимоявий қуроллар, ўн мингдан ортиқ ҳаво-ер таснифидагилари илова миллионлаб ўқ-дори ва ракеталар, алоқа воситалари, ўқ ўтмас бронижелетлар, кўзни чалғитувчи ҳарбий либосларгача бор.
Айнан Афғонистондагиси Америка Қўшма Штатлари тарихидаги энг узоқ уруш бўлган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг жорий йил феврал ойидаги ҳисоботида таъкидланишича эса, "ал-Қоида"нинг Ўзбекистон Исломий ҳаракати каби ҳамкорлари ҳам Толибон қўлига ўтган қурол-аслаҳага имконли бўлишган ёки уларни қора бозордан харид қилганлар.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати бўладими, Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати ва ёки Ямандаги "Ансаруллоҳ" – халқаро ташкилот махсус қўмитаси ҳисоботида улар қўлга киритган қурол-аслаҳа, ҳарбий жиҳоз тури ва сони ҳозирча очиқланмаган.
Бу каби жангари гуруҳлар орасида ИШИДнинг Хуросон қаноти ёки Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг собиқ аъзолари асос солгани айтилувчи ҳамда "ал-Қоида" тармоғига ҳам алоқадор кўрилувчи Исломий Жиҳод Иттифоқи ва ё-да "Имом Бухорий" катибасининг бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти махсус қўмитасининг ҳисоботида уларнинг номи алоҳида тилга олинмайди.
Агар, айрим етакчи Ғарб нашрларидаги таҳлилларга таянилса, Америка Қўшма Штатларидан қолган ҳарбий аслаҳа Афғонистонни жангари гуруҳлар учун қурол-яроғ омборига айлантирган.
Улар чиқиб кетиши ортидан Афғонистонда пайдо бўлган хавфсизлик бўшлиғи исёнчилик, чегараоша терроризм ва Жанубий Осиё ҳануз исканжасида бўлган минтақавий қудратлар ўртасидаги ўйинни кучайтирган.
"Қайта сотилган бу қурол-аслаҳалардан айримлари Кашмирдагисидан тортиб, Яқин Шарқдаги можароларга қадар кириб борган".
Мазкур хабар ва баёнотларга Афғонистонга чегарадошлари илова минтақа давлатлари пойтахтларининг расмий муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.
Аммо воқеаларнинг сўнгги ривожи афғон тупроғида бирор бир хорижий аскарнинг ҳозирлиги бўлмаган, каттаю кичик минбарлардан янграётган баёнотлари мазмунию, ўтказиб келаётган турли ҳарбий машғулотлари мисолида Марказий Осиё давлатларининг барчаси бирдек Афғонистон таҳдидидан ҳануз жиддий хавотирда эканликлари кўрилаётган ва расман тан олинмаганига қарамай, энг аввало минтақа хавфсизлиги ўйида улар ҳаммаси Толибон билан мулоқоту алоқаларини кучайтираётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Сўнгги бир неча ойнинг ўзида Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия ҳаттоки биринчилардан бўлиб Афғонистон Толибон ҳаракатини кетма-кет ўзларининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқаришгача боришган, бу каби кутилган ва кутилмаган қарорлари билан дунё бўйлаб сарлавҳаларга ҳам чиқишган.
Уларнинг Толибон муваққат ҳукумати билан аллақачон турли йирик минтақавий лойиҳалар режасию ижросида эканликлари ҳам кўрилган.
Воқеаларнинг Афғонистондаги АҚШ техникаси билан боғлиқ сўнгги ривожи, бошқа томондан, аллақачоноқ худди шу лойиҳалар тақдирини хавф остига қўйиши мумкин, деган қўрқувларга ҳам замин яратиб бўлган.
Россиянинг тажовузидан олдин АҚШ Афғонистондаги вертолётларидан айримларини Украинага берганига оид хабарлар ҳам олинган.
Бунинг ортидан Россия қурол-яроғ илинжида Толибонга мурожаат қилганига оидларини эса, Оқ уй рад этиб чиққан.
Акс-садолар

Сурат манбаси, Getty Images
Айни манзарада Покистон айни масалада ўзининг расмий муносабатини билдирган Афғонистонга чегарадош биринчи минтақа давлати бўлган.
Расмий Исломобод Афғонистонда қолдирилган АҚШ техникасидан қанчалик хавотирда эканликларини шу йил бошида расман ва ошкора баён қилган.
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби, "Афғонистонда АҚШ замонавий қурол-аслаҳасининг борлиги мамлакатлари ва унинг фуқаролари хавфсизлиги учун жиддий ташвиш туғдириши"ни таъкидлаган.
Матбуот котибининг айни хусусдаги расмий баёнотида айтилишича, "бу қуроллар террорчи ташкилотлар, жумладан, Покистон Толибон ҳаракати томонидан Покистонда терактлар уюштириш учун ишлатилган".
Унга кўра, "Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматини бу қурол-аслаҳалар янглиш қўлларга тушиб қолмаслиги учун барча лозим чораларни кўришга ҳам ундашган".
Айнан сўнгги пайтларда Покистонга Афғонистондан чегараоша ҳужумлар кучайган, Покистон Толибон ҳаракатининг қанчалик фаоллашиб бораётган икки қўшни давлат ўртасидаги тангликни кучайтираётган энг долзарб масалалардан бирига айланган.
Покистон ва Афғонистон чегарасидаги чегараоша ҳужумлар ҳам уч Марказий Осиё давлати илова унинг бошқа қўшнилари чегаралари хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Сўнгги хабарлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таҳлилий қўллаб-қувватлаш ва санкциялар мониторинги экспертларининг Афғонистонда ҳануз 20 дан ортиқ террорчи гуруҳ фаолият юритаётгани мамлакат барқарорлиги, шунингдек, Марказий Осиё ва қўшни давлатларнинг хавфсизлигига жиддий хавф туғдирганига оид хулосалари манзарасида ҳам олинган.
Уларнинг шу йил феврал ойидаги ҳисоботларида таъкидланишича, "ал-Қоида" тармоғи қўшни давлатларда ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Исломий ҳаракати каби хорижий минтақавий террорчи ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлигини ривожлантиришга интилган.
"Толибон бутун Афғонистон бўйлаб бошпаналар бўладими ёки тайёргарлик жамлоқлари – тармоқнинг мамлакатда ўрнашиб олишига қулай шарт-шароит яратишга интилган".
АҚШ президенти Дональд Трамп эса, янги маъмурияти аъзолари билан илк йиғинида ҳатто Афғонистонда қиймати $85 миллиард долларга тенг замонавий қурол-аслаҳа қолганлигини ҳам иддао қилган.
"Афғонистон дунёдаги энг кўп ҳарбий техника сотаётган давлат эканини айтиб, ўзи қўйган нега экани саволига, чунки улар биз қолдирган техникани сотишяпти", - деб жавоб берган.
"Ишонасизми? Улар 777 000 та милтиқ, 70 000 зирхли қопламали ... юк уловлари ва транспорт воситаларини сотишмоқда... бизники бўлган ва биз уларга қолдирган 70 000 та машина. Менимча, биз уларни қайтариб олишимиз керак", - деб айтган Трамп.
Аммо, айни мавзуни яқиндан ўрганган Би-би-си Дарий хизмати ходимларига кўра, бу пуллар тайёргарлик ишлари ва маошларга ҳам сарфлангани боис, Трамп келтираётган рақамлар баҳсли.
Уларнинг таъкидлашларича, Афғонистон, шунингдек, Стокгольм Халқаро Тинчлик Тадқиқот институтининг ўтган йилги энг йирик қурол-яроғ экспорт қилувчи 25 давлат сирасига кирмаган.
АҚШнинг Афғонистонни қайта тиклаш бўйича махсус Бош назоратчиси (SIGAR) томонидан қайд этилган қуроллар сони эса, Би-би-си манбалари келтирганидан камроқ, аммо у ўзининг 2022 йилги ҳисоботида бу хусусда аниқ маълумот ололмаганини тан олган.
Лекин ўн йилдан ортиқроқ вақт мобайнида "Мудофаа вазирлигининг Афғонистондаги жиҳозларни назорат қилиш жараёнида камчиликлар ва муаммолар бўлгани"ни ҳам қўшимча қилган.
SIGAR, шунингдек, АҚШ Давлат департаментини "Афғонистонда қолдирилган жиҳозлар ва маблағлар ҳақида чекланган, нотўғри ва кечикиб маълумот бериш"да ҳам айблаган.
Қўшма Штатлар уруш зоналарини тарк этганида кўпинча оғир техникасини ортда қолдиради, бунга асосий сабаб уларни қайтариш қиймати ўзини оқламаслиги экани айтилади.
