Толибон Ўзбекистондан нима исташини очиқлади, ҳаракат айтганидан қайтмайдими, буёғига Тошкент нима қилади, минтақага-чи, таҳдид кучайдими - АҚШ ўз сўзини айтди O‘zbekiston Yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Author, Феруза Раҳмон
- Role, bbc.com/uzbek
- Ўқилиш вақти: 12 дақ
Толибоннинг эътирози ва Ўзбекистонга қилган даъватига Америка Қўшма Штатларининг муносабати маълум бўлди.
Алоқадор мавзулар:
- Толибон Афғонистони Ўзбекистонга таҳдидми ёки янги имконият
- Афғонистон-Ўзбекистон: Толибон Ўзбекистонни шеригимиз деб атади
- Мирзиёев Толибон билан мулоқотда бўлишлари 'табиий' эканини айтди, Ўзбекистон Ҳайратон кўпригини очди
- Толиблар Ўзбекистон ва Марказий Осиёга ҳам таҳдид солиши мумкинми? Афғонистон ва хавфсизлик
Сўнгги янгилик
Американинг Ўзбекистондаги элчиси мамлакатининг АҚШ авиатехникаларини Ўзбекистонда қолдириш қарори ва бунга Толибон томонининг муносабатига ўзларининг мавқеъларини очиқлади.
Элчи Жонатан Ҳеник "Америка овози"нинг бу хусусдаги қатор саволларига жавоб берди.
Унинг сўнгги суҳбатида айтган гаплари ҳам ҳам шу кунларда Ўзбекистондаги етакчи нашлар эътиборини ўзига тортди.
"Ҳозир авиатехника буткул Ўзбекистон ихтиёридами ёки бу жараён ҳануз давом этаётгани-йўқлиги", саволига жавоб бераркан, элчи Жонатан Ҳеник,"ушбу масала бўйича айтганларига қўшадиган ҳеч нарсаси йўқ"лиги, "у ҳал бўлган"ини айтди.
"Демак, самолётлар Ўзбекистон ихтиёрида, АҚШ уни сақлаб туришга ёрдам беради, шундайми?", - дейилганида эса, "жорий пайтда дастур тафсилотлари муҳокама қилинишга тайёр эмас"лигини билдирди.
Навбат "Толибоннинг эътирозлари вазиятга қандай таъсир қилиши" саволига келганда ҳам АҚШ элчиси "бу хусусда ортиқча ҳеч нарса дея олмаслиги"ни таъкидлади.
АҚШ элчисининг бу сўзларига ҳозирча Толибон муваққат ҳукуматининг муносабати маълум эмас, расмий Тошкент ҳам ҳозирча жим.
Ўзи нима бўлганди ёки минтақада эътиборга тушган янгилик

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Яқинда Ўзбекистон минтақада устма-уст сарлавҳаларга чиққан.
Бунга Ўзбекистондаги АҚШ элчисининг сўзлари ва унга Толибоннинг муносабати сабаб бўлган.
Элчи, уч йилдирки, Ўзбекистонда қолаётган АҚШ авиатехникаси тақдирига ойдинлик киритган.
Жонатан Ҳеник кун.уз интернет нашрига Афғонистондаги Толибон ҳукумати даъвогарлик қилаётган ўнлаб ҳарбий самолёт ва вертолётнинг Ўзбекистонда қолишини айтган.
У мамлакати бу борада Ўзбекистон билан расман келишиб бўлганига ҳам ишора қилган.
У, шундай деркан, "ушбу ҳарбий техника ҳеч қачон афғонларники бўлмагани, Афғонистон Қуролли кучлари улардан фақат фойдалангани, эгаси эса, ўзлари бўлганликлари ва эканликлари"ни ҳам таъкидлаганди.
Аммо АҚШ элчиси томонларнинг қачон ва қандай шартлар асосида бу каби тўхтамга келишгани тафсилотларига ойдинлик киритмаган, у фақат "томонлар аллақачон қўшма дастурни амалга ошираётганликлари"ни қўшимча қилгани айтилганди.
Мазкур хабар тафсилотларидан тилга олинган "қўшма дастур" ҳам айнан нималарни кўзда тутиши ноаён қолганди.
