Инглиз тарихчи: Амир Темур Чингизхондан ваҳшийроқ бўлган - видео

Профессор Питер Жаксон

Сурат манбаси, BBC/Mas'ud Xolov

Сурат тагсўзи, Профессор Питер Жаксон
Ўқилиш вақти: 11 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Британияда Амир Темурни кўплар билмаса-да, зиёли қатлам унга асрларки маҳлиё бўлиб келган. Машҳур драматург Кристофер Марлоу у ҳақида ҳали 1588 йилда "Tamberlane" номли пьесасини ёзганди. 1724 йилда эса Лондонда яшаган немис бастакори Жорж Фридерик Ҳандел "Tamerlano" операсини Британия пойтахтидаги Қирол театрида намойиш қилган.

Энди эса инглиз олими Питер Жаксоннинг охирги китоби – "Чингизхондан Темурланггача: Мўғул Осиёсининг қайта уйғониши" Европа адиблари томонидан олқишларга сабаб бўляпти.

"Темурни барча даҳшатли ва қонли савлатини истаганлар учун Жаксон етарлича тафсилот, таҳлил ва ҳайратланарли чуқур тадқиқотни беради. 720 бетлик китоб энг талабчан ўқувчини ҳам қондира олади." – Вилям Далримпл, Financial Times газетаси.

"Барча оригинал манбаларни ўн йиллаб ўрганган ёши улуғ олимдан тарихий нашр." – Ноел Малколм, The Telegraph газетаси.

"Жаҳондаги энг буюк истилочи ва империя қурувчиларидан бирининг ажойиб қайта тақдимоти." – Жастин Мароцци, "Темурланг: Ислом қиличи, дунё истилочиси" китоби муаллифи.

Британиянинг Keele университети профессори Питер Жаксон ўтмишда ҳам бир неча тарихий асарлари билан танилган. Улар сирасига «Деҳли султонлигининг сиёсий ва ҳарбий тарихи», «Мўғуллар ва Ислом дунёси», «Еттинчи салб уруши, 1244-54: Манбалар ва ҳужжатлар» китоблари киради. У Кембридж университетидаги докторлик унвонини 1977 йилда «Мўғуллар ва Ҳиндистон, 1221-1351» тадқиқот иши билан олган.

Профессор Жаксон охирги китоби учун араб ва форс тилидаги оригинал манбалар, ҳамда Хитой, турк, юнон, лотин, кўҳна француз, тибет, рус, Сурия, Қофқоз ва Марказий Осиё манбаларининг таржималарига юзланган.

Ибрат Сафо у билан Лондонда суҳбатлашди.

Британияда Амир Темурни кўплар билмаса-да, зиёли қатлам унга асрларки маҳлиё бўлиб келган.

Сурат манбаси, Mas'ud Xolov

Сурат тагсўзи, Британияда Амир Темурни кўплар билмаса-да, зиёли қатлам унга асрларки маҳлиё бўлиб келган.

BBC: Сиз бу китобда "Амир Темур ҳақида ҳикоялар ва афсоналар кўп» деб ёзгансиз. Ўзингиз нега у ҳақида ёзишга қарор қилдингиз?

Асосий мақсадим ҳам шу бўлди. Мен, таъбир жоиз бўлса, ҳақиқатга, фактларга яқинлашишга, ва балки, ўша баъзи афсоналарни пучга чиқаришга ҳаракат қилдим. Бу қанчалар ҳуш қарши олинса ё олинмаса ҳам.

BBC: Бу китобни ёзишингизга кўп йиллар кетибди. Амир Темур сизнинг кўз ўнгингиз ва онгингизда қандай гавдаланди? Уни тўлиқ оча олдингизми, ёки сиз учун йироқ бир сиймо бўлиб қолдими?

Ҳа, йироқ сиймо бўлиб қолди, деб ўйлайман. Лекин, айни дамда, менга у яхши дўст, аммо ёмон душман бўлиб танилди. У баъзи хунрезликларига қарамай, менга инсон сифатида намоён бўлди. Ўзи инсон бўлиш, хунрезликни амалга оширишга қодир бўлишни англатади ва биз инсонлар буни кўп ҳам тан олавермаймиз. Темур ўз оиласи аъзолари билан жуда яхши алоқаларда бўлгандек кўринади. Унинг ўғилларига, айниқса набираларига бўлган муҳаббатига қараб туриб, кўпчилигимиз менда ҳам шундай бобом бўлсайди, деб ўйласак ажабмас.

