Ўзбекистон, Марказий Осиё 'янги ўйин'га тайёр бўлиши керакми? Видео

Сурат манбаси, official/afp/bbc
- Author, Feruza Rahmon
- Role, bbc.com/uzbek
- Ўқилиш вақти: 16 дақ
Афғонистонда "янги ўйин" бошланадими?
Минтақада глобал қудратлар ўртасида рақобат янада кучаядими?
Марказий Осиё давлатларига-чи, қийин бўладими?
Янги хавотирлар ўртага чиқди…
Аммо нега?
Мавзу таҳлили "Диққат, ББС" дастуримизнинг сўнгги ҳафтадаги сонида - видеомиз қуйида илова қилинган, киринг ва томоша қилинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Нима бўлди?

Сурат манбаси, Getty Images
Америкадан яқинда кутилмаган хабарлар олинди.
Янгилик қисқа вақтнинг ўзида турли-туман талқинларга сабаб бўлди.
Толибон ҳам, минтақа давлатлари пойтахтлари ҳам, расмий Москваю Пекин ҳам ҳозирча жим.
Экспертлар эса аллақачон хавотирда.
Трамп маъмурияти Толибонни хорижий террорчи ташкилот, деб топиш-топмаслик масаласини қайта кўриб чиқишга киришди.
АҚШ Давлат котиби шу кунларда бу ҳақда расман маълум қилди.
Марко Рубионинг айни мазмундаги сўзлари яқинда Вакиллар палатаси Ташқи ишлар бўйича қўмитасининг тинглови чоғида янгради.
Хабарларга кўра, у Толибон Америка Қўшма Штатларида хорижий террорчи ташкилот сифатида тан олиниши ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб берган.
АҚШ Давлат котиби ўзининг жавобида ҳаракат мақомини таснифлаш масаласи "энди яна бир бор кўриб чиқилаётгани"ни айтган.
Рубиога кўра, Давлат департаменти бу қадамни Афғонистонга нисбатан АҚШ сиёсати қайта баҳоланишининг бир қисми сифатида кўради.
Толибон Америка Қўшма Штатларида алоҳида эътибордаги глобал террорчи гуруҳ ҳисобланади.
"Хорижий террорчи ташкилот" таснифи эса, янада кескинроқ жазо чораларини кўзда тутади.
Афғонистон Толибон ҳаракати қандай гуруҳ?

- Афғонистон Толибон ҳаракати ўз вақтида минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ сифатида кўрилган.
- Доимий жангарилари, тарафдорлари, ёрдамчилари ва қўлловчиларининг жами сони 200 000 дан ортиши айтилган.
- Ҳаракат ўзининг сиёсий қанотига ҳам эга бўлган.
- Илк тузуми Афғонистонда 1996-2001 йиллар оралиғида амал қилган.
- Фақат уч давлат – Покистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари томонидан тан олинган.
- У 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари томонидан қулатилган.
- Шундан сўнг 20 йил давомида Америка каби дунёнинг энг қудратли давлатига қарши турган.
- 2018 йили ҳаракат АҚШ билан бевосита музокараларга киришган.
- 2020 йил февралида Доҳада икки томон тинчлик битимига имзо чеккан.
- Халқаро иттифоқ кучларининг Афғонистонни буткул тарк этишларига эришган.
- Орадан йил ўтиб, Афғонистонни қайта эгаллаган ва уч йилдан ошиқки, қудратда.
- Афғонистонни яна ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган.
- Толибон 1990-йиллар бошларида Покистон шимолида пайдо бўлган.
- Совет қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг бўй кўрсатган.
- Айтилишича, Саудия Арабистони маблағ ажратадиган, сунний Исломнинг муросасиз шакли тарғиб қилинадиган мадрасалардан чиққан.
- Миллатчи ғояга эга жиҳодчи гуруҳ, асосини маҳаллий паштун қавмига мансуб жангарилар ташкил этишган.
- Афғонистон ва Покистондаги ҳар икки Толибон ҳаракати ҳам шу пайтгача эътиборларини фақат ўз давлатларига қаратишган.
- Ҳукуматга келишса, Шариатнинг ўз талқинларидаги қатъий шаклини қарор топтиришни мақсад қилишган.
- Толибон ҳаракатининг иккинчи тузуми ҳозирча фақат Россия томонидан расман тан олинган.
Акс-садолар

Янгилик Афғонистондаги аксарият етакчи нашрларда сарлавҳаларга чиқди.
Минтақада ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди.
Бу ҳақда Ғарб қолиб, Ҳиндистону Исроилнинг нашрларигача ёзишди.
Россияда эса, хабар кўпроқ "Ғарб Толибоннинг террорчи ташкилот сифатидаги мақомини бекор қилиши мумкин", деган талқинда бўй кўрсатди.
Сўнгги янгилик Толибоннинг Афғонистонда иккинчи бор асос солган ҳукумати дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олинмаган бир вазиятда ўртага чиқди.
Аммо, айни мазмундаги хабарлардан қисқа вақт ўтмай, Россия Толибоннинг Афғонистондаги ҳукуматини расман тан олган дунёдаги биринчи давлатга ҳам айланди.
