Афғонистон: Толибон лидери огоҳлантирди, тан олинмаса, толиблар нима қилмоқчи, Кобул марказида “Бухоро” ва толиблар яхшими, Ўзбеклар нима дейди? Video O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters/Afghan Islamic Press collage
- Author, Феруза Раҳмон ва Фируз Раҳимий
- Role, Лондон-Кобул, Би-би-си Ўзбек хизмати
- Ўқилиш вақти: 14 дақ
Толибон Афғонистонни нима қилди? Сўнгги тафсилотлар.
Афғонистон Ўзбекистондан кейин дунёнинг энг катта сондаги Ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.
Уларнинг сони норасмий манбаларда миллионларга нисбат берилади.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Россия Толибонни Ўзбекистон, минтақага қарши қўллаши мумкинми, толибларни ҳам Украина урушига ташлайдими ёки Путинга Толибон бугун нега керак? Подкаст
- Янгиликлар: Қозоғистон Россия қилмаган ишни қилди, расмий Москва ҳам жим турмади, Тоқаев 'демарши' ёки Қозоғистоннинг ‘суверен ҳуқуқи’. Подкаст
- Янгиликлар. Афғонистон: Толибон йўқолмаса, Ўзбекистон нима қилади? Дунё-чи? Видео
Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонда нима гап?

Сурат манбаси, .
Шу кунларда Толибон Афғонистонда қудратга қайтганига роппа-роса уч йил бўлди.
Мазкур сана арафасида Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири Фируз Раҳимий Афғонистонга бориш, Толибон бошқаруви остидаги бугунги ҳаётни илк бор ўз кўзи билан кўриш, мамлакатдаги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазият билан яқиндан танишиш, одамларнинг бугунги ўй-фикрларига бевосита қулоқ тутишга муваффақ бўлди.
У кўча-куй, бозору дўкон, Афғонистоннинг Ўзбекистон, Марказий Осиёга чегарадош минтақалари ва чекка қишлоқ ҳудудларигача бўлди.
Толибон бошқаруви остидаги ҳаётлари ҳақида маҳаллий ўзбек ва туркманларнинг ўзлари билан ҳам суҳбатлашди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бугунги Афғонистон

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Мухбиримизнинг айтишича, Кобул халқаро аэропорти ҳозир аввалгиларидек ўта гавжум эмас, келиб-қайтишларнинг анчайин камайгани сезилади.
Аммо келаётган, кетаётган икки-уч самолёт барибир кўзга ташланади, дейди у.
Киришда Толибоннинг оқ рангли байроқлари ва "Афғонистонга хуш келибсиз", деган ёзувга тўқнаш келасиз.
Паспорт назоратидаги манзара ҳам ўзгарган, ўтирганларнинг ҳаммаси соқоллилар, ораларида махсус либосда бўлганлар ҳам бор.
Аммо, унга кўра, аэропортдан ўтиш анча осонлашган, келган йўловчилардан бармоқ изларини олиш каби аввалгидек сарсонгарчилик, оворагарчиликлар йўқ, текширувлар ҳам кескин камайган, фақат паспортларга муҳр уришадию ичкарига қўйиб юборишади.
"Аэропортда аёл ва эркак йўловчилар учун алоҳида жойлар ажратилган".
"Аёллар кам, аммо ҳаммаси ҳам буткул ўранган эмас".
Унинг айтишича, бу гал аэропорт атрофидаги йўллар ҳам очиқ, катта сондаги ҳарбийлар ҳам кўзга ташланмайди.

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Мухбиримизнинг ўз сўзларида давом этишича, Кобул шаҳрига кириб келишда ҳам аввалги текшир-текширларни ҳозир ҳис қилмайсиз.
"Энг қизиғи, биз ҳар доим одамларда Афғонистонни тарк этишга иштиёқ борлиги, уларнинг қочиб кетаётгани ҳақида кўп эшитдик, кўп айтганмиз. Лекин, менга қизиқ туюлгани шу бўлдики, Кобул гавжум", дейди мухбиримиз ўз кузатувлари ва таассуротлари билан ўртоқлашаркан.
Унинг айтишича, одамлар роса кўп, кўчалар тўла, машиналар қатнаб ётибди, аммо мусиқа садолари қулоққа чалинмайди, антенналар ҳам унча кўзга ташланмайди, кўпчилик соқолда, миллий кийим-бошда, шаҳарнинг қиёфаси ўзгарган, толибларнинг тусини олган, яъни қандаҳорча дўппида бўлганлар кўпроқ кўзга ташланади, шим ёки ғарбона либосдагилар деярли йўқ.
