Франса маҳкамаси Жак Ширакни коррупцияда айбдор деб топди

Жак Ширак

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Жак Ширак ўн икки йил давомида Франсага раҳбарлик қилди

Франса маҳкамаси мамлакат собиқ президенти Жак Ширакни давлат маблағидан нотўғри фойдаланиш ва жамоатчилик ишончини суистимол қилишда айбдор деб топиб, икки йиллик шартли жазога ҳукм этди.

79-ёшли Ширак соғлиги ёмон бўлгани учун маҳкамада иштирок этмаган.

Айбловлар Жак Ширак Париж ҳокими бўлган даврга бориб тақалади.

Собиқ президент Париж ҳокими бўлган йилларда ўз партияси аъзоларига ҳокимият ходимларига ажратилган маблағдан ойлик тўлаганликда айбланган.

Ширак 1977 йилдан 1995 йилга қадар Париж шаҳри ҳокими вазифасини бажарди ва 1995 йилдан 2007 йилга қадар Франсага раҳбарлик қилди.

Франса қонунларига кўра, мамлакат президенти жазога тортилиши мумкин эмас.

Прокурор ҳакамдан Ширак ва яна тўққиз айбланувчини оқлашни сўради. Айни иш юзасидан 2004 йилда бир неча одам, жумладан Франсанинг ҳозирги ташқи ишлар вазири Ален Жюппе, жавобгарликка тортилган.

Жаноб Жюппега ўшанда 14 ойлик шартли қамоқ жазоси тайинланган эди.

Жак Ширак - жиноий жавобгарликка тортилаётган Франсанинг илк президентидир.

Фаромушхотирлик

Собиқ президентнинг дўстлари охирги ойларда Жак Ширакда фаромушхотирлик кучайганини айтишади. Уларнинг айтишича, Жак Ширакнинг ўзи буни сезмайди.

Ҳакамга, Ширак оиласи сўрови билан, шифокор хулосаси тақдим этилган. Унда Жак Ширакни маҳкамага чақирмаслик тавсия қилинган.

Би-би-си мухбири сўзларига кўра, баъзи франсаликлар тиббий хулосага анча ишончсизлик билан муносабат билдиришади.

Уларга кўра, Ширак оиласи уни маҳкамага чақирилиб, шарманда бўлишини истамаган.