Ўзбекистон расман тан олмаган Толибон ҳукумати билан ҳарбий ҳамкорлик қилмоқчи. Россия армияси сафидаги ўзбекистонлик судланди. Тошкент Москвадан нимани сўради?

Сурат манбаси, president.uz
Ўзбекистон ҳануз расман тан олмаган, аммо алоқаларни мустаҳкамлаётган Толибон ҳукумати билан ҳарбий ҳамкорлик йўлларини кўриб чиқмоқда. Россия армияси сафида Украинага қарши урушга ёлланган фарғоналик эркак устидан суд ҳукми ўқилди. Тошкент Россияга ўзбекистонлик мигрантлар ҳуқуқи борасида талаб қўйди.
Ўзбекистон ҳукумати 2026 йилдан бошлаб Афғонистон билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини ўрганишни режалаштирмоқда. Тошкент Афғонистонда қудратга келган Толибон ҳукуматини расман тан олмаган.
Ҳарбий ҳамкорлик ҳақида президент фармони лойиҳасида баён этилган. Ҳужжат мамлакатнинг хавфсизлик стратегиясидаги янги йўналишларни белгилаб беради.
Лойиҳага кўра, Тошкент минтақада ишонч чораларини мустаҳкамлаш, Марказий Осиё давлатлари билан биргаликда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва Афғонистон билан алоқаларни институционал даражага олиб чиқишни мақсад қилган.
Ҳарбий ҳамкорлик режаси нима дейди?
Фармон лойиҳасида белгиланган вақт жадвалига кўра:
2026 йил июн — Марказий Осиё давлатлари, жумладан Афғонистон билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича таклифлар ишлаб чиқилади ва Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашига тақдим этилади.
2026 йил сентябр — Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали Афғонистон томонига расмий ҳамкорлик таклифи юборилади.
2026 йил октябрь–декабрь — Афғонистондан ижобий жавоб олинса, амалий тадбирлар бошланади.
Ҳужжатда бу қадамлар Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва минтақадаги мураккаб геосиёсий шароитга мослашиш мақсадида амалга оширилаётгани таъкидланади.
Ўзбекистон Афғонистондаги амалдаги ҳокимият — Толибон билан амалий мулоқот олиб боради, аммо ҳукуматни легитим деб эътироф этмаган.
Сўнгги икки йилда Ўзбекистон Толибон тайинлаган элчини қабул қилган. Термиздаги логистика маркази орқали гуманитар ва савдо йўналишларини очиқ сақлаган. Электр энергияси ва темир йўл лойиҳалари бўйича музокараларни давом эттирган.
Бироқ бу расман тан олиш сифатида баҳоланмаслиги айтилади.
Россия армияси сафида қатнашган ўзбекистонликка ҳукм ўқилди

Сурат манбаси, REUTERS/Yulia Morozova
Фарғоналик эркак Россия Қуролли кучлари сафида ёлланма аскар сифатида Украина ҳудудидаги уруш ҳаракатларида қатнашгани учун судланди.
Суд ҳужжатларини ўрганган Daryo.uz нашрининг ёзишича, 1997 йилда Риштон туманида туғилган А.А. 2024 йил ноябрь ойида ишлаш мақсадида Москва шаҳрига борган. У ердаги ошхоналардан бирида онаси билан бирга ишлаган. 2025 йил январ ойи охирида эса онасининг соғлиги ёмонлашгани сабабли қарз олиб уни Ўзбекистонга қайтарган.
Орадан кўп ўтмай, иш жойидаги можаро ортидан у ишдан бўшаган. Кейинги кунларда иш қидириб юрган пайтида полиция ходимлари томонидан ушланган. Судда келтирилган кўрсатмаларда айтилишича, у жарима тўлай олмагани сабаб ички ишлар бўлимида ушлаб турилган.
Суд материалларига кўра, полиция бўлимида унга яхши маошли иш таклиф қилинган ва ҳужжатлар расмийлаштириб берилиши айтилган. Орадан икки кун ўтиб, А.А. кўрсатилган манзилга борган ва у ерда ҳарбий қисмда ошпаз ёрдамчиси сифатида хизмат қилиши таклиф этилган.
Судланувчи кўрсатувида қарзлар, онасининг касаллиги ва депортация қилиниши хавфи уни бу таклифга рози бўлишга ундаганини айтган.
Шундан сўнг у Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмга юборилган. Суд ҳужжатларида қайд этилишича, у Воронеж вилоятида жойлашган ҳарбий қисмда икки ҳафта давомида жанговар тайёргарликдан ўтган. Кейин у бошқа ҳарбий хизматчилар билан бирга Украина ҳудудига олиб кирилган.
Уруш ҳаракатлари вақтида кассета ракеталари портлаши натижасида у жароҳат олган ва бир ой давомида ҳарбий госпиталда даволанган. Кейинроқ у озиқ-овқат етказиб бериш ишларига жалб қилинган.
2025 йил июл ойида у таътил рухсатномаси билан Ўзбекистонга қайтган. Орадан кўп ўтмай, Фарғона вилояти ички ишлар органлари томонидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди 2026 йил январь ойида А.А.ни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси (Ёлланиш), 1-қисми (Ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши) бўйича айбдор деб топди ва унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Жиноят кодекси бўйича, ушбу модда бўйича 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўрсатилган.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, фуқароларнинг чет давлатлар ҳарбий хизматларига ёлланиши тақиқланган. Қонунга биноан, ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Сўнгги вақтларда Россия армияси сафида туриб жанг қилган Ўзбекистон фуқароларини жазога тортиш кўпайган.
Тошкент Россиядан фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўради

Сурат манбаси, Ўзбекистон ТИВ
Ўзбекистон расмийлари Россия ҳудудида ўтказилаётган миграция рейдлари чоғида мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва қадр-қиммати таъминланиши кераклигини таъкидлади.
26 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Алексей Ерхов билан учрашув ўтказган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашувда Россияда меҳнат миграциясида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид масалалар муҳокама қилинган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
ТИВ маълумотига кўра, музокараларда Россия ҳудудларида фаолият юритаётган Ўзбекистон бош консуллари, Россия элчихонасининг консуллик бўлими раҳбарияти, миграция масалалари бўйича масъул ходимлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштирок этган.
"Ўзбекистон томони миграция текширувлари ва рейд тадбирлари ўтказилаётган жараёнда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг — ҳам қонунга риоя қилаётган, ҳам миграция қонунчилигини бузган фуқароларнинг — ҳуқуқлари ва инсоний қадр-қимматини камситишнинг ҳар қандай шаклига йўл қўйилмаслиги принципиал аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади", — дейилади расмий хабарда.
Шунингдек, учрашувда томонлар миграция жараёнларини тартибга солиш ва Россияда Ўзбекистон фуқароларининг қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари юзасидан фикр алмашган.
Томонлар ўзаро ҳурмат ва прагматик ёндашувга асосланган мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини билдирган. Бундан ташқари, амалий ҳамкорликни кучайтириш мақсадида мунтазам консуллик маслаҳатлашувлари ва икки томонлама учрашувлар ўтказиб бориш зарурлиги таъкидланган.
Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари масаласи икки давлат муносабатларида доимий муҳокама қилиб келинаётган мавзулардан бири ҳисобланади. Охирги ойларда айрим ҳудудларда миграция назорати кучайтирилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.