АҚШ элчисининг ҳар икки мазмундаги сўзларини ўшанда расмий Тошкент ҳалича шарҳламаган, на-да тасдиқлаган ва на-да инкор қилганди.
Можаро марказидаги АҚШ авиатехникаси

Сўз жами 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт ҳақида бормоқда.
Улар 2021 йил августига қадар Афғонистон Толибон ҳаракати томонидан қулатилган ва Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган афғон ҳукумати ихтиёрида бўлган.
Ўзбекистонга эса, худди ўша пайтда Афғонистондан қочган юзлаб афғон ҳарбийси томонидан мамлакат ҳаво ҳудудини бузган ҳолда олиб ўтилган.
Худди шу каби воқеа Ўзбекистон каби Афғонистонга чегарадош яна бир минтақа давлати - Тожикистон мисолида ҳам юз берган.
Аммо АҚШ элчисининг сўзларидан Тожикистондагиларининг кейинги тақдири ноаён қолган.
Тожикистон қолган минтақа давлатлари билан қиёсланганда, Толибон Афғонистонига нисбатан ҳануз энг кескин мавқеъда қолаётгани бўлади.
Расмий Душанбе орада фақат Афғонистоннинг сайланган ҳукуматинигина қонуний, деб тан олишларини баён қилган.
Тожикистон Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистон билан энг узун чегарага эга икки давлатидан биттаси ҳам саналади, ҳар икковлон, шунингдек, Ўзбекистонга ҳам қўшни.
Икки Марказий Осиё давлатида қолаётган АҚШ авиатехникаси Афғонистонда қудратга қайтганидан баён Толибоннинг диққат-эътиборидаги асос, минтақа учун эса, ҳассос масалалардан бири бўлади.
Толибон, уч йилдирки, "Афғонистон ва афғон халқининг мулки" эканини айтиб, уларни ортга қайтаришга чақириб келади.
Худди шу манзарада Ўзбекистондаги АҚШ элчисининг сўнгги сўзлари ҳам толибларнинг эътиборидан четда қолмаган.
Толибон ҳукуматининг бу галги баёноти ҳам унинг Миллий Мудофаа вазирлиги номидан янграган.
Миллий Мудофаа вазирлиги вазири эса, Толибон ҳаракати ҳамасосчиси ва дастлабки лидери Мулла Муҳаммад Умарнинг ўғли бўлади.
Толибон муносабати

Сурат манбаси, RTA
Вазирлик ўзининг баёнотида, "Ўзбекистондаги Афғонистонга тегишли самолётлар ва вертолётларнинг тақдирига оид ҳар қандай битимни номақбул", деб атаган.
"Қўшма Штатлар Афғонистон мулкларини мусодара қилиш ва тарқатиш ваколатига эга эмас"лигини таъкидлаган.
Толибон Миллий Мудофаа вазирлиги шундай деркан, "Ўзбекистон ҳукуматини бу каби ишлардан тийилиш"га чақирган.
"Яхши қўшничилик муносабатларини акс эттирувчи оқилона қарорлар қабул қилиш, Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари ва вертолётларини топширишда ҳамкорлик қилиш"га чақирган.
Толибон томонининг сўнгги баёнотига расмий Вашингтон ва Тошкентнинг муносабати эса, ўшанда ноаён қолганди.
Худди шу манзарада айрим етакчи маҳаллий интернет нашрларида ўзбекистонлик айрим етакчи экспертларнинг мазкур авиатехника Афғонистонга қайтарилса, "бу қўшни давлатлар учун таҳликавий вазиятни юзага чиқариши мумкин"лигига оид фикрлари ҳам бўй кўрсатган.
Сўнгги АҚШ ҳарбийси эса, Афғонистонни 2021 йилнинг 31 август куни тарк этган.
Ҳаракат афғон ҳукуматининг қулаши , АҚШ ва НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучларининг чиқиб кетиши ортидан Афғонистонда қолган ҳарбий техникага ҳам эга чиққан.
Айрим етакчи Ғарб нашрлари эса, уларнинг умумий қийматини миллиардлаб АҚШ долларига ҳам нисбат беришган.
АҚШдаги Афғонистонни Қайта қуриш бўйича Махсус Бош Назоратчи (SIGAR) ҳисоботига кўра, Толибон қудратга қайтиши арафасида Афғон Ҳаво кучларида 167 та авиатехника, жумладан, қирувчи вертолётлар ва самолётлар бўлган.