"Олдинлари Кобулда ресторанларда яхши ишда ишлайдиган, яхши лавозимда бўлган одамларни, эркаклар билан бирга ўтирган аёлларни кўрардингиз. Ҳозир эса, бугун пулдор ёки бадавлат одамлар булар, дегандек, кўпроқ толибларни кўрасиз".
"Шаҳарнинг анчайин ҳашаматли бўлган Шаҳри Навида эса, дўконлар кўпроқ очиқ, одамлар кечки соат 10-11 гача юриб, айланишади. "Бухоро", "Зиёфат" деган янги иккита-учта катта, яхши, ҳашаматли ресторанлар қурилган. Ҳаммаси ишлаб турибди, мижозларга тўла. Нархлар ҳам бугунги замонга мос, бироз қиммат", - дейди мухбиримиз.
Унинг давом этишича, ҳамма дўкон ва бозорлар ишлаб турибди.
Баъзи ерларда эса, айниқса, қандаҳорча дўппи ва хотин-қизларнинг исломий кийим-кечаклари савдоси кучайгани кўринади.

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Бозорларда ҳамма нарса топилади, бозорлар гавжум, нарх-наволар ҳам аввалгисидан унча фарқ қилмайди, мева-чева, сабзавот Афғонистоннинг ҳар бурчагидан келади, анча арзон, аммо тиланчи кўп.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг кўпи эса, Афғонистонга қўшни давлатлардан келтирилган.
"Муаммо нимада - одамларнинг даромадлари кам".
"Қаерга борманг, одамлар ишсизликдан шикоят қилади, пул йўқлигидан шикоят қилади, шунинг учун ҳам бироз қийин".
"Таксилар, нималар ҳам нормал, Толибоннинг ранги ўзгартирилган, оқ ва кўкка бўялган янги таксиларини кўрасиз".
"Лекин кўпроқ толибларга кўзингиз тушади, кейин кам сонда оддий афғон кийимидаги Толибон ҳарбийлари ҳам кўзга ташланади. Толиблар ўртасидаги мулоқот ҳам кўпроқ пашту тилида".
"Кўча-куйда аёллар кўп. Кўриш мумкин. Бемалол, эмин-эркин юришмаса-да, кўп. Лекин, қизиғи буки, баъзиларининг юзлари ёпиқ бўлса, айримлариники очиқ, лекин ҳаммаси катта қора чодирларда. Ресторанларда улар учун алоҳида, алоҳида зал тузатилган, алоҳида хонага киришади. Авваллари ҳам шундай эди, аммо бу гал қатъий тартибга солингандек кўринди".
Ҳашаматли тўйхоналар ҳам очиқ, аввалгидек, ҳашаматли тўйлар бўлади, эркаклар ва аёллар ўтирадиган заллари алоҳида, эркаклар бўлимида жонли мусиқа йўқ, лекин аёллар томонида тасмаларга забт этилган куй-қўшиқлар ўйналади.
Уйларда эса, сунъий йўлдош орқали 50-60, ҳатто, юзтагача телевизион каналларни кўриш мумкин.
Гўзаллик салонлари ёпиқ, лекин қизиқ томони буки, уйларида фаолият олиб бораяпти. Ўша келин ҳозир ҳам бориб, пулга пардоз-андозини қилдириб, тўйга чиқиши мумкин.
Шифохоналар ҳам очиқ, тиббий хизмат бепул бўлганлари ҳам бор, аммо хизмат кўрсатиш даражаси яхши бўлмаслиги мумкин, шунинг учун хусусий шифохоналар кўп, пулли, аммо асосий муаммо, аввал ҳам айтиб ўтганимдек, иқтисодий қийинчилик, бу ҳам таъсирсиз эмас, истанг-истаманг, имкониятлар бироз чекланган барибир.

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Бутун Афғонистонда хавфсизлик оддий бир ҳолатга айланган, хавфсизлик билан боғлиқ жиддий бир муаммо йўқ, дейди мухбиримиз.
"Албатта толиблар бор, назорат нуқталари бор, сизни тўхтатиши, сўраб, суриштириши мумкин, лекин аввалгидек ҳужум хавфи йўқ".
"Лекин, айни пайтда, айрим кўчалар очилган бўлса-да, олдин хавфсизлик нуқтаи назаридан ёпилган кўчалар ҳозир ҳам ёпиқлигича қолган, хавфсизликни ўйлаб барпо этилган катта деворлар ҳам ҳануз бор, толиблар уларни олиб ташламаган".
Аммо, мухбиримизнинг айтишича, одамлар келажак борасида унчалик ҳам умидбахш эмас.
