Россия Толибонни Ўзбекистон, минтақага қарши қўллаши мумкинми, толибларни ҳам Украина урушига ташлайдими ёки Путинга Толибон бугун нега керак? Podkast O‘zbekiston Qozog‘iston Rossiya Yangiliklar

Толибон лидерлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Толибон Марказий Осиёга чегарадош бир минтақа давлати мисолида сўнгги ўттиз йилча вақтнинг ўзида қудратни иккинчи бор қурол кучи билан эгаллаб, уни ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган жангари гуруҳ бўлади.
Ўқилиш вақти: 19 дақ

Путин ва Россия яна ниманинг режасида?

Расмий Кремлнинг кутилмаган баёноти ва Россиянинг шу пайтгача кўрилмаган истак-хоҳиши минтақада янги хавотир ва саволларни пайдо қилди.

Хабар сўнгги ҳафталарда етакчи минтақавий нашрларда устма-уст сарлавҳаларга чиқди, турли талқин ва таҳлилларга сабаб бўлди.

Россия ва Путиннинг айнан бугун Толибон ва Афғонистондан нима истаётгани уларда асосий эътибор қаратилган, алоҳида урғу берилган нуқта экани кўрилди.

Ўзбекистон: Россия таҳдиди кучаядими ёки Путин яна ниманинг режасида?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Жангариликдан сиёсатга...

Ex-Taliban militants hand in weapons in Herat

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Афғонистон таҳдиди минтақа давлатларига ўзининг сиёсий ва геосиёсий босимини ўтказишда, йилларки, Россия қўлидаги энг муҳим, самарали таъсир воситаларидан бири сифатида ҳам кўриб келинган.

Толибон Марказий Осиёга чегарадош бир минтақа давлати мисолида сўнгги ўттиз йилча вақтнинг ўзида қудратни иккинчи бор қурол кучи билан эгаллаб, уни ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган, яна ўзининг талқинидаги Шариат тузумини ўрнатган жангари гуруҳ бўлади.

Ҳаракатга ўз вақтида айнан Шўро қўшинларининг Афғонистондаги ҳозирлигига қарши жанг қилган ва алал-оқибат уларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига муваффақ бўлган мужоҳиддин вакиллари томонидан асос солинган.

Яқин-яқингача минтақадаги энг йириги, деб эътироф этилган мазкур гуруҳ доимий аъзолари сонининг ўзи бир неча ўн мингга нисбат берилади, ҳокимиятга қайтиб, муваққат ҳукуматига асос солишидан қисқа вақт ўтмаёқ эса, минтақада энг катта армияга эга бўлиш истагини ошкора баён қилган, аммо ўзининг сиёсий қанотига эга эканини ҳам даъво қилувчи, ўз вақтида дунёдаги энг йирик Ўзбек жангари гуруҳи, деб кўрилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам илк бор байъат келтирган ва яқин иттифоқчисига айланган ҳаракат.

Ҳаракатга қарши АҚШ ва НАТО бошчилигидаги коалиция кучларининг 20 йиллик ҳарбий амалиётлари ҳам, халқаро ҳамжамият ва турли ўйинчию воситачи давлатларнинг олиб боришга уринган музокаралари ҳам иш бермаган.

Расмий Вашингтон 2020 йилда Толибон билан битим имзолашга борган, худди шу келишув асосида халқаро иттифоқ кучлари ўзининг Афғонистондаги узоқ йиллик ҳарбий ҳозирлигига якун ясаган.

Бу Афғонистон Толибон ҳаракатининг мамлакатда яна қудратга қайтишига йўл очган, аммо ҳаракат, қарийб уч йилдирки, коалицион ҳукумат тузиш бўладими ёки хотин-қизлар эркинликлари ҳамда ҳуқуқларини таъминлаш - халқаро ҳамжамият томонидан илгари сурилган асосий шартларга қулоқ қоқмай келади.

BBC

Афғонистон эса, дунёнинг геостратегик жойлашуви муҳим, минтақани Жанубий Осиёга боғловчи, уни жаҳон сув йўллари ва ноанъанавий бозорларга олиб чиқиш потенциалига эга, Хитой, Эрон, Покистон ва Марказий Осиёга чегарадош, қарийб уч йилдирки, яна Толибон қудратда бўлган, яқин-яқингача Ўзбекларники илова турли минтақавий жангари гуруҳлар ва халқаро террорчи ташкилотлар бошпана топган, жанг қилган ва жон сақлаган, сўнгги ўн йилликларда якуний сўзни айнан Ғарб айтиб келган, аммо минтақадаги энг йирик геосиёсий ўйинчилардан бири саналувчи Россиянинг ҳам, таъбир жоиз, нигоҳи остидаги давлат.

Россия ва Ҳиндистонга яқин жойлашган, минтақанинг аксарияти ўзаро адоватда, аммо расмий Москванинг иттифоқчиси бўлган ўйинчи давлатлари, йилларки, ўз таъсирлари остига олиш, ўз манфаатларини парваришлаш илинжида бўлган мамлакат.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи Толибон муваққат ҳукуматини ҳали дунёнинг бирор бир ҳукумати расман тан олмаган, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистондаги узоқ йиллик ҳарбий ҳозирлигига якун ясаб бўлган, Украина устидан Россия ва Ғарб ўртасидаги геосиёсий танглик янада кучайиб бораётган, бунинг минтақага таъсиридан Ўзбекистон бўладими ёки Қозоғистон, етакчи Марказий Осиё давлатлари лидерлари ошкора хавотирда бўлган, худди шу уруш сабаб, Россия жадал Ғарбнинг санкцияларини четлатиб ўтиш йўлларини излаётган, ишчи кучи тақчиллигига юз тутаётган, ҳатто маҳкумларни ҳам жангга сафарбар этиб, қамоқхоналари бўшаб қолгани айтилаётган бир пайтга тўғри келди ва шуниси билан ҳам хос аҳамият касб этди.

Афғонистон таҳдиди, бошқа томондан, минтақа давлатларига ўзининг сиёсий ва геосиёсий босимини ўтказишда, йилларки, Россия қўлидаги энг муҳим, самарали таъсир воситаларидан бири сифатида ҳам кўриб келинган.

Энди Марказий Осиёга расмий Кремлнинг босими янада кучаядими ёки минтақага нима бўлади?

Нима гап?

Kollaj

Сурат манбаси, kollaj

Сурат тагсўзи, Россия Афғонистон Толибон ҳаракатини 2003 йилда "террорчи ташкилот", деб эълон қилган, унинг фаолиятини ўзининг ҳудудида расман тақиқлаган.

