Толибон Ўзбекистонга яна нима қилиши кераклигини айтдими?

Афғонистон муваққат Мудофаа вазири

Сурат манбаси, RTA

Ўқилиш вақти: 7 дақ

Афғонистон Мудофаа вазирлиги янги баёнот билан чиқди. Толибоннинг муваққат Мудофаа вазири номи чиққан марҳум лидери Мулла Умарнинг ўғли бўлади. У орада минтақа давлатларини огоҳлантиришгача борган. Расмий Тошкент ҳозирча жим, Америка ҳам.... Буёғи нима бўлади?

Алоқадор мавзулар:

Янги ёки навбатдаги баёнот

Инфографика
Сурат тагсўзи, Афғонистон Толибон ҳаракати қудратга қайтиб, ўзининг муваққат ҳукумати ва яна Исломий Амирлигига асос солгунига қадар минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ сифатида кўрилган.

Ўзбекистонда қолаётган АҚШ авиатехникасининг тақдирига оид сўнгги янгилик ҳам Афғонистондаги Толибон ҳукуматининг эътиборидан четда қолмади.

Толибоннинг Мудофаа вазирлиги расман баёнот билан чиқди.

Вазирлик етти қирувчи вертолётнинг Ўзбекистондан Америка Қўшма Штатларига қайтарилганига оид хабарлардан Исломий Амирлик хавотирда эканлигини билдирди.

АҚШ томони яроқли, деб топган "Black Hawk" русумидаги бу вертолётлар Афғонистоннинг амалдаги сайланган ҳукумати қулатилган 2021 йилда афғон учувчилари томонидан ҳаво ҳудудларини бузиб, Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб қочилган АҚШ ҳарбий авиатехникасининг бир қисми бўлади.

Ўнлаб сондаги бу ҳарбий авиатехниканинг тақдири ўзи Афғонистонда қудратга қайтган сўнгги тўрт йилча вақт ичида Толибон ҳукумати диққат-эътиборида турган энг асос масалалардан бири экани кўрилади.

Яъни, Америка томонининг бу ўзларининг мулклари экани ва расмийларнинг улардан аксарияти Ўзбекистон ихтиёрига топширилганига оид баёнотлари ҳам Толибон ҳукуматини мазкур авиатехникани Афғонистонга қайтариш талабидан қайтара олмаган.

Бу хусусда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳар қандай муҳокама ёки келишув тафсилотларига ҳассос ҳамда ўзининг муносабатини ошкора билдириб келади.

Орада Афғонистон муваққат Мудофаа вазири айни масала юзасидан минтақа давлатларига огоҳлантириш билан чиқишгача борган.

Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид АҚШ ҳарбий авитехникаси олиб қочилган давлатлар уларни Афғонистонга қайтаришмаса, "бунинг оқибатларига юз тутишлари" билан пўписа қилган.

У, ўшанда "бизни мажбур қилишмасин, яхшилик билан қайтаришсин, ҳафсаламизни пир қилишмасин", деркан, "қўлимиздаги бор имкониятлардан фойдаланиб, кучимизни кўрсатиб қўямиз", деган сўзларгача қўллаган.

Толибон муваққат Миллий Мудофаа вазирининг айни мазмундаги баёноти ортидан, Ўзбекистон томони мазкур авиатехника Американинг мулки экани ва уларга қайтарилишини айтиб чиққан.

Пентагон вакили уларнинг "Толибон фойдаланиши учун Афғонистонга қайтарилмаслигига ишонч" ҳам билдирганди.

Толибон ва толиблар даъвоси

Марказий Осиё харитаси
Сурат тагсўзи, Афғонистон яна минтақанинг аксарият Марказий Осиё давлатлари – Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга чегарадош мамлакати бўлади.

Афғонистон Толибон ҳаракати қудратга қайтиб, ўзининг муваққат ҳукумати ва яна Исломий Амирлигига асос солгунига қадар минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ сифатида кўрилган.

Халқаро ҳарбий доираларда ҳаракат фаол жангарилари сонининг ўзиёқ бир неча ўн мингларга нисбат берилган.

Афғонистон яна минтақанинг аксарият Марказий Осиё давлатлари – Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга чегарадош мамлакати бўлади.

Толибон ҳукумати, бундан ташқари, ҳокимиятни эгаллаши биланоқ шу уч Марказий Осиё давлатида жиддий сув тақчиллигига сабаб бўлиши мумкинлигига оид қўрқувларни янада кучайтирган зиддиятли йирик канал қурилишини бошлаб, аллақачон унинг ярмига ҳам етган.