Улардан аниқ қанчасининг ҳам Толибон қўлига ўтгани маълум эмас.
Аммо Толибон ҳукумати яқинда қудратга қайтишининг уч йиллиги санасини байрам қилиб, "Багром"да уюштирган йирик ҳарбий парадида вертолётлар бўладими ёки замонавий русумдаги зирхли уловлар, ҳозир ўзининг ихтиёрида бўлган АҚШ ҳарбий техникасидан ҳам анчагинасини намойиш этган.
Хавотирлар янада кучайдими?

Воқеаларнинг бу каби ривожи орада ғарблик етакчи экспертларнинг хавотирларига ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Экспертлардан аксарияти Толибоннинг бундай қуролларга эга чиққанини "улкан муваффақиятсизлик", деб аташган.
Қора бозорларга чиқиб, бошқа жангари гуруҳларнинг қўлига етиб бориши эҳтимоли бўладими ёки ҳаракат сафларидаги парокандалик бу ҳарбий техниканинг қўлма-қўл бўлишига олиб келиши мумкинлиги, Толибоннинг бу ҳарбий техникадан қандай фойдаланиши мазкур масаланинг уларни энг кўп ўйлантираётган жиҳати экани кўрилган.

Афғонистонда яна қудратга қайтгунига қадар Толибон минтақадаги юз минглаб жангари ва тарафдорларига эга энг йирик жангари гуруҳ бўлган.
Ҳокимиятни эгаллаб, ўзининг Исломий Амирлигини эълон қилган ва муваққат ҳукуматига асос солиши билан кечган қисқа вақтнинг ичида эса, минтақада энг йирик Қуролли кучларга эга бўлиш истагини ҳам расман ва ошкора баён қилиб бўлган ҳаракат.
Толибон ҳаракати Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳига байъат келтириб, сафлари парчаланмасидан аввал ўз вақтида ҳарбий доираларда энг йирик Ўзбек жангари гуруҳи сифатида эътироф этилган Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳам Афғонистондаги илк ва яқин иттифоқчиси сифатида кўрилган.
Яна бир танглик манбасими?

Сурат манбаси, ANADOLU
Воқеаларнинг АҚШ авиатехникаси билан боғлиқ сўнгги ривожи ҳам Толибон ҳукумати ҳали дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олмаган бир пайтга тўғри келмоқда.
Айрим экспертлар ўз таҳлилларида буни Ўзбекистондаги АҚШ авиатехникасининг Толибон бошқарувидаги Афғонистонга қайтарилиши эҳтимолини йўққа чиқарувчи бош омил сифатида ҳам тилга олишган.
Бошқа томондан, Толибон ҳукумати қисқа вақтнинг ичида қуриб, битказиш ҳаракатида бўлган зиддиятли Қўштепа канали минтақада янги танглик манбасига айланишига оид хавотирлар кучайиб бораётган бир манзарада кузатилаётир.
Марказий Осиё эса, шундоқ ҳам ўзининг бир неча ўн йиллик мустақиллиги тарихида "сув билан боғлиқ вазият нафақат қарама-қаршилик, балки-да, урушга ҳам олиб келиши мумкинлиги"га оид баёнотлар президентлари даражасида расман ва ошкора янграган минтақа бўлади.
Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон мисолида аксарият Марказий Осиё давлатлари Афғонистонга чегарадош.
Толибоннинг муваққат Миллий Мудофаа вазири Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид эса, бундан аввал, 2022 йилнинг бошида ҳарбий авиатехника олиб ўтилган давлатлар уларни қайтаришмаса, бунинг "оқибатларига юз тутишлари" билан ҳам огоҳлантирган.
У, ўшанда "бизни мажбур қилишмасин, яхшилик билан қайтаришсин, ҳафсаламизни пир қилишмасин", деркан, "қўлимиздаги бор имкониятлардан фойдаланиб, кучимизни кўрсатиб қўямиз", деган сўзларни қўллашгача борган.
Толибон муваққат Миллий Мудофаа вазирининг айни мазмундаги баёноти ортидан, Ўзбекистон томони мазкур авиатехника Американинг мулки экани ва уларга қайтарилишини айтиб чиққан.