"Албатта, тинчлик нуқтаи назаридан, одамларнинг муаммоси йўқ, хурсанд. Лекин иқтисодий нуқтаи назардан, айниқса, таълим нуқтаи назаридан, мамлакатнинг ёпилгани нуқтаи назаридан олсак, улар келажакка бироз шубҳа билан қарашади. Чунки, масалан, йўллар очиқ эмас. Қизлар мактабга бормайди. Иш ўринлари. Шу нарса уларни кўпроқ қайғуга солади. Одамларга қарасангиз, ҳар бири ўзича ҳаётини қуришга ҳаракат қилаяпти. Бир йўлларини қидиряпти, масалан. Нечта дўстларим билан гаплашдим, уларнинг қизлари бор, ташқаридаги онлайн дарслари бўлсинми, бошқа, шуларга кўпроқ эътибор қаратишаяпти. Шу нуқтаи назардан келажакка бироз умидсизлик бор-да, энди", - дейди мухбиримиз.
Қудратга қайтиш

Сурат манбаси, AFP
Афғонистон Толибон ҳаракатининг қудратга қайтишига расмий Вашингтон 2020 йилда имзолаган "тарихий" битим йўл очган.
АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий ҳозирлигига якун ясашга қарор қиларкан, Толибон 2021 йилнинг 15 августида ҳокимиятни куч билан эгаллаган, мамлакатдаги мухолиф сиёсий партия ва ҳаракатлар билан ҳар қандай тинчлик музокаралари истиқболини йўққа чиқарган.
Афғонистоннинг ўша пайтда амалда бўлган ва қонунан сайланган президенти четга қочган, унга иттифоқчи ва мухолифатда бўлган аксарият сиёсий лидерлар эса, бугун ҳам мамлакатнинг ўзида, партиялари ва сиёсий ҳаракатларининг тақдири ҳануз ноаён.
Ҳаракат ҳокимиятни эгаллаши биланоқ Афғонистонни яна ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган, унинг бу гал ҳам ўз талқинидаги Шаръий қонун-қоидалар ва қадриятлар асосида бошқарилишини маълум қилган.
Толибон қудратга қайтишидан бир ойча ўтиб, Афғонистонда ўзининг янги ҳукуматига ҳам асос солган, бошида тартиб-интизомни таъминлаб туриш учун унинг муваққат бўлишини айтган, таркибини асосан ўзининг вакилларидан тайин этган, аммо орадан уч йил ўтиб ҳам, эркин ва демократик сайловлар истиқболига ойдинлик киритмаган, унинг кенг қамровли экани мавқеида қатъий.
Аммо бу галги ҳукумати ҳам шу пайтгача дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олинмаган.
Толибон шу пайтгача халқаро ҳамжамиятнинг инклюзив ҳукумат, ишлашлари бўладими ёки таълим олишлари - хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ асосий талабларини бажармаган.
Афғонистон минтақанинг энг кўпмиллатли давлатларидан бири бўлади.
Амалда бўлган ҳукуматнинг инклюзив бўлиши кераклигига оид фикр ва шикоятда бўлганларнинг бугун ҳам мамлакат ичкарисида озмунча эмаслиги кўрилади.
Хотин-қизлар эса, Афғонистонда қудратга келиши ортидан Исломий Амирлик сиёсатидан энг кўп азият чекиб келаётган қатлам бўлади.
Толибон катта ёшдаги қизларнинг ўрта ва олий таълим олишларини чеклаган, хотин-қизларнинг эркак маҳрамсиз саёҳат қилишлари, стадион ва хиёбонларга чиқишларини тақиқлаган, яна кўча-куйда бурқада юришларини шарт қилиб қўйган, фақат эркаклар қила олмайдиган ишлардагина ишлашларига изн берган.
Афғонистон аҳолисининг ярмига яқини эса, хотин-қизлар ҳисобига тўғри келади.
Толибоннинг устма-уст чекловлари, афғон хотин-қизларининг бугуни ва эртаси, уч йилдирки, бугунги Афғонистон билан боғлиқ халқаро ҳамжамиятнинг диққат-эътиборидаги энг кўп хавотирга молик масалалардан бири бўлади.
Халқаро ҳамжамият афғон хотин-қизлари ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини сўзсиз таъминлашни муваққат Толибон ҳукуматини расман тан олишларининг муҳим ва асос шартларидан бири қилиб қўйган.
Мухбиримизнинг Афғонистонга сафари давомидаги ўз кузатувларига таяниб айтишича, аввалгидек кўп ва эмин-эркин бўлишмаса-да, хотин-қизлар ҳозир ҳам аэропортдан тортиб, кўча-куй, бозору дўкон ва ҳатто, ўзлари учун қатъий ажратиб қўйилган бўлимлари назарда тутилганда, ресторанларгача кўзга ташланишади.