Толибон Мудофаа вазирлиги ўзининг сўнгги баёнотида ҳам мазкур вертолётларнинг Афғонистонга тегишли эканини қайта баён қилган.

Улар собиқ маъмурият мулозимлари қочган пайтда, Ўзбекистонга ўтиб қолгани ва Афғонистонга қайтарилиши кераклигини яна бир бор таъкидлаган.

Ўзларининг бу вертолётларнинг Америка Қўшма Штатларига қайтарилишини "ҳеч қанақасига қабул қила олмаслик"ларини ҳам билдирган.

Толибон Мудофаа вазирлиги бунинг сабабини "Афғонистон халқи ўз ҳаққини ҳимоя қилиш ва талаб қилиш ҳуқуқига эга экани, шунинг баробарида, қўшни давлатлар ҳам афғонларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишлари шарт" эканлиги билан изоҳлаган.

Аммо, шундай деркан, минтақадаги бирор бир мамлакатдан алоҳида ном тутмаган, акс-ҳолдаги оқибатларига ҳам хосан тўхталмаган.

Вазирлик ўзининг баёноти сўнггида Америка Қўшма Штатларидан ушбу вертолётларни Афғонистонга қайтариш йўлида ҳар хил тўсиқлар яратишнинг ўрнига, уларни афғонларга қайтаришни талаб қилган.

Толибон Мудофаа вазирлигининг сўнгги баёнотида янграган даъват ва талабларга расмий Тошкент ва расмий Вашингтон муносабати ҳозирча маълум эмас.

Термизга олиб қочилган АҚШ ҳарбий авитехникаси орасидан "Black Hawk" русумидаги етти вертолётнинг Америкага қайтарилганга оид янги тафсилотлар эса, шу кунларда Ўзбекистон Қуролли кучларининг 33 йиллиги муносабати билан Вашингтондаги Ўзбек элчихонасида бўлиб ўтган тадбир ортидан чиққан.

Аммо бу хабар тафсилотларидан нега "яроқли", деб топилган бу вертолётларни Америка Қўшма Штатлари яна ўзига олгани тафсилотлари ноаён қолган.

Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон ўзбеклари илова дунёнинг турли жангари гуруҳлар жанг қилган, бошпана топган ва жон сақлаб келаётган давлатларидан бири бўлади.

Афғонистонда Ўзбекистондан кейин энг кўп сондаги ўзбеклар яшайди, уларнинг сонлари турли манбаларда миллионларга нисбат берилади.

Айрим етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, Толибон бу самолётлар, айниқса, вертолётлар билан ўзининг Ҳаво кучларини кучайтирмоқчи.

Улар, бундан ташқари, мазкур авиатехникадан инсонпарварлик ва қутқарув амалиётлари, айниқса, сув тошқинлари ва зилзилалар каби табиий офатлар чоғида фойдаланишни хоҳлайди.

"Бундай самолётлар ва вертолётларни харид қилиш учун катта пул ва уларни сотадиган шерик керак. Толибонда эса, уларнинг ҳеч бири йўқ", - дейишади улар.

Толибон Афғонистонда ҳокимиятни қайта эгаллаган қисқа вақтнинг ўзидаёқ минтақада энг йирик Армияга эга бўлиш истаги ва режасини ошкора баён қилишга ҳам улгурган.

АҚШ ҳарбий авиатехникаси тақдири

Инфографика

Америка Қўшма Штатларининг элчиси Жонатан Ҳеник ўтган йил Ўзбекистонда қолаётган АҚШ авиатехникаси тақдирига ойдинлик киритган.

У ўшанда кун.уз интернет нашрига Афғонистондаги Толибон ҳукумати даъвогарлик қилаётган ўнлаб ҳарбий самолёт ва вертолётнинг Ўзбекистонда қолишини айтган.

У мамлакати бу борада Ўзбекистон билан расман келишиб бўлганига ҳам ишора қилган.

Элчи, шундай деркан, "ушбу ҳарбий техника ҳеч қачон афғонларники бўлмагани, Афғонистон Қуролли кучлари улардан фақат фойдалангани, эгаси эса, ўзлари бўлганликлари ва эканликлари"ни ҳам таъкидлаганди.

Аммо АҚШ элчиси томонларнинг қачон ва қандай шартлар асосида бу каби тўхтамга келишгани тафсилотларига ойдинлик киритмаган, у фақат "томонлар аллақачон қўшма дастурни амалга ошираётганликлари"ни қўшимча қилгани айтилганди.