Пентагон вакили уларнинг "Толибон фойдаланиши учун Афғонистонга қайтарилмаслигига ишонч" ҳам билдирган.
Худди ўша йили айрим нуфузли Ғарб нашрларида, "Қўшма Штатлар терроризмга қарши курашда ёрдам эвазига Ўзбекистон ва Тожикистонга самолётларини бермоқчи экани"га оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
АҚШ элчиси эса, ўтган йили мамлакати бу масалани ҳануз Ўзбекистон томони билан муҳокама қилаётганлигини маълум қилган.
Орада Афғонистондан Толибон ҳукумати ҳам АҚШ авиатехникасини қайтариш бўйича Тошкент ва Душанбе билан музокаралар олиб бораётганига оид хабарлар ҳам олинганди.
Агар, айрим етакчи маҳаллий нашрларнинг маълумотларига таянилса, Ўзбекистонга олиб қочилган АҚШ авиатехникаси ҳамон Афғонистонга чегарадош жанубий Сурхондарё вилоятида қолмоқда.
Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон дунёнинг турли жангари гуруҳлар жанг қилган, бошпана топган ва жон сақлаб келаётган давлатларидан бири бўлади.
Йилларки, халқаро рейтингларда Ўзбекистон Қуролли кучлари Марказий Осиёда энг жанговар давлат сифатида эътироф этилади.
Дипломатик ечим эҳтимоли?

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон минтақанинг Афғонистондаги Толибон ҳукумати билан яхши сиёсий ва иқтисодий алоқаларга эга саноқли давлатларидан бири бўлади.
Ўзининг янгича минтақавий ташқи сиёсати билан халқаро миқёсда эътибор ва эътироф топган Шавкат Мирзиёев, ҳали муваққат президент экан, жанубий қўшнилари бўлган Афғонистон билан ҳам ҳар томонлама алоқаларни кучайтириш ва мустаҳкамлаш сиёсатини илгари сурган.
Расмий Тошкент Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан мулоқот ва музокараларини ҳали улар қудратга қайтмасидан анча аввал бошлаган ва Ўзбекистон президенти бунинг асосий сабабини ҳам айнан хавфсизлик омили билан изоҳлаган.
Аммо, шу билан бирга, "Мудофаа қудратлари ҳар қандай вазиятга тайёр экани ва Афғонистонда вазиятни назорат қилиб туришгани"ни ҳам таъкидлашни унутмаган.
Ўзбекистон афғон ҳукумати Толибон томонидан қулатилган 2021 йилдан кейин ўзининг Кобулдаги, Афғонистоннинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналарини ёпмаган.
Шу йил ҳисобидан икки бор Толибон ўзининг Ўзбекистондаги элчисини тайин этганига оид хабарлар ҳам олинган.
Бошқа томондан, АҚШ авиатехникаси билан боғлиқ сўнгги янгилик Ўзбекистон Бош вазирининг пойтахт Кобулга икки кунлик расмий ташрифидан қисқа вақт ўтмай бўй кўрсатган.
Бу Толибон қудратга қайтиши ортидан бир хорижий давлат вакиллари томонидан амалга оширилган энг юқори мартабали ташриф ўлароқ баҳо топган.
Расмий ташриф чоғида томонлар ўзаро савдо айланмасини яқин истиқболда ҳозиргисидан бир неча баробар ошириш, $3 миллиард АҚШ долларига етказиш ниятида эканликларига оид баёнотлар янграган.
Бу эса, Ўзбекистон Афғонистон билан савдони мисли кўрилмаган даражага олиб чиқмоқчи экани талқинида ҳатто айрим етакчи Ғарб ахборот агентликларининг эътиборини ҳам ўзига тортган.
Бундан ташқари, икки ўртада умумий қиймати қарийб $2.5 миллиард долларлик иқтисодий ва сармоявий битимлар ҳам имзолангани айтилган.
АҚШ авиатехникасининг тақдирига оид сўнгги янгиликдан уч кун ўтиб, томонлар ҳукуматлари раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон ва Афғонистон орасида ўзаро савдо-сотиқни янада кенгайишига йўл очиши айтилган ва эркин савдо ҳудудига қиёс берилган йирик халқаро савдо марказини ҳам биргаликда ишга туширишган.