"Айримлар буткул ўранган бўлишса, ораларида юз-кўзлари очиқ юрганлари ҳам бор", - дейди у.
Аммо, мухбиримизнинг айтишича, бугун кўпчилик хотин-қизлар уйда, ишлаётганларининг фаолияти эса, асосан ўқитувчилик, шифокорлик ёки майда тадбиркорлик билан чекланган ва яна оз сонда бўлса-да, аэропортларда ҳам ишлаётганлари бор.
Толибон эса, яқинда уларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги идораларида ишлашларини ҳам маън этган.
Бу ҳам халқаро миқёсда озмунча танқид ва хавотирларга сабаб бўлмай қолмаганди.
Мухбиримиз Фируз Раҳимийнинг айтишича, Толибон ҳукуматининг бир эмас, қатор мулозимлари билан бу масала хусусида ҳам суҳбатлашган.
Улар эса, ўзига "ҳозир ҳам қизларнинг таълим олишлари учун лозим шароитларни яратиш устида иш олиб боришаётгани, бу иш бўлиши"ни айтиб, жавоб беришган.
Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири бўлади.
Имконли бўлган сўнгги халқаро ҳисоботларга таянилса, биргина бева, яъни эркак боқувчисиз қолган аёллар ўзининг сони миллионлаб.
Мухбиримизнинг ўзига имконли бўлган хабарларга таяниб айтишича, Толибон ҳукумати ишга чиқолмай, уйда ўтириб қолган аёллар учун белгиланган имтиёз пулини ҳам камайтирган, 5000 афғонийга туширган. АҚШ долларига чаққанда, бу $70 доллардан сал кўпроқ пул деганидир.
Айниқса, мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларидаги ўртача бир афғон оиласидагилар сони эса, ўн кишидан ортади.
Худди шу манзарада Афғонистонга кесиб қўйилган халқаро молиявий кўмаклар ҳануз тикланмаган, мамлакатнинг четдаги музлатилган миллиардлаб долларлик активлари деярли очилмаган, бериб келинаётган инсонпарварлик кўламининг кўлами ҳам кескин қисқарганлигича қолаётир, мамлакатда фаолият юритаётган халқаро ёрдам ташкилотларининг сони ҳам бармоқ билан санарли.
Афғонистонга чегарадош ёки унга яқин саноқли минтақа давлатларини айтмаганда, дунёнинг аксарият мамлакатлари Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан ҳануз ўзининг дипломатик алоқаларини тикламаган.
Толибон қудратга қайтишининг уч йиллиги санаси арафасида ҳам Афғонистоннинг инсоний бўҳронга юз тутиши, "Ер юзининг жаҳаннами"га айланишига оид жиддий хавотирлар эса, тинмаган.
Тинчлик афзалми ёки нон?

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Афғонистоннинг аҳолиси Марказий Осиё давлатлариникидан кўп.
Давомий урушлар сабаб, аҳолиси сўнгги ўн йилликларда расман рўйхатдан ўтказилмаган эса-да, очиқ манбаларда унинг сони 40 миллиондан ортиши айтилади.
Сўнгги икки ўн йилликда халқаро ҳамжамият томонидан берилган миллиардлаб долларлик молиявий кўмаклар ҳам Афғонистонда чуқур илдиз отган ишсизлик, камбағаллик ва порахўрлик муаммоларига барҳам бера олмаган.
Қудратга қайтишидан қисқа вақт ўтмай, Толибон ҳукумати иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган Афғонистонда ҳатто бугун ўзларининг асосий дипломатик ва савдо-иқтисодий шериклари бўлган аксарият минтақа давлатларининг жиддий эътирозларига қарамай, мамлакатнинг ўз пулига зиддиятли йирик Қўштепа каналини ҳам қуриб, битказишга киришган.
Аммо бу ва биргина чегарадош қўшниси қудратли Хитой мисолида бўладими, Толибон муваққат ҳукуматининг ўтган уч йил ичида минтақа давлатлари билан иқтисодий дипломатияга зўр бериш, йирик шартномалар имзолаш уринишлари ҳам мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий таназзулга юз тутишига оид хавотирларни ҳануз арита олмаган.
Марказий Осиё давлатлари бугун ҳам Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг издан чиқиши йирик қочқинлар оқимини пайдо қилиши ва бу минтақанинг барқарорлигини жиддий хавф остига қўйишидан хавотирда.
Ҳануз каттаю кичик минбарлардан дунё ҳамжамиятини Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонни яккалаб қўймасликка чақириб келишади.
Марказий Осиё минтақасига чегарадош Афғонистон яқин-яқингача минтақанинг Ўзбеклари илова турли жангари гуруҳлар фаол давлатларидан ҳам бири бўлиб келган.
Толибон қудратга қайтишининг уч йиллиги санаси, бошқа томондан, Афғонистонда ИШИДнинг Хуросон қаноти яна фаоллашаётганига оид хавотирлар кучайиб бораётган, минтақа давлатлари мамлакатдаги ижтимоий, иқтисодийси қолиб, хавфсизлик билан боғлиқ вазиятдан ҳануз ташвишда бўлган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Сурат манбаси, .
Ҳам минтақавий ва ҳам глобал саҳнада Толибон ҳукуматининг энг яқин ҳамкорларидан бири бўлган қудратли Хитой ҳам Афғонистонга чегарадош, йилларки, жангарилик муаммосининг ўз ҳудудига сизиб ўтишидан хавотирда, бугун ҳам Шарқий Туркистон исломий ҳаракати фаолиятидан ошкора ташвишда.
Ўзининг таъбири билан айтганда, "жанубий чегаралари"даги вазиятга Россия ҳам бефарқ эмас.
Муҳим транзит йўлида жойлашган Афғонистон Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлаши, минтақа давлатларини жаҳон сув йўллари ва янги бозорларга олиб чиқиш потенциалига эга давлат сифатида кўрилади.
Бўй кўрсатаётган умидлар...

Сурат манбаси, RASMIY
Толибоннинг қудратга қайтиши Россия, Хитой ва Ғарб геосиёсий рақобатда бўлган минтақада энди Афғонистоннинг тинчиши ва бу йирик минтақавий лойиҳаларнинг ижросига ва ниҳоят йўл очажагига оид умидларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Бу йилги сана Украина уруши сабаб Ғарб киритаётган устма-уст санкцияларни четлаб ўтиш ва оқибатларини юмшатиш учун глобал жанубга юз тутаркан, Россия наздида Афғонистоннинг аҳамияти янада ошган, расмий Москва Толибон ҳукуматига янада яқинлашиш ҳаракатида бўлган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Шу йил бошида Қозоғистоннинг минтақада биринчилардан бўлиб Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзининг "террорчи ташкилотлар" рўйхатидан чиқариш қарори халқаро миқёсда эътибор топган воқеъликка айланган, бундан қисқа вақт ўтмай эса, Россиядан ҳам худди шу таклиф шахсан президент Путинга киритилганига оид расмий хабарлар олинган.
Май ойида давлат ташрифи билан Ўзбекистонда экан, Толибон муваққат ҳукуматининг тан олиниши-олинмаслиги масаласи пойтахт Тошкентда кўтарилган, яъни худди ана шундай савол ҳам айнан Россия президентининг шахсан ўзидан сўралган.
Путин бу масалани минтақадагилари илова дўстлари ва иттифоқчилари билан муҳокама этишаётгани, бир қарорга эса, баҳамжиҳат келишларини айтишгача борган.
Худди шу манзарада Ғарбнинг айрим етакчи нашрларида кутилмаганда Россияга қарши урушида Украинанинг асосий қўлловчилари бўлган Европа Иттифоқига аъзо қатор давлатларнинг ҳам Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарини очиш масаласини кўриб чиқишаётганига оид хабарлар бўй кўрсатган.
Бу ҳам Толибон муваққат ҳукуматини тан олиш йўлидаги бир қадам сифатидаги талқинларга сабаб бўлмай қолмаган.
Ўтган йил май ойида эса, халқаро ҳамжамияти Толибон муваққат ҳукуматини тан олмоқчими, деган савол дунёнинг эътиборига тушган.
БМТ Бош котиби муовинининг худди шу мазмунда талқин этилган сўзлари жаҳон бўйлаб катта шов-шувларга сабаб бўлган. Жаҳон бўйлаб сарлавҳаларга чиққан.
Aфғон хотин-қизлари қолиб, дунёнинг манаман, деган глобал қудратларининг ҳам кескин акс-садоларига сабаб бўлган.
БМТ Бош котиби муовини Амина Муҳаммад эса, ўшанда "Толибон маъмуриятини тан олиш бўйича муҳокамалар бўлиши керак"лигини айтган.
У ўз сўзлари сабабини Толибон тан олинишни аниқ исташи ва бу ўзлари учун восита экани билан изоҳлаган.
Бош котиби муовинининг Пристон университетидаги айни мазмундаги чиқиши дунё миқёсида уйғотган хавотир ва тушунмовчилик эса, БМТ матбуот котибининг расман изоҳ билан чиқишига ҳам сабаб бўлган.
Стефан Дюжаррик тан олиш масаласи "мутлақ аъзо давлатлар қўлида" экани, Амина Муҳаммад бу сўзлари билан "халқаро миқёсда мувофиқлаштирилган ёндашув зарурлигини яна бир бор тасдиқлагани"ни айтган.