Россия сўнгги бир неча ойнинг ўзида мавқеини кескин ўзгартирди.

Қозоғистондан кейин кутилмаганда Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқармоқчи эканини расман ва ошкора баён қилган иккинчи постсовет давлати бўлди.

Қозоғистон каби Россиянинг ҳам Афғонистонга бевосита чегарадош эмаслиги сўнгги хабарларнинг ҳам аҳамиятини янада бўрттирди.

Россия дунёнинг глобал ядровий ва ҳарбий қудратларидан бири саналади, постсовет ҳудудидаги иқтисоди энг йирик давлат.

Мамлакатда Ислом дини иккинчи йирик дин саналади, мусулмонларнинг сони миллионларга нисбат берилади.

Россия Афғонистон Толибон ҳаракатини 2003 йилда "террорчи ташкилот", деб эълон қилган, унинг фаолиятини ўзининг ҳудудида расман тақиқлаган.

Қарор АҚШ ва иттифоқчилари томонидан Афғонистонда бошланган ва Толибон илк тузумининг ағдарилиши билан якун топган ҳарбий амалиётлар кечаётган бир пайтга тўғри келган.

Аммо расмий Москванинг бу қарори ўшанда Россиянинг ўзидаги исломий жангарилик муаммоси билан ҳам боғлаб, талқин этилган.

Расмий Москва ҳатто Қозоғистоннинг Толибонни "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқаришга оид шу йил бошидаги қарори манзарасида ҳам ўзларининг бу хусусдаги қарийб чорак асрлик мавқеълари ўзгаришсиз қолишини таъкидлаган.

Қозоғистоннинг бу қарорини расман олқишлаб чиққан эса-да, Россия томони ўшанда "мазкур йўналишда ҳали ҳеч қандай ўзгаришлар режаланмаётгани ва бундай масалалар бўйича бирор бир музокаралар бораётгани йўқ"лигини ошкора баён қилган.

Аммо Қозоғистоннинг бу иши Афғонистонни изоляцидан чиқариш ва минтақада барқарорликни ўрнатишга ёрдам беришини айтган.

Ҳаммаси ўзгардими?

Taliban militants wearing balaclavas at a police headquarters in Jalalabad in March

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Яқин-яқингача минтақадаги энг йириги, деб эътироф этилган Афғонистон Толибон ҳаракати доимий аъзолари сонининг ўзи бир неча ўн мингга нисбат берилади, ҳокимиятга қайтиб, муваққат ҳукуматига асос солишидан қисқа вақт ўтмаёқ эса, минтақада энг катта армияга эга бўлиш истагини ошкора баён қилган, аммо ўзининг сиёсий қанотига эга эканини ҳам даъво қилувчи ҳаракат.

Ўтган ой охирида Россиядан кутилмаган хабарлар олинди.

Улардан Россиянинг ҳам Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқариш ҳаракатида экани маълум бўлди.

Хабарларда, ҳаттоки, бу таклифнинг Россиядаги бирваракайига икки вазирлик - ҳам Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлар томонидан аллақачон президент Путинга киритилгани айтилди.

Орада Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси муовини Дмитрий Медведев Толибон билан тўлақонли муносабатларга яқин эканликларини ҳам маълум қилди.

Воқеаларнинг бу каби кутилмаган ривожи, ҳатто, россиялик айрим сиёсатшуносларнинг ўзлари томонидан Толибон ҳукуматини тан олиш йўлидаги биринчи қадам сифатида талқин қилинди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай эса, айни шу масала хусусида Россия президентининг шахсан ўзи расман ва ошкора сўз юритди.

Бунақаси шу пайтгача кўрилмаган...

Putin

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Россия томони ўзининг сўнгги истак ва режалари фонида Толибонни Афғонистондаги "ягона ва реал ҳокимият" сифатида тилга олган.

Путиннинг бу ҳақдаги гаплари куни-кеча пойтахт Тошкентда янгради.

Россия президенти шу йилнинг 26-28 май кунлари Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлиб қайтган.

Худди шу ташрифи якунлари бўйича пойтахт Тошкентда берган матбуот анжумани чоғида Толибон масаласи кўтарилган.

Путин ўшанда Толибонни тан олиш борасидаги қарорнинг "биргаликда ишлаб чиқилиши"ни айтган.

Россия президенти бу хусусда кўплаб бошқалари қатори "Марказий Осиёдаги ҳамкорлари, дўстларининг ҳам фикрлари инобатга олиниши", улар билан мулоқотда эканликларини айтган.

Россия томони ўзининг сўнгги истак ва режалари фонида Толибонни Афғонистондаги "ягона ва реал ҳокимият" сифатида тилга олган.

"Мавжуд реалликдан келиб чиқиб, шунга мос равишда муносабат қуришлари керак"лигини Ташқи ишлар вазиридан тортиб, президенти даражасида устма-уст такрорлаган.

Худди шу манзарада расмий Москва Толибон билан Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасида ҳамкорлик қилиш истагида эканини ҳам маълум қилган.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти постсовет ҳудудининг ўзида ҳам, четда ҳам Кремлнинг энг йирик геосиёсий лойиҳаси сифатида кўрилади.

Россия томони ҳукумати тан олинган тақдирда, Толибон бошқаруви остидаги Афғонистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига тўлақонли аъзолигини ҳам қўллаб-қувватлаши ҳақида ҳам сўз юритган.

Сайланган ва қонуний ҳукумати бошқарган пайтда эса, Афғонистон Россия ва Хитой шамсияси остидаги мазкур ташкилот қошида фақат кузатувчи мақомига эга бўлган.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти эса, НАТО - дунёдаги энг йирик ҳарбий альянснинг минтақадагисига ҳам қиёс қилинган.

Агар, Толибон томонининг баёнотларига таянилса, Россия ҳатто афғонистонлик меҳнат муҳожирларининг ўзларига келиб ишлашлари мумкинлигини ҳам айтган, яъни қатор минтақалари ўзларига аллақачон худди ана шундай таклиф билан ҳам чиққан.

Бунақаси эса, икки томон муносабатлари тарихида кўрилмаган.

Россия, йилларки, аксарият Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун энг йирик меҳнат бозори вазифасини ўтаб келади.

Аммо масъулиятини Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан, АҚШ томони эса, унинг ҳозир Афғонистонда фаол бўлган Хуросон қанотига нисбат берган Крокусдаги ўша қонли ҳужумга гумондорликда Марказий осиёлик мигрантларни айблаб, қўлга олиши ортидан Россия уларга қарши ўзининг миграцион сиёсатини кучайтирган.