2010 йиллар бошларида эса, Афғонистондан чиқишга ҳозирлик кўраётган АҚШ ва НАТО кучларининг улкан миқдордаги ҳарбий техникасининг катта қисмини Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда қолдиришни режалаётганига оид хабарлар бўй кўрсатган, ўшанда бундан ташвиш билдирган томон Россия бўлганди.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўшанда "террорга қарши уруши"да Америка Қўшма Штатларининг ҳарбий базаларига ўз ҳудудларидан жой берган икки Марказий Осиё давлати ҳам бўлишган.
2015 йилнинг бошида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор вазият сабаб, Ўзбекистонга киритган қурол-яроғ экспорти эмбаргосини бекор қилишидан бор-йўғи уч йил ўтиб, расмий Вашингтоннинг Ўзбекистонга уч юздан ортиқ минага чидамли пистирмадан ҳимояланган (MRAP) зирхли транспорт воситаларини бераётгани ҳатто Ғарбда ҳам сарлавҳаларга чиққан янгиликка айланган.
Украина урушининг илк йилида эса, пойтахт Тошкентдан Америка томони Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Махсус операциялар қўшинларига 50 дона Polaris MRZR русумидаги енгил-тактик жанговар уловларни ҳадя қилганига оид хабарлар олинган.
Трамп истаги...

Сурат манбаси, Reuters
Трамп Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга нисбатан ўзининг сиёсатини очиқламаган.
Аммо қудратга қайтиши арафасида ва қайтганиданоқ Афғонистон масаласида энг кўп эътибор қаратган нуқталардан бири айнан у ерда қолган АҚШ ҳарбий техникаси бўлгани кўрилган.
АҚШ ва НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучлари йигирма йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан Афғонистонни 2021 йилнинг августида буткул тарк этишган.
Айнан Дональд Трампнинг илк президентлиги даврида расмий Вашингтон ва Афғонистон Толибон ҳаракати ўртасида имзоланган илк "тарихий битим" бунга имкон берган, худди шу келишув, бошқа томондан, толибларнинг яна қудратга қайтишига ҳам йўл очган.
Аммо ижроси Америка Қўшма Штатларининг Демократчи президенти Жой Байден бошқаруви пайтига тўғри келган худди шу оммавий сафарбарлик қанчалик шоша-пиша ва пала-партиш амалга оширилгани билан бутун дунёнинг эътиборини ўзига тортган.
Бу ва ўшанда Афғонистонда қолдирилган катта миқдордаги АҚШ ҳарбий техникаси масаласи кейинчалик Республикачи ва Демократчи жамлоқ ўртасида ўзаро айблов мавзусига айланган, сабаблари махсус ўрганилган, қатор текширувлар ўтказилган.
Трамп ўша пайтда Афғонистонда қолдирилган АҚШ ҳарбий техникаси масаласига иккинчи бор президентликка қайтиши арафасида ҳам, қайтиши биланоқ ҳам эътибор қаратган.
У ҳар икки гал ҳам АҚШ бу ҳарбий техникани ортга қайтариши кераклигини таъкидлаган.
Изоҳи эса, улардан айримларининг Толибон томонидан ҳарбий парадлар чоғида ғалабалари тимсоли сифатида кўз-кўз қилинишига тоқат қила олмаслиги мазмунида бўлган.
Трампдан ўшанда Афғонистондан ортга сафарбарликни режалаган ҳарбий зобитларга чора кўриш-кўрмасликлари ҳам сўралган.
Шу йил феврал ойида эса, Трамп бунга алоқадор бўлган ҳарбий генералларнинг "ҳар биттаси" кетиши кераклигини айтганига оид хабарлар ҳам олинган.
Трампнинг АҚШ ҳарбий техникасини ортга қайтариш лозимлиги ҳақидаги чиқишлари ўшанда айрим Ғарб нашрларида бу ҳатто Афғонистоннинг қайта ишғолини тақозо этиши мумкинлигига оид талқинларга ҳам туртки берган.
Толибоннинг 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларидаги Афғонистондаги илк тузумини ҳам АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари қулатишган.
Ўшанда расмий Вашингтоннинг "террорга қарши уруши"га Марказий Осиё давлатлари ҳам бирдек бош қўшишган.
Бунга ўшанда 2001 йилнинг 11 сентябрида Нью-Йорку Вашингтонга уюштирилган ва айнан Толибон ҳаракатининг Афғонистондан бошпана топган энг яқин иттифоқчиси "ал-Қоида" тармоғининг ҳозирда марҳум лидери Усама бин Лодин айбланган қўшалоқ ҳужумлар сабаб бўлган.
Дональд Трамп, бошқа томондан, агар ўз ҳарбий техникаларини қайтармаса, Афғонистонга Америка Қўшма Штатларининг барча молиявий кўмакларини кесиб қўйишлари билан ҳам пўписа қилган.
Америка Қўшма Штатлари Толибон қудратга қайтиши ортидан ҳам, Афғонистоннинг энг йирик ташқи донорилигича қолаётган ягона давлат бўлади, улар бериб келаётган молиявий ёрдамлар миқдори бир неча миллиард долларга баҳоланади.
Афғонистондаги қолган сиёсий фракциялар билан тинчлик музокаралари истиқболини йўққа чиқариб, ҳокимиятни куч билан эгаллаши ва инклюзив ҳукумат тузиш илова халқаро ҳамжамият томонидан илгари суриб келинаётган асосий талабларни бажармай келаётгани боис, мамлакатга йирик миқдордаги бошқа хорижий кўмаклар тўхтатилган ва ҳануз тикланмаган, Афғонистоннинг четдаги миллиардлаб долларлик активларининг ҳам деярли барчаси музлатилганича қолаётир.
Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон эса, сўнгги йилларда нуфузли халқаро ҳисоботларда айнан у ердаги ижтимоий, иқтисодий вазият сабаб, миллионлаб сондаги аҳолиси очликка юз тутиши, мамлакатнинг ўзи "Ер юзининг жаҳаннами"га айланишига оид жиддий хавотирларга сабаб давлатлардан бири бўлади.
Худди шу эҳтимолнинг ҳам минтақа хавфсизлигига таъсири Афғонистоннинг бевосита қўшнилари қолиб, бугунги кунда, ҳатто, Россиянинг ҳам чуқур ташвишларига молик масаласи экани кўрилади.
Буларнинг барчаси боис, Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга йирик миқдордаги хорижий молиявий кўмаклар мамлакатнинг ўзи қолиб, бутун минтақа учун ҳам энг ҳассос мавзулардан бири бўлади.
Бошқа томондан, Пентагоннинг Афғонистондаги энг ҳассос ва илғор АҚШ ҳарбий техникасининг аксарияти яроқсиз аҳволга келтириб, ташлаб кетилганига оид изоҳлари ҳам улар билан боғлиқ сўнгги пайтларда бўй кўрсатаётган хавотирларни арита олмаган.
"Ал-Қоида"нинг Ўзбекистон Исломий ҳаракати каби ҳамкорлари ҳам Толибон қўлига ўтган қурол-аслаҳага имконли бўлишгани ёки уларни қора бозордан харид қилганликларига оид Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг шу йил феврал ойидаги ҳисоботига бу жангари гуруҳларнинг муносабати ҳам ҳали-ҳануз кўзга ташланмайди.
Толибон нима дейди?

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон "уруш ўлжаси" эканини айтиб, улардан бирортасини ортга қайтариш нияти йўқлигини баён қилган.
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Афғонистондаги АҚШ ҳарбий техникаси билан боғлиқ чиқишларига муваққат Толибон ҳукуматининг муносабати бош сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид номидан янграган.
Бу ҳақда Афғонистон давлат телевидениеси орқали гапирган Забиҳуллоҳ Мужоҳид, "мазкур қурол-аслаҳаларни собиқ ҳукуматдан қўлга киритганликлари, улардан мамлакатни ҳимоя қилиш ва ҳар қандай таҳдидларга қарши курашиш учун фойдаланишлари"ни айтган.
Толибоннинг каттариб бораётган армияси асосан худди шу техникага таянади, улардан айримлари ўтган уч йил ичида Афғонистонда қудратга қайтишларининг санаси муносабати билан уюштириб келаётган ҳарбий парадларида ҳам намойиш этади, ўз ғалабаларининг тимсоли сифатида кўрсатишни хуш кўради.
Хабарларга кўра, АҚШнинг қуролларидан самарали фойдаланган Толибон қисқа вақтнинг ўзида жанг қилишга қодир армия тузиб, "Миллий қаршилик жабҳаси" ва ИШИДнинг Хуросон қаноти каби рақиб гуруҳлардан устунликка эришган.