Хорижий сармоя ва нақд пул эса, Афғонистоннинг барқарорлиги ва ҳокимиятининг давомийлиги учун қудратга қайтиши ортидан, Толибон ҳукумати учун бирламчи аҳамият касб этган масалалардан бири экани кўрилади.

Ўзбекистонни яна Афғонистонга ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар ва халқаро инсонпарварлик ёрдамлари транзитида муҳим ўрин тутувчи йирик автомобиль, темир йўллари ва кўпригу портлар ҳам боғлаб туради.
Агар, сўнгги халқаро ҳисоб-китобларда келтирилган рақамларга таянилса, ҳозир Афғонистон аҳолисининг қарийб 85 фоизи кунига бир доллардан кам маблағга яшайди, ярмидан кўпи фавқулодда ёрдамга муҳтож, мамлакат ҳануз ялпи қашшоқликдан азоб чекади.
Толибоннинг сўнгги жавоб баёноти манзарасида эса, Ўзбекистондаги айрим етакчи интернет нашрларида бўй кўрсатган хабарларда мазкур ташриф чоғида АҚШ авиатехникасининг тақдирига оид масала ҳам кун тартибида бўлгани айтилган.
Айни мазмундаги маълумот ва тафсилот расмий хабарларда ҳозирча ўзининг ифодасини топмаган.
Аммо Толибон ҳукумати Ўзбекистонга ўзининг янги элчисини тайин этганига оид янгилик худди шу ташриф чоғида эълон қилинган.
Толибоннинг АҚШ авиатехникасини Афғонистонга қайтариш масаласида Ўзбекистон "яхши қўшничилик муносабатларини акс эттирувчи оқилона қарорлар қабул қилиш"га ундалган баёноти эса, ана шу ташрифдан саноқли кунлар ўтиб янграган.

Якуний сўзни ким айтади?
Бошқа томондан, Ўзбекистон Афғонистон масаласида Америка Қўшма Штатлари фаол мулоқотда бўлиб келаётган минтақа давлатларидан бири.
Расмий Тошкент Вашингтоннинг "террорга қарши уруши "га ҳам бош қўшган, АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг Афғонистондаги Толибон илк тузумининг ағдарилиши билан якун топган халқаро амалиётини фаол қўллаб-қувватлаган, Россиянинг анъанавий таъсири остида, деб билинувчи минтақада Қирғизистон билан бирга АҚШ ҳарбий базасига ўзининг ҳудудидан жой ҳам берган.
Ўзбекистон айрим Ғарб нашрларида Афғонистонда Толибон қудратга қайтиши манзарасида ўзининг ҳарбий базасини қайтариш илинжида музокаралар олиб бораётган минтақа мамлакатларидан бири сифатида ҳам тилга олинган.
(Бошқа томондан, бу ҳам ўшанда Толибон томони қатъий эътирозда бўлган масала экани кўрилган - таҳр.).
Айниқса, Украина уруши фонида АҚШ "ўзининг эътиборини кучайтираётган", амалдаги президенти Жо Байден бошқаруви даврида ўзаро ҳамкорликларини "янги чўққиларга кўтарган" давлат.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи айрим етакчи Ғарб нашрларида Ўзбекистон Америкадан нима исташи, АҚШ ва Ғарб Ўзбекистонга кўпроқ эътибор қаратиши лозимлигига оид чиқишлар сони ортиб бораётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Толибоннинг аксарият дунё давлатлари томонидан тан олинмаган илк тузуми эса, 2001 йилнинг сентябрида Нью-Йорк ва Вашингтонга қарши уюштирилган ҳужумларга Афғонистондан бошпана топган "ал-Қоида" тармоғи лидери айбдор кўрилиши ортидан, АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари томонидан қулатилган.
Афғонистон яна дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади, турли манбаларда уларнинг сони миллионларга нисбат берилади.
Худди ўша манзарада Толибон лидери Ҳиббатулла Охундзода ҳаракат қудратга қайтган ўтган уч йил ичида илк бор Афғонистоннинг Ўзбеклар зич яшовчи ва Марказий Осиёга чегарадош қатор шимолий вилоятларига сафар қилганига оид хабарлар ҳам олинган.
