Россия ҳеч ким қилмаган ишни қилди, Марказий Осиё давлатлари ҳозирча жим...

Путин ва Шойгу

Сурат манбаси, rasmiy

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россия сўнгги соатларда сарлавҳаларга чиқди.... Худди шу манзарада Шавкат Мирзиёев Толибон ҳукумати Бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар билан учрашди.

Россия Толибонни Афғонистоннинг расмий ҳукумати деб тан олган биринчи мамлакат бўлди

Россия расман тан олгани эълон қилиниши ортидан Толибон вакиллари Москвадаги Афғонистон элчихонасига балконига чиқдилар ва Афғонистон Исломий Аамирлиги байроғини осдилар

Сурат манбаси, Афғонистон элчилиги/ТАСС

Сурат тагсўзи, Москвада Афғонистон Исломий Амирлигининг байроғи ҳилпиради. Сўнгги янгилик манзарасида бу ҳам алоҳида эътиборга молик воқеъликка айланди.

Президент Владимир Путин Афғонистон Исломий Амирлигини Россия томонидан расман тан олиниши ҳақида қарор қабул қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилишича, 3 июл куни Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко "Афғонистон Исломий Амирлигининг Россия Федерациясидаги элчиси сифатида тайинланган Гул Ҳасан Ҳасандан ишонч ёрлиғи нусхасини қабул қилган".

"Афғонистон Исломий Амирлиги ҳукуматининг расман тан олиниши мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда икки томонлама самарали ҳамкорлик ривожига туртки беради, деб умид қиламиз", дейилади Россия ТИВ тарқатган баёнотда.

Россиянинг нега айнан бугунга келиб бу каби қарорга келгани сабаби маълум эмас.

Аммо янгилик Украинадаги уруши сабаб, Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида қоларкан, Россия Глобал жанубга янада кучлироқ юз буриш ҳаракатида бўлган бир манзарада бўй кўрсатди.

Америка Қўшма Штатларининг Исроил-Эрон можаросига бевосита аралашуви Россиянинг минтақадаги яна бир иттифоқчисини бой беришига сабаб бўладими, деган саволлар кун тартибига чиқиб турган бир пайтга тўғри келди.

ТАССнинг Россиянинг Кобулдаги элчисига иқтибосан ёзишича, "Афғонистонни тан олиш тўғрисидаги қарорни Путин Лавров таклифи билан қабул қилган ва бу Москванинг мулоқот ўрнатиш истагидан далолат беради".

Толибон муносабати

Толибон ҳақида статистика

Афғонистон Ташқи ишлар вазири "Россиянинг бу дадил қадамини қадрлашлари"ни айтди.

У Кобулда Россиянинг Афғонистондаги элчиси Дмитрий Жирнов билан учрашди.

Амир Хон Муттақий айтишича, сўнгги янгилик бошқа мамлакатлар учун "намуна бўлади".

Сўнгги янгиликкка Ўзбекистон илова Афғонистонга қўшни қолган минтақа давлатларидан пойтахтлари баробарида Ғарб, жумладан, Америка Қўшма Штатларининг муносабати ҳам ҳозирча имконсиз.

3 июл куни Озарбайжоннинг Хонкенди шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Толибон ҳукумати Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародарни қабул қилган.

Президент Мирзиёев Афғонистон билан чегараолди савдо ва саноат кооперациясини кучайтиришни таклиф қилди, деб хабар берди gazeta.uz

"Стратегик муҳим минтақавий лойиҳа — Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди", дейилади хабарда.

Россиянинг Толибон ҳукумати билан боғлиқ режаси бу учрашув кун тартибида бўлгани ёки йўқлиги ҳозирча маълум эмас, аммо янгилик худди шу кун якунида бўй кўрсатган.

Толибон Ўзбекистонга ўзининг биринчи элчисини тайин этганига оид хабарлар ўтган йилнинг феврал ойида чиққан.

Толибон Ўзбекистондаги элчисини алмаштириб, эскисининг ўрнига янгисини тайин этгани эса, худди ўша йилнинг августида маълум бўлган.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Толибон ҳукумати вакиллари билан учрашувда Тошкент афғон дипломати фаолиятини бошлаш бўйича ижобий қарор қабул қилганини билдирганди.

Ўтган йил октябр ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Толибоннинг элчисини қабул қилгани, орадан ой ўтиб, Ўзбекистоннинг Кобулдаги янги тайинланган элчиси Ойбек Усмонов Толибон ҳукуматининг Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақийга ишонч ёрлиқлари нусхасини топширгани хабар берилган.

Ўзбекистон каттаю кичик минбарлардан Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонни яккалаб қўймасликка расман ва ошкора чақириб келаётган дунёнинг кам сонли давлатларидан бири ҳам бўлади.

Хитой эса, 2023 йилнинг сентябр ойида Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга расман ўзининг янги элчисини тайинлаган биринчи давлатга айланган.

Ўзбекистон ҳам Россия ва Хитой каби Толибон қудратга қайтиши ортидан ҳам Афғонистондаги дипломатик ваколатхонасини ёпмаган дунёнинг саноқли давлатларидан бири бўлади.

Узоқ йиллик урушлар ичидаги ва турли жангари гуруҳлар бошпана топиб келаётган Афғонистон минтақа давлатлари қолиб, Россия ва Хитой каби глобал ядровий қудратлар учун ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этиб келади.