BBC: Амир Темурнинг, бошқа ҳукмдорларга қараганда, уникал тарафи нимада? Сиз ёзгансизки, унинг қирғинлари ҳатто мўғулларникидан ҳам жозибадор бўлган. Financial Times китобингизга тақриз ёзганида, Темур ўз шуҳратидан ҳам ёмонроқ бўлган деб ёзди. Амир Темур ҳақида шундай қараш шаклланган. Бу адолатли қарашми? Фактларга асосланганми?

Ҳа, шундай деб ишонаман. Унинг қирғинлари, унга қаршилик кўрсатганларга қарши тутган йўллари, шубҳасиз, мўғулларникига солиштирганда, анча ваҳшийроқ бўлган. У Чингизхон балки ботина олмаган имиджни ўзи учун яратишга интилгандек намоён бўлади. У атайин даҳшатли бўлиб кўринишга уринган. Мўғуллар, бугун улар қандай ёмон обрўга эга бўлишига қарамай, ундай амбицияга эга бўлган деб ўйламайман.

BBC: Нима учун бундай қилган, нега у шундай кўринишга уринган деб ўйлайсиз?

Ўзининг келгуси ўлжаларидаги аҳолини бўйсундиришга мажбурлаш учун. Шаҳарларни қамалда ушлаб туриш ва уларга бостириб кириш, аскарлар ва молия жиҳатидан, жуда қиммат бўлган. Аҳоли тезроқ ва осонроқ таслим бўлиши Темур учун анча манфаатлироқ эди. Бу барча истилочиларга хос хусусият бўлса керак. Айниқса Темурга.

Ижтимоий саҳифаларимизни кузатинг

BBC: Китобингизда жуда даҳшатли мисолларни келтиргансиз. Масалан, Темурнинг Усмонлиларга қарши урушидан. Шаҳарларни ишғол қилиши ва аҳолини ўлдириши... Масалан, у қон тўкмасликка ваъда беради, лекин сўнг барча эркакларни тириклайин кўмади ва қон тўкмаслик ваъдасида турганини айтади. Буларни уруш тактикаси деб бўладими, йўқми – сизнингча, бу усулларнинг аниқ мақсади бўлган, ва у шунчаки қонхўр ё руҳий хаста бўлгани учун буни қилмаган?

Албатта, бу усуллар иш берган. Лекин, ҳар доим ҳам эмас. Масалан, шундай мисоллар борки, сиз ҳозир келтирган Анатолиядаги Сивас шаҳридагидек ваҳшийликлар бошқа шаҳарлар ҳукмдорларини барибир қаршилик қилишдан тўхтата олмаган. Эҳтимолки, баъзи ҳукмдорлар ва баъзи шаҳарлар аҳолиси Темурнинг шафқатсизлигини олдиндан билганлари сабаб ҳам унга таслим бўлишни истамаганлар. Демак, бу усулларнинг тескари таъсири ҳам бўлиши мумкин.

Китобдан парча:

"Шубҳасиз Темурнинг қирғинлари мўғулларникидан анча жозибадор эди. Чингизхон шунчаки минглаб одамларнинг боши кесилишини буюрган (чунки бу билан кейинроқ қанча одам ўлдирилгани ҳисобланган). Темур бошлардан миноралар тиклатган, масалан Систон, Исфахон, Тикрит, Деҳли, Ҳалаб, Бағдод (Ибн Арабшоҳга кўра, у ерда 120 минора тикланган) ва Смирна шаҳарларида. Исфахонда бошлар 70 мингта бўлган, қулаган шаҳарни айланиб чиққан Ҳофизи Абрў 28 та минорани санаган ва ҳар бирининг ҳар тарафида ўртача 1500 та бошни кўрган. Ҳалабдаги вазият янаям даҳшатлироқ бўлган, чунки бошлар атайин ташқарига қаратиб қўйилган, византиялик тарихчи Дукас шунга ўхшаш ҳолат Смирнада бўлганини ёзади. Шарофиддин Яздийнинг ёзишича, Исфахонда баъзи аскарлар ўлдиришдан чарчаган ва иш тезроқ олиб борилиши учун бошларни бошқалардан сотиб ола бошлаганлар, ҳар бир бошга 20 кўпеки динордан тўланган."