Лозим малакага эга одамлари йўқлиги боис, ҳали "Black Hawk" русумидаги қирувчи вертолётлар каби замонавий АҚШ ҳарбий техникасини қўллашгача бормаган бўлса-да, ўзининг ҳарбий амалиётларида "Ҳамви" каби зирхли уловлари ва айниқса, М4, М16 каби енгил қурол-яроғларидан аллақачон бемалол фойдаланаётир. Американинг минага чидамли пистирмадан ҳимояланган уловлари,.. ва самолётлар каби баъзи оғир нақлиёт воситаларини таъмирлаш ва ишлатишга ҳам муваффақ бўлган.
Сўнгги ойларда айрим нуфузли Ғарб нашрларида бўй кўрсатган хабарларда айтилишича эса, АҚШ ҳарбий техникасини ортга қайтармаслик аҳдида қатъий бўлган Толибон, аксинча, ИШИДнинг Хуросон қанотига қарши курашишлари учун ўзларига янада кўпроқ яроғ, ўқ-дори ва замонавий қуроллар кераклигини ҳам айтган.
Расмий Вашингтон билан 2021 йилда имзолаган ўша "тарихий" битим шартларига асосан эса, Афғонистон Толибон ҳаракати бирор бир гуруҳнинг афғон тупроғидан туриб, четга ҳужум уюштиришига имкон бермаслик масъулиятини ўз зиммасига олган ва бу аҳдига содиқ эканини изчил равишда такрорлаб келади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2023 йилги ҳисоботида айтилишича, Толибон маҳаллий қўмондонларга улар қўлга киритган АҚШ қуролларининг 20 фоизини ўзларида қолдиришга рухсат берган, бу эса Афғонистонда қора бозорларнинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлган.
Халқаро ташкилотга кўра, "қудратни мустаҳкамлаш учун маҳаллий қўмондонлар ва жангчилар ўртасида қурол совға қилиш кенг қўлланилади. Қора бозор эса, Толибон учун бой қурол-аслаҳа манбаи бўлиб қолмоқда".
Бу қўмондонлар Толибонга алоқадор бўлишса-да, уларнинг аксарият ҳолларда ўз минтақаларида анчайин мустақил эканликларини ҳам айни мавзу манзарасида алоҳида эътибор топган, урғуланган нуқталардан бирига айланган.
Қандаҳордаги собиқ журналистнинг Би-би-сига айтишича, Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин бир йил давомида у ерда очиқ қурол-яроғ бозори фаолият юритган, кейин эса, у WhatsApp га кўчган.
Маълум бўлишича, бу онлайн бозорда бадавлат шахслар ва маҳаллий қўмондонлар эски ва янги АҚШ аслаҳалари ҳамда асосан улар томонидан дастакланган кучлар томонидан қолдирилган ҳарбий жиҳозлар билан савдо-сотиқ қилишади. Бу жиҳозларнинг кўпчилиги ҳам қурол-яроғлар экани айтилади.
Аммо айни мазмундаги хабарларда улар мижозларининг кимликлари, бу бозорнинг каттами-кичиклиги ва қанчалик фаол экани очиқланмайди.
Толибон ҳукумати матбуот котиби ўринбосари Ҳамдуллоҳ Фитрат эса, Би-би-сига бу қурол-аслаҳани асраш ва сақлашга жиддий ёндашишларини айтган.

Асос ва ҳассос масала

Толибон ҳукумати Афғонистондаги АҚШ ҳарбий техникаси юзасидан ўта ҳассос.
2021 йилда афғон учувчилари томонидан ҳаво ҳудудларини бузиб, Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб қочилган ўнлаб АҚШ ҳарбий авиатехникасининг тақдири ҳам ўзи Афғонистонда қудратга қайтган сўнгги тўрт йилча вақт ичида Толибон ҳукумати диққат-эътиборида турган энг асос масалалардан бири экани кўрилади.
Бу хусусда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳар қандай муҳокама ёки келишув тафсилотларига бефарқ эмас, муносабатини узоқ куттирмайди ва ошкора билдириб келади.
Орада Афғонистон муваққат Мудофаа вазири айни масала юзасидан минтақа давлатларига огоҳлантириш билан чиқишгача борган.
Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид АҚШ ҳарбий авитехникаси олиб қочилган давлатлар уларни Афғонистонга қайтаришмаса, "бунинг оқибатларига юз тутишлари" билан пўписа қилган.
У, ўшанда "бизни мажбур қилишмасин, яхшилик билан қайтаришсин, ҳафсаламизни пир қилишмасин", деркан, "қўлимиздаги бор имкониятлардан фойдаланиб, кучимизни кўрсатиб қўямиз", деган сўзларгача қўллаган.
Толибон муваққат Миллий Мудофаа вазирининг айни мазмундаги баёноти ортидан, Ўзбекистон томони мазкур авиатехника Американинг мулки экани ва уларга қайтарилишини айтиб чиққан.
Пентагон вакили уларнинг "Толибон фойдаланиши учун Афғонистонга қайтарилмаслигига ишонч" ҳам билдирган.
Аммо Америка томонининг бу ўзларининг мулклари экани ва расмийларнинг улардан аксарияти Ўзбекистон ихтиёрига топширилганига оид баёнотлари ҳам Толибон ҳукуматини мазкур авиатехникани Афғонистонга қайтариш талабидан қайтара олмаган.
Вазирлик шу йил феврал ойида "Black Hawk" русумидаги етти қирувчи вертолётнинг Ўзбекистондан Америка Қўшма Штатларига қайтарилганига оид хабарлардан Исломий Амирлик хавотирда эканлигини билдирган.
Толибон Мудофаа вазирлиги ўзининг сўнгги баёнотида ҳам мазкур вертолётларнинг Афғонистонга тегишли эканини қайта баён қилган.
Улар собиқ маъмурият мулозимлари қочган пайтда, Ўзбекистонга ўтиб қолгани ва Афғонистонга қайтарилиши кераклигини яна бир бор таъкидлаган.
Ўзларининг бу вертолётларнинг Америка Қўшма Штатларига қайтарилишини "ҳеч қанақасига қабул қила олмаслик"ларини ҳам билдирган.
Толибон Мудофаа вазирлиги бунинг сабабини "Афғонистон халқи ўз ҳаққини ҳимоя қилиш ва талаб қилиш ҳуқуқига эга экани, шунинг баробарида, қўшни давлатлар ҳам афғонларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишлари шарт" эканлиги билан изоҳлаган.
Аммо, шундай деркан, минтақадаги бирор бир мамлакатдан алоҳида ном тутмаган, акс-ҳолдаги оқибатларига ҳам хосан тўхталмаган.
Вазирлик ўзининг баёноти сўнггида Америка Қўшма Штатларидан ушбу вертолётларни Афғонистонга қайтариш йўлида ҳар хил тўсиқлар яратишнинг ўрнига, уларни афғонларга қайтаришни талаб қилган.
Толибон Мудофаа вазирлигининг сўнгги баёнотида янграган даъват ва талабларга расмий Тошкент ва расмий Вашингтон муносабати ҳозирча маълум эмас.
2010 йил бошларида эса, Марказий Осиё давлатлари Афғонистонда қўлланилган Америка ҳарбий техникасини ҳали ҳам қўлга киритишлари мумкинлиги, бироқ улар бу йўлда пайдо бўлган рақобатда ўз жанубий қўшнилари – Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистонга ютқизиб қўйишаётганига оид хабар ҳам бўй кўрсатганди.
Дональд Трампнинг сўнгги АҚШ президент сайловидаги ғалабаси Афғонистондаги Толибон ҳукуматининг ҳам эътиборидан четда қолмаган.
Ўшанда Толибон ҳукуматининг муваққат Ташқи ишлар вазирлиги бу хусусда баёнот билан чиққан.
"Дональд Трамп бошчилигидаги янги маъмурият "АҚШ-Толибон муносабатларида сезиларли тараққиётга эришиш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятини яратиш учун реал қадамлар ташлашига умид қилаётганлик"ларини айтган.
Толибон янги АҚШ маъмурияти билан алоқаларини янгидан бошлаш, Афғонистоннинг четда музлатиб қўйилган миллиардлаб долларлик активларига имконли бўлиш ва ҳукуматининг расман тан олинишини истайди.
Трамп қудратга қайтган қисқа вақтнинг ўзида томонлар бир эмас, бир неча бор маҳкумларни алмашишга ҳам улгуришган.
Бу ҳам сўнгги ойларда Трамп маъмурияти ва Толибон Афғонистони билан боғлиқ халқаро миқёсда сарлавҳаларга чиққан янгиликларга айланган.
Афғонистон Сурия ва Ироқ билан бирга дунёнинг Ўзбек жангари гуруҳлари энг кўп жанг қилган учта давлатидан биттаси бўлади.