Кутилган ва кутилмаган янгилик минтақада ҳам эътибор тортди. Ўша соатларнинг ўзидаёқ етакчи нашрларида ўзининг ифодасини топди.
Толибон ҳукумати Россиянинг қарорини "қадрлашлари"ни айтди.
Россиянинг ўзларига чегарадош Афғонистон билан боғлиқ мазкур қарорига Марказий Осиё давлатларининг муносабати ҳозирча имконсиз.
Аммо янгилик Афғонистоннинг ўзида ҳам, ташқарисида ҳам бир хил қарши олинмади.
Кўплаб танқид, қораловларга сабаб бўлди, янги хавотирларни уйғотди.
Бу минтақада геосиёсий тангликни кучайтириши, афғонистондаги сонлари оз бўлмаган бошқа жангари гуруҳларга янглиш ишора беражагига оид талқинларга ҳам сабаб бўлди.
Толибон эса, Россиянинг қарори энди бошқа давлатларга намуна бўлади, деган умидда.
Афғонистон дунёнинг кўпмиллатли давлатларидан бири бўлади.
Афғонистонда Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги ўзбеклар ҳам яшашади.
Аксарият минтақа давлатлари Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонни яккалаб қўймаслик мавқеъида.
Аммо улар ҳам бугунги Кобулни кенг қамровли ҳукумат тузишга чақириб келишади ва ҳозир ҳам худди шу мавқеъларида собит.
Худди шу манзарада Халқаро Жиноят маҳкамаси хотин-қизларни таъқиб қилиш билан инсониятга қарши жиноят содир этишда айблаб, Олий раҳбари илова икки юқори мартабали Толибон вакилини ҳибсга олишга ордер берганига оид хабарлар ҳам олинди.
Аммо ҳар икки янгиликка ҳам ҳозирча расмий Вашингтоннинг муносабати кўзга ташланмайди.
Толибон сўнгги йигирма йилча Афғонистонда АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучларига қарши урушган.
2020 йилда, айнан Трампнинг илк президентлиги даврида Америка Қўшма Штатлари билан келишувга эришган, халқаро коалиция кучларининг Афғонистондан буткул чиқиб кетишларига муваффақ бўлган.
2021 йилнинг августида қудратга қайтган, тинчлик музокаралари истиқболини йўққа чиқарган, Афғонистонни қайта Исломий Амирлик, деб эълон қилган ва унинг ўзлари талқинидаги Шаръий қадриятлар асосида бошқарилишини эълон қилган.
Коалицион ҳукумат бўладими, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг тўлақонли кафолати – уч йилдан ошиқки, ҳали-ҳануз ўзининг расман тан олиниши учун халқаро ҳамжамият томонидан илгари суриб келинаётган асосий шартларни бажармай келади.
Минтақа ва Толибон

Сўнгги янгилик қатор Марказий Осиё давлатлари ортидан Россиянинг ҳам узоқ йиллар деганда Толибонни ўзининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқаришга оид шов-шувли қароридан қисқа вақт ўтмай олинди.
Афғонистонга қўшни аксарият давлатлар, айниқса, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Россия ва Хитой Толибон ҳукумати билан мулоқотларини фаоллаштираётган, ҳар томонлама ҳамкорликлари, айниқса, савдо алоқаларини кучайтираётган, улар билан турли минтақавий лойиҳалар режасию ижросига бош қўшаётган, ўзлари етакчилигидаги ташкилотларга тортиш ҳаракатида бўлган, айримлари эса, ҳатто қиймати бир неча юз миллион долларга баҳоланаётган лойиҳалар ҳам имзолашга улгурган бир пайтга тўғри келди.
Путин Ўзбекистонда экан, ўтган йил пойтахт Тошкентда Толибонни тан олиш-олмаслик саволи ҳам янграган, Россия президенти ўшанда бу борадаги қарорнинг "биргаликда ишлаб чиқилиши"ни айтган.
Путин бу хусусда кўплаб бошқалари қатори "Марказий Осиёдаги ҳамкорлари, дўстларининг ҳам фикрлари инобатга олиниши", улар билан мулоқотда эканликларини таъкидлаган.
Россия томони ўзининг сўнгги истак ва режалари фонида Толибонни Афғонистондаги "ягона ва реал ҳокимият" сифатида тилга олган.
"Мавжуд реалликдан келиб чиқиб, шунга мос равишда муносабат қуришлари керак"лигини Ташқи ишлар вазиридан тортиб, президенти даражасида устма-уст такрорлаган.
Россиядан олинаётган айни мазмундаги хабарлар ўшанда Америка Қўшма Штатларини ҳам беэътибор қолдирмаган.
Оқ уйнинг ўша пайтдаги маслаҳатчиси мамлакати Толибон ҳукуматини расман тан олиш режасида эмаслигини баён қилган.
Жон Кирби, "Агар, Россия бу ишни қилса, бошқаларга янглиш ишора беражаги"ни айтганди.