BBC: Сиз у ўз ўғил ва набираларини жазолагани ҳақида ҳам ёзгансиз. Масалан, бир ҳолда у набираси Искандарни оёғи тагидан савалатади. Бу унинг одиллигидан даракми?

Ҳа, бундай мисоллар бор. Лекин одатда Темурнинг ишончини оқламаган шаҳзодалар шунчаки тахтидан туширилган ё кичикроқ лавозимга ўтказилган ва уятга қолган. Одатда шаҳзодалар Темур уларга ишониб топширган халқлар устидан анча эркин ҳукмронлик қилганлар. Лекин Темур барибир уларга тўла ишонмаган. У ҳеч кимга юз фоиз ишонмагандек намоён бўлади, айниқса ўз туғишган ворисларига. Афтидан у катта ер ва аҳолига эга бўлган шаҳзода мустақил давлат қуришдек нафсни тия олмай қолиши хавфини билган.

BBC: Бу сиз ёзган яна бир жиҳатга боғлиқми? Сиз китобда у ўзидан сўнг яхши бошқарув тизимини қолдирмади ва унинг ўлимидан кейин бу тизим пароканда бўлди деб ёзгансиз. Шунда бошқа бир биографдан иқтибос келтиргансиз – «Темур бир кишилик томоша эди». Бу ҳукмронларга хос хислатми, ворисни тайёрламаслик? Ўзбекистоннинг яқин тарихида ўхшаш ҳолатга гувоҳ бўлдик – собиқ президент Ислом Каримов оламдан ўтгач, у ўз ўрнига ворисни тайёрламагани ҳақида кўп гапирилди ва энди қандай йўл тутамиз деган мавҳумлик юзага келди. Темур ҳам шундай йўл тутган, чунки ҳеч кимга ишонмаган деб ўйлайсизми?

У ҳеч кимга тўла ишонмаган бўлса-да, ўзига ворисни тайинлаган. Кўп ҳолларда ворислар ундан олдин ҳалок бўлишган. Ўзи оламдан ўтганида у валиаҳд этиб набирасини тайинлаб кетган, лекин бошқа оила аъзолари бунга рози бўлмагач, илк кунлариданоқ парокандалик юзага кела бошлаган. Чингизхонда масалан, бундай бўлмаган.

BBC: Яхши бошқарув тизимини қолдирмаган, деганда нимани назарда тутгансиз?

Унинг қўли остида аниқ бошқарув тизими бўлмаган, чунки ҳокимият жуда шахсий характерга эга эди. Бу ўрта асрларга хос нарса, аслида. Айнан бошқарув структурасига келсак, бу деярли мавжуд бўлмаган. Темурнинг режимидаги ишлар кўп ҳолларда унинг номини тилга олиш билан юритилган. Бу ҳам Темурнинг ўз қўли остидагиларга, қариндошми ё бегона, тўлиқ ишонмаганига ишорадир.

Китобдан парча:

"Темурнинг тинимсиз юришларига асосий сабаб катта кўламдаги ўлжани қўлга киритиш истаги бўлган. [Питер] Голден уни "ўз қўшниларини талаш туризми" билан шуғулланганини ёзади, [Дейвид] Морган эса Темурнинг ҳаётини «баҳайбат кўламдаги талончилик юришлари мажмуаси" дея умумлаштиради. [Дейвид] Кристианга кўра, Темурнинг чўпонлар, пиёда аскарлар ва отлиқлардан ташкил топган гибрид армияси бошқа анъанавий чўл армияларидан анча қимматроқ эди, шунинг учун у Чиғатой улусидан ташқарида қўлга киритилган ерларни шунчаки талончилик ҳудудлари деб кўрган… Ўта катта ҳудудларни бошқариш катта маъсулиятни англатади. Бунинг учун гарнизонларни жойлаштириш, йиллик нақлиёт ва ҳисобчилик харажатлари керак бўлади. Шунинг учун, Темурнинг ҳарбий амалиётлари тутуриқсиз самарасизликдек кўринади, баъзида у битта ерни бир неча бор ишғол қилишига тўғри келган."