Мазкур хабар тафсилотларидан тилга олинган "қўшма дастур" ҳам айнан нималарни кўзда тутиши ноаён қолган.

АҚШ элчисининг ҳар икки мазмундаги сўзларини ўшанда расмий Тошкент шарҳламаган, на-да тасдиқлаган ва на-да инкор қилганди.

Ўзбекистондаги АҚШ элчисининг бу сўзлари ҳам ўшанда толибларнинг эътиборидан четда қолмаган.

Толибон ҳукуматининг баёноти бу ҳолатда ҳам унинг Миллий Мудофаа вазирлиги номидан янграган.

Вазирлик ўзининг баёнотида, "Ўзбекистондаги Афғонистонга тегишли самолётлар ва вертолётларнинг тақдирига оид ҳар қандай битимни номақбул", деб атаган.

"Қўшма Штатлар Афғонистон мулкларини мусодара қилиш ва тарқатиш ваколатига эга эмас"лигини таъкидлаган.

Толибон Миллий Мудофаа вазирлиги шундай деркан, "Ўзбекистон ҳукуматини бу каби ишлардан тийилиш"га чақирган.

"Яхши қўшничилик муносабатларини акс эттирувчи оқилона қарорлар қабул қилиш, Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари ва вертолётларини топширишда ҳамкорлик қилиш"га чақирганди.

Бунинг ортидан Американинг Ўзбекистондаги элчиси мамлакатининг АҚШ авиатехникаларини Ўзбекистонда қолдириш қарори ва бунга Толибон томонининг муносабатига ўзларининг мавқеъларини очиқлаган.

Элчи Жонатан Ҳеник "Америка овози"нинг бу хусусдаги қатор саволларига жавоб берган.

"Ҳозир авиатехника буткул Ўзбекистон ихтиёридами ёки бу жараён ҳануз давом этаётгани-йўқлиги", саволига жавоб бераркан, элчи Жонатан Ҳеник,"ушбу масала бўйича айтганларига қўшадиган ҳеч нарсаси йўқ"лиги, "у ҳал бўлган"ини айтганди.

Сўз жами 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт ҳақида бормоқда.

Улар 2021 йил августига қадар Афғонистон Толибон ҳаракати томонидан қулатилган ва Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган афғон ҳукумати ихтиёрида бўлган.

Худди шу манзарада айрим етакчи маҳаллий интернет нашрларида ўзбекистонлик айрим етакчи экспертларнинг мазкур авиатехника Афғонистонга қайтарилса, "бу қўшни давлатлар учун таҳликавий вазиятни юзага чиқариши мумкин"лигига оид фикрлари ҳам бўй кўрсатганди.

Сўнгги АҚШ ҳарбийси эса, Афғонистонни 2021 йилнинг 31 август куни тарк этган.

Толибон нимага умид қилаяпти?

Толибон етакчилари

Сурат манбаси, ANADOLU

Сурат тагсўзи, Толибон ҳукумати Дональд Трампнинг Америка Қўшма Штатларида яна президент этиб сайланишини эътиборидан четда қолдирмаган. Толибон муваққат Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнотидан уларнинг янги АҚШ маъмуриятидан прагматик ёндашув ва ўзаро муносабатлари янги даврга кўз тикаётганликлари англашилганди.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи Америка Қўшма Штатларида янги Республикачи президент – Дональд Трамп яна қудратга қайтган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Айнан Дональд Трамп Толибон ҳаракати билан халқаро кучларнинг Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий ҳозирлигига чек қўйган, аммо, алал-оқибат толибларнинг яна ҳокимиятни эгаллашлари билан якун топган "тарихий" келишувга эришган АҚШ президенти бўлади.

Дональд Трамп эса, иккинчи бор президент сифатида қасамёд келтириши арафасида Афғонистонга бўлажак молиявий ёрдамлар Толибон етакчиларининг мамлакатдаги АҚШ ҳарбий техникасини қайтаришларига боғлиқ бўлишини айтган.

Айнан Америка Қўшма Штатлари Толибон қудратга қайтганидан кейин ҳам Афғонистоннинг энг йирик донори сифатида қолаётган давлат бўлади, уларнинг Афғонистонга йилига бериб келаётган молиявий кўмаги бир неча миллиард долларга баҳоланади.

Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий вазият ва унинг қандай тус олиши эса, ўтган тўрт йилча вақт ичида йирик халқаро кўмак ташкилотларининг жиддий хавотирларига молик, фавқулодда кўмаксиз, "Ер юзининг жаҳаннамига айланажаги"га оид баҳоларига ҳам сабаб бўлиб келади.