АҚШ ва Толибон

Сурат манбаси, Reuters
Америка Қўшма Штатларининг Республикачи Трамп бошчилигидаги иккинчи маъмурияти Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга нисбатан ўзининг сиёсатини ҳалича расман очиқламаган.
Аммо воқеаларнинг сўнгги ривожи Афғонистонда қолаётган катта миқдордаги АҚШ ҳарбий техникаси Трампнинг эътиборини ўзига қайта-қайта тортаётган ва айрим Ғарб нашрларида уларни қайтариб олиш масаласи ҳатто Афғонистоннинг қайта ишғолига сабаб бўлиши мумкин, деган талқинларга ҳам сабаб бўлаётган бир пайтга тўғри келди.
Агар, расмий ҳисоб-китобларга таянилса, 2005-2021 йиллар оралиғида АҚШ Афғонистоннинг Миллий Мудофаа ва хавфсизлик кучларига умумий қиймати $18,6 миллиард долларга тенг миқдорда ҳарбий жиҳоз етказиб берган.
АҚШ Афғонистонда қиймати $7 миллиард долларга тенг ҳарбий техника қолдирган бўлса, уларнинг 70 фоизи Толибон назоратига ўтган.
Яқинда Би-би-си олиб борган суриштирув Афғонистонда АҚШ ҳарбийлари томонидан қолган, собиқ афғон ҳукумат кучларига берилган ва Толибон томонидан қўлга киритилган ярим миллион қурол йўқолган, сотилган ёки контрабанда йўли билан бошқа жангари гуруҳлар ихтиёрига ўтказилганига оид маълумотларни ўртага олиб чиққан.
Худди шу манзарада айрим етакчи Ғарб нашрларида Америка Қўшма Штатларидан қолган ҳарбий аслаҳа Афғонистонни жангари гуруҳлар учун қурол-яроғ омборига айлантирганига оид таҳлиллар ҳам кўзга ташланган.
Уларда "қайта сотилган бу қурол-аслаҳалардан айримлари Кашмирдагисидан тортиб, Яқин Шарқдаги можароларга қадар кириб борган"ига оид даъволар ўртага отилган.
Хорижий қўшинлар чиқиб кетиши ортидан Афғонистонда пайдо бўлган хавфсизлик бўшлиғи исёнчилик, чегараоша терроризм ва Жанубий Осиё ҳануз исканжасида бўлган минтақавий қудратлар ўртасидаги ўйинни кучайтирганига оид фикрлар билан ҳам бўлишилган.
Толибон эса АҚШ ҳарбий техникасини қайтариб бермаслик аҳдида қатъийлигича қолмоқда, Америкага Ғарб томонидан дастакланган афғон ҳукумати қулаётган пайтда Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб қочилганларини ҳам бизга берасан, деб турибди.
Сўнгги янгилик Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонда экан, "ал-Қоида" тармоғи қўшни давлатларда ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида турли хорижий минтақавий террорчи ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлигини ривожлантириш ҳаракатида экан, Толибон эса, "бутун Афғонистон бўйлаб бошпаналар бўладими ёки тайёргарлик жамлоқлари – тармоқнинг мамлакатда ўрнашиб олишига қулай шарт-шароит яратишга интилаётгани"га оид хавотирлари манзарасида ҳам бўй кўрсатган.
Толибоннинг 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларидаги Афғонистондаги илк тузумини ҳам АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари қулатишган.
Бунга ўшанда айнан 2001 йилнинг 11 сентябрида Нью-Йорку Вашингтонга уюштирилган ва айнан Толибон ҳаракатининг Афғонистондан бошпана топган энг яқин иттифоқчиси "ал-Қоида" тармоғининг ҳозирда марҳум лидери Усама бин Лодин айбланган қўшалоқ ҳужумлар сабаб бўлган.
Дональд Трамп бундан аввал, агар ўз ҳарбий техникаларини қайтармаса, Афғонистонга Америка Қўшма Штатларининг барча молиявий кўмакларини кесиб қўйишлари билан ҳам пўписа қилган.
Америка Қўшма Штатлари Толибон қудратга қайтиши ортидан ҳам, Афғонистоннинг энг йирик ташқи донорилигича қолган ягона давлат бўлган, улар яқин-яқингача бериб келаётган молиявий ёрдамлар миқдори бир неча миллиард долларга баҳоланган.
Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон эса, сўнгги йилларда нуфузли халқаро ҳисоботларда айнан у ердаги ижтимоий, иқтисодий вазият сабаб, миллионлаб сондаги аҳолиси очликка юз тутиши, мамлакатнинг ўзи "Ер юзининг жаҳаннами"га айланишига оид жиддий хавотирларга сабаб давлатлардан бири бўлади.
Худди шу эҳтимолнинг ҳам минтақа хавфсизлигига таъсири Афғонистоннинг бевосита қўшнилари қолиб, бугунги кунда, ҳатто, Россиянинг ҳам чуқур ташвишларига молик масаласи экани кўрилади.
Буларнинг барчаси боис, Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга йирик миқдордаги хорижий молиявий кўмаклар мамлакатнинг ўзи қолиб, бутун минтақа учун ҳам энг ҳассос мавзулардан бири бўлади.