Маълум бўлишича, Толибоннинг сиёсий, диний ва ҳарбий масалалар бўйича Олий раҳбари ўз ташрифи давомида мазкур вилоятлардаги масъулларини миллатчиликдан қочишга ҳам ундаган.
Толибоннинг муваққат ҳукумати ҳам Афғонистон ичкариси ва ҳам ташқарисида ҳануз инклюзив эмасликда танқид қилиб келинади.
Ўзбекларнинг Толибонга мухолифатда бўлган энг етакчи сиёсий лидерлари ҳам ҳаракат қудратга қайтганидан буён муҳожиратда яшаб, фаолият юритиб келади.
Шундай экан, буёғи нима бўлади? АҚШ авиатехникаси билан боғлиқ можаро ўзининг қандай ечимини топади? Унинг минтақада янги танглик манбасига айланиши эҳтимоли қанчалик - Би-би-си Ўзбек хизмати Толибоннинг эътирози ва Ўзбекистонга қилган даъватлари манзарасида экспертларга худди ана шундай саволлар билан мурожаат қилганди:

Доктор Довуд Аъзамий
Би-би-си Жаҳон хизмати муҳаррири
Халқаро сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича эксперт
Довуд Аъзамий: Афғонистондан олиб ўтилган авиатехника масаласи турли давлатлар иштирокидаги мураккаб масалага айланди.
Бу самолёт ва вертолётлар АҚШ томонидан афғон ҳукуматига берилган ҳамда шу тариқа Афғонистоннинг мулкига айланган.
Улар Афғонистондан Ўзбекистонга (ва Тожикистонга) 2021 йилнинг августида, Толибон қудратни эгаллаши натижасида қулаган ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган афғон ҳукумати ихтиёридаги афғон учувчилари томонидан олиб ўтилган.
Америка Қўшма Штатлари ўзининг техникаси ва самолётларини эса, 2021 йилнинг августида, Афғонистонни тарк этаётган пайтда олиб кетган.
Аммо АҚШ энди афғон ҳукумати/ҳарбийларига берилган ўша авиатехника Американинг мулки экани ва Ўзбекистонда қолиши кераклигини айтиб турибди.
Хабар қилинишича, АҚШнинг Тошкентдаги элчиси "бу техника ҳеч қачон афғонларники бўлмагани, америкаликларники экани, Афғонистон Армияси улардан фойдалангани, аммо эгаси ҳамиша ўзлари бўлганликлари"ни айтган.
Икки томонлама муносабатлар нормаллашгунга қадар, АҚШ бу авиатехникани Толибоннинг қўлига бермайди.
Аммо бунинг тез орада содир бўлиши даргумон.
Бу эса, масалани янада мураккаблаштирмоқда.
Чунки, бошқа томондан, Толибон ҳукумати ҳам самолёт ва вертолётлар афғон халқига тегишли экани, шу боис, улар Афғонистонга қайтарилиши керак, демоқда.
Толибон бу самолётлар, айниқса, вертолётлар билан ўзининг Ҳаво кучларини кучайтирмоқчи.
Улар, бундан ташқари, мазкур авиатехникадан инсонпарварлик ва қутқарув амалиётлари, айниқса, сув тошқинлари ва зилзилалар каби табиий офатлар чоғида фойдаланишни хоҳлайди.
Чунки бундай самолётлар ва вертолётларни харид қилиш учун катта пул ва уларни сотадиган шерик керак.
Толибонда эса, уларнинг ҳеч бири йўқ.
Савол: АҚШ авиатехникасининг сўнгги тақдирига оид масаланинг энди Ўзбекистон ва Афғонистондаги Толибон ҳукумати ўртасидаги муносабатлар ва минтақа хавфсизлигига таъсири қандай бўлиши мумкин? Толибон ҳукумати, дейлик, бундан ташқари, ўзи қуриб, битказиш ҳаракатида бўлган Қўштепа каналидан ҳам қарши таъсир воситаси сифатида фойдаланиши мумкин?
Довуд Аъзамий: Менимча, Қўштепа канали қурилишининг мазкур авиатехникага боғлиқ жиҳати бўлмайди.
Ўтган эллик йил ичида Афғонистонни турли ҳукуматлари бу канални қуришга уринишган.