Толибон ўзининг тан олиниши учун халқаро ҳамжамият томонидан илгари сурилган шартларни эътиборсиз қолдираркан, Афғонистонга бериб келинаётган йирик миқдордаги йиллик халқаро молиявий кўмаклар ҳануз тикланмаган ва мамлакатнинг четдаги музлатиб қўйилган бир неча миллиард долларлик активлари ҳануз очилмаган.

Толиблар ҳали-ҳануз ўзлариники инклюзив эканини таъкидлаганча, кўп миллатли Афғонистонда кенг қамровли ва сайланган ҳукумат тузишга боришмаган, афғон хотин-қизларининг ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликларини ҳам тобора чеклашда давом этмоқда.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи, бошқа томондан, Дональд Трампнинг АҚШ ташқи ёрдамини тўхтатиб қўйишга бўлган уринишлари билан бир пайтга ҳам тўғри келган.

АҚШ Давлат Департаментининг 2022 йилги ҳисоботига таянилса, 2021 йилги оммавий ҳарбий сафарбарлик ортидан, Афғонистонда умумий қиймати $7 миллиард долларга яқин ҳарбий техника қолдирилган.

Толибон муваққат ҳукумати ўзининг қудратга қайтиши санасини байрам қилиб, уюштираётган ҳарбий парадларида улардан айримларини бутун дунёга намойиш этиб ҳам келади, яқинда бу техникалардан баъзиларининг пойтахт Кобулда қайта сотилаётганини эса, Би-би-си мухбири ўзи кўришга муваффақ бўлган.

Трампнинг бу сўзларига толибларнинг муносабати ўшанда ноаён қолган.

Аммо Толибон ҳукумати Дональд Трампнинг Америка Қўшма Штатларида яна президент этиб сайланишини эътиборидан четда қолдирмаган.

Толибон муваққат Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиққан.

Вазирлик баёнотидан толиблар янги АҚШ маъмуриятидан прагматик ёндашув ва ўзаро муносабатларида янги даврга кўз тикаётганликлари англашилганди.

Воқеаларнинг АҚШ авиатехникаси билан боғлиқ сўнгги ривожи ҳам Толибон ҳукумати ҳали дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олмаган бир пайтга тўғри келмоқда.

Айрим экспертлар ўз таҳлилларида буни Ўзбекистондаги АҚШ авиатехникасининг Толибон бошқарувидаги Афғонистонга қайтарилиши эҳтимолини йўққа чиқарувчи бош омил сифатида ҳам тилга олишган.

Ўзбекистонлик айрим етакчи сиёсий таҳлилчилар фикрича, АҚШ ҳарбий авиатехникасининг якуний тақдири ҳақида сўз кетганда, Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги муносабатлар, ҳамкорликка ҳам кўп нарса боғлиқ бўлади.

Хабарларга кўра эса, Вашингтондаги тадбир чоғида Ўзбекистоннинг элчиси мамлакати Америка Қўшма Штатлари билан барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини маълум қилган.

Элчи Фурқат Сидиқов икки давлат хавфсизлик тизимлари ва қуролли кучлари ўртасидаги алоқаларни юқори баҳолаган.

Бошқа томондан, Ўзбекистон минтақанинг Афғонистондаги Толибон ҳукумати билан яхши сиёсий ва иқтисодий алоқаларга эга саноқли давлатларидан бири бўлади.

Айрим етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, Афғонистондан олиб ўтилган авиатехника масаласи турли давлатлар иштирокидаги мураккаб масалага айланган.

Уларнинг фикрича, Толибон ҳукумати Ўзбекистонга нисбатан ёвқараш мавқеъни эгалламайди, чунки Ўзбекистонни муҳим савдо-иқтисодий ҳамкор сифатида кўради.

Лекин, шунга қарамай, мазкур авиатехника масаласи икки томон ўртасида танглик сабабилигича қолаверади, - дейишади айни фикрда бўлган экспертлар.

Аммо воқеаларнинг бу галги ривожи манзарасида ҳам Тожикистондаги АҚШ ҳарбий авиатехникасининг кейинги тақдирига оид савол очиқ қолган.

Тожикистон қолган минтақа давлатлари билан қиёсланганда, Толибон Афғонистонига нисбатан ҳануз энг кескин мавқеъда қолаётгани бўлади.

Расмий Душанбе орада фақат Афғонистоннинг сайланган ҳукуматинигина қонуний, деб тан олишларини баён қилган.