Худди шу манзарада бу мигрантларнинг ёппасига ортга қайтиши эҳтимоли аксарият минтақа давлатлари пойтахтларида жиддий хавотирларни пайдо қилган, Путиннинг Ўзбекистонга қилган худди ўша давлат ташрифи чоғида ҳам кун тартибида бўлган, воқеаларнинг Россиянинг янги истаги билан боғлиқ ривожи эса, ана шу қўрқувлар ҳануз буткул аримаган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Расмий Москва, йилларки, мигрантлар масаласидан ҳам кўпчилик Марказий Осиё давлатларига ўзининг сиёсий ва геосиёсий босимини ўтказишда энг самарали таъсир воситаси сифатида фойдаланиб келган.

Россия Ўзбекистон каби дунёнинг қудратга қайтиши ортидан толиблар билан мулоқотларини давом эттириш йўлини танлаган, ўзининг Афғонистондаги дипломатик ваколатхонасини ёпмасликка қарор қилган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Москва формати остидаги мулоқотларини ҳам ҳануз тўхтатмаган, Толибон вакилларига ҳам эшиклари кўп ҳолда очиқ.

Аксарият минтақа давлатлари каби айнан Толибон сабаб, Ғарб ўзининг йирик молиявий ёрдамларини тўхтатиб, четдаги миллиардлаб долларлик активларини музлатиб қўйган Афғонистон иқтисодининг таназзулга юз тутиши, оқибатда мамлакатдаги вазиятнинг издан чиқиб, катта сондаги қочқинлар оқими жанубий чегараларига жиддий хавф пайдо қилишидан ҳам хавотирда.

Аммо Россия Толибонни ўзининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқариб, тан олгудек бўлса, бунинг қандай шартлар асосида амалга ошиши ҳозирча маълум эмас.

Толибон нима дейди? АҚШ-чи?

ISHID Xuroson qanoti

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, ИШИД Хуросон қаноти сўнгги ойларда ўз ҳужумлари баробарида пропагандасини ҳам янада кучайтирган. ИШИДнинг Хуросон қанотига 2014 йилда Жанубий Осиёдаги тармоғи экани айтилиб, Покистонда асос солинган, аммо жорий пайтда Афғонистондаги энг фаол жангари гуруҳ.

Толибон Россиянинг икки томонлама муносабатлар ўрнатиш бўйича позициясини олқишлаган.

Бу хусусда Толибон Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиққан.

Вазирлик ўзининг баёнотида бу йўналишдаги ишлар "амалга оширилиши лозим"лиги таъкидлаган.

"Кўп давлатлар бу борада яхши ютуқларга эришишган"ини мисол тариқасида тилга ҳам олган, аммо уларнинг номларини очиқламаган.

Расмий Москванинг ҳам Толибонни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш ҳаракатида экани ва бу таклифнинг шахсан Путинга етказилганига оид хабар, бошқа томондан, масъулиятини Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан ва Россиянинг бу яқин тарихидаги энг қонли ҳужумдан унча кўп вақт ўтмай олинган.

Эрондаги қўшалоқ портлаш мисолида "ИШИД Афғонистонда етарлича салоҳиятга эга эмаслиги, унинг бутунлай мағлуб этилганини таъкидлаганча, Америка томонининг даъволарини кескин рад этган Толибон муваққат ҳукумати эса, Россиядаги ҳужумга келганда "уни кескин қоралаши"ни баён қилишини айтиш билан кифояланганди.

Толибон халқаро ҳарбий доираларда ИШИДга қарши кураш ва Ғарб кучларининг Афғонистондаги узоқ йиллик ҳозирликларига чек қўйишда Россиянинг "яқин иттифоқчиси" сифатида кўрилган.

Айрим минтақавий етакчиларга кўра, айни шу икки омил тарихан ўзаро рақиб бўлган бу икки томонни бир-бирига яқинлаштирган.

АҚШ ўзининг кучлари Афғонистонда бўлган пайти Россияни Толибонга яширинча қурол-яроғ етказиб бериш, ҳаракатни қўллаб-қувватлаш билан мазкур мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш, алоқа ўрнатиб, уни "легитимлаштириш"га уринаётганликда ҳам айблаган.

Аммо Россия ҳам, Толибон ҳам бу айбловларни изчил равишда рад этиб келишган.

Расмий Москва, аксинча, АҚШ ва НАТОни Афғонистондаги "муваффақиятсизлиги" учун Россияни айбдор қилишга ҳаракат қилаётганини ҳам таъкидлаган.

ИШИД, ўз навбатида, айрим ғарблик етакчи халқаро таҳлилчилар томонидан Афғонистон Толибон ҳаракатига "ашаддий рақиби" бўлиш баробарида Ҳаққоний тармоғи орқали унинг билвосита иттифоқчиси, деб ҳам кўрилган ва кўрилади.

Америкалик мулозимлар эса, орада Россия ИШИД ҳозирлигидан Афғонистон ишларига аралашуви ва ўзининг Марказий Осиёдаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтириш мақсадида фойдаланаётганини ҳам айтишган.

Россиядан олинаётган сўнгги хабарлар Америка Қўшма Штатларини ҳам беэътибор қолдирмаган.

28 май куни Оқ уй маслаҳатчиси мамлакати Толибон ҳукуматини расман тан олиш режасида эмаслигини баён қилган.

Жон Кирби, "Агар, Россия бу ишни қилса, бошқаларга янглиш ишора беражаги"ни айтган.

Афғонистон Толибон ҳаракати эса, расмий Вашингтон билан 2020 йилда имзолашга муваффақ бўлган "тарихий" битим шартларига кўра, бирор бир жангари гуруҳнинг афғон тупроғидан четга ҳужум уюштиришига йўл қўймаслик масъулиятини ҳам ўз зиммасига олган.

Қудратга қайтган сўнгги уч йилча вақт ичида Ўзбекистон илова ўзи мулоқотда бўлган ва бўлаётган барчани ушбу ваъдасига содиқ қолажагига ишонтириб ҳам келади.

Аммо амалдаги муваққат Толибон ҳукуматининг бирор бир келишувларсиз трансчегаравий Амударё сувининг янги истеъмолчисига айланиш - зиддиятли Қўштепа каналини қуриб, битказиш қарори эса, бугун минтақа хавфсизлигига жиддий таҳдид, янги уруш эҳтимолини пайдо қилиши мумкин бўлган янги ва рад этиб бўлмас фактор ўлароқ ўртага чиққан.

