Россия Марказий Осиёга ҳарбийларини ташлайдими? Вазият Ўзбекистон учун қанчалик хатарли?
- Author, BBC Янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Шу кунларда минтақадан бир-бирига зид хабарлар олинди. Марказий Осиё Афғонистондан устма-уст ҳужумга учради.

Сурат манбаси, BBC/EPA
Шу кунларда минтақадан бир-бирига зид хабарлар олинди. Марказий Осиё Афғонистондан устма-уст ҳужумга учради.
Вазият

Воқеаларнинг сўнгги ривожи бир Марказий Осиё давлати мисолида Тожикистоннинг Афғонистондан устма-уст ҳужумга учраши манзарасида бўй кўрсатди.
Тожикистонга қаратилган ҳужумлар инсоний талафотларга сабаб бўлди, беш нафар Хитой фуқаросини ўлдириб, яна шунчасини яралагани айтилди.
Ҳужумларга масъулиятни эса ҳали-ҳануз ҳеч ким ўз зиммасига олиб чиқмади.
Кетма-кет ҳужумлар ортидан уларнинг сабаби ҳам ноаён қолди.
Бу каби бир ҳолат айни мазмундаги хабарлар аҳамиятини янада бўрттирди, ташвиш ва хавотирларни кучайтирди.
Афғонистон таҳдиди ва минтақа барқарорлиги Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари қаршисидаги узоқ йиллик энг устивор масала, муаммолардан бири бўлади.
Тожикистондан ташқари яна икки Марказий Осиё давлати – Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам Афғонистонга чегарадош.
Айнан Толибон Афғонистонга қудратга қайтиши ортидан Ўзбекистон ва Тожикистон афғон тупроғидан ракета ҳужумига учраган.
Ўшанда бу ҳужумларга масъулиятни ҳозир Афғонистонда энг жангари ва ҳалокатлиси экани айтилувчи ИШИДнинг Хуросон қаноти ўзининг зиммасига олиб чиққан.
Айнан Афғонистон илдизлари Ўзбекистон илова Марказий Осиёга бориб тақалувчи турли жангари гуруҳлар ҳам сўнгги икки ўн йилликдан кўпроқ вақт давомида бошпана топиб, жанг қилиб ва омон қолган аъзолари ҳануз жон сақлаб келаётган давлат сифатида кўрилади.
Афғонистондаги Толибон ҳукумати АҚШ билан Доҳада эришилган "тинчлик битими" шартларига қатъий амал қилиши, бирор бир жангари гуруҳнинг афғон тупроғидан туриб учинчи бир давлатга таҳдид солишига йўл қўймаслигини айтиб келади.
Аммо ИШИД гуруҳи Хуросон қаноти ўзининг иши эканини даъво қилиб чиққан икки Марказий Осиё давлатига қаратилган ҳужумлар Толибон ҳукуматининг худди шу ваъдаси манзарасида кузатилган.
Шу кунларда Ўзбекистон, тўрт йил деганда, Термиз-Ҳайратон кўприги орқали фуқаролар ҳаракатини ҳам қайта тиклагани расман хабар берилган.
Тожикистон ва Туркманистоннинг Афғонистон билан чегараси Ўзбекистонникига қараганда анча узун, ҳимояси бу икки давлат мустақиллиги билан кечган бир неча ўн йил оралиғида четда ҳам хавотирларга сабаб бўлиб келган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи, бошқа томондан, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги танглик ҳануз юмшамаган, амалда бўлган муваққат сулҳга қарамай, икки ўртада қуролли тўқнашувлар ҳали ҳам давом этаётган бир пайтга тўғри келган.
Афғонистондан Тожикистонга қаратилган ҳар икки ҳужумда ҳам ўз фуқаролари қурбон бўлган Хитой эса, Покистоннинг узоқ йиллик иттифоқчиси бўлиш баробарида Афғонистондаги Толибон ҳукуматининг ҳам энг яқин иқтисодий, дипломатик ҳамкорларидан бири бўлади.
Afg‘oniston hududidan qo‘shni davlatlar va butun mintaqa xavfsizligiga tahdid yaratish uchun foydalanilmasligi kerak.
Акс-садолар

Сурат манбаси, Getty Images
Тожикистон, Хитой ва Толибон ҳукумати ортидан бу ҳужумларни шу кунларда Россия ва Хитой ҳамшамсияси остидаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳам кескин қоралаб чиққан.
НАТОнинг минтақадаги муқобилига қиёс берилувчи мазкур ташкилот ўзининг бу хусусдаги расмий баёнотида мазкур ҳужумлар ижрочиларини "жиноий гуруҳлар"га нисбат берган.
Толибон ҳукумати эса, Тожикистондаги Хитой фуқароларига қарши қаратилган ҳужумлар давлатлар ўртасида "ишончсизлик" пайдо қилишга интилаётган "душманлар"нинг иши эканини айтган. Аммо бу билан айнан кимни назарда тутаётганлигини очиқламаган.
Расмий Пекин эса ҳужум ташкилотчилари бу билан Хитой ва Афғонистон муносабатларига путур етказмоқчи бўлганликларини айтган.
Тожикистон томонининг расмий баёнотларидан бирида "қуролли террорчи гуруҳ", деган сўз ҳам ишлатилган, аммо бирор бир алоҳида гуруҳдан ном тутилмаган.
Биринчи ҳужумда ўқотар қуроллар, граната ўрнатилган дрон, иккинчисида эса, енгил қуроллардан фойдаланилгани айтилган, лекин бу қуролларнинг қаерда, ким томонидан ишллаб чиқарилган тафсилотлари ҳануз номаълум, ҳужумчилар сони ҳам ҳалича очиқланмаган.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Афғонистон ҳудудидан қўшни давлатлар ва бутун минтақа хавфсизлигига таҳдид яратиш учун фойдаланилмаслиги кераклигини таъкидлаган.
Чегарадаги вазият ўтган ой охирида кескинлашган, ҳужумлар шу йилнинг 26 ва 30 ноябр кунлари уюштирилган, томонлар бунинг ортидан улар юзасидан тергов ишлари бошланганини расман хабар беришган, аммо ҳалича дастлабки натижаларини матбуот билан бўлишишмаган.
Расмий раддия

Сурат манбаси, Getty Images
3 декабр куни эса, Тожикистон томони Reuters ахборот агентлигининг бир кун аввалги хабарига расман раддия билан чиққан.
Расмий Душанбе Афғонистон билан давлат чегараларидаги вазият "барқарор" эканини айтган, агентликнинг "унинг қўшма ҳимоясига гўёки россиялик ҳарбийларни жалб қилиш учун Россия ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти билан музокаралар олиб бораётгани"га оид хабарини рад этган, "бунинг ҳақиқатга тўғри келмаслиги"ни баён қилган.
Худди ўша куни кечга бориб, Reuters ушбу хабарини олиб ташлаганини маълум қилди.
Агентлик янгилик чоп этилиши ортидан кейинги текширувлар далиллар етарли эмаслигини кўрсатганини, унинг ўрнига ўрин бошқа хабар чоп этмасликларини билдирди.
Бу хабарни Reuters ортидан Россия ва Афғонистондагилари илова бошқа оммавий ахборот воситалари ҳам тарқатиб бўлишганди.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг расман баён қилишича, Афғонистон билан "давлат чегарасидаги вазият барқарор ва мамлакат ваколатли органларининг тўлиқ назорати остида".
"Тожикистон давлат чегарасини рисоладагидек мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни изчил амалга оширмоқда".
Тожикистон Россия шамсияси остидаги ҳарбий блок саналувчи Коллектив Хавфсизлик Шартномасига кирувчи тўртта Марказий Осиё давлатидан биттаси бўлади.
Бундан ташқари, Тожикистон дунёнинг Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган давлати ҳам саналади.
Россия жорий пайтда дунёнинг Марказий Осиёда ўзининг тўлақонли ҳарбий базаларига эга ягона давлати бўлади.
Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ва катта сондаги ҳарбий иншоотлари ҳам айнан минтақада жойлашган.
Қирғизистондаги бирлашган Кант ҳарбий ҳаво базаси Россия Марказий Осиё ҳарбий округи баробарида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг Тезкор кучлари таркибига ҳам киради.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлашда иштирок этади.
Туркманистон " нейтрал" бўлса, Ўзбекистон ҳозир ўзининг Тезкор мадад кучларига эга Россия шамсияси остида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига кирмайди.
Воқеаларнинг бу каби ривожига расмий Москванинг муносабати ҳозирча имконсиз.
Афғонистонга чегарадош Покистон ва Эрон ҳам ҳужумларни қоралаган, Ўзбекистон ва Туркманистон эса ҳалича бу хусусда жим.
Устма-уст ҳужумлар манзарасида ҳар уч томоннинг бир-бирлари билан мулоқотда эканликлари, текширув ишларини бирга олиб бориш, ўзаро чегарада хавфсизлик чораларини кучайтириш каби масалаларни муҳокама этганликларига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон орада вазият юзасидан мамлакат хавфсизлик идоралари билан йиғилиш ўтказган.