Бошқа томондан, Афғонистон таҳдиди Марказий Осиё давлатларига ўзининг сиёсий ва геосиёсий босимини ўтказишида Кремль қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири сифатида ҳам кўрилади.

Сўнгги янгиликнинг минтақа хавфсизлиги учун нимани англатиши ҳозирча маълум эмас.

Путин ўтган йил давлат ташрифи билан Ўзбекистонда экан, пойтахт Тошкентда Толибонни тан олиш борасидаги қарорнинг "биргаликда ишлаб чиқилиши"ни айтган.

Россия президенти бу хусусда кўплаб бошқалари қатори "Марказий Осиёдаги ҳамкорлари, дўстларининг ҳам фикрлари инобатга олиниши", улар билан мулоқотда эканликларини таъкидлаганди.

Бунинг ортидан Оқ уйнинг ўша пайтдаги маслаҳатчиси мамлакати Толибон ҳукуматини расман тан олиш режасида эмаслигини баён қилган.

Жон Кирби, "Агар, Россия бу ишни қилса, бошқаларга янглиш ишора беражаги"ни айтганди.

Россиянинг Афғонистон Толибон ҳаракати билан муносабатлари силлиқ кечмаган.

Аммо, аксарият таҳлилчилар фикрича, икковлонни Ғарб бошчилигидаги коалиция кучларининг Афғонистондаги узоқ йиллик ҳарбий ҳозирлиги ва сафларида постсовет маконидан энг кўп Россия фуқаролари жанг қилгани айтилган ИШИД жангари гуруҳи омили бир-бирига яқинлаштирган.

Кремль, йилларки, Афғонистонга чегарадош Марказий Осиё минтақасини ўзининг "жанубий сарҳадлари" ўлароқ кўриб келади.

Шу йил бошида АҚШ президенти сифатида иккинчи бор ўз ваколати ижросига киришган Республикачи Дональд Трамп маъмурияти эса, Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга оид ўзининг янги сиёсатини ҳозирча расман эълон қилмаган.

Аммо ҳаракатнинг яна Афғонистонда қудратга қайтишига йўл очган 2020 йилги "тарихий" битимга эришган биринчи АҚШ президенти ҳам айнан Трамп бўлган.

Худди шу битим доирасида халқаро иттифоқ кучлари 20 йиллик ҳарбий ҳозирликларига якун ясаб, 2021 йилнинг августида Афғонистонни буткул тарк этишган.

Шу йил апрель ойида эса Россия Олий суди Афғонистон Толибон ҳаракатини "террорчи ташкилотлар" рўйхатидан чиқарган, мамлакатда ташкилот фаолиятига қўйилган узоқ йиллик тақиқни бекор қилган.

Аммо бу рўйхат Толибон вакилларининг ҳали 2018 йили Москвага сафар қилишларига, Россия расмийлари билан мулоқотларига монеълик қилмаган эди.

Россия ҳозир ҳам афғон можароси ечимига қаратилган Москва формати йиғинларига мезбонлик қилиб келади.

Марказий Осиё давлатлари Москва бошчилигидаги бу форматнинг ҳам иштирокчилари саналишади.

2022 йили Россия Афғонистонга имтиёзли асосда нефть, газ ва буғдой етказиб беришга келишган, Толибон билан бу хусусда илк халқаро иқтисодий келишув имзолаган дастлабки мамлакатлардан бири ҳам бўлган.

Расман тан олмаган бўлса ҳам Ўзбекистон Толибон билан мулоқотларни ушлаб турган, инсонпарварлик ёрдамлари юборган, турли савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол йўлга қўйган мамлакат бўлиб турибди.

2024 йил августида Толибон Афғонистонда ҳокимиятни ўз назоратига олганини катта байрам сифатида нишонлади

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, 2024 йил августида Толибон Афғонистонда ҳокимиятни ўз назоратига олганини катта байрам сифатида нишонлади

Ғарб ҳукуматлари ва инсонпарварлик ташкилотлари Толибон ҳукуматини кескин танқид қиладилар, Толибоннинг қаттиққўл шариат қонунлари, хусусан, аёлларга нисбатан қаттиқ чекловларини қоралайдилар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу чекловларни "гендер апартеид"га ҳам тенглаштирган, собиқ ҳукумат мулозимларига нисбатан шафқатсиз зўравонликлар ҳақида ҳам хабар берган.

Толибон Афғонистондаги қолган сиёсий фракциялар билан тинчлик музокаралари истиқболини йўққа чиқариб, ҳокимиятни қайта эгаллаган, мамлакатни яна Исломий Амирлик, деб эълон қилган ва инклюзив ҳукумат тузиш илова халқаро ҳамжамият томонидан илгари суриб келинаётган асосий талабларни бажармай келади.

Толибон ҳаракатининг Афғонистондаги илк тузуми халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаган, яқин иттифоқчиси, деб кўрилган "ал-Қоида" тармоғи масъулликда айбланган Нью-Йорк ва Вашингтонга қарши уюштирилган 2001 йил 11 сентябрь ҳужумлари ортидан АҚШ бошчилигидаги халқаро иттифоқ томонидан қулатилган.

Россиянинг Афғонистон Исломий Амирлиги ва Толибон муваққат ҳукумати билан боғлиқ сўнгги янгиликка Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий муносабати ҳозирча имконли эмас.

2021 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга нисбатан қаттиқ санкциялар жорий этилган, хусусан, 9 миллиард долларга яқин активлари музлатилган.

Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг бешта доимий аъзосидан биттаси ҳам бўлади.