Россия, Толибон ва Афғонистон

Tolibon muzokarachilari

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Толибон кучайиб бораётган худди ана шу геосиёсий танглик манзарасида Афғонистон иқтисодини яхшилаш, мамлакатга кўпроқ сармоя жалб қилиш, ўзининг савдо-тужжорий шерикларини турфалаштириш орқали халқаро иҳотадан чиқиш ҳаракатида.

Воқеаларнинг Толибон ва Афғонистон билан боғлиқ сўнгги ривожи эса, Кавказда мавқеи заифлашиши ва сўнгги Украина уруши сабаб, Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида халқаро миқёсда тобора иҳоталаниб бораётгани манзарасида расмий Кремль минтақада ўзининг геосиёсий амбицияларини янада парваришлаш, таъсирини кучайтириш, иттифоқчилари билан ҳар томонлама алоқаларини аввалгисидан-да мустаҳкамлаш, айнан глобал жанубга юз буриб, улар сафини кенгайтириш, таъминот занжирлари ва ташқи бозорларини турфалаштириш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Россия ҳам ҳозир Марказий Осиё қолиб, минтақа оша дунёнинг аҳолиси энг йирик, энергияга чанқоқ ва бошқа томондан, ўзи каби ядровий қудратлари саналувчи анъанавий иттифоқчилари бўлган Ҳиндистону Хитой мисолида Жанубий Осиё бозорларига кўз тиккан.

Шу орада Россиянинг Хитой баробарида Афғонистондаги Толибон муваққат ҳукуматига шу пайтгача мисли кўрилмаган иқтисодий имтиёзлар ва лойиҳалар билан чиқаётганига оид хабарларнинг сони ортган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи айнан Украина уруши боис, Кремль Ғарбнинг мислсиз санкциялари остида экани фонида кузатилаётгани билан янада хос аҳамият касб этган, хавотир уйғотган.

Россия, дунёнинг иккита ҳарбий ва иқтисодий қудратидан биттаси саналувчи Хитойнинг Толибон Афғонистонига бу каби ёндашуви толибларни халқаро ҳамжамият ва Ғарбнинг босимларига "бардошли" қилиши, улар қўллаётган иқтисодий санкциялар таъсирини заифлаштиришига оид қўрқувларга ҳам замин яратмай қолмаган.

Толибон эса, кучайиб бораётган худди ана шу геосиёсий танглик манзарасида Афғонистон иқтисодини яхшилаш, мамлакатга кўпроқ сармоя жалб қилиш, ўзининг савдо-тужжорий шерикларини турфалаштириш орқали халқаро иҳотадан чиқиш ҳаракатида.

Аммо, бошқа томондан, Ўзбекистон бўладими, Қозоғистон ёки Туркманистон - аксарият Марказий Осиё давлатларининг Толибон муваққат ҳукуматига яқинлашиш, улар билан ҳамкорликларини кучайтириш ҳаракатлари Россия айнан бугунги Украина уруши манзарасида минтақага ўзининг "Афғонистон таҳдиди"га оид риторикаларини янада кучайтираётган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Толибоннинг Афғонистонда қудратга қайтиши манзарасида чегараларини мустаҳкамлаш ва хавфсизликларини таъминлаш масаласида Марказий Осиё давлатларига энг кўп ҳар томонлама ёрдам ваъдасини бераётган, айримларига аллақачон кўмак беришни ҳам бошлаган, минтақадаги ҳарбий базаларини кучайтириш истагини расман изҳор этган давлат ҳам айнан Россия бўлади.

Буларнинг барчаси Марказий Осиё ҳарбийлашувининг кучайиши ва бунинг натижасида минтақада Россия таъсирининг янада ортишига олиб келишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида россиялик айрим сиёсатчилар томонидан Қозоғистон баробарида Ўзбекистоннинг ҳам ҳудудий яхлитлиги ошкора савол остига олингани кўрилган.

Жумладан, Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш фикрида қанчалик собит эканига оид яқинда айтган сўзлари сабаб, расмий Тошкент Россия томонига расман эътироз билдиришгача борган.

Аммо, минтақа давлатлари пойтахтларида экан, айнан хавфсизлик кафолатлари, таъбир жоиз, толиблар томонидан берилаётган ваъдаларнинг каттаси экани кўрилади.

Воқеаларнинг Россиянинг Толибонга оид сўнгги истаклари билан боғлиқ ривожига Ўзбекистоннинг расмий муносабати ҳозирча маълум эмас.

Афғонистонга чегарадошлари илова қолган минтақа давлатлари ҳам ҳозирча бу хусусда жим.

Минтақа мавқеъси

Tolibon muzokarachilari

Сурат манбаси, .

Ўзбекистон 20 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг Афғонистонни буткул тарк этиши ва қудратга яна толибларнинг қайтиши манзарасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан тўғридан-тўғри дипломатик алоқа ўрнатган биринчи Марказий Осиё давлати бўлади.

Ўзбекистон раҳбарияти буни энг аввало мамлакат ва халқининг хавфсизлиги билан изоҳлаган.

Расмий Тошкентнинг Толибон билан мулоқот сиёсати ўшанда озмунча танқид ва эътирозларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

2021 йилда америкалик журналистга интервью бераркан, ўша пайтда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимида бўлган Абдулазиз Комилов эса, Толибонни террорчи ташкилот, деб ҳисобламаслигини айтиб, минтақадаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.

Ҳозир Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари бўлган жаноб Комилов ўшанда бу унинг шахсий фикри эканини таъкидлаган, ўз жавоби сабабини Толибон террорчи ташкилот бўлганида, АҚШ улар билан музокара ўтказиб, шартнома имзоламаган бўлиши билан изоҳлаганди.

Расмий Тошкентнинг Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан ҳам ҳар томонлама алоқаларини кучайтириш ва мустаҳкамлаш сиёсати манзарасида айнан Афғонистон Толибон ҳаракатининг Ўзбекистонда фаолияти расман тақиқланган "террорчи ташкилотлар" рўйхатида ёки эмаслиги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган воқеълик экани кўрилади.

Агар, имконли бўлган сўнгги хабарларга таянилса, Афғонистон Толибон ҳаракати ҳали-ҳануз Қирғизистон ва Тожикистоннинг "террорчи ташкилотлар рўйхати"да турибди.

Қозоғистоннинг Толибонни ўзининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқариб, Афғонистон билан савдо-иқтисодий алоқаларини янада кучайтириш қарори ҳам мамлакатнинг ўзида бир хилда қарши олинмаган, фаолларнинг қаршиликларига учраган.