Peter Jackson
BBC
U asosiy motivatsiyasi Islom ekanini namoyon qilishga uringandek ko‘rinadi. U o‘zini mujohid deb sanagan. U jihod tilini qo‘llagan.
Peter Jackson
Professor, tarixchi (bbc.com/uzbek)

BBC: Темурнинг юришларида Ислом қандай ўрин тутган? Унинг янги-янги ерларни ишғол қилишида асосий мотивация Ислом эдими?

У асосий мотивацияси Ислом эканини намоён қилишга урингандек кўринади. Ва айни дамда у Исломдан илҳомланмаган деб аниқ айтишга ҳам асосим йўқ. У ўзини мужоҳид деб санаган. У жиҳод тилини қўллаган. Лекин, бир инкор этиб бўлмайдиган жиҳат шуки, Темурнинг аксар урушлари мусулмонларга қарши олиб борилган. У мусулмон бўлмаган дунёга деярли шикаст етказмаган.

BBC: Сиз унинг мусулмон қарашларини савол остига олганда, Сурияга юришини ва у ердаги Уммавий масжидни вайрон қилганини ёзгансиз.

Уммавий масжиди алоҳида бир ҳолат, чунки анъанавий мусулмонлар уммавийлар сулоласини ҳақиқий мусулмонлар деб ҳисоблашмаган. Улар, даъво қилинишича, пайғамбарнинг оиласидан халифаликни тортиб олганлар. Қарийб юз йилдан кейин уммавийлар тор-мор қилинганида, тахт пайғамбарнинг амакисига қариндош оилалар қўлига қайтарилган. Шундай экан, қайсидир маънода, балки Темур пайғамбар оиласининг манфаатлари учун юриш қилган, деб ҳам айтиш мумкин.

BBC: Ўзбекистон тарих китобларида биз Амир Темурни Қуръонни ёддан тиловат қилган шахс сифатида, зиёли одам сифатида таниймиз. Лекин, сизнинг китобингизда у бундай гавдаланмайди. У қанчалар саводли эди, ёзиш ва ўқиш каби қобилиятларига келганда?

У нисбатан саводли бўлиб намоён бўлади. Уни ўқимишли одам деб бўлмаса керак, лекин у билимга чанқоқ бўлган. У ўз ҳукми остидаги ерлардан ташқари дунёга ҳам қизиққан. Бунга албатта бошқа сабаблар бўлиши мумкин. Биз одатда унга унинг марокашлик сайёҳ Ибн Халдун билан муносабатлари асосида баҳо берамиз. Ибн Халдун Темурнинг ёнида бироз вақт сафар қилган. Ибн Халдун Темурни ташқи дунёга катта қизиқиши бўлган одамдек тасвирлайди. Унинг ҳикояларига таянсак, Темурни асло тор дунёқарашли деб баҳолаб бўлмайди. Шу билан бир вақтда, Ибн Халдун у билан бир-икки йил ўтказган, холос.

Амир Темур ўзи жанг қилган биронта урушда мағлуб бўлмаган.

Сурат манбаси, Mas'ud Xolov

Сурат тагсўзи, Амир Темур ўзи жанг қилган биронта урушда мағлуб бўлмаган.

BBC: Сиз Темурга унчалик ҳам ижобий баҳо бермаган бошқа араб манбаларни келтиргансиз. Масалан, Ибн Арабшоҳ. Ибн Арабшоҳ Темур тарихга жуда қизиққанини, аммо форс, турк ва мўғул матнларини ўқиш қобилияти чекланган эди, арабчани эса деярли билмасди, деб ёзади.

Албатта, биз бу муаллифлар қайси нуқтаи назардан ёзганларини ҳисобга олишимиз керак. Ибн Халдун Темурнинг ёнида муайян даврни ўтказган ва унинг марҳаматидан баҳра олган. Ибн Арабшоҳ эса Темурнинг қурбонларидан бири эди, чунки Темурнинг армияси унинг она шаҳри бўлмиш Дамашқни вайрон қилганди ва уни оиласи билан асирга олиб Самарқандга олиб кетган. У бир неча йил ўтиб Дамашққа қайта олган. Демак, Ибн Арабшоҳ нега бундай баҳо беришини тушунсак бўлади.