Улар ўз вақтида Афғонистон Толибон ҳаракати баробарида айнан "ал-Қоида"нинг яқин иттифоқчилари сифатида кўрилишган.
Халқаро ҳарбий доираларда энг йирик Ўзбек жангари гуруҳига нисбат берилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати эса, кейинчалик Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига ҳам байъат келтирган.
Бугун унинг энг ҳалокатли экани айтилувчи Афғонистондаги Хуросон қаноти сафларида ҳам Марказий Осиёликлар оз эмас.
Гуруҳ сўнгги йилларда, айниқса, Тожикистон фуқароларини кўпроқ ёллашга интилаётгани, ҳозир "ёллаётган одамларининг ярми" уларнинг ҳиссасига тўғри келиши яқинда айрим етакчи Ғарб нашрлари сарлавҳаларига ҳам чиққан.
Исломий Жиҳод Иттифоқи бўладими ёки "Имом ал-Бухорий" катибаси - минтақа ҳаётида бўй кўрсатган янги Ўзбек жангари гуруҳларининг аксариятига ҳам Ўзбекистон Исломий ҳаракати собиқ аъзолари томонидан асос солингани айтилади.
Агар, иккинчи ҳукумати ҳам халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаса, мамлакатда иқтисодий вазият янада ёмонлашса, Толибон худди 90-йилларда бўлганидек, Афғонистонда яна турли террорчи гуруҳларнинг кучайишига йўл очиши мумкин, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати
Антонио Жустоцци
Халқаро эксперт

Сурат манбаси, scrinshot
Ўзбекистон Исломий ҳаракати жиҳодчилар оламида анча пайт энг танилган номлардан бири бўлган.
2001 йилда Покистоннинг Вазиристонидан бошпана топгач, ҳаракат "ал-Қоида"га жуда яқинлашади.
Американинг ҳарбий амалиёти ортидан, Толибоннинг жиҳодини ҳам қўллаб-қувватлайди.
Аммо 2009-2010 йилларга келиб, "ал-Қоида" етакчилари ва Қандаҳор Толибони орасидаги танглик янада жиддий тус олади.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати бунга уларнинг Араб иттифоқчиларидан кўра анча кескин муносабат билдиради.
Жиҳодчилар сафида Толибон музокаралар йўли билан келишувга интилаётган ҳақида миш-мишлар тарқала бошлагач, Ўзбекистон Исломий ҳаракати толибларнинг Кветта Шўроси билан алоқаларини узади.
Ҳаракат бунинг ортидан ўзини "Ҳаққоний" тармоғи ва янги бўй кўрсатаётган Пешовар Шўроси билан уйғунликда кўра бошлайди.
2012 йилга келиб, Ўзбекистон Исломий ҳаракати учта етакчисини йўқотади:
2001 йилда Жума Намангоний, 2009 йилда Тоҳир Йўлдош ва 2012 йилда Абу Усмон Одил ўлдирилади.
Худди шу пайтда Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларида бўлиниш бошланади.
Ҳаракат йиғилиб, ўзининг янги етакчисини сайларкан, энг кўп овозни Абу Усмон Одилнинг муовини бўлган Усмон Ғозий олади.
Тоҳир Йўлдошнинг ўғилларидан бири - Абдул Азиз эса, бунга рози бўлмайди, аммо эътирози бесамар қолгач, ҳаракат сафларидан ажралиб чиқади.
2014 йилда Покистон ҳукумат кучлари мамлакатнинг қабилалар яшовчи минтақаларида Покистон Толибон ҳаракатига қарши махсус ҳарбий амалиётга қўл уради.
Ҳарбий амалиёт Усмон Ғозийни 350-400 нафар жангариси билан бирга Покистондан Афғонистоннинг жанубий-шарқий Зобул вилоятига ўтишга мажбур қилади.
Абдул Азиз эса, 150-200 тача одами билан шарқий Кунарга келади, аммо кейинчалик Афғонистоннинг шимоли-ғарбига кетади.
2015 йилда минтақада ИШИД жангари гуруҳининг Хуросон қаноти бўй кўрсатади.
Усмон Ғозий Афғонистонда экан, ўз гуруҳи билан бирга ИШИДга тўлиғича байъат келтиради.
Шундан кейин Толибоннинг ИШИД ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларини Зобулдан сиқиб чиқаришга қаратилган йирик амалиёти қаршисида қолади.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати Зобулда жуда оғир талафотлар беради, кўплаб оила аъзолари билан бирга Усмон Ғозий ўзининг ҳам ўлдирилгани айтилади.
Усмон Ғозий аллақачон ИШИДга қўшилишга қарор қилган бўлса-да, айнан Зобулдаги жанглар ҳаракатнинг Толибонга қарши адоватини янада кучайтиради.
Ҳаракат омон қолган жангариларининг аксарияти ИШИДнинг Хуросон қаноти сафларига киришади.
ИШИД Хуросон қанотининг айрим сара бўлинмалари худди шу жангарилардан ташкил топади ва улар анча-мунча худкуш ҳужумчи ҳам етказиб беришади.
Афғонистон шимоли-ғарбида ўзининг гуруҳи билан яккаланиб қолган Абдул Азиз эса, қанчалик танқидга тутмасин, 2015 йилда ўзини Толибон ҳаракатининг янги лидери, деб эълон қилган Ахтар Муҳаммад Мансурга байъат келтиришга мажбур бўлади.
Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг омон қолган айрим жангарилари эса, "ал-Қоида" ва Толибонга мойил бошқа гуруҳлар ҳимояси остида Афғонистоннинг шимолий-шарқий Бадахшон вилоятида тўпланишади.
ИШИД Хуросон қаноти 2019-2020 йилларда Афғонистон шарқида устма-уст оғир мағлубиятга учраши ва кўплаб Марказий осиёликларнинг гуруҳга ўз ишончларини йўқотишлари ортидан, уларга яна бошқалар ҳам қўшилишади.
2021-2022 йилларда Афғонистон шимоли-ғарби, шимоли-шарқи ва Кунар(энг кичиги)да Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг учта гуруҳи юзага келади.
Аммо Абдул Азиз 2020 йил ноябрида ўлдирилгани боис, улар етакчисиз эди.
Ўзбекистон Исломий ҳаракатини бирлаштириб, яна битта гуруҳга айлантириш бўйича музокаралар бошланади.
Аммо ҳаракатнинг шимолий-ғарбий тармоғи Толибоннинг кучли босими остида қолади.
Толибон уларни ўзининг Исломий Амирлиги билан янги битим шартларини қабул қилишга ундайди.
Мазкур битим Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларининг Марказий Осиёда жиҳод ғоясидан воз кечишлари, бошқа жойга кўчиб ўтишлари ва Толибон масъулларининг назорати остида бўлишга кўнишларини кўзда тутади.
Ҳаракатнинг шимолий-ғарбий тармоғига миллати ўзбек бўлган маҳаллий толиблар хайрихоҳлик қилишади.
Улар, балки, сафларидаги "ал-Қоида" тарафдорлари бу вазиятга чек қўяр, деган умидда Толибон раҳбариятининг буйруқларини қайта-қайта эътиборсиз қолдиришади.
2022 йилнинг 31 июлида Афғонистонда "ал-Қоида" етакчиси Айман аз-Заваҳирийнинг ўлдирилиши ва унга аксарият толибларнинг муносабати, афтидан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари учун туб бурилиш нуқтаси бўлади.
Бу уларни Толибон глобал жиҳодга ортиқ рўйхушлик бермайди, деган фикрга етаклайди.
Чунки Ўзбекистон Исломий ҳаракати бўлинмаларини толиблар орасида юрган ва аз-Завоҳирийнинг изидан тушишга америкаликларга Толибоннинг айрим етакчилари ва қанотлари ёрдам берганига оид гап-сўзлар ҳамда айбловлардан бехабар, деб бўлмасди.
Нима бўлганда ҳам, шу воқеалардан кейин Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг шимолий-ғарбий бўлинмаси тарқала бошлайди.
Аъзолари аста-секинлик билан Афғонистон шимоли-ғарбидан ғойиб бўлишади.
Улар барчасининг ҳозир аниқ қаерда эканликлари маълум эмас.
Аммо салмоқли қисми ИШИДга қўшилиш учун аниқ Афғонистон шимоли-шарқига кўчиб ўтган.
Яна Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларидан айримларининг Покистонга ёки Афғонистоннинг Покистон Толибон ҳаракати назорати остидаги шарқи ва жануби-шарқига йўл солишаётганига оид гап-сўзлар ҳам чиқди.
Сўнгги ойларда Бадахшонда "ал-Қоида" назорати остида бўлганларидан баъзиларининг ИШИД томонига ўтганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатди.