Аммо устма-уст урушлар ва беқарорликлар сабаб, улар мамлакатнинг ирригация ва қишлоқ хўжалиги тизимини ривожлантира олишмаган.
Афғонистон суви катта қисмининг қўшни давлатларга ўтиб кетаётгани сабаби ҳам шу эди.
Энди Толибон ҳукумати мавжуд имкониятдан фойдаланиб, канални қурмоқчи ва Амударё сувидан фақат ўз улушларини олишларини таъкидлаб турибди.
Толибон ҳукумати Тошкентдан бу самолёт ва вертолётларни қайтаришни сўрайверади.
Аммо Ўзбекистонга нисбатан ёвқараш мавқеъни эгалламайди, чунки Толибон ҳукумати Ўзбекистонни муҳим савдо-иқтисодий ҳамкор сифатида кўради.
Лекин, шунга қарамай, мазкур авиатехника масаласи икки томон ўртасида танглик сабабилигича қолаверади.
Бошқа томондан, Толибон Ўзбекистонга кўпроқ босим қилиш учун "қулай фурсат"ни ҳам кутади.
Ҳозирча эса, икки томон самолёт ва вертолётлар юзасидан мавжуд келишмовчиликларга қарамай, ўзаро муносабатларини яхшилашда давом этадилар.

Фарҳод Толибов
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон
Фарҳод Толипов: Воқеаларнинг ривожи тўғрисида гапириш қийин. Чунки вазият қанақадир бир мавҳум бир паллага кириб қолди. Нимагаки, биз бу мавзуга нуқта қўйилган, деб ўйлаган эдик. Чунки Америка томони бу масалага ойдинлик киритди. Бу техникага нафақат Афғонистон, ҳаттоки, Ўзбекистон ҳам даъвогарлик қилолмайди, чунки бу мулк, техника АҚШники, деб айтилди. Аммо биз бу масалага аниқлик киритилди, деб ўйлаганимиздан кейин Толибон барибир ўзининг эски позициясини билдирди. Энди буёғи Ўзбекистон нима деркин, деб ҳам ҳозир биз кутаяпмиз. Қандай бўлмасин, ўйлашимча, Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги муносабатлар, ҳамкорликка ҳам кўп нарса боғлиқ бўлади. Чунки бу техника бўйича гапирилган гапдан ташқари, АҚШ қўшимча яна бир баёнот ҳам қилди шу кунларда. Унда АҚШ Ўзбекистон билан муносабатларини, ҳамкорлигини кенгайтириб, чуқурлаштиришни режалаштираётгани ҳам айтилган. Яъни, энди буёғига биз АҚШ билан Ўзбекистон муносабатларини мана шунақа энг юқори бир даражага кўтарилишининг гувоҳи бўлишимиз мумкин, деб ўйлайман. Шу жумладан, минтақавий хавфсизлик, барқарорлик масалалари бўйича ҳам. Шунинг учун, кўрамиз.... Лекин яна самолётлар можаросига қайтадиган бўлсак, менинг ўйлашимча, Толибоннинг, тўғрироғи, Афғонистон ҳукуматининг вакили энди "как" элчи сифатида Ўзбекистонда, Тошкентда, мана, ишини бошлаган. Яъни, дипломатик алоқалар ривожлана бошлади. Шунинг учун ҳам, агарда, Афғонистон ҳукумати яхши муносабатларни сақлаб қолиб, ривожлантиришдан манфаатдор бўлса, бу техника деган масалани қўзғатавермаслиги керак. Чунки кўриниб турибди, бундай даъвогарликларига асослари йўқ. Ундан кўра ҳамкорликни, иқтисодий, савдо, транспорт алоқаларини ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман. Ва шу орқали агарда, ҳақиқатан ҳам, уларнинг нияти ҳамкорлик бўлса, яхши қўшничилик бўлса, мана, шуни ўйлаш керак, самолётларга жуда урғу бермасдан.
Савол: Аммо ҳозир бунинг акси бўлиши эҳтимоли қанчалик? Чунки бунгача Толибоннинг муваққат Мудофаа вазири ҳарбий авиатехника олиб ўтилган давлатлар уларни қайтаришмаса, бунинг "оқибатларига юз тутишлари" билан огоҳлантирган. "Бизни мажбур қилишмасин. Яхшилик билан қайтаришсин. Ҳафсаламизни пир қилишмасин", деркан, "қўлимиздаги бор имкониятларидан фойдаланиб, кучимизни кўрсатиб қўямиз", деган сўзларни ҳам айтган...