BBC: Китобингизда Темурнинг ҳар бир сўзини ёзиб олган уйғур хаттотлар ҳақида ёзгансиз. Бу матнлар сақланиб қолганми?

Йўқ, сақланиб қолмаган.

BBC: Сиз Темур ҳақида ёзилган матнларнинг аксари унинг ўлимидан сўнг ёзилган дейсиз.

Ҳа, нисбатан ўлимидан кўп ўтмай десак бўлади. Ибн Халдун асосан унинг ўлимидан кейин ёзган, бир қисми Темур тириклигида ёзилган бўлиши мумкин. У Темур ёнида қисқа давр бўлган. Ибн Арабшоҳ эса Темур империяси Мамлуқлар қўли остидаги Сурия ва Мисрдан чекинганидан кейин ёзган. Ўйлашимча, Темурнинг ҳаётлигида ёзилган ягона матн испаниялик элчи Клавихо қаламига мансуб. У 1404 йилда ёзган.

BBC: Унинг Темур ҳақидаги таассуротлари қандай бўлган?

Умуман олганда, анча ижобий. Лекин, у ҳам Темурнинг марҳаматидан фойдаланган ва унга дипломатик вакил сифатида яхши муносабат қилишган. Ундан Ибн Арабшоҳдек тасвирларни кутиб бўлмайди. Менимча, у бизга яхши мувозанатни беради.

Китобдан парча:

"Темурнинг яна бир усули ўз ҳаракатлари ҳақида атайин нотўғри маълумот тарқатиш эди. Бу баъзида ўта самарали усул билан «маккор Темур» дея танилди. [Жан-Пол] Ру Темурники дея ёзиб қолдирилган ҳийлалар бизга ёш боланикидек ва «Ғарблик одамга ярашмайдиган» кўринади, лекин факт шуки, улар муваффақият келтирган. Масалан, 1394 йилги Диёрбакирга юришида Темур ўзининг чекинаётгани ҳақида миш-миш тарқатади ва душманлари ҳужумга тайёр бўлмайди. Ибн Халдунга Темурнинг имоми Абдулжабборнинг айтишича, Темур мухолифатни алдаш учун атайин ўз қўшинларини нотўғри йўлга бошлаган, Клавихо эса Қипчоқ чўлидаги бир юришда Темур душманларини адаштириш учун ўз жамлоғидаги аёлларни эркакларча кийинтириб, жамлоқни ҳимоя қилишга ташлаб кетгани ва ўз қўшинлари билан Тўхтамишга ортдан ҳужум қилганини ёзади.»

Book
BBC
U shu qadar qasoskor, shu qadar shafqatsiz bo‘lishi shartmidi? Bu kelajakda muxolifat bo‘y ko‘tarmasligi uchun atayin qilingan taktikamidi, yoki u bundan zavq olganmi?
Peter Jackson
Professor, tarixchi

BBC: Тадқиқотингизни олиб бориш қанчалар осон ё қийин бўлди? У ҳақида манбаларни қаердан олдингиз ва қандай ишлатдингиз?

Унчалик қийин бўлмади. Энг асосий манбаларнинг оригиналидан ҳам, таржимасидан ҳам фойдаландим. Мен Кастилия тилини билмаганим учун Клавихони инглиз тилида ўқидим. Форс манбаларни форс тилида ўқидим, Ибн Арабшоҳники эса араб тилида. Унинг инглиз тилига таржимаси унча яхши қилинмаган, шу сабабдан араб оригиналига юзландим.

BBC: Форс манбаларида Амир Темур ҳақида нима дейилган?

Бунга умумий битта жавобни бериш қийин. Форс тилидаги манбаларнинг аксари ё Темурнинг қўли остида, ёки аниқроғи, унинг меъросхўрлари назорати остида ёзилган. Масалан, Низомиддин Шомий 1404 йилда ҳали Темур ҳаётлигида ёза бошлаган. Шарофиддин Яздий эса унинг ўлимидан 10-15 йил ўтиб Темурнинг набиралари ҳукми остида ёзган. Иккала матнда ҳам Темурга нисбатан ижобий ва дипломатик баҳо берилади. Ўйлашимча, бу муаллифлар ҳақиқатдан ҳам Темурдан ҳайратланган бўлишлари мумкин, чунки Амир Темур мисли кўрилмаган кўламдаги заминларни ишғол қилган, Марказий Осиё, Сурия, ва ҳоказо. У ўлганида Хитойни ишғол қилишга отланган эди. Бунинг уддасидан чиқа олармиди, йўқми – биз билмаймиз.