Жорий йилнинг баҳорига келиб, Афғонистон шимоли-ғарбида Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари деярли қолмади.
Ҳаракатнинг яна бирлашиш ва Марказий Осиёда жиҳод қилиш режаларини қайта бошлаш истиқболлари йўққа чиқди. (Бу Толибон Амирлигига тўғридан-тўғри чақириқни ҳам англатган бўларди).
Бу билан ҳаракатнинг ўзига янги лидер танлаш имконияти ҳам амалга ошмади.
"Ал-Қоида" ҳам уларни узоқ муддатга ҳимоя қилишга қодирдек кўринмайди.
Чунки тармоқ ўлдирилган етакчиси Айман аз-Завоҳирийнинг ўрнига расман янгисини тайинлаш ва Эроннинг васийлигидан қутилишга муваффақ бўлмади.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати қолган-қутган жангарилари вақт ўтган сайин йўқолиб бораётгандек кўринади, яъни Толибон билан уруш истиқболига шубҳа билан қарашларига қарамай, эски аъзоларининг аксариятида ИШИДга қўшилишдан бошқа яхшироқ танлов йўқ.
Аммо юзлаби Афғонистон ва яна юзлаби Сурияда ўлдирилганидан кейин ҳаракатнинг ҳозирги ва аввалги аъзолари орасида ИШИДнинг ғоясига иштиёқ деярли сўниб бўлган.
Аслида, ИШИД сафларига қўшилган собиқ аъзоларининг асосий қисми унчалик фаол эмас ва гуруҳ Хуросон қанотининг етакчилари билан вақти-вақти билан сан-манга ҳам бориб туради.
Толибонга таслим бўлиш истиқболига эса, жиддий қаралмайди, чунки ишонч йўқ, бунга Толибон қўлга олинган ўзбекистонлик ИШИД аъзоларини Ўзбекистон ҳукуматига топширгани ҳақидаги миш-мишлар бир мисол.
Шу каби чорасиз аҳволда бўлган ИШИД Хуросон қаноти сафларидаги Ўзбекистон Исломий ҳаракати собиқ аъзоларининг аксарияти, балки, яхшироқ имконият бўй кўрсатиб қолар дея, Бадахшоннинг олис водийларида яшириниб юришибди.
Исломий Жиҳод Иттифоқи

Сурат манбаси, skrinshot/illyustrativ
Очиқ манбаларда имконли бўлган хабарларга кўра, унга 2002 йилда Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан ажралиб чиққан ва "ал-Қоида" тармоғининг глобал жиҳодига қўшилишнинг ўрнига эътиборини Ўзбекистонга қаратиш истагида бўлган жангарилар томонидан асос солинган.
Янги ташкил топган пайтда номи Исломий Жиҳод гуруҳи, деб аталган.
Ўша пайтда Покистоннинг Шимолий Вазиристонидан бошпана топган, Мир Али шаҳрини ўзининг таянч нуқтаси қилгани айтилади.
2004 йилда Ўзбекистонда уюштирилган қатор портлашларга масъул кўрилган. Гуруҳнинг ўзи бу хусусда баёнот билан чиққан, унда бу каби амалиётларининг яна давом этишини ҳам даъво қилган. Ўшанда АҚШ ва Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратураси идораси нишонга олинган.
Худди ўша йиллари унинг Ўзбекистон, Қирғизистон ва Россияда ҳам ячейкалари борлигига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
АҚШ ҳукумати Исломий Жиҳод Иттифоқини ўша пайтда Ўзбекистон ҳукуматини ағдаришни мақсад қилиб олган "Ал-Қоида"га алоқадор ташкилот, деб тасвирлаган. Гуруҳ Толибонга ҳам алоқадорликда кўрилган.
Ўз номини Исломий Жиҳод Иттифоқига ўзгартирган йили гуруҳ АҚШ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши томонидан "террорчи ташкилотлар" рўйхатига киритилган.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши маълумотларига кўра, гуруҳни Нажмиддин Жалолов ва Суҳайл Бўронов ташкил этган ҳамда бошқарган. (Кенгаш улар ҳар иккисининг ҳам ҳозирда ҳаёт эмаслигини билдириб ўтган – таҳр.).
2008 йилда АҚШ Молия вазирлиги ҳам икковлоннинг ҳам ҳисобларини музлатиб қўйишга қарор қилган.
Улар 2009 йилнинг апрелида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "ал-Қоида" тармоғи ва Толибонга алоқаси бор шахслар, дея рўйхатига киритган.
БМТнинг Санкциялар қўмитаси бу икки киши "ал-Қоида" жамлоқларида миналар ва портловчи моддалар бўйича махсус машқлар олгани ҳамда Толибон сафида Покистон ва Афғонистонда жанг қилганини ёзган.
Бунинг ортидан, Исломий Жиҳод Иттифоқи Европада яшайдиган мусулмонларни ҳам гўёки ўз сафларига ёллашга уринаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.
Жосуслик хизматлари гуруҳнинг Европадаги фаолиятидан хавотирда экани айтилган.
Аммо "Исломий жиҳод иттифоқи"нинг тузилиши ва мақсадлари ҳақида кўп нарса маълум эмас.
Европа ҳукуматлари ҳам Бўронов ва Жалоловнинг ўзлари Афғонистон-Покистон чегарасида ҳарбий тайёргарлик жамлоқларини очиб фаолият юритишаётгани ва жумладан, евррпалик мусулмонларни ишга ёллаб, радикаллаштирмоқда, деган хавотирда бўлишган.
Ўша йиллари Исломий Жиҳод Иттифоқи ҳақидаги маълумотнинг аксари унинг ўзига тегишли экани айтиладиган веб саҳифадан олинган, бу интернет саҳифа Туркияда экани ва айнан шу ерда гуруҳ интернетга видеолар, нутқлар ва бошқа материалларни жойлаштириши ишонилган.
Гуруҳ чоп этган маълумотлар ва қилган амалиётларга қараб, у нафақат Ўзбекистон, балки Ғарбда ҳам ўз нишонларига эга дея хулоса қилиш мумкин бўлган. Аммо, шу билан бирга, бунинг кўпи башорат экани ҳам таъкидланган.
Террор мутахассислари гуруҳ асосан Покистон Вазиристонида жойлашган ва 200 тача аъзосига эга холос, деб билишган.
"Исломий жиҳод иттифоқи"нинг ажралиб чиққани айтиладиган Ўзбекистон Исломий ҳаракати билан ҳам қандай алоқаси борлиги ноаниқ.
2007 йилнинг сентябрида германиялик масъуллар Исломий Жиҳод Иттифоқининг АҚШ ва Германиядаги мўлжалларни нишонга олишга қаратилган фитнасини фош этишгани ҳамда гуруҳнинг уч аъзосини қўлга олганликларини маълум қилишади.
2009 йилда Германияда гуруҳ аъзолари устидан маҳкама жараёни ҳам бўлиб ўтади.
Исломий Жиҳод Иттифоқи 2008 йилда Афғонистондаги Хавфсизликни таъминлаш халқаро кучлари (ISAF)га қаратилган кўплаб ҳужумларга ҳам масъулиятни ўз зиммасига олган, худди ўша йили америкаликларнинг Афғонистондаги қўриқлов постига ҳам ҳужум қилган.
Гуруҳ 2009 йилда Андижонда уюштирилган портлашга ҳам масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққан.
2009 йилда ўзбекистонлик эканлиги айтилган Нажмиддин Жалоловнинг Покистоннинг шимолий-ғарбий Вазиристон минтақасида америкаликлар томонидан уюштирилган ракета ҳужумида ҳалок этилганига оид хабарлар олинган.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши маълумотларига кўра, 2004 йилда гуруҳнинг Бухорода уюштирилган ҳужумларга алоқадорликда айбланиб, қўлга олинган аъзоларидан бирига кўра Нажмиддин Жалолов Афғонистон Толибон ҳаракатининг ҳозирда марҳум ҳамасосчиси ва дастлабки лидери Мулла Умарни ўзининг етакчиси, деб билган. "Ал-Қоида" тармоғининг ҳозирда марҳум раҳбари Усама бин Лодинга бевосита алоқаси бўлган.
Нажмиддин Жалолов тармоқнинг Афғонистоннинг Хост вилоятидаги лагерида миналар ва портловчи моддалар бўйича махсус тайёргарликдан ўтган. Бўронов билан бирга Афғонистон ва Покистонда Толибонни қўллаб, ҳарбий амалиётларда ҳам иштирок этган.