Тарихий битим

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ ва халқаро коалиция кучларининг Афғонистонни буткул тарк этиши ва қудратга яна Толибоннинг қайтишига йўл очган ҳамда "тарихий", деб баҳо берилган битим Трампнинг биринчи президентлик ваколати даврида имзоланган.
Мазкур битим Афғонистонда йигирма йиллик урушнинг якуний топиши, хорижий кучлар афғон тупроғини буткул тарк этишига замин яратган, лекин Ғарбнинг тинчлик музокаралари орқали мамлакатда коалицион ҳукумат тузилишига бўлган умидлари ўзини оқламаган.
Америка Мудофаа вазири эса, Пентагонга узоқ вақтдан буён Республикачиларнинг танқидларига сабаб бўлиб келаётган Афғонистондан чиқиш нега шоша-пиша ва тартибсиз бўлганини текширишни ҳам буюрган.
Трамп шу ой Афғонистондан келган қочқинларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга оид қарорини ҳам эълон қилган, 12 июлдан бошлаб АҚШ ҳукумати улар учун вақтинчалик ҳимоя мақоми (Temporary Protected Status, TPS) ни бекор қилишини айтган.
Афғон қочқинларининг Покистон ва Эрондан оммавий депортациялари фонида олинган бу хабар ҳам Афғонистоннинг истиқболи ҳақидаги хавотирларни янада кучайтирмай қолмаган.
Кеча, 15 июл куни АҚШ маҳкамаси мазкур таклиф ижросини вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилганига оид хабарлар ҳам олинган.
Толибон муваққат ҳукумати эса, Трамп қудратга қайтаркан, унинг маъмурияти билан яхши алоқада бўлиш умидини изҳор этган.
Дональд Трампнинг сўнгги АҚШ президент сайловидаги ғалабаси Афғонистондаги Толибон ҳукуматининг ҳам эътиборидан четда қолмаган.
Ўшанда Толибон ҳукуматининг муваққат Ташқи ишлар вазирлиги бу хусусда хосан баёнот билан чиққан.
"Дональд Трамп бошчилигидаги янги маъмурият "АҚШ-Толибон муносабатларида сезиларли тараққиётга эришиш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятини яратиш учун реал қадамлар ташлашига умид қилаётганлик"ларини баён қилганди.
Толибон янги АҚШ маъмурияти билан алоқаларини қайта бошдан бошлаш, Афғонистоннинг четда музлатиб қўйилган миллиардлаб долларлик активларига имконли бўлиш ва ҳукуматининг расман тан олинишини истайди.
Трамп қудратга қайтган қисқа вақтнинг ўзида томонлар бир эмас, бир неча бор маҳкумларни алмашишга ҳам улгуришган.
Бу ҳам сўнгги ойларда Трамп маъмурияти ва Толибон Афғонистони билан боғлиқ халқаро миқёсда сарлавҳаларга чиққан янгиликларга айланган.
Шу йил бошида эса, АҚШ давлат котиби Толибон хабар қилинганидан кўра кўпроқ америкалик асирларни ушлаб турганига оид ўзи эшитаётган хабарлар тўғри бўлса, уларнинг етакчиларига ҳатто Усама бин Лодинга белгиланганидан кўра ҳам каттароқ мукофот пули белгилашлари лозим"лигини айтиб, твит қилган.
Бу янгилик ўшанда айрим етакчи Ғарб нашрларида "АҚШ ва Толибон бир-бирларига таҳдид қиларкан, кескинлик кучаймоқда", деган сарлавҳаларга ҳам сабаб бўлганди.
Россия, Ғарб ва Афғонистон

Сурат манбаси, rasmiy
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўтган ой Ўзбекистонга қилган сафари якунлари бўйича берган матбуот анжумани чоғида эса, Афғонистон ва Ғарб масаласига алоҳида тўхталиб ўтган.
"Ғарбнинг афғон "ўйини"га қайтишга фаол ҳаракат қилаётгани" ўзларининг эътиборларини тортганлигини айтган.
Сергей Лавров таъбирича, Ғарб "Толибон ҳокимиятга келганидан кейин коалициянинг ўша мамлакатдан қочиши пайтида бу ўйиндан чиққан".
У, "Ғарб давлатларининг ушбу умумий саъй-ҳаракатлардаги иштироки самимий бўлса, бошқа яширин мақсадларни кўзда тутмаса, бунга қарши эмаслик"ларини ҳам таъкидлаган.
Аммо шундай уринишлар бўлаётганини қистириб, бу ерга яна турли баҳоналар билан НАТО давлатлари ҳарбий инфратузилмасини қайтаришга бўлган ҳаракатларни қабул қилиб бўлмаслигини ҳам қайд этган.
Россия Ташқи ишлар вазири, ўз наздида, "бундай уринишлар секин ҳаракатга келувчи янги бомбани пайдо қилиши ва у ҳатто секин бўлмаслиги мумкинлиги" билан ҳам огоҳлантирган.