"У бунга аъзо давлатлардан бошқа кимдир ҳақли эканини ҳеч бир тарзда назарда тутмаганлиги"ни таъкидлаган.

Сурат манбаси, ...
Толибон маъмуриятининг расман тан олиниш илинжи - уларни инклюзив ҳукумат тузиш ва инсон, айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ундашда халқаро ҳамжамият қўлидаги энг муҳим восита сифатида кўрилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жорий пайтда миллионлаб афғонларга гуманитар ёрдам етказиш ишларига бош-қош бўлаётган, афғон хотин-қизлари ҳуқуқлари масаласида Толибонга турли йўллар билан босим ўтказишга ҳаракат қилаётган энг йирик халқаро ташкилот бўлади.
Толибон муваққат ҳукумати эса, айниқса, Украина уруши фонида янада кучайиб бораётган худди ана шу геосиёсий танглик манзарасида Афғонистон иқтисодини яхшилаш, мамлакатга кўпроқ халқаро сармоя жалб этиш ва ўзларининг савдо-тужжорий шерикларини турфалаштириш орқали халқаро иҳотадан чиқиш режаси ва ҳаракатига тушган.
Имкон қадар кўпроқ хорижий сармоя, савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорлик илинжи сўнгги йилларда Афғонистонга қаратилган минтақавий йиғинларда Толибон муваққат ҳукуматини энг кўп қизиқтираётган мавзу экани кўрилган.
Толибон бу галги бошқарувининг аввалгисига ўхшамаслиги, мўътадил бўлажагига оид ваъдалари ҳозирча Афғонистон ижтимоий, иқтисодий, маиший ва сиёсий ҳаётида ўзининг тўлақонли исботини топмаган.
Айрим етакчи минтақавий сиёсий таҳлилчилар эса, воқеаларнинг бу каби ривожига ўз баҳоларини беришар экан, босим ўтказиш орқали унга қўйилган шартларга эришиш имконсиз бўлар экан, баъзи бир давлатлар босқичма-босқич расмийлаштириш орқали Толибонни ижтимоийлаштириш, дунё ҳамжамиятининг масъул аъзосига айлантириш тактикасини қўллаётган, яъни ўйлаётган бўлиши мумкинлигини айтишганди.

Сурат манбаси, .
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам Толибон муваққат ҳукумати юборган элчиси номзодини ҳали-ҳануз маъқулламаган ва уларни тан олиш-олмаслик масаласи муҳокамасини ортга суриб келади.
Яқинда Ғарбда Афғонистоннинг яна террорчилик плацдармига айланганига оид хулосаларга келинаётганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Воқеаларнинг Толибон муваққат ҳукумати бошқаруви остидаги Афғонистон билан боғлиқ бу каби ривожи эса, энди Бирлашган Миллатлар Ташкилотига уларни тан олиш масаласини кўтаришдан бошқа танлов қолдирмайди, деган таҳлил ва талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Мухбиримиз Фируз Раҳимий Афғонистонга сафари давомида ҳукуматининг халқаро миқёсдаги эътирофи хусусида Толибон муваққат ҳукумати мулозимларининг ўзлари билан ҳам суҳбатлашишга муваффақ бўлган.
Мухбиримизнинг айтишича, толиблар халқаро ҳамжамият ўзларини тан олмаслигига ҳеч бир асос йўқ, деган иддаода.
Яъни, Толибонга кўра, Афғонистонда "хавфсизлик ўрнатилган, одамлар иш билан таъминланган, ўзлари эса, минтақа ва дунё давлатлари билан мулоқотларини давом эттиришмоқда".
"Хотин-қизларнинг таълими масаласида ҳам ишлашяпти, бунинг учун лозим шароитни яратиш ҳаракатидалар".
"Аммо, шунинг баробарида, толиблар дунё ҳамжамияти бир мамлакат ўлароқ Афғонистоннинг қонунчилиги, яъни исломий Шариатини ҳурмат қилишини сўраяпти", - дейди мухбиримиз.
"Толибон томонига кўра, минтақа давлатлари билан аллақачон алоқадалар, тужжорий муносабатлари бор, дунё ҳамжамияти Афғонистондаги ҳукуматни тан олса ва у билан халқаро миқёсда иш олиб борса, бу мамлакат аҳолисининг келажаги ва ҳамма учун яхши".
"Аммо, толибларнинг айтишларича, агар халқаро ҳамжамиятнинг талаблари Афғонистон қонунларига зид бўлса, уларнинг босимларига ён беришмайди ва буни қабул қилмайдилар".