Покистон Қуролли кучларининг Вазиристон минтақасида олиб борган 2014 йилги йирик ҳарбий амалиётлари ва Толибоннинг Афғонистонда қудратга қайтиши ортидан Исломий Жиҳод Иттифоқига нима бўлганига оид ишончли маълумотлар имконли эмас.
Аммо, очиқ манбаларга кўра, гуруҳ орада Афғонистон Толибон ҳаракатининг 2016 йилда АҚШ дрон ҳужумида ўлдирилган янги раҳбари Ахтар Мансурга байъат келтирган.
Бу маълумотларда даъво қилинишича, Илимбек Маматов бошчилигидаги гуруҳ ҳозир 200-250 нафарча аъзоси билан Афғонистоннинг Бадахшон, Бағлон, Қундуз ва Тахор вилоятларида фаолият юритади.
Би-би-си очиқ манбалардаги бу маълумотларни мустақиллари орқали тасдиқлашга имконли бўлганича йўқ.
Худди шу манбаларда иддао қилинишича, Исломий Жиҳод Иттифоқи "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" жиҳодчи гуруҳи назорати остида Сурияда ҳам фаолият юритган.
Сурия ва Ироқ ҳам дунёнинг Афғонистондан кейин турли Ўзбек жангари гуруҳлари бошпана топган, урушган ва жон сақлаб келган учта давлатидан иккитаси бўлади.
Имом ал-Бухорий катибаси

Сурат манбаси, http://buhoriy.com
АҚШ Давлат департаменти уларни "ал-Қоида"нинг иттифоқчиси ва Яқин Шарқдаги ўзбек жангариларидан иборат энг катта гуруҳга нисбат берган.
БМТ Хавфсизлик Кенгашига кўра, катибага 2011 йилда Афғонистон-Покистон чегарасида, Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларидан ажралиб чиққан жангарилар томонидан асос солинган.
У Сурияда 500 нафаргача хорижлик террорчи жангариларга бош. Аксариятини Ўзбекистон, Қирғизистон ва Шимолий Кавказ минтақасилик Россия фуқаролари ташкил этишади.
Хавфсизлик Кенгаши наздида лидерлари Марказий Осиёга ҳужумларини режалаштириш учун Афғонистонни янги плацдарм сифатида кўради.
2016 йилдан бошлаб, тайёргарлик жамлоқларини очиш ва янги ёлланганларни махсус тайёргарликдан ўтказиш мақсадида жангарилари Суриядан Афғонистоннинг шимолий Фарёб, Бодғиз ва Жаузжон вилоятларига сафарбар этилишган.
"Имом ал-Бухорий" катибасининг Афғонистонда 80-100 тача жангариси бор, дейди БМТ Хавфсизлик Кенгаши.
Шундай экан, Афғонистонда қолаётган катта миқдордаги АҚШ ҳарбий техникаси Афғонистон Толибон ҳаракатини қанчалик кучайтирган? Афғонистондаги бу ҳарбий жиҳозлар ҳозир Марказий Осиё учун қанчалик катта таҳдид? Уларни қайтариб олиш учун яна Афғонистонга қайта бостириб киришгача бориши мумкинми? Агар, шундай бўлса, бунинг оқибати минтақа учун нимани англатади? Агар, ҳарбий жиҳозларини қайтариб олиш учун АҚШ ҳукумати йирик миқдордаги йиллик молиявий ёрдамини тўхтатиб қўйса, бунинг оқибати Афғонистон ва минтақа учун қандай бўлиши мумкин? Бу масалада Марказий Осиё давлатларининг мавқеи қандай бўлиши керак, улар қандай йўл тутишлари лозим? Би-би-си Ўзбек хизмати Афғонистондаги АҚШ ҳарбий техникаси билан боғлиқ сўнгги ойларда бўй кўрсатаётган хабарлар манзарасида худди шу каби саволлар билан Толибон ва минтақавий масалалар бўйича қатор халқаро экспертларга мурожаат қилди:
Bu qurol-yarog‘larni turli guruhlar sotib olishlari mumkin. Ammo, so‘zsiz, buning uchun sizga pul kerak. Men hozir O‘zbekiston Islomiy harakatida pul ko‘p, deb o‘ylamayman.
Савол: Бу ҳарбий техника Толибонни қанчалик кучайтирган?
Антонио Жустоцци: Биласизми, мен бу рақамларга шубҳа билан қарайман. Ярим миллионга яқин қурол-аслаҳа йўқ, йўқолган, чунки уларга нима бўлганини ҳеч ким билмайди. Захирада жуда кўп нарсалар бор, ҳатто Толибоннинг ўзи ҳам унинг сон-саноғини билмайди, шу боис ҳам, менимча, бу хусусда аниқ бир нарса деб бўлмайди. Қанча бор, қанчаси йўқотилган...Собиқ афғон Қуролли кучлари сафларида хизмат қилган кўпчилик ўзининг қурол-аслаҳасини Толибонга топширмаган. Шу боис, улардан айримлари ҳалигача мамлакатнинг қаеридадир яширилган бўлиши мумкин. Сўзсиз, ҳозирги исёнчи кучлар ҳам бу қурол-аслаҳалардан фойдаланишади. Яъни, айниқса, мухолиф гуруҳлар аъзолари, собиқ аскарлар ёки собиқ армия ҳарбийларининг қуроллари ҳануз ўзларида. ИШИД ҳам бу қурол-аслаҳалардан айримларини сотиб олган бўлиши мумкин. Чунки улардан кўпчилиги қора бозордан жой топган. Яъни, Афғонистонни тарк этаётган аскарларга одам қочоқчилари ёки полицияга беришлари, шунингдек, йўлдаги бошқа харажатлари учун пул керак бўлгани боис, улардан кўпчилиги ўз қурол-яроғларини қора бозорда сотишган. Айримлари эса, толибларнинг ўзлари томонидан сотилган. Тушунишимча, ҳатто Толибон манбаларига кўра ҳам, баъзилари Покистон Толибон ҳаракатининг қўмондонларига хайрия қилинган. Бундан ташқари, Покистон Толибон ҳаракатининг бу қурол-аслаҳаларни қора бозордан харид қилишга ҳам қурби етади. Қора бозорда бундай қурол-яроғлар кўп эканига шубҳа йўқ, лекин ярим миллион....Агар, шунча қурол-яроғ очиқда бўлганида эди, Покистон Толибон ҳаракати 15 минг нафар одами билан жанг қилмаётган бўларди. Шу боис ҳам, мен бу рақамларга шубҳа билан қарайман. Чунки бу собиқ афғон ҳукумати қуролли кучлари қўлида бўлган енгил қуролларнинг кўпчилиги, агар деярли ҳаммаси бўлмаса ҳам, ҳозир қора бозорда экани ёки бериб юборилганини англатади. Мен Толибон ҳамма қурол-аслаҳани ўзгаларга бериб юборади, деган фикрдан йироқман. Агар улардан бундан аввал 120 мингта қурол-аслаҳа бўлган бўлса, ҳозир қуролли кучларининг сафи янада кенгайган. Агар полиция кучларини ҳам қўшадиган бўлсак, уларни қуроллантириш учун биргина Толибоннинг ўзига камида 300 мингта қурол-аслаҳа лозим. Шунинг учун ҳам, менимча, ярим миллион бу жуда катта рақам. Аммо Афғонистондан келаётган қурол-яроғлар қора бозорларда тўлиб кетган. Шундай экан, уларни кўпчилик одам сотиб олади. Албаттаки, уларнинг орасида исёнчилар ҳам бор ва менимча, фақат Покистон Толибон ҳаракати эмас. Улар билан бирга Покистон ҳукуматига қарши жанг қилаётган бошқа гуруҳлар, айрим кичикроқ гуруҳлар ва баъзи мустақил қўмондонлар ҳам бор. Шундай экан, улар бирга асосий олувчиларни ташкил этишади. Сўнгги бир неча йилда уларнинг сони ортиб бораётгани ҳам аниқ. Бошқалар эса, бунга шубҳа билан қарашади. Чунки Покистон Толибон ҳаракати чиқариб ташланганида, харид қилишга имконли "ал-Қоида" ва бошқа гуруҳларнинг сони анча кам. Шу боис, улар шунча қурол-яроғни ютиб юбора олишмайди. Менимча, Толибон ҳам Афғонистон ҳудудида бўлишларига изн берса-да, бошқа гуруҳларнинг ҳаддан зиёд кучайиб кетишларини истамайди. Ўзбекистон исломий ҳаракатига келсак, у ортиқ яхлит бир гуруҳ сифатида мавжуд эмас, бўлиниб кетган. Бундан ташқари, Имом ал-Бухорий катибаси бор, кейин яна баъзи бир тожик гуруҳлари, уйғурлар....Бу одамлар, одатда, Толибон томонидан қаттиқ қўриқланади. Мен жорий вазиятда улар ўз сафларини жиддий кенгайтиришга имконли, деб ўйламайман. "Ал-Қоида" бунга бироз имконли бўлган бўлса ҳам, аъзолари сони ҳалиям бир неча юз ёки мингларда чегараланади. Шундай экан, сўз катта миқдордаги қурол-яроғлар ҳақида кетганда, бу сонлар ҳеч нарсани англатмайди. Аммо қурол-яроғ кўплиги боис, нархлари нисбатан арзон. Бу эса, айрим гуруҳлар учун уларни харид қилиб, сақлаб қўйишлари учун яхши имконият бўлиши мумкин. Чунки сиз одам ёллаб, сафларингизни кенгайтирадиган бўлсангиз, буни аниқлашнинг бирор бир белгиси бўлади. Аммо сиз қурол-яроғларни кўздан панага яшириб, сақлаб қўядиган бўлсангиз, унинг аниқ сонини айтиш осон бўлмайди. Риск бўлади, тўғрими? Мисол учун, Балуж исёнчилари ҳам кўп қурол-яроғ харид қилишаётгани бизга маълум. Ҳатто Балужистондаги қора бозорда ҳам Афғонистондан келаётган қурол-яроғ кўп. Шундай экан, уларни турли гуруҳлар сотиб олишлари мумкин. Аммо, сўзсиз, бунинг учун сизга пул керак. Мен ҳозир Ўзбекистон Исломий ҳаракати ёки Афғонистондаги бошқа гуруҳларда пул кўп деб ўйламайман. "Ал-Қоида", Покистон Толибон ҳаракати, Балужларда эса, аниқ маблағ бор.