BBC: Шу ерда яна бир параллелни чизишимга туртки бердингиз. Ислом Каримов ҳам оламдан ўтганида унинг вафоти бир неча кун сир сақлангани айтилди. Сиз ёзишингизча, Темурнинг Ўтрорда вафот этиши ҳам сир сақланган экан. Бундай мисоллар тарихда яна учрайди. Нега ҳукмдорларнинг ўлими сир сақланади?

Баъзи доираларда унинг ҳукмронлиги ҳуш қарши олинмаган эди. Унинг кўплаб фуқаролари ўзларини кемтик сезган бўлиши мумкин, чунки уларга кўра, ўлжалар адолатли тақсимланмаган. Темур вафот этганида, у тайинлаган валиаҳд бутун империя устидан назоратни олиб бора олишига ҳеч кимда ишонч йўқ эди. Ундай бўлмади ҳам. Унинг вафотидан кейин бошқа бир набираси Моварауннаҳрни ўз қўлига олди. Бунга Темурнинг пойтахти Самарқанд ҳам кирарди. Пойтахт деймиз, лекин у аксар вақтини юришларда ўтказган.

BBC: Аёл яқинларига келганда, сиз Темур ўзининг қизи Оғабегим, хотини Дилшод оға, синглиси Қутлуғ Турконлар вафот этганида шунчалар ғам ва изтироб чекканки, давлат ишларига қизиқмай қўйган деб ёзасиз. Демак, унинг анча юмшоқ кўнгилли тарафи ҳам бўлган.

Ҳа, у оиласига жуда яқин инсон бўлган. Лекин, бу борада жуда кўп маълумотга эга эмасмиз. Масалан, набираси ёки ўғилларининг ўлимига қандай муносабат билдиргани ёритилмаган. Бу борада ўта стереотипик мисралар етиб келган. Албатта, унинг ҳиссиётларини шубҳа остига олишимизга асос йўқ. Ўз ҳаёти давомида у ўғил ва набираларига катта ерларни ишониб топшириб, уларни яқин тутган.

Алоқадор мақолалар

BBC: Китобда ёзасизки, Исломийлашишга қарамай, Темурийлар давридаги аёллар роли аҳамиятини озайтирмаслигимиз керак. Уларнинг сўзларига қулоқ тутилган. Сиз келтирган бир мисолда, Темур келинининг шикоятини тинглагач, ўз ўғлини жазолаган. Яъни, у аёлларга қулоқ солган.

Ҳа, чунки Марказий Осиё ва мўғул жамиятларида аёллар, айтайлик ўша даврдаги Европага солиштирсак, кўпроқ таъсирга эга бўлишган. Чингизхон даврида ҳам, ўлимидан кейин ҳам унинг хотинлари, мўғул бевалар анча катта таъсирга эга бўлишган ва регент бўлиб ҳукмдорлик қилишган. Темур аёллари ҳам бундан истисно эмаслар. Улар Темурга таъсир ўтказа олганлар ва ким жазоланишини белгилаганлар.

Белгиялик мустамлакачилар Конго аҳолисини, ҳатто болаларни ҳам, жазолаш учун қўлларини кесганлар.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Белгиялик мустамлакачилар Конго аҳолисини, ҳатто болаларни ҳам, жазолаш учун қўлларини кесганлар.

BBC: Китобингизда «татар» сўзи ишлатилган, ва бу Ғарб тарих китобларида кўп учрайди. Туркий халқлар, марказий осиёликлар, мўғулларни кўпинча татар дея таништирадилар. Нега шундай?