"Бизлар мустақил мамлакатмиз, бошқа давлатларнинг номақбул талабларига бўйин эгмаймиз, лекин алоқаларимиз яхши, талабларни бажаришда давом этаяпмиз", деган мавқеъда, яъни бошқарувини давом эттириш истагида.
"Аммо ҳозир ҳам ҳукумати тан олинади деган ишончда", - дейди мухбиримиз.
Афғонистонда қудратга қайтганларининг уч йиллиги санаси муносабати билан қилган нутқида эса, Толибон Олий руҳоний раҳбари қўл остидагиларини "адолатли" бўлишга чақирган.
Уларни "тузум адолатли бўлмаса, узоққа бормаслиги" билан огоҳлантирган.
Ҳибатуллоҳ Охундзоданинг нега айнан бугун бундай даъват билан чиққани сабаби эса, маълум эмас.
Одамлар нима дейди?

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Мухбиримиз Фируз Раҳимий Афғонистоннинг аксарият аҳолиси яшовчи чекка қишлоқ ҳудудларида ҳам бўлиб қайтган, у ердаги одамларнинг бугунги ўй-фикрлари, ташвишу хавотирлари, тирикчиликлари, яшаш шарт-шароитлари ва кайфиятлари билан қизиққан.
Унинг маҳаллий аҳоли билан ўз суҳбатларидан келиб чиқиб айтишича, "одамлар тинчликдан рози, бунга шубҳа йўқ".
Яъни, бунгача Афғонистондаги тинчликни Толибон ҳам бузган бўлса, энди ҳукумат уларнинг қўлларида, шунинг учун ҳам вазият тинч, кечами, кундузми, бемалол юрасиз.
Толибларнинг ҳозирлиги ҳам асосан назорат ва ўтиш нуқталари билан чекланади.
Аммо, унинг сўзларига кўра, аҳолининг энг катта тушкунлигига сабаб бўлаётган бугунги нарса - иқтисодий муаммолардир.
Мухбиримизнинг айтишича, у ерларда одамлар асосан деҳқончилик билан шуғулланиб келишган ва келишади.
Аммо қурғоқчилик ва сувсизлик бугун уларнинг энг асосий муаммоларига айланган, ишсизликни кучайтирган.
"Кўпчилик яна Афғонистонга қўшни Эрон ёки Покистонга бориб ишлашяпти, мардикорчилик қилишяпти. У ердаги иқтисодий вазият жуда оғир", - дейди мухбиримиз.
"Сув йўқ, ишлай дейишса, қурилиш, аввалгидек давлат ишлари йўқ, шуғулланай дейишса, катта тижорат имкониятлари ҳам йўқ, кўп аёллар уйда ўтиришибди, ишлашмайди, кимдир дўкон, айримлар қандайдир корхоналарда ишлайди, мактабдан қолганлар қўл ҳунармандчилигини ўрганиб, оиласига ёрдам беришга ҳаракат қилаяпти, лекин иш ўринлари жуда камайган, аввалгидек қайта қуриш лойиҳалари йўқ, одамлар ўта абгор ҳолатда яшашяпти, ҳамма иқтисодий қийинчиликдан азоб чекаяпти".
"Қизлар мактабга чиқмаса, аёлларнинг ўтириб-туришларига чекловлар кўп бўлса, иқтисодий нуқтаи назардан, даромад камайса, истаймизми-йўқми, бу аҳоли қатламига салбий таъсир қилади", - дейди у.
Аммо, шунга қарамай, мухбиримизга кўра, улар ўз эътирозларини очиқча изҳор эта олишмайди, толиблар ҳар бир ҳудудда бор, одамларда қўрқув сезилади ва толиблар ўз бошқарувларини анчайин қаттиққўллик билан олиб боришяпти деса ҳам бўлади ҳамда бошқарув асосан бир қўл - толиблар қўлида.
"Ҳозир аҳолининг дарди тинчлик таъмин бўлди, яхши гап, келинг, энди, қорнимизни тўйдириш йўлларини топайлик, деган муаммо", - дейди у.
Мухбиримизнинг айтишича, иш ва ишсизлик масаласида Толибон ҳукумати юқори мартабали мулозимлари билан ҳам гаплашишга муваффақ бўлган.
Улар мухбиримизга одамларга иш ўринлари яратиш учун, уларни кўпроқ ишга жалб қилиш учун ҳам давлат ва ҳам хусусий ширкатларни ишга солганликлари, Қўштепа каналидек лойиҳаларга қўл урганликлари, хусусий секторга имтиёзлар бераётганликларини айтиб, жавоб берган.
"Лекин ҳамма ҳудудларда ҳам бундай катта лойиҳалар йўқ", дейди мухбиримиз.