Савол: Афғонистондаги бу ҳарбий жиҳозлар ҳозир Марказий Осиё учун қанчалик катта таҳдид?
Антонио Жустоцци: Агар, миқдорига келсак, ҳа, Афғонистонда катта ҳажмдаги АҚШ ҳарбий техникаси қолган. Аммо, шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, ҳали тузум ўзгараётган пайтдаёқ улардан аксарияти таъмирлаб бўлмас аҳволда эди. Кўплаб Ҳамвилар, қуролли зирҳли уловлар ҳам ишдан чиққанди. Тўғри, улар қуролли зирҳли уловлар. Аммо енгил қуролланган, кўпроқ исёнчиликка қарши курашда қўл келади. Бошқа бир давлатга қарши урушда эмас. Дейлик, улар танкка ўхшаган урушадиган ҳарбий техника эмас. Толибон улардан бир қанчасини таъмирлай олди. Аммо, орадан вақт ўтиб, уларнинг ҳам эҳтиёт қисмлари муаммоси чиқади. Толибларга эҳтиёт қисмларини эса, ҳеч ким бермайди. Толибон ҳали бошданоқ юз тутган яна бир муаммо - ёқилғи. Бунча катта сондаги уловнинг ҳаракатланиши учун сизга жуда кўп ёқилғи керак бўлади. Бунинг учун эса, кўп пул лозим. Аммо Толибонда бунча пул йўқ. Шу боис ҳам, бу зирҳли уловлардан кўп фойдаланмайди, уларни асосан ҳарбий парадларда намойиш этади. Толибонга катта миқдорда мерос қолган ва энг қўл келаётгани эса, кичик юк машиналари. Лекин улар ҳам жанговар техника эмас. Ташиш, юришга мўлжалланган. Толиблар улардан ҳаракатланиш мақсадида фойдаланишади. Фақат шу. Ҳаво кучларига келсак, улар шундоқ ҳам тўлиқ шай аҳволда эмасди. Тузум ўзгараётган пайтда таъмир ва қаровнинг яхши эмаслиги боис, кўплаб самолёт ва вертолётлар ишдан чиқиб бўлганди. Бу техника, жиҳозларнинг аҳволи асосан хорижий пудратчиларга боғлиқ бўлган. Улар эса, ортиқ Афғонистонда эмас. Толиблар бир қанча вертолётларни сафга қайтаришга муваффақ бўлишди, лекин, шунда ҳам, кўпчилиги яроқсиз. Яна каттагина сондагиси афғон учувчилари томонидан айрим Марказий Осиё давлатларига олиб қочилган. Улардан бир нечтаси орада америкаликларга қайтарилган. Аммо қолганлари ҳануз ўша ерда. Шундай экан, Толибоннинг Ҳаво кучлари ҳам асосан юк вертолётларидан иборат. Уларда Америка ва Россияники бўлган бир нечта юк вертолётлари бор. Улардан айримлари пулемёт ва ракета учиргичлар билан жиҳозланган. Аммо улар ҳам асосан исёнчиларга қарши курашда қўл келади, бошқа бир давлат билан урушишда эмас. Толибларда америкаликлардан қолган бир неча қирувчи вертолётлар бор. Лекин қолган бошқалари яроқли аҳволда эмас. Ўқ-дори, етарлича учувчилари йўқ. Толибон учувчиларни тайёрлаш ҳаракатида, аммо бу узоқ вақт талаб қиладиган жараён. Қўшнилари мисолида олсак, Толибон ҳозир асосан Покистон билан урушаяпти. Яъни, ўзаро чегарада кўп тўқнашувлар юз бераяпти. Толиблар бу тўқнашувларда асосан битта қурол – тўплардан фойдаланишаяпти. Аммо бу тўплар ҳам Россияники. Тез орада бу тўплар ўқларининг ҳам таги кўриниб қолса керак. Менимча, толиблар собиқ афғон армиясидан мерос қилиб олган энг қимматли аслаҳа – катта миқдордаги М(Эм)-4 русумидаги қуроллар. Чунки бу қуроллар тунги кўриш мосламаси билан жиҳозланган. Бу сизга, мисол учун, исёнчиларга қарши тунги рейдларда қўл келади, сизга катта устунлик беради. Ҳозир минтақада худди шундай қуролга эга исёнчилар ҳам бор. Мисол учун, Покистон Толибон ҳаракати ҳам уларга эга. Сиз бу қуролларни қора бозордан топа оласиз. Чунки Толибоннинг қўлига тушмаган ҳарбий жиҳозларнинг аксарияти ўғирланган ёки контрабанда қилинган. Шундай экан, исёнчи бўлсангиз, сиз уларни харид қила оласиз. Лекин қўшни давлатларга таҳдид нуқтаи назардан олганда, бу қуролларнинг ҳарбий қиймати ҳам деярли йўққа тенг. Бундан ташқари, Толибоннинг минтақада энг йирик армияга эга бўлиш режаси ҳам хом хаёл. Чунки минтақада Покистон энг катта армияга эга, 100 миллионга яқин ҳарбийси бор. Кейин Эрон. Толибон ҳатто уларнинг яқинига ҳам келолмайди. Ҳатто, энг йирик армияга эга бўлган тақдирингизда ҳам, бу сиз уларни бошқа бир давлатга қарши сафарбар эта олишингизни англатмайди. Бунинг учун сизга базалардан четда фаолият юрита олишингизни таъминловчи логистика тизими зарур бўлади. Ҳатто ўз давлатингиз ҳудудида амалиёт олиб боришингиз учун ҳам бусиз иложи йўқ. Бу эса, пул дегани. Чунки кимдир сизни ёқилги, сув, озиқ-овқат билан таъминлаши керак . Толибон эса, ҳатто исёнчиларга қарши курашга ҳам катта сондаги ҳарбийсини сафарбар этаётгани йўқ. Бор-йўғи бир неча мингини ташлаяпти. Аксариятини базаларнинг ўзида ушлаб турибди. Тўғри, улар вақти-вақти билан Покистон билан тўқнашувларда иштирок этишади, аммо, шунда ҳам, Толибон катта сондаги ҳарбийсини доимийга Покистонда билан чегарасига жойлаштирмаган. Чунки бу маблағ талаб қилади. Шундай экан, Толибон Қуролли кучларининг қўшни давлатларга таҳдиди деярли нолга тенг. Чунки логистика билан боғлиқ сабаблар – ёқилғи, ҳамма нарса тақчиллиги туфайли улар катта бўладими ёки кичик, бирор бир армияни ўзга бир тупроқда ушлаб тура олишмайди. Улар ўтмишда қолиб кетишган. Жанг қилиш, тўп ва енгил қурол-аслаҳаларни ишга солишни бошласангиз, алал-оқибат ўқ-дорингиз қолмайди. Янгисини сотиб олишингиз керак бўлади, бунинг учун эса, пул керак. Шунинг учун ҳам, бирор бир йирик можарони молиявий имконлари кўтармайди.