Шу ой бошида эса, ҳатто, мазкур қарорни талаб қилиш талаби билан улардан бирининг Қозоғистон Олий судига кассация шикояти берганига оид хабарлар ҳам олинган.

Шундай экан, буларнинг барчаси нимани англатади?

Би-би-си Ўзбек хизмати худди шундай саволлар билан қатор минтақавий экспертларга мурожаат қилди:

Iqtibos

Доктор Довуд Аъзамий,

BBC Жаҳон Хизмати муҳаррири

Халқаро сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича эксперт

Довуд Аъзамий: Россиянинг Толибонни номақбул ташкилотлар рўйхатидан чиқариш режаси прагматизм ва ўзининг миллий манфаатларига асосланган.

Россия иқтисодий ва хавфсизлик нуқтаи назаридан Толибон ҳукумати билан алоқаларини яхшилаши керак.

Ҳар икки томон уюшган жиноятчилик, жумладан, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси ва ИШИД каби гуруҳлар фаолиятига қарши курашишда яқинроқ ҳамкорликка муҳтож.

Россия Толибон ҳукуматини расман тан олмаган.

Аммо уни рўйхатдан чиқариб ташлаш, деган нарса бу соҳалардаги ҳамкорликни янада силлиқ қилиб, осонлаштиради.

Икки томонлама муносабатларнинг яхшиланиши Россия ва Толибонга яна бир қанча томондан фойдали бўлади.

Толибон Россиянинг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқарилишини истайди. Чунки бу гуруҳ учун рамзий аҳамиятга эга.

Бу Толибонни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида расман тан олиниши йўлидаги илк қадам сифатида кўрилади.

Айни ўринда яна бир нарсани таъкидлаш муҳим.

Россия Толибон ҳукуматининг янада ён бериши ва максимал ҳамкорликка боришини истайди.

Шу боис ҳам, ҳаракатни рўйхатидан чиқариш ва унинг ҳукуматини якунида тан олиш масаласидан олди-берди воситаси сифатида ҳам фойдаланмоқда.

Расмий Москва Толибоннинг Ғарб давлатлари, айниқса, Америка Қўшма Штатлари билан алоқаларига шубҳа билан қарайди.

Толибон Россиянинг энг кўп хавотирга молик, айниқса, хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиши, уларга эътибор қаратишини хоҳлайди.

Савол: Толибон Россиядан нима истайди?

Довуд Аъзамий: Толибон, шубҳасиз, Россиянинг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқарилиши ва Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида расман тан олинишни истайди.

Бу икки томон ўртасида иқтисодий, хавфсизлик ва сиёсий ҳамкорликни яхшилашни осонлаштиради.

Толибон яна БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва бошқа халқаро форумларда Россиянинг дастагига кўз тиккан.

Афғонистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва БРИКС каби халқаро иттифоқларга тўлақонли аъзо бўлишида ҳам Толибон ҳукумати Россиянинг кўмагига муҳтож.

Толибонни яна Россиянинг қурол-яроғлари ва технологияси ҳам қизиқтиради.

Улар, шунингдек, Афғонистон инфратузилмасини ривожлантириш, савдо ва сармоя ҳажмини ошириш учун Россиядан техник ёрдам олмоқчи.

Савол: Россиянинг Толибонни ўзининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқариши нимаси билан аҳамиятли ва Россия ўзининг бу қадамини қандай оқлаши мумкин?

Довуд Аъзамий: Афғонистон Толибон ҳаракати БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан "террорчи ташкилотлар рўйхати"га киритилмаган.

Гуруҳни фақат саноқли давлатларгина ўзларининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"га киритган.

Россия ва Қозоғистон Толибонн бундан бир неча йил олдин, ҳаракат исёнчи бўлиб, афғон ҳукумати ва унинг ғарблик иттифоқчилари - АҚШ ҳамда НАТОга қарши курашаётган пайтда бу рўйхатга қўшган, ўзларида гуруҳнинг фаолиятини расман тақиқлаган.

Бироқ 2021 йилнинг августида Афғонистонда Толибон ҳокимиятга қайтганидан кейин кўп нарса ўзгарди.

Қозоғистон иқтисодий, сармоявий алоқаларни ривожлантиришни осонлаштириш ва Афғонистон иштирокидаги минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Толибонни ўзини "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқарди.

Ҳам Қозоғистон ва ҳам Россия расмийларига кўра, Толибон режими рад этиб бўлмайдиган реаллик ва толиблар Афғонистондаги ҳукумат эканини англаб етишган, қарорлари худди шу нарсага асосланган.

Россия Толибонни ўзининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқарса, савдо ва инвестиция кучайиши баробарида ҳар икки томондан расмийлар ва ишбилармонларнинг ташрифлари ҳам ортади.

Савол: Ҳозир Россия ва Толибон ҳукумати ўртасидаги муносабатларнинг табиати қандай?

Довуд Аъзамий: Россиянинг "террорчи ташкилотлар рўйхати"да эканига қарамай, икки томон ўртасидаги дипломатик алоқалар Толибон қудратга қайтишидан кўп ўтмай ўрнатилган.

Ўшандан буён икки томонлама учрашувлар ва халқаро тадбирларда иштирок этиш учун Толибон ҳукумати вакилларининг Россияга ташрифлари ҳам фаоллашган.

Июн ойининг иккинчи ҳафтасида Толибон ҳукумати уч вазирининг бир вақтнинг ўзида Россияга сафар қилиши эса, жуда ғайриодатий эди.

Меҳнат ва Ижтимоий масалалар бўйича вазири Толибон ҳукуматини Санкт-Петербургдаги Халқаро Иқтисодий Форумда намоён этди.

Таълим вазирларининг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи халқаро форумида эса, яна икки вазири - Таълим ва Олий таълим вазирлари иштирок этди.

Савол: Афғонистон таҳдиди Марказий Осиёнинг аксарият давлатларига ўзининг сиёсий ва геосиёсий босимини ўтказишда, йилларки, Кремль қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири бўлиб келган. Агар, биргина шунинг ўзи назарда тутилса, Россиянинг Толибон ҳаракати ва Толибон Афғонистони билан боғлиқ сўнгги истак ва режалари Ўзбекистон ва қолган Марказий Осиё давлатлари учун нимани англатади?

Довуд Аъзамий: Аксарият минтақа давлатлари Толибон ҳукумати билан аллақачон дипломатик муносабатлар ўрнатиб бўлишган ва умуман олганда, уларнинг алоқалари яхшиланиб бормоқда.