Эмомали Раҳмон Тожикистон билан чегарада "Афғонистон фуқароларининг ноқонуний ва провакацион хатти-ҳаракатларини кескин қоралаган".
У масъул мутасаддиларга бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун самарали чоралар кўришни топширган.
Хитой Тожикистонда ишлаётган фуқароларига чегара ҳудудларини зудлик билан тарк этишни тавсия қилган, Тожикистонни ўзининг ширкатлари ва уларнинг ходимларини ҳимоя қилиш учун лозим бўлган барча чораларни кўришга чақирган, расмий Душанбе бунга жадаллик билан киришишини айтиб, жавоб бергани хабар қилинган.
Хитой Тожикистоннинг ҳам энг йирик савдо-иқтисодий шериги, сармоячиси ва кредиторларидан бири бўлади.
Тожикистон, бундан ташқари, Афғонистон баробарида Хитойга ҳам чегарадош ягона Марказий Осиё давлати бўлади.
Тожикистон яқин-яқингача Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан муносабат қуришга шошилмаган ягона минтақа давлати бўлиб келган, алоқалари "терс" эканликда таҳлилчилар баҳосига тушган, икки қўшни ўртасидаги муносабатларнинг фақат ҳозирга келиб анчайин илий бошлагани кузатилади, холос.
Шу ой бошида Афғонистондан Толибон ҳукумати Хитой фуқароларига қаратилган ҳужумлар билан алоқадорликда икки кишини қўлга олганига оид хабарлар ҳам олинди.
Аммо мазкур хабарларда уларнинг кимликлари ноаён қолгани кўрилди.
Хитой ҳам Афғонистонга чегарадош олтита минтақа давлатидан биттасидир.
Расмий Пекин, айниқса, узоқ йиллар давомида Афғонистондан бошпана топиб келган ва асосан уйғурлардан ташкил топгани айтилувчи Шарқий Туркистон исломий ҳаракатини ўзининг хавфсизлигига таҳдид сифатида кўриб келган ҳамда келади.
Бошқа томондан, Хитойнинг кучайиб бораётган иқтисодий экспансиясига минтақа аҳолиси орасида ҳам муносабат бир хил эмас, бу орада айрим Марказий Осиё давлатларида норозилик чиқишларигача сабаб бўлган.
Иддаолар

Сурат манбаси, kremlin.ru
Толибон қудратда бўлган Афғонистонда вазият ўзгармоқда.
Бугунги афғон можароси ечими, Ғарб ортда қолдирган бўшлиқни тўлдиришга дунёнинг бирваракайига тўрт ядровий қудрати қизиқиш билдираётир.
Сўнгги йилларда Россия бўладими ёки қудратли Хитой, Толибон муваққат ҳукуматига шу пайтгача кўрилмаган иқтисодий имтиёз ва лойиҳалар билан чиқаётганига оид хабарларнинг сони ортган.
Россия томони орада Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштириш ниятида, дейишгача борган.
Жумладан, 2023 йилда ўша пайтда Россия Мудофаа вазири бўлган Сергей Шойгу Америка бунинг учун Афғонистондаги "ноқонуний қуролли гуруҳлар салоҳиятидан фойдаланмоқчи" эканини ҳам даъво қилган.
У ўшанда, "келажакда уларнинг қўшни давлатларга кириб бориши, хусусан, террорчилик ҳаракатлари содир этиши мумкин"лигини ҳам башорат қилган.
Аммо имконли бўлган хабарларда, шундай деркан, Россия Мудофаа вазирининг ўз сўзларига бирор бир исбот-далил келтиргани-йўқлиги ноаён қолганди.
АҚШ Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан минтақанинг икки мустақил давлати - Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудида илк бор жойлаштиришга муваффақ бўлган ҳарбий ҳаво базаларини улар ҳукуматларининг талаби остида бундан ҳам анча аввал ёпишга мажбур бўлган.
Афғонистондан чиқиб кетиши фонида ҳарбий базаларини яна Марказий Осиёга қайтариш уринишлари ҳозирга қадар самара бермаган.
Россия Мудофаа вазири эса ўшанда, НАТОни, "Шоша-пиша чиқиб кетиши ортидан Афғонистонни қайта тиклашнинг устида ишлашнинг ўрнига, турли йўллар билан Марказий Осиё минтақасида ўзининг ҳарбий ҳозирлигини тиклашга уринаётганлик"да ҳам айблаган.