Фарҳод Толипов: Йўқ, менинг ўйлашимча бу галги баёноти унчалик қатъий эмас. Чунки, яхши қўшничилик", деган ибораларни ишлатган ҳолда, худди бир ҳамкорликни бузмайлик, деган мазмунда муносабат билдирди. Шунинг учун ҳам, менимча, улар гапиргани билан, жуда масала кескин бир тус олмаса керак, деб ўйлайман. Чунки ҳозир Афғонистоннинг ўзи ҳам, ҳукумати ҳам, бир томондан, ўта қудратли бир кучга айлангани ҳам йўқ ва инқирозга учраган иқтисодиёти ривожланиши керак. Уларни ҳали дунёнинг бирор бир давлати тан олгани ҳам йўқ. Олдиларида турган муаммолар ҳам талайгина. Шунинг учун ҳам, уларнинг, менимча, битта муаммога берилиб кетишининг эҳтимоли унча катта бўлмаса керак.
Савол: Яъни, куч қўллашгача бормайди?
Фарҳод Толипов: Йўқ, албатта, менинг шубҳам бор, бунақа даражагача бормаса керак, албатта.
Савол: Худди шу масалани тинч йўл билан ҳал қилиш учун Толибон ҳукуматига босим ўтказишда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатларининг қўлида таъсир воситаси борми, бор бўлса, у нималар?
Фарҳод Толипов: Буни бир нарса дейиш қийин. Ҳар ҳолда, бу босимга борилмаса керак. Чунки Толибон бундай босимларни бошидан кечирган, урушни ҳам кўрди ва унинг имкониятлари чексиз эмаслигини ҳам улар яхши билиб турибди.
Савол: Бу масалада, дейлик, Ўзбекистонга ва билвосита Америка Қўшма Штатларига босим ўтказиш учун Толибон Қўштепа канали масаласини таъсир воситаси сифатида қўллаши мумкинми?
Фарҳод Толипов: Биринчидан, Қўштепа канали (қурилиши - таҳр.)ни бошлаб бўлган, буни энди тўхтатиш қийин. Лекин, ҳар ҳолда, ҳамма томонларни, нима деймиз, сафарбар қилган ҳолда, ҳам Марказий Осиё мамлакатларини ва ҳам Афғонистонни, бу Қўштепа каналининг энди қандай ишлаши, унинг парамертлари, техникавий томонларини яхшилаб ўйлаб, мувофиқлаштиришдан ўзга йўл йўқ. Чунки, агарда, ушбу лойиҳа назоратсиз қолиб, бир томонлама амалга ошса, бунинг оқибати, айниқса, экологик оқибатлари Афғонистоннинг ўзига зарар етказади. Экологик оқибатлар, фожеалар чегара билмайди-ку. Фақат Ўзбекистон учун бу фожеали бўлмайди ва Афғонистонга ҳам тарқалиши мумкин. Шунинг учун ҳам улар буни яхши тушунса, бу ишларни, бу лойиҳаларни, албатта, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон билан мувофиқлаштирган ҳолда давом эттириши керак.
Савол: Яъни, Толибон айнан самолётлар, вертолётлар масаласида канални қарши босим воситаси сифатида қўллашга бормайди?
Фарҳод Толипов: Йўқ, менимча, бунақа босимга бормайди. Қўлидан келмаса ҳам керак. Қолаверса, улар ўзини бошқа, керакмас, ортиқча масалаларга чалғитмаслиги керак. Нима деймиз, ақли расо одам буни яхши тушунса, бундай ортқча муаммоларга чалғимаслиги керак.
Савол: Сизнинг назарингизда, Толибон учун барибир Афғонистоннинг иқтисоди, халқининг фаровонлиги, яъни ижтимоий портлашлар, очарчиликнинг олдини олиш муҳимроқ аҳамият касб этади бугунги кунда ўзининг қудратини сақлаб қолиш учун?
Фарҳод Толипов: Албатта, албатта, бўлмаса, ўзи заифлашиб қолади охир-оқибат...
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