Савдо ва сармоя, шунингдек, минтақавий боғлиқлик ҳам кучаймоқда ёки ҳеч бўлмаганда буни амалга ошириш режалари бор.

Озарбайжон шу йил бошида Кобулда ўзининг элчихонасини очган сўнгги давлат бўлди.

Иккинчидан, Марказий Осиё каби Россия учун ҳам асосий хавфсизлик таҳдиди ИШИД ҳисобланади.

Толибон уларни ўзининг сиёсати Афғонистондан ташқарида ҳужум уюштирмаслик, бошқа гуруҳлар ва шахсларнинг ҳам бундай қилишларига йўл қўймаслик эканига ишонтирди.

2024 йилнинг март ойида Москвадаги Crocus Hall концерт залига уюштирилган ҳужумдан кейин Россия ИШИД гуруҳининг минтақадаги фаолиятидан ташвишга тушиб қолди. Бу ҳужумга масъулиятни эса, ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиқди.

Бошқа томондан, Толибон Афғонистонда ИШИДни рақиб гуруҳ сифатида кўради ва унга қарши ҳам мафкуравий, ҳам ҳарбий жиҳатдан курашиб келади.

Айни пайтда Толибон ҳукумати Россия ва Марказий Осиё давлатларини алоҳида шахслар ва гуруҳларнинг улар хавфсизлигига таҳдид солишларига ҳам имкон бермаслигига ишонтирди.

Кейин Россия Украинага очган уруш омили ҳам бор.

Россия Ғарб санкциялари остида бўлганлиги сабабли, унинг асосий эътибори ўзининг мудофаа ва иқтисодий манфаатларини турли йўллар билан таъминлашга қаратилган.

Шу боис, Москва Осиёда алоқаларини яхшилаш, минтақа давлатлари билан савдо ва боғлиқликни кучайтиришни истаётир.

Iqtibos

Досум Сатпаев

Минтақавий сиёсий таҳлилчи, Қозоғистон

Досум Сатпаев: Россия Толибон ҳаракатини фаолияти тақиқланган экстремистик ташкилотлар рўйхатидан чиқармоқчи бўлаётган биринчи давлат эмас. Бундан аввал бу ишни Қозоғистон қилди. Шу йил бошида Толибон ҳаракатини мазкур рўйхатдан чиқарди. Яқинда президент Тоқаев бунинг сабабига ойдинлик ҳам киритди. Унинг баён қилишича, Афғонистон билан яқин савдо-иқтисодий алоқаларда бўлишлари муҳим. Афғонистонни ҳозир Толибон бошқараётгани боис эса, улар билан мулоқот қилишга тўғри келади. Ва, шунинг учун ҳам, ҳаракат бу рўйхатдан чиқарилган. Шу билан бирга, Қозоғистон халқаро қонунчиликка амал қилишини ҳам айтди. Толибон ҳукуматини қонуний, деб тан олмасликларини таъкидлади. Аммо, иқтисодий ҳамкорлик нуқтаи назаридан, Афғонистон билан ҳамкорлик қилиши муҳим ва зарур. Шунинг учун, Россия ҳам ҳозир аслида Қозоғистоннинг йўлидан бормоқда. Бундан ташқари, ўтган йил августида Остона ҳатто Қозоғистон ҳукумати ва Толибон вакиллари иштирокидаги бутунбошлик форумга ҳам мезбонлик қилди. Бундан аввал эса, худди шундай бизнес форум Афғонистоннинг ўзида ҳам ўтказилганди. Ўшанда ҳам урғу Афғонистоннинг Қозоғистон учун муҳим иқтисодий ҳамкор экани ва айниқса, қозоқ буғдойи учун муҳим бозор эканига берилганди. Россия мисолида ҳам, менимча, схема Қозоғистонникидан фарқли эмас. Аммо Россияни масаланинг геосиёсий жиҳати ҳам кўпроқ қизиқтираётган бўлиши мумкин. Биринчидан, Россиянинг Покистон билан алоқаси яхши. Сизга яхши маълумки, Покистоннинг Толибон ортида фаол турганлиги ишонилади. Россия ҳозир яна Марказий Осиё давлатлари билан турли транспорт ва логистика йўналишларини амалга оширишга ҳам қаттиқ киришган. Бу йўналишлардан бири Эрондан ўтиши керак. Бошқаси эса, Афғонистон ва Покистондан. Менимча, Россия ҳам қандайдир бир даражада уларга қўшилмоқчи. Ўзбекистон ва Қозоғистон эса, бу соҳада аллақачон ҳамкорликни бошлаб юборган, энг мақбул йўналишларни устиворлаштириш ҳаракатида. Бу масаланинг бошқа бир муҳим жиҳати ҳам бор. Толибон ҳаракати Россия ва айрим Марказий Осиё давлатлари учун яна ИШИДга қарши кураш воситаси ўлароқ муҳим. Яъни, ИШИД Толибонга қараганда каттароқ таҳдид сифатида кўрилади. Чунки улар Афғонистон шимолида ИШИДга алоқаси бўлган террорчилар тўпланишаётгани ҳақида доимо баёнотлар бериб келишади. Бу ҳам, менимча, маълум маънода Россия нега Толибон билан алоқаларини мустаҳкамлашга интилаётганига бир сабаб бўла олади. Яъни, айни ўринда, мазкур масаланинг иқтисодийси баробарида геосиёсий жиҳати ҳам бор, деган фикрдаман.

Савол: Бунда Россия Украинага очган ва ҳануз тинмаётган уруш ҳам қанчалик муҳим роль ўйнаётган ёки ўрин тутаётган бўлиши мумкин?

Досум Сатпаев: Биз Украина уруши манзарасида Россиянинг тўлиғича Шарққа юз бураётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Россия, бир томондан, жадаллик билан Хитойга интилмоқда. Бу "Газпром"нинг қанчалик фаоллашиб бораётганида ҳам кўринади. Чунки ширкат ҳозир зўр бериб Россия газини Марказий Осиё орқали Хитойга сотишга ҳаракат қилаяпти. Бугун Россияда Хитойдан ташқари яна Эрон, Покистон ва Ҳиндистонга ҳам яқинлашиш имконияти бор. Ўз геосиёсий йўналишини бу тариқа ўзгартираётгани Россиянинг ҳозир ушбу давлатлар билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш истагида эканига далолат қилади. Шу жумладан, Афғонистон ҳам ана шу рўйхатга киради. Бунинг яна бир муҳим жиҳати бор. Чунки Афғонистонда фойдали қазилмалар кўп. Россияни бунга ҳам бефарқ, деб бўлмайди. Демоқчиманки, Россия уларга сармоя киритишни ҳам истаётган бўлиши мумкин. Украина уруши эса, газини сотиш, иқтисодий ҳамкорлик нуқтаи назаридан Россия учун Ғарбга эшикларни ёпди. Бу эса, Россиянинг Шарққа юз тутишига сабаб бўлди. Худди шу манзарада Афғонистон ҳам Россия учун муҳим ўрин тутаётган бўлиши аниқ.