Шундай деркан, Россия Ташқи ишлар вазири ўзларининг Марказий осиёлик ҳамкасблари билан алоқада эканликлари, мазкур масала юзасидан мавқеълари фарқ қилмаслиги, уларнинг ҳеч бири ўзларида НАТО ҳарбий инфратузилмаси элементларини жойлаштиришни истамаслиги ва Покистон ҳам худди шундай позицияда эканлигини ҳам даъво қилган.
Сергей Лавровнинг айни мазмундаги сўзларига ўшанда минтақа давлатлари пойтахтларининг расмий муносабати ноаён қолганди.
Америка Қўшма Штатларининг Афғонистонда Толибоннинг илк тузуми қулатилиши билан якун топган "террорга қарши уруши" пайтида Ўзбекистон ва Қирғизистон уларнинг ҳарбий базаларига жой берган икки Марказий Осиё давлати бўлишган.
Ҳарбийлари Афғонистонни буткул тарк этиши ортидан ҳам, улар айрим Ғарб нашрларида Вашингтон АҚШ ҳарбий базаларини қайтариш истагида музокаралар олиб бораётган давлатлар қаторида тилга олинишган.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош уч давлати бўлишади.
Афғонистон эса дунёнинг бошқа ўнлаби қаторида энг йириги илова қатор Ўзбек жангари гуруҳлари ҳам бошпана топган, жанг қилган ва ҳозир ҳам жон сақлаб келаётган саноқли мамлакатларидан бири саналади, улар ҳам ўз вақтида Толибоннинг яқин иттифоқчилари сифатида кўрилишган.
Шундай экан, Трамп маъмурияти нега айнан бугун Толибонни хорижий террорчи ташкилот, деб топиш-топмаслик масаласини кўриб чиқаётган бўлиши мумкин? Воқеаларнинг бу каби ривожи Ўзбекистон, қолган минтақа давлатлари, бундан ташқари, Россия ва Хитой каби глобал минтақавий ўйинчилар учун нимани англатиши мумкин? АҚШ маъмурияти Толибонни хорижий террорчи ташкилот деб топган, ҳаракатга нисбатан мавқеини кескин ўзгартирган тақдирда, бу Афғонистонда АҚШ, Россия ва Хитой ўртасида манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкинми? Агар шундай бўлса, бу қандай кўринишга эга бўлиши ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлиши мумкин?
Tarix xorijiy o‘yinchilarning ta’sir uchun raqobati dunyoning bu muhim qismida ko‘p hollarda vaziyatning izdan chiqishi, ya’ni tartibsizliklar bilan yakun topishini ko‘rsatgan.
Доктор Довуд Аъзамий
Би-би-си Жаҳон хизмати муҳаррири
Халқаро сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича эксперт
Довуд Аъзамий: Сўнгги икки ўн йилликда Афғонистонда АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши жанг қилганига қарамай, Афғонистон Толибон ҳаракати шу пайтгача АҚШ Давлат департаменти томонидан хорижий террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилмаган.
Аммо ижроия фармойишлари асосида Толибон ва ҳаракатнинг кўплаб муҳим аъзоларига санкция қўлланган. Бу санкциялар активларини музлатиш ва улар билан молиявий операциялар олиб боришни чеклайди.
Сўнгги йилларда АҚШ Конгрессининг айрим аъзолари Толибонга нисбатан кескинроқ кетиш, уни расман хорижий террорчи ташкилотлар рўйхатига киритишга ундашди.
Лекин бу саъй-ҳаракатлар АҚШ Конгресси ва Америка ҳукумати томонидан катта қўлловга эга бўлмади.
Дональд Трампнинг ёндашуви собиқ Жо Байден маъмуриятиникидан фарқ қилади.
Шу ой АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Вакиллар Палатасининг Ташқи ишлар бўйича қўмитасига ҳукумати Толибонни хорижий террорчи ташкилот, деб таснифлаш-таснифламаслик масаласини кўриб чиқаётганлигини билдирди.
Афтидан, президент Трамп маъмурияти имкон қадар кўпроқ ён беришларга бориши учун Толибон ҳукуматига янада кўпроқ босим ўтказмоқчи.
АҚШ Толибоннинг "ал-Қоида" тармоғи билан алоқалари, ИШИД ва унинг Хуросон қанотига ўхшаш жангари гуруҳларнинг Афғонистондаги фаолиятидан ўз хавотирларини билдирган.
Афғон Толибони эса, ИШИД ва унинг Хуросон қанотини аллақачон ўзига душман, деб билади ва урушиб келади.
Бироқ Вашингтон Толибон ўзи билан дўстона муносабатларда бўлган "ал-Қоида"га ўхшаш гуруҳлар билан ҳам алоқаларини узиши ва ҳаттоки, уларга қарши жанг қилишини хоҳлайди.
АҚШ Толибон бирор бир гуруҳнинг ўзлари ва дунёнинг қай бир бурчагида бўлмасин, Америка фуқаролари хавфсизлигига таҳдид солишига имкон бермаслигини истайди.
Шу билан бирга, АҚШ Толибон ҳукуматининг Афғонистонда ҳибсда қолаётган қолган фуқароларини ҳам қўйиб юборишини хоҳлайди.