Унинг айтишича, Толибоннинг аввалги ҳукумати давридагидек катта ёрдами йўқ ва даромади ҳам асосан ички манбалардан.
Маълум бўлишича, ҳозир катта даромадга эҳтиёжи борлиги учун ҳам Толибон собиқ афғон ҳукумати амалга оширолмаган айрим қонун-қоидаларни ҳаётга тадбиқ этишгача бораяпти.
Жумладан, солиқ сиёсатини қаттиққўллик билан олиб бориб, имконли бўлган ҳар бир соҳадан солиқ олишга интилаяпти, бошқарувини қилаяпти.
Ўзлари учун янгилик бўлса-да, ўзларидаги қўрқув ҳисси ва бошқа йўллари йўқ экани боис, одамларда ҳам бунга бўйсинишдан ўзга чора қолмаяпти.
Мухбиримиз ўз сафари давомида одамларнинг бугунги маошлари билан ҳам қизиқиб кўрган.
Унинг айтишича, собиқ афғон ҳукумати даврида давлатнинг маошига хорижий нодавлат ташкилотларининг кўмаги ҳам қўшиб берилган ва ҳозир бундай нарса йўқ.
Шу боис, ойликлар қисқарган ва бугун 7-12 минг афғонийдан бошланади.
12 минг афғоний АҚШ долларига чаққанда $170 долларча пул дегани.
Дейлик, бугун Афғонистонда бир мактаб ўқитувчисининг маоши 7-8 минг афғонийдан кўп эмас.
"Бир килограмм қўй гўшти ҳозир Афғонистонда 350-450, битта нон 10, бир бутилка сув ҳам 10, катта бир қовун эса, масалан, 50-60 афғоний туради".
Яъни, бир кишининг топгани бугун битта рўзғорга етмайди.

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Мухбиримизнинг яна бир бор таъкидлашича, албатта, ҳозир хавфсизлик билан боғлиқ муаммо йўқ, лекин кўпчиликнинг тушкунлиги ва шикояти иқтисодий нуқтаи назардан.
Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон эса, шундоқ ҳам дунёнинг қашшоқлик ва ишсизлик чуқур илдиз отган давлатларидан бири бўлган.
Афюн ишлаб чиқаришда жаҳонда пешқадам мавқеъларни эгаллаб келган, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси ва транзитида муҳим ўрин тутган.
Айнан қашшоқлик, йилларки, Афғонистондаги исёнчилик, диний мутаассиблик ва исломий экстремизмни озиқлантириб келаётган асосий омил ва манбалардан бири бўлиб келган.
Толибон ҳаракатининг беш йилча амал қилган ва ўшанда ҳам дунёнинг аксарият давлатлари томонидан расман тан олинмаган Афғонистондаги илк тузуми ва биринчи Амирлиги афғон тупроғидан бошпана топган "Ал-Қоида" тармоғи уюштирганликда айбланган 2001 йилнинг 11 сентябрида Нью-Йорк ва Вашингтонга қарши уюштирилган ҳужумлар ортидан АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция томонидан қулатилган.
Толибон ўзининг Афғонистонда яна қудратга қайтишига йўл очган 2020 йилги битим доирасида бирор бир жангари гуруҳнинг афғон тупроғидан туриб учинчи давлатга ҳужум қилишига йўл қўймаслик масъулиятини ўз зиммасига олган.
Аммо, ҳокимиятни эгаллашидан қисқа вақт ўтмай, ўзининг минтақадаги энг йирик армияга эга бўлиш ниятини ошкора баён қилган.
Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучларининг Афғонистонни тарк этаркан, ортда қолдирган катта миқдордаги ҳарбий техникасига ҳам Толибон эга чиққан.
Ўтган уч йил давомида қудратга қайтганининг санаси арафасида ҳаракатнинг ҳарбий парадлар ўтказиб, ўзининг бугунги куч-қудратини дунёга намойиш этишни ҳам одат қилгани кўрилади.
Афғонистон Толибон ҳаракати қудратга қайтгунига қадар ўзининг сиёсий қанотига ҳам эга минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ бўлган.
Халқаро ҳисоботларда толиблар сафидаги жангарилар ва тарафдорларининг умумий сони 200 000 дан ортиши тахмин қилинган.
Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳининг айнан Толибон қудратга қайтиши ортидан Афғонистонда қайта кучайишга муваффақ бўлган ва бугун дунёнинг турли давлатларидаги қонли ҳужумларга масъул кўрилаётган Хуросон қаноти эса, халқаро ҳарбий доираларда Толибон ҳаракатининг билвосита иттифоқчиси сифатида кўрилиши ҳам бор гап.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













