Ўзбекистон-Франция: Ислом Каримов ва Жак Ширакнинг соҳибқирон Амир Темурга ҳурмати

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Фахриддин Низомов,
- Role, Тошкент, Ўзбекистон
Франциядан қайғули хабар келди. Унинг собиқ президенти Жак Ширак 86 ёшида оламдан ўтибди.
Ширак жанобларининг қанақа сиёсатчи бўлгани ва дунё сиёсатида нима из қолдирганини тафтиш қилишни сиёсий таҳлилчиларга қўйиб берайлик-да, унинг оила аъзоларига, ғойибдан бўлса-да, ҳамдамдардлик билдириб, Ўзбекистон билан боғлиқ бир воқеани эсласак.
1996 йил апрелида ЮНЕСКОнинг Париждаги Бош қароргоҳида буюк саркарда, дунёдаги энг буюк империялардан бирига асос солган шахслардан бири Амир Темур ҳазратларининг 660 йиллиги нишонланаётган эди.
Биринчи президент Ислом Каримов ўша тадбир баҳонасида Елисей саройига ҳам ташриф буюриб, Жак Ширак билан учрашди, икки ўртада ташриф билан боғлиқ барча расм-русумлар адо этилди.
Шу билан Каримовнинг Франция президенти меҳмони сифатидаги тадбирлар тугаб, энди ҳамма нарса нейтрал ҳудуд - ЮНЕСКО қароргоҳига кўчган эди.
Ўша қароргоҳда бобомиз шарафига уюштирилаётган тадбир бошланар-бошланмас шовур кўтарилди - унга Жак Ширак келаётган эмиш.
Ташкилотчилар ҳам, айниқса, бундай илтифотни кутмаган, кутган бўлса ҳам, сиртига чиқаришга шошилмаган дипломатларимиз тараддудланиб қолди.
Журналистлар питирлаб қолганини айтмайсизми? Улар ҳар қандай тадбир унинг ньюсмейкерлари билан файзли эканини сизу биздан кўра яхши билади.
Жак Ширакнинг иштироки Амир Темур бобомизга бағишланган юбилей тадбири аҳамиятини бир неча баробар ошириб юборди.
Бу нафақат буюк саркарда, қолаверса, яқинда миллий мустақиллигини қайтариб олган ўзбек халқига ҳам чуқур эҳтиром белгиси эди.
Бунинг яна бир тасдиғи Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга Амир Темур ҳазратларининг француз қироли Шарл VI га 1402 йилда ёзган мактуби нусхаси совға қилингани бўлди.
Тарих баъзан шахслар қаҳрамонлиги билан эмас, катта сиёсатчиларнинг яхши бир амали билан ҳам яратилади.
Бунга Ширак жанобларининг ўша тадбирга келгани мисолдир.
Фахриддин Низомов, Тошкент, 26.09.2019.

Сурат манбаси, Sean Gallup
Жак Ширак Францияни 1995 йилдан 2007 йилгача бошқарган, кетма-кет икки бор президент этиб сайланган.
Францияни энг узоқ бошқарган икки давлат раҳбаридан биттаси сифатида мамлакат тарихига кирган.
Президентлик фаолиятига берилаётган баҳолар турлича эса-да, 2003 йилда кўрсатган қатъияти билан халқаро эътибор, эътирофга тушган.
Жак Ширак ўшанда АҚШ бошчилигидаги коалициянинг Ироққа қарши амалиётига қўшилмаган.
Унинг вафотига оид хабар кеча, пайшанба куни олинган. Собиқ президент ўлими сабаблари очиқланмаган.
Аммо 2005 йилда унинг инсультга чалингани хабар берилган, сўнгги йилларда анча хаста экани айтилган.
Жак Ширак вафоти муносабати билан Францияда бугун миллий мотам куни, деб эълон қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