Расмий Вашингтон аллақачон Толибон томонидан Афғонистонда ҳибсга олинган бир қанча Америка фуқаросининг озод этилишига эришган.
Бошқа томондан, АҚШнинг Толибондан расман ошкор қилинмаган бошқа талаблари ҳам борга ўхшайди.
Бу Афғонистон учун нимани англатади?
Довуд Аъзамий: Афғонистон аллақачон иқтисодий ўнгланишига тўсқинлик қилаётган қатор санкциялар остида.
Бу санкциялар ва молиявий чекловлар афғон банкларининг халқаро трансакциялари олиб боришларини қийинлаштириб қўйган.
Улар, шунингдек, савдога салбий таъсир қилади, хорижий сармоя ва глобал бозорларга чиқишни чеклайди.
Шу билан бирга, Толибон қудратга қайтиши биланоқ, Афғонистон Марказий Банкининг Ғарб, хосан, Америка Қўшма Штатлар банкларидаги миллиардлаб долларлик активлари музлатиб қўйилган.
Бундан ташқари, хорижий ёрдамларнинг кесилиши, айниқса, АҚШ ҳукуматининг четдаги энг йирик ёрдам ташкилоти – USAID нинг қайта ислоҳ этилиши ва аксарият инсонпарварлик дастурларининг бекор қилиниши Афғонистондаги иқтисодий ва гуманитар вазиятга йирик зарба бўлиб хизмат қилди.
Толибоннинг юз минглаб деҳқонлар учун энг зўр даромад манбаи бўлган кўкнори етиштиришни тақиқлаб қўйиши ҳам улардан кўпчилигини ночорлик гирдобига ташлаган.
Бундан ташқари, афғон қочқинларининг Покистон ва Эрондан ортга оммавий депортацияси ҳам Афғонистон иқтисодига қўшимча юк бўлган.
Худди шу нуқтаи назардан, Толибоннинг Америка Қўшма Штатлари томонидан "хорижий террорчи ташкилот", деб топилиши ҳам Афғонистондаги тизимни янада оғир аҳволда қолдириши ва бундан ўзини ўнглаб олиши ниҳоятда қийин бўлиши мумкин.
Бу Марказий Осиё учун нимани англатади?
Довуд Аъзамий: АҚШ томонидан Толибоннинг хорижий террорчи ташкилот, деб топилишининг оқибатлари Марказий Осиё учун ҳам салбий бўлади.
Марказий Осиё давлатлари Афғонистоннинг стратегик жойлашувидан кенгроқ минтақа билан савдо алоқаларини кучайтириш учун фойдаланмоқчи.
Улар Афғонистоннинг турли соҳалари, жумладан, конлар, кончилик соҳалари ва инфратузилмасига ҳам сармоя киритишаяпти.
Марказий Осиё ва Жанубий Осиё энергетика лойиҳаси (CASA 1000), Ўзбекистондан Афғонистонга ва ундан кейин Покистонга темир йўл қурилиши, шунингдек, Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон қувури (TAPI) каби бир қанча минтақавий лойиҳалар минтақа давлатларида сиёсий ирода йўқлиги, афғонистондаги беқарорлик ва маблағ етишмаслиги сабабли йиллар давомида ортга суриб келинаётганди.
Сўнгги йилларда бу ва шунга ўхшаш бошқа минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш саъй-ҳаракатлари кучайиб бораётганди.
Бироқ Толибоннинг АҚШ томонидан хорижий террорчи ташкилот, деб топилиши унинг ҳукумати билан иш олиб бориш ва Афғонистонга хорижий сармояни анчайин қийинлаштириши мумкин.
Россия ва Хитой учун-чи?
Довуд Аъзамий: Америка Қўшма Штатларининг Толибонга босими Хитой ва Россия билан геосиёсий ҳамда геоиқтисодий рақобатининг бир қисми бўлиши мумкин.
Толибон қудратга қайтган 2021 йилнинг августидан буён Хитой улар билан дўстона муносабатда.
Шу йилнинг апрел ойида эса Россия Толибонни ўзининг террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарди ва улар билан ўзаро савдо-сотиқни кенгайтиришга аҳд қилган.
Афғонистон билан сиёсий ва иқтисодий муносабатларини кучайтириш учун ҳам Россия ва ҳам Хитой янгидан-янги қадамларга бормоқда.
Америкалик турли мулозим ва сиёсатчилар Хитой Афғонистоннинг ноёб минералларига сармоя киритаётганидан ҳам аллақачон ўз хавотирларини изҳор этиб бўлишган.
Бошқа томондан, АҚШ Афғонистонда кўпроқ мавқеъга эга бўлишдан манфаатдор.
Қўшма Штатлар Россия ва Хитойнинг Афғонистонда ўз таъсирини кучайтиришини, бошқа қудратларнинг Толибон билан дўстона муносабат ўрнатишларига бир чеккадан туриб қараб ўтиришни истамайди.
Глобал қудратлар Афғонистонда яна таъсир учун кураш бошлашган.
Улар ўзларини янада муҳимроқ қилиш ва янада ишончлироқ роль ўйнашга интилишмоқда.
Аммо тарих хорижий ўйинчиларнинг таъсир учун рақобати дунёнинг бу муҳим қисмида кўп ҳолларда вазиятнинг издан чиқиши, яъни тартибсизликлар билан якун топишини кўрсатган.
Минтақага барқарорлик ва фаровонликни таъминлайдиган кўп томонлама ҳамкорлик ва хорижий сармоя керак.
Толибон хорижий террорчи ташкилот, деб топиладими?
Антонио Жустоцци
Халқаро эксперт, Буюк Британия
AQSh talablarining ayrimlari o‘ta qaltis. Shu bois, amerikaliklarning ko‘nglini topish Tolibonning qo‘lidan kelmasligi mumkin.
Антонио Жустоцци: Бу муҳокамалар Америка Қўшма Штатларида анча пайтдан буён давом этиб келади.
Конгрессдагилар, айниқса, Республикачи конгрессменлар худди шу нарсага ундаб келишади.
Шунинг учун ҳам, Марко Рубионинг мазкур масалани кўриб чиқишни бошлаганликларини айтиши унинг мутлақ амалга ошишини англатмайди.
Чунки Рубио, боя ҳам айтганимдек, Конгресснинг босими остида ва бу масала анча пайтдан буён муҳокамалар марказида.
Шундай экан, Толибон хорижий террорчи ташкилот деб топилиши, топилмаслиги ҳам мумкин.
Иккинчидан, сўзсиз, бу яна Толибонга босим ўтказишнинг воситаси сифатида сифатида ҳам талқин қилиниши мумкин.
Чунки АҚШ маъмурияти ва Толибоннинг Исломий Амирлиги ўртасида, таъбир жоиз, дипломатик мулоқотлар бўлиб ўтди.
Айни шу мулоқотлар чоғида Трамп маъмурияти Толибонга баъзи талабларини илгари сурган, Рубио эса, уларга босим ўтказиш мақсадида ушбу масалани кўтараётган, агар бу талабларни бажармасангиз, хорижий террорчи ташкилот, деб топилишингиз мумкин, дея уларни огоҳлантираётган бўлиши ҳам мумкин.
Чунки Америка Қўшма Штатларининг қўлида Толибонга босим ўтказиши учун таъсир воситалари кўп эмас.
Дейлик, улар Афғонистонга тариф сиёсатини қўллай олишмайди, ораларида савдо-сотиқ деярли йўқ.
Анчайин анъанавий таъсир воситалари эса ортиқ мавжуд эмас.
Сабаби, Афғонистонга АҚШ ёрдами ҳам тўхтаган.
Шундай экан, уларнинг ихтиёрларида яна қандай таъсир воситалари қолган бўлиши мумкин?
Шунинг учун ҳам, менимча, бу аниқ амалга ошадиган нарсадан кўра, Толибонга босим ўтказишга бўлган бир ҳаракат.
Савол: Толибон бунга қарши нима қила олади?
Антонио Жустоцци: Толибон кўп нарса қила олмайди.
Мен, мисол учун, улар Покистон Толибон ҳаракатини буткул яксон эта олиш мавқеида, деб ўйламайман.
Покистон Толибон ҳаракати йирик жангари гуруҳ. Эътиборини Афғонистоннинг айрим ҳудудларига қаратган. Мамлакатнинг шарқи ва жануби-шарқида айрим водийларни назорат қилади.
Шунинг учун ҳам, уларни йўқ қилиш осон бўлмайди. Толибон гуруҳга ўз босимини кучайтираётганининг айрим белгилари бор.
Дейлик, аъзоларини ҳибсга олаяпти ва бошқа, бошқа...
Аммо булар гуруҳни Афғонистондан сиқиб чиқариш ёки уларнинг Покистондаги амалиётларига чек қўйиш учун кифоя қилмайди.
Бироқ Толибон аллақачон бундай бир эҳтимолнинг оқибатларини юмшатиш, ўзи учун даромаднинг муқобил йўлларини топиш ҳаракатида.
Мисол учун, яқинда Хитой, Покистон томони билан учрашди. Бизда имконият бор, жиддий сармоя киритишни қачон бошлайсиз, демоқчи бўлди.
Хитой аллақачон оз-моз кончилик ишларини бошлаган.
Аммо бу Толибоннинг молиявий муаммоларини ҳал қилишга камлик қилади.
Толибон Хитой "Бир камар, бир йўл" лойиҳаси ижросига қаттиқ киришиши, инфратузилмаларни қуришни бошлашини хоҳлайди.
Чунки Хитой бунинг учун афғонларни ишга ёллайди, ҳақ тўлайди. Маош бу – солиқ дегани. Толибонга пул келади.
Кейин бунга конларни ўзлаштириш қўшилади. Иқтисод ривожланади. Толибоннинг Амирлиги фойда кўришни бошлайди.
Лекин хитойликлар қанчалик тезкор бўлмасин, бу бир кечада бўладиган иш эмас.
Толибон эса, аллақачон АҚШ ёрдамисиз қийнала бошлаган. Бу, айниқса, солиқ тушумларида сезилган.