Сергей Шойгу, "буни КХШТ маконида барқарорликка бевосита таҳдид", деб билишларини ҳам баён қилган.
Худди ўша йилнинг апрел ойида Россия Мудофаа вазири Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларидан ўзининг ҳарбий инфратузилмасини жойлаштиришни сўраганини айтиб чиққан.
Россия Мудофаа вазири ўшанда буни "Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти маконида барқарорликка тўғридан-тўғри таҳдид, деб ҳисоблашлари"ни айтган.
Сергей Шойгу "АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳозирлигини тиклашга уринишлари" фонида Россия ўзининг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базалари жанговар тайёргарлигини кучайтиришини маълум қилган.
Россия Мудофаа вазири, "юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга жавобан бошқа тезкор кучларнинг ҳарбий ҳозирлигини ҳам оширишлари"ни қўшимча қилган.
Аммо Сергей Шойгу, шундай деркан, бу айнан нималарни кўзда тутиши тафсилотларини очиқламаганди.
Бунинг ортидан ўша йилнинг май ойида Кремлда янграган қўшма баёнотларидан эса, Путин ва Жапаровнинг Қирғизистон ҳудудидаги Россия ҳарбий объектларини ривожлантиришни муҳим, деб ҳисоблашлари маълум бўлган.
Аммо Россия Мудофаа вазирининг айни мазмундаги баёнот ва даъволарига аксарият минтақа пойтахтларининг муносабати ноаён қолган.
Россия томонининг минтақада ҳарбий ҳозирлигини кучайтиришга оид баёнотлари Украина уруши фонида янграгани билан кўпчилик диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаган.
Марказий Осиё Россия, АҚШ ва Хитой мисолида дунёнинг глобал геосиёсий, геоиқтисодий ва ядровий қудратлари манфаатлари тўқнашган минтақалардан бири бўлади.
Улар сўнгги йилларда постсовет ҳудудидаги Россия ўзининг сиёсий ва геосиёсий орбитасига янада кучлироқ тортиш илинжида бўлган мамлакатлар сифатида кўрилишади.
Ўзбекистон эса, ҳарбий блокларга кирмасликни ўз ташқи сиёсатининг бош стратегик йўналиши, деб эълон қилган.
Мудофаа доктринасига кўра, Ўзбекистоннинг бу соҳадаги сиёсати ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик, ҳарбий-сиёсий блокка айлантирилганда ҳар қандай давлатлараро ташкилотдан чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолиш тамойилларига асосланган.
Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси, йилларки, энг кучли қўриқланувчиси сирасига киритилган, Қуролли кучлари халқаро рейтингларда энг жанговарларидан бири сифатида эътироф этилади.
Бир томондан Ғарбнинг асосий рақиблари ва дунёнинг геосиёсий, геоиқтисодий, ядровий қудратлари сирасига кирувчи Россия ва Хитой, бошқа тарафдан муҳим транзит йўли саналувчи, узоқ йиллик урушлар ортидан ҳозир яна Толибон ҳаракати қўлида бўлган беқарор Афғонистонга чегарадош, катта сондаги арзон ишчи кучи, табиий энергия заҳиралари, турли ноёб ва қимматбаҳо маъданларга бой Марказий Осиё эса, дунёнинг геостратегик жиҳатдан муҳим минтақаси.
Россия, Хитой ва АҚШ геосиёсий рақобатда бўлган, учовлон ўз таъсирини кучайтириш ва манфаатларини парваришлаш илинжида бўлган ҳудуд.
Россиянинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган огоҳлантиришларини аксарият таҳлилчилар Марказий Осиёни ўз таъсири остида сақлаб қолиш, Ўзбекистонни ҳам ўзининг шамсияси остидаги ҳарбий блокка қайтариш учун Кремль қўлидаги муҳим босим воситаларидан бири сифатида кўриб келишади.
Россия Украина билан олиб бораётган уруш фонида уч Марказий Осиё давлатига чегарадош Афғонистонда Толибон ҳукуматини расман тан олган дунёнинг биринчи давлатига ҳам айланган.
Уруш ўзининг тўртинчи йилига яқинлашиб қолган, Трампнинг сўнгги тинчлик режаси ҳануз муҳокама остида, АҚШ президенти уни "бир кунда тугатиш" ваъдасини ҳалича бажара олмаган.
Россия урушга "қурол кучи билан чек қўйишга ҳам тайёр" эканини айтиб турибди.