Савол: Аммо воқеаларнинг сўнгги ривожи айнан шу уруш сабаб, Россия ва Ғарб ўртасидаги алоқалар кескинлашиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда. Афғонистонда эса, сўнгги йигирма йил ичида якуний сўзни айнан Ғарб, айниқса, АҚШ айтиб келган. АҚШ Афғонистонни буткул тарк этишидан аввал Толибон билан "тарихий" битим имзолашга муваффақ бўлган дунёнинг биринчи давлати ҳам бўлган. Россиянинг Толибон билан боғлиқ сўнгги истак ва режаларида бу, яъни Ғарб омили қанчалик муҳим ўрин тутаяпти, сизнингча?

Досум Сатпаев: Бу ерда қизиқ томони шундаки, Қозоғистон ёки Ўзбекистоннинг Толибон билан ҳамкорлик қилишига Америка Қўшма Штатлари ҳам, Европа Иттифоқи ҳам принципиал жиҳатдан қарши эмас. Чунки айни ўринда сўз инсонпарварлик ёрдамлари ҳақида ҳам кетмоқда. Биринчидан, АҚШ ва Европа Иттифоқи Толибоннинг Афғонистонда узоқ муддатли омил эканини яхши англайди. Иккинчидан, Афғонистондаги ночор ва оч-наҳор 20 миллион одам масаласи бор. Уларга инсонпарварлик ёрдами керак. Афғонистонда ишсизликни камайтириши мумкин бўлган қандайдир иқтисодий лойиҳалар зарур. АҚШ ва Европа ширкатларининг ўзлари эса, ҳозир Афғонистонда тўғридан-тўғри иш юрита олишмайди. Шу сабабли ҳам, бошқа давлатларнинг бу йўналишда иш олиб бориши Вашингтон ва Брюссель учун яхши. Масалан, Қозоғистон бу борада Толибон билан фаол ҳамкорлик қилганида, АҚШ ҳам, Европа Иттифоқи ҳам бунга бирор бир танқидий муносабат билдирмади. Бунинг Ғарб учун ҳам яхши эканини билди. Россияга келсак, яна бир бор такрорлайман, Ғарб учун ҳозир айнан Украина муҳимроқ. Кейин жорий пайтда Ғарбнинг эътибори бўлажак президент сайловлари олдидан Америка Қўшма Штатларида нималар бўлаётганига қаратилган. Европадагилар эса, ўнгчилар ўзининг мавқеини кучайтириб олган Европа Парламентига сўнгги сайловлар натижасини муҳокама қилиш билан овора. Бундан Афғонистон масаласи ҳозир Ғарбни аввалгидек ташвишга солмаётганини тушунса бўлади. Менимча, Россия ҳам ана шу имкониятдан фойдаланиб қолишга қарор қилган.

Савол: Сизнингча, Ғарб ўзининг геосиёсий ва геоиқтисодий рақиби бўлган Россия мисолида ҳам худди шундай "яхши" муносабатда бўладими? Айниқса, биргина Хитой ва Эрон билан чегарадошлиги нуқтаи назаридан Афғонистоннинг геосиёсий муҳим жойлашуви назарда тутилса. Кейин яқин-яқингача Афғонистон дунёнинг турли жангари гуруҳлар фаол, бошпана топиб, урушиб келаётган давлати бўлгани масаласи ҳам бор. Россиянинг Толибонга бу қадар яқинлашиш истаги ва режаси минтақадаги геосиёсий тангликнинг янада кучайиши, минтақага хавф ва таҳдиднинг ортишига олиб келмасмикан, нима дейсиз?

Досум Сатпаев: Менимча, Афғонистонда турли ўта мутаассиб гуруҳлар, шу жумладан, ИШИДнинг яксон этилиши Ғарб учун ҳам яхши. Чунки, бундай олиб қараганда, ИШИД ҳамма билан жанг қилаяпти. Ғарб билан ҳам, толиблар билан ҳам урушаяпти. Марказий Осиё давлатларига ҳам таҳдид солаяпти. Шу нуқтаи назардан, ҳа, бу, гўёки, душманимнинг душмани, дегандек гап бўлади. Яъни, Ғарб ҳам Толибон ҳаракатига қандайдир қарши мувозанат каби қарайди. Аммо хотин-қизларники бўладими ёки бошқа, кўплаб инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолларини содир этиб келаётган радикал тузилма бўлгани боис, табиийки, Ғарб уни тан олишни истамаяпти. Риск нимада? Риск шундаки, Россия Афғонистондаги қандайдир радикалларни Украина урушига ёллашга уриниб кўриши мумкин. Чунки Марказий осиёлик мигрантлар мисолида буни қилиб кўрган. Аммо Толибон ҳаракатининг ўзаги пуштунлардан иборат. Улар Афғонистон ташқарисида урушишни муҳим, деб кўришмайди. Мақсадлари Афғонистоннинг ўзида яхшилаб ўрнашиб олиш. Шу боис, буни амалга ошириш унчалик ҳам осон бўлмайди. Кейин яна Россия Ғарбга босим воситаси сифатида қочқинлар омилидан фойдаланиб кўриши хавфи ҳам бор. Чунки биз Россия ўзга давлатлардан келган қочқинлардан худди шу мақсадда фойдаланганида нима бўлишини Шарқий Европа давлатлари чегаралари мисолида кўрдик. Провокациялар бўладими ёки бошқа. Шунинг учун ҳам, бу борада, сўзсиз, хавф-хатарлар мавжуд.

Савол: Яқинда Ғарб Украинага Россия ичкарисидаги нишонларга ҳужум қилишга "яшил чироқ" берди. Путин бунга жавобан Москва Ғарб нишонларига ҳужумга қаратилган давлатларни қуроллантириши мумкинлиги билан огоҳлантирди. Яъни, икки томон ўртасидаги танглик сўнгги уч йилча вақт ичида мисли кўрилмаган бир даражага етди. Россия ўзининг ядровий пўписаларини янада кучайтирди. Сизнингча, Путин худди шу манзарада Толибон ҳукуматини расман тан олишгача бориши мумкинми?

Досим Сатпаев: Россияда ҳозир ҳамма нарсанинг ёппасига, ҳам сиёсий, ҳам ахборот жабҳасида, айтайлик, радикаллашуви кузатилаяпти. Яъни, Россия ядровийси илова уруш билан таҳдид қилиб, тинимсиз душман излашга тушган. Агар буларнинг барчасини инобатга олсак, табиийки, Россия ҳозир бор кучи билан Ғарбга "зарба" беришга ҳаракат қилади ва менимча, келажакда муайян шарт-шароитлар юзага келса, Толибонни тан олиши эҳтимоли йўқ эмас. Шундай экан, менимча, бундай вариантни ҳам назардан соқит қилиб бўлмайди. Чунки, кўриб турибмизки, Россия ҳозир Ғарб билан, таъбир жоиз, барча кўприкларни ёқишга тушиб кетган. Бунга биргина шуни ўзи ҳам далолат қилади. Украинадаги урушнинг узоққа чўзилиши ва кескинликнинг бундан буёғига фақат кучайишини ҳисобга олсак, менимча, Россия, айтайлик, ўзининг муайян сиёсий ҳаракатларининг намойиши сифатида ҳам бу ишга бориши, шу йўл билан Ғарбга аниқ ва қатъий даъво билан чиқиб, муайян халқаро ҳуқуқ ва меъёрларни умуман тан олмаслигини кўрсатиб қўйишга ҳаракат қилиши ҳам мумкин. Бунинг устига, биласизки, Путинни жиноий ҳаракатларга боғлашмоқда. Халқаро Жиноят маҳкамаси, айтайлик, у ва Россия сиёсий элитасининг бошқа вакилларини аллақачон уруш жиноятчисига гумондорликда кўриб чиқмоқда. Яъни, бу эскалация кучаяверса, Путин тан олишга бориши мумкин.

Савол: Шундай экан, бундай эҳтимол қаршисида, сизнингча, Ғарб нима қила олади?

Досум Сатпаев: Бунга ҳам Ғарбнинг муносабати ўта салбий бўлади. Аммо, тушунишим бўйича, бу нарса энди Россияни унчалик ҳам қизиқтирмайди. Чунки барча мумкин бўлган "қизил чизиқлар" аллақачон кесиб бўлинган. Ўйин ҳозир бир томонлама кетмоқда. Россия, умуман олганда, бу борада тобора радикаллашиб бораётир. Менимча, Россия ҳам, Ғарб ҳам бир нарсани яхши англаб етган. Яъни, Ғарб Россияга нисбатан барча мумкин бўлган босим чораларини аллақачон қўллаб бўлган. Тўғри, санкциялар давом этади, янги жазо чоралари пакетлари қабул қилинади. Аммо, кўриб турибмизки, Россия ҳам бунга жим қараб тургани йўқ. Чунки ўзининг эътиборини Шарққа қаратмоқда. Айнан Шарқий йўналишдан "кулранг импорт манбаси" сифатида фаол фойдаланмоқда ва бошқа. Фараз қилайлик, Россия Толибонни тан олди. Бундай ҳолатда энди Ғарбда Москвага қарши янги босим воситалари бўлмайди.

Савол: Афғонистон таҳдиди Марказий Осиёнинг аксарият давлатларига ўзининг сиёсий ва геосиёсий босимини ўтказишда, йилларки, Кремль қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири бўлиб келган. Агар, биргина шунинг ўзи назарда тутилса, Россиянинг Толибон ҳаракати ва Толибон Афғонистони билан боғлиқ сўнгги истак ва режалари Ўзбекистон ва қолган Марказий Осиё давлатлари учун нимани англатади?

Досум Сатпаев: Худди шунингдек, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (Россия шамсияси остидаги - таҳр.) ҳам Афғонистон билан боғлиқ муаммолар юзага келганида, Марказий Осиё давлатларига ёрдам берадиган тузилма сифатида тақдим этиб келинган. Аммо, бошқа томондан, Марказий Осиё давлатларининг ўзлари Афғонистон, Толибон ҳаракати билан Россиянинг доимий шантажларисиз ўзаро алоқалар ўрнатишаётганини кўриб турибмиз. Шундай экан, бу борада, албаттаки, расмий Москванинг Афғонистон масаласида Россия минтақа давлатлари учун "хавфсизлик соябони" эканига оид тарғибот воситасининг кучи қирқилади. Аммо Россия энди фақат битта нарсадан фойдаланиши мумкин. У ҳам бўлса, ИШИД ва чегара ҳудудида тўпланган, Толибонга алоқаси йўқ радикалларнинг Марказий Осиёга хавф солиши мумкинлигига оид тезис. Чунки биз сўнгги бир неча йилда худди шу нарсанинг гувоҳи бўлдик. Ҳақиқатан ҳам, айниқса, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг россиялик вакиллари бу ҳақда кўп гапиришга ўтишди. Айтаётган гаплари эса, айнан Афғонистон шимолида, Марказий Осиё билан чегарада жангарилар тўпланишаётгани, халқаро террорчи ташкилотлар фаоллашаётгани ва бунинг минтақа учун таҳдид экани ҳақида бўлди. Шундай экан, Россия албатта бу нарсадан фойдаланишга ҳаракат қилиб кўриши мумкин. Қолаверса, Тожикистон ҳам шу ҳақда баён қилиб келади. "Ансаруллоҳ" тожик исломий жангари гуруҳининг ўзлари учун таҳдид эканини айтади. Айни ўринда қизиқ жиҳати, Толибон бу гуруҳ билан ҳам ҳамкорлик қилади. Яна битта риск бор. Россия, масалан, Толибондан Марказий Осиё давлатларига қарши босим воситаси сифатида фойдаланиб ҳам кўриши мумкин. Муайян бир шароитда, қандайдир бир ўйинда қўшимча геосиёсий восита сифатида, яъни. Аммо бунинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги бўлади. Чунки бу ерда асосий ўйинчи, барибир, Покистон бўлиб қолаверади. Кейин Покистон билан иттифоқчилигидан фойдаланиб, ҳозир Хитой ҳам маълум даражада Афғонистонда ўзининг мавқеини мустаҳкамлаяпти. Шу боис, аслида Афғонистонда вазият анча мураккаб ва Россиянинг у ерда кимларнидир манипуляция қилиши осон эмас.

ttps://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002