Markaziy Osiyo davlatlari haqida gapirar ekanmiz, menimcha, ular mazkur janjal, ushbu mojaroga umuman bosh suqmasliklari lozim. Iqtisodiy hamkorlikka eʼtibor qaratganliklari tuzuk.
Савол: Уларни қайтариб олиш учун яна Афғонистонга қайта бостириб киришгача бориши мумкинми?
Алишер Илҳомов: Трамп ва маъмуриятининг хатти-ҳаракатларини олдиндан башорат қилиш жуда қийин. Улар масалан, уруш олиб бориш, мамлакатларга ҳудудий даъволар нуқтаи назаридан оқилона бўлмаган қарорлар, қадамларга боришмоқда. Улар миллий суверенитети ва халқаро ҳуқуққа зид эса-да, дейлик, Канадани Американинг бир қисми сифатида кўришни хоҳлашлари, бундан ташқари, Гринландияни ҳам ўз назоратлари остига олишни исташларига имо-ишоралар қилишаётир. Бу каби бир манзарада, албатта, ҳеч бўлмаганда риторик даражада қандайдир тажовузкор қадамлар бўлади. Аммо масала бунда эмас. Масала ўз мақсадига етишиш учун айтилаётган сўзларнинг қанчалик амалий қадамга айланиши-айланмаслигида. Қиймати қандайдир 7 миллиардлик ҳарбий техника учун Афғонистонга яна қўшин юбориш, бошқа бир мамлакатга бостириб кириш, қандайдир ҳарбий ҳаракатларни бошлаш охир-оқибат Америка Қўшма Штатларига бир неча бор қимматга тушади. Агар риёзиётда кучли бўлишса, улар бунинг ўзларига қанчага тушишини ҳисоблаб чиқишлари ҳам мумкин. Чунки бу давлатга олдин ҳам бостириб киришган. 2001 йил 11 сентябр ҳужумларига жавобан Афғонистонга кириш ва у ердаги тузумни ўзгартиришга қарор қилишган. Аммо алал-оқибат ҳеч нарсага эриша олишмаган. Фақат юз миллиард долларлаб пулларини харжлашгани қолган. Таъбир жоиз, бу яна эшагидан тушови қимматга ўхшаган гап бўлади. Шундай экан, мантиқан айтганда, Америка Қўшма Штатлари томонидан қандайдир босқин ёки ҳарбий аралашув бўлиши даргумон. Мен бундай деб ўйламайман. Бундан ташқари, айниқса, ўзида қолган қурол-яроғлар назарга тутилганида, Толибон ҳам Америка Қўшма Штатларининг бу каби ҳарбий аралашувига анча яхши қаршилик кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Шу боис, иш қандайдир қуролли тўқнашувгача етиб бормайди. Биз ҳозир бунинг Трамп маъмурияти томонидан фақат риторика даражасида эканини кузатаяпмиз.
Савол: Агар, ҳарбий жиҳозларини қайтариб олиш учун АҚШ ҳукумати йирик миқдордаги йиллик молиявий ёрдамини тўхтатиб қўйса, бунинг оқибати Афғонистон ва минтақа учун қандай бўлиши мумкин? Эксперт сифатида Афғонистонда қолган катта миқдордаги АҚШ ҳарбий техникаси билан боғлиқ можаро ечимини нимада кўрасиз?
Алишер Илҳомов: Ҳеч нимада. Қўшма Штатларнинг ушбу ҳарбий техника "ўлжа" экани ва уларнинг ишғоли Афғонистонга етказган зиёнга товон сифатида ўша ерда қолиши фактига кўниши керак бўлади. Трамп бунга мажбур бўлади. Чунки Трамп ҳозир ўзи норизо ёки ёвқараш мавқеъда бўлган давлатларга нисбатан нима қилаяпти – уларга фақат янги божлар билан таҳдид қилмоқда. Энг ёмон ҳолатда бу иқтисодий жазо чоралари бўлиши мумкин. Демак, у Афғонистонга қарши қандайдир божлар киритадиган бўлса, бу ҳеч қандай самара бермайди. Чунки Афғонистон шундоқ ҳам Америкага деярли ҳеч нарса экспорт қилмайди. Лекин халқаро молиявий ташкилотларнинг айрим каналларини тўсиши, улар Афғонистондаги банкларга пул, кредит бера олмаслиги, у ерга сармоялар бормай, сармоявий лойиҳалар амалга ошмаслиги мумкин. Ҳа, у Афғонистоннинг глобал ресурсларга йўлини тўсиб қўйиши мумкин. Афғонистоннинг эса, ўзи билан чегараланиб қолган, ривожланиш эмас, фақатгина "омон қолиш"га асосланган иқтисодига таянишдан бошқа нарса қолмайди. У бу мамлакатнинг ривожланиш истиқболларига ҳам ғов бўла олади. Аммо иқтисодий жиҳатдан яшаб қолиш имкониятларини йўққа чиқара олмайди. Бундан ташқари, Афғонистон Хитой билан, бошқа давлатлар, жумладан, Покистон билан икки томонлама ҳамкорлик нуқтаи назаридан қандайдир муносабатларни ривожлантириши мумкин. Бу Америка Қўшма Штатлари томонидан киритилиши ёки кучайиши мумкин бўлган салбий жиҳатларни қоплайди.
Савол: Сизнингча, мазкур масалада Марказий Осиё давлатларининг мавқеи қандай бўлиши керак, улар қандай йўл тутишлари лозим?
Алишер Илҳомов: Бу Трампнинг ҳар қандай тажовузкор хатти-ҳаракатларига қарши яна бир далил. Толибон билан қиёсланганда, икки ёвуздан кўпроқ ёвузлик туғдираётгани айнан ИШИД бўлади. Шундай экан, Марказий Осиё давлатлари ҳақида гапирар эканмиз, менимча, улар мазкур жанжал, ушбу можарога умуман бош суқмасликлари лозим. Улар АҚШнинг $7 миллиард долларлик ҳарбий техникаси билан боғлиқ машмашалардан узоқроқ турганликлари маъқул. Бунинг ўрнига, кўпроқ қандайдир иқтисодий ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратганликлари тузук. Яъни, масалан, Ўзбекистон учун Афғонистон ҳудуди орқали жанубий денгизлар - Покистон портларига чиқиш ўта муҳим. Менимча, Покистон ҳам бундан манфаатдор бўлади. Улар шу нарсага урғу беришлари ва Афғонистонга нисбатан сиёсатларини шунинг атрофида қуришлари керак. Афғонистонни ўзининг иқтисодий ривожланиши масалаларига кўпроқ жалб қилиш лозим. Агар улар ҳозир ҳарбий техника масалага аралашадиган бўлишса, бу Афғонистон билан Марказий Осиё ёки Афғонистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашишига олиб келиши эҳтимоли бор. Бу эса, Афғонистоннинг амалдаги раҳбариятининг янада эксремист қанотига эрк бериши ва уларни қўзғаши мумкин. Биламизки, Афғонистондаги ҳукумат яхлит эмас. Ораларида иқтисодий ривожланишни афзал билаётган етакчилари баробарида "Ҳаққоний"га ўхшаш анчайин эксремист мавқеъда бўлганлари ҳам бор. Улар ҳатто ўзларининг халқаро террорчи ташкилотлар билан ҳам танилганлар. Шунинг учун ҳам, уларнинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан қандайдир тажовузкорона сиёсатни бошлашларига қандайдир асос бермаслик лозим. Биз қандайдир қўшма иқтисодий ҳамкорлик масалаларига кўпроқ эътибор қаратишимиз керак. Айниқса, асосий лойиҳа сифатида иккита – Афғонистон оша Покистоннинг жанубий портларига йўл ва сув ресурсларидан фойдаланишга қаратилгани бўлиши керак. Ҳозирча Толибон сув масаласида ҳамкорликка бораётгани йўқ. Лекин дипломатик йўллар, иқтисодий таъсир воситалари билан Афғонистонни бу соҳада ҳам ҳамкорликка ундаш керак. Марказий Осиё давлатларининг манфаатлари нуқтаи назаридан энг ёмон сценарий Афғонистонда қандайдир янги қуролли можаронинг бошланиши бўлади. Биз сўнгги йигирма йилдан ортиқроқ вақт давомида гувоҳ бўлган тарих яна такрорланади. Шунинг учун ҳам, эътиборни тинчликни сақлаш, давлатларимиз ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратишимиз, Марказий Осиё чегараларини кенгайтириши мумкин бўлган ягона иқтисодий маконга қаратишимиз лозим.
Мазкур материални тайёрлашда Би-би-си Дарий хизмати суриштируви натижалари, ходимлари Юсуф Расулий ва Зиё Шаҳриёр ҳаммуаллифлигидаги мақоладан ҳам фойдаланилди.