Хорижий террорчи ташкилот, деб топилган тақдирда эса, бу кўмак умуман қайта тикланмаслиги мумкин.
Кимдир Американинг ўрнини босар. Аммо жорий пайтда бу каби бир эҳтимол ҳақиқатдан жуда йироқ.
Чунки кўплаб давлатлар инсонпарварлик ёки тараққиёт кўмакларини кесишмоқда.
Толибон яқинда барча вазирликларида 20 фоизлик қисқартиришларни бошлади, таъсири жуда катта. Бунга ҳам худди шу нарса сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Яна талабларнинг айримлари ўта қалтис. Шу боис, америкаликларнинг кўнглини топиш Толибоннинг қўлидан келмаслиги мумкин.
Мисол учун, Багром ҳаво базаси билан боғлиқ талаб. Мен шунча бўлиб ўтган ишлардан кейин Толибон Багромни яна Америкага беради, деб ўйламайман.
Чунки бу Толибон учун ўта зиддиятли масала.
Россия бўладими, Эрон ёки Хитой, бу ишнинг қўшниларига ҳам ёқмаслиги тайин. Яъни, минтақада ҳам катта машмашаларга сабаб бўладиган иш.
Шунинг учун ҳам, бу талаб амалга ошади, деб ўйламайман.
Америкаликларнинг оммага ошкор қилинмаган бошқа талаблари ҳам бўлиши мумкин.
Лекин, умуман олганда, менимча, Толибон Американинг талабларини қондиришга имконсиз.
Савол: Бу Россиянинг узоқ йиллар деганда Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзининг террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш, бунинг ортидан қисқа вақтнинг ўзида унинг ҳукуматини дунёда биринчилардан бўлиб расман тан олиш қарорига қанчалик боғлиқ бўлиши мумкин? Яъни, воқеаларнинг бу икки ривожини бир-бирига боғлаш қанчалик ўринли?
Антонио Жустоцци: Менимча, бу икки воқеъликнинг бир-бирига бевосита алоқаси йўқ.
Чунки Россиянинг нияти ҳақида бир неча ой олдин маълум эди.
Россия бу ишни анча аввал режалаган, ижросига киришган ва бунинг учун лозим барча жараёнлар ҳам босиб ўтилган.
Путин ўз қоидалари бўйича ўйнашни яхши кўради ва менимча, Толибон билан алоқалар бундан нарига ўтмайди.
Бу Толибон учун катта ютуқ. Чунки бошқа давлатлар ҳам энди Россиядан ўрнак олишлари мумкин бўлади.
Россиянинг Толибондан ўз сўровлари бўлиши мумкин.
Дейлик, улар Толибоннинг террорчи гуруҳларга оид жосуслик маълумотлари билан ўртоқлашиши, Америка ёки бошқалар билан нималарни гаплашганликларини баҳам кўришини истар. Ёки бошқа, бошқа... Бир нарса дейиш қийин.
Шунинг учун ҳам, мен бу Американинг Толибонни хорижий террорчи ташкилот деб топиш, топмаслик ҳаракатига жавобан қилинган иш, деган фикрдан йироқман.
Менимча, ҳаттоки, аксинчаси ҳам бўлиши мумкин.
Чунки Россиянинг шунга қараб кетаяётгани уларга маълум эди.
Улар Хитойнинг ҳам ушбу йўналишда ҳаракат қилаётганини кўришди.
Шу боис, бу Толибонни ушбу йўлдан ортга қайтариш учун ўзига хос огоҳлантириш ҳам бўлиши мумкин.
Бу, хусусан, Хитой учун ҳам огоҳлантиришдир балки.
Сиз Афғонистонда Толибон бўладими, бошқами – ҳеч кимни қудратда ушлаб туриш каби масъулият юкини дипломатик тарзда ўз елкангизга ололмайсиз.
Сиз Кобулда Толибон билан маслаҳат қилиб ўтираркансиз, биз ёрдам бермаймиз, кўмак юбормаймиз. Кейин буни сиз қиласиз ёки бошқа биров қилади. Лекин бизга орқа қилманг, дейилаётган ҳам бўлиши мумкин.
Сабаби, аввал шунга ўхшаш шикоятлар бўлган.
АҚШ Афғонистонга триллионлаб доллар маблағ сарфлагани, урушгани ва мамлакатни барқарорлаштириш масъулиятини ўз зиммасига олгани, хитойликлар бўладими ёки бошқалар эса, тижоратини қилгани қабилидаги норозиликлар бўй кўрсатган.
Бошқалар фойда кўриши учун тўловини Америка тўламаслиги керак, деган қараш Трамп маъмуриятида ҳам кенг тарқалган.
Улар бунга ўхшаш гапни ҳатто европаликларга айтиб турган бир пайтда Хитой ва россияликларни-ку, энди қўятуринг.
Аммо кенг жамоатчиликка имконли бўлган хабар ва маълумотлардан бу икки воқеъликнинг бир-бирига бевосита боғлиқлиги ҳақида ҳозирча қатъий хулоса чиқариш қийин.