Очиғи, биз аниқ билмаймиз. Мўғуллар ғарб ва жануб сари кенгая бошлаганларининг илк босқичларида татарлар дея номлана бошлаганлар. Биз тарихчилар татарларни Чингизхон Мўғулистонда тор-мор қилган рақиб қабила сифатида биламиз. Чингизхон уларнинг кўпини қирган. Лекин Чингизхонгача «татар» сўзини Мўғулистондан ғарбда жойлашган айниқса мусулмон халқлар шарқдаги кўчманчиларни тасвирлаш учун қўллаганлар. Шу йўсин, татар сўзи муҳрланиб қолган ва мўғулларни шу сўз билан атай бошлаганлар. Бунда ирония бор, агар Мўғулистоннинг ўзидаги тарихни билсангиз.

BBC: Амир Темур ҳақида Ғарб адабиёти ва тарихида гап кетганда, кўпинча унинг исми олдига сифат қўшилган бўлади – қонхўр, ваҳший, бешафқат ва ҳоказо. Нима деб ўйлайсиз, Ғарб зиёлиларида осиёлик ёки Ғарблик бўлмаган ҳукмдорларга қарши қандайдир калондимоғлик ё ёвқараш борми? Чунки Европа мустамлакачилари ўзлари босиб олган ерларда ўзлари ҳам шафқатсиз ва ваҳший бўлишган, даҳшатли жиноятларни амалга оширганлар, масалан белгияликларнинг Конгодаги хунрезликлари ёдга келади. Ёки британлар ва қуллик. Лекин негадир ўша даҳшатли сифатлар ҳукмдорларнинг номига қўшиб ишлатилмайди. Бу қанчалар адолатли?

Мен Темур ўзидан олдин ўтган Чингизхондек ҳукмдорларнинг зўравонлигидан ҳам зўравонроқ бўлишга атайин уринганига ишонаман. У айни дамда Чингизхонга ўхшашга ҳам уринган. Ундан кейинги европалик истилочиларга солиштирадиган бўлсак, кўп тарихчилар айтадиган бир гап бор – бу менинг тадқиқот майдоним эмас. Лекин, Темур муайян имижни яратишга ва унга содиқ бўлишга уринган. Айни вақтда у жуда раҳмдил ҳам бўла олган. У ҳатто таслим бўлмаган жойларда ҳам мурувват кўрсатгани ҳолатлари мавжуд. Бир-иккита мисоллар борки, кўп тарихчилар ундан ҳақиқий қирғинни кутишган, лекин у кутилмаганда анча юмшоқлик билан у ерларни эгаллаган. Бу унинг ўша вақтдаги кайфиятига боғлиқ бўлиши мумкинми? Масалан, бир ҳолатда бунга сабаб унинг ўғил набирасининг туғилгани бўлган. У ишғол қилинган аҳолини қирмаслик билан, набирасининг таваллудини нишонлаган.

BBC: Амир Темур ҳақида ўзингиз қандай хулосага келдингиз? Уни қандай гавдалантирдим деб ўйлайсиз? Баъзи адиблар, масалан Вилям Далримпл сизнинг китобингизга тақриз ёза туриб, Темурни биз билгандан анча ёмон дея тасвирлади. Лекин, мен сизнинг китобингизни ўқиганимда, у анча мувозанатли кўринди, афтидан сиз Темур характерининг барча томонларини очиб бергансиз. Сезганим шуки, тақризлар ёзилганда, танқидчилар муайян мисраларни танлаб оладилар ва шу пайтгача шаклланган нарративга тушадиган «қонхўр», «шафқатсиз» ва ўхшаш сўзларни олд қаторга олиб чиқадилар. Ўзингиз Темур ҳақида қандай фикрдасиз?

Мен мувозанатни ушлашга ҳаракат қилдим, бу шубҳасиз. Китобни ёзаётганимда мен бу одамга қарши шаклланган қарашлардан огоҳ эдим. Лекин, мен унинг ижобий ҳислатларини ҳурмат қиламан. Аввал айтганимдек, у оиласига яқин одам эди. Ҳаммаям ундай бўлмаган ё ундай эмас. У ўзига хизмат қилганларни мукофотлашда саҳий бўлган. Бунга гумоним йўқ. Лекин, бошқа томондан, у шу қадар қасоскор, шу қадар шафқатсиз бўлиши шартмиди? Бу келажакда мухолифат бўй кўтармаслиги учун атайин қилинган тактикамиди, ёки у бундан завқ олганми? Бунга ҳануз жавоб топмаганман. Шундай экан, очиқ айтишим керак, мен уни севиб қолганим йўқ.