Янгиликлар. Афғонистон: Толибон йўқолмаса, Ўзбекистон нима қилади? Дунё-чи? Video Ўзбекистон O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

Сурат манбаси, AFGHAN ISLAMIC PRESS
Кутилмаган хабарлар олинмоқда...
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Янгиликлар. Афғонистон: Мирзиёев бежизга огоҳлантирмаганмиди - ИШИД Ўзбекистон билан чегарадош Балхда шов-шувли ҳужумга қўл урди
- Россия, Ўзбекистон ва минтақа: ИШИД Марказий Осиёга кирдими?
- Ўзбекистон, президент Мирзиёев Толибонни гапга кўндира оладими?
Дунё ҳамжамияти Толибон муваққат ҳукуматини тан олмоқчими?
БМТ Бош котиби муовинининг худди шу мазмунда талқин этилган сўзлари сўнгги ҳафталарда дунё бўйлаб катта шов-шувга сабаб бўлди.
Халқаро миқёсда эътиборга тушди, жаҳон бўйлаб сарлавҳаларга чиқди.
Aфғон хотин-қизлари қолиб, дунёнинг манаман, деган глобал қудратларининг ҳам кескин акс-садоларига сабаб бўлди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
БМТ Бош котиби муовини Амина Муҳаммад эса, "Толибон маъмуриятини тан олиш бўйича муҳокамалар бўлиши керак"лигини айтди.
У ўз сўзлари сабабини Толибон тан олинишни аниқ исташи ва бу ўзлари учун восита экани билан изоҳлади.
Бош котиби муовинининг Пристон университетидаги айни мазмундаги чиқиши дунё миқёсида уйғотган хавотир ва тушунмовчилик эса, БМТ матбуот котибининг расман изоҳ билан чиқишига сабаб бўлди.
Стефан Дюжаррик тан олиш масаласи "мутлақ аъзо давлатлар қўлида" экани, Амина Муҳаммад бу сўзлари билан "халқаро миқёсда мувофиқлаштирилган ёндашув зарурлигини яна бир бор тасдиқлагани"ни айтди.
"У бунга аъзо давлатлардан бошқа кимдир ҳақли эканини ҳеч бир тарзда назарда тутмади", - деди.
Орадан саноқли кунлар ўтиб, АҚШ, Хитой, Россия ва Европадаги йирик донорларники илова дунёнинг йигирмадан ортиқ давлати вакиллари иштирокида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан чақирилган йиғин эса, ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди.
Халқаро ташкилот Толибон муваққат ҳукуматидан ҳеч кимни чақирмаслигини ҳам расман баён қилди.
Уларнинг муваққат ҳукуматини расман тан олиш масаласи Доҳадаги йиғин чоғида кўтарилган-кўтарилмагани ноаён қолди.
Йиғин арафасида унинг мақсади Афғонистондаги оғир гуманитар вазият ва мамлакатнинг халқаро изоляциясини муҳокама этиш қабилидаги умумий сўзларда ўзининг ифодасини топди.
Бош мақсади Толибон муваққат ҳукуматини тан олиш эмаслиги айтилди.
Толибон маъмуриятининг расман тан олиниш илинжи - уларни инклюзив ҳукумат тузиш ва инсон, айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ундашда халқаро ҳамжамият қўлидаги энг муҳим восита сифатида кўрилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жорий пайтда миллионлаб афғонларга гуманитар ёрдам етказиш ишларига бош-қош бўлаётган, афғон хотин-қизлари ҳуқуқлари масаласида Толибонга турли йўллар билан босим ўтказишга ҳаракат қилаётган энг йирик халқаро ташкилот бўлади.
Доҳадаги ёпиқ эшиклар ортида келинган қарор ва хулосалар тафсилотлари эса, кенг матбуотга ноаён қолган, Толибон эса, Афғонистон тўқнаш келиб турган муаммоларни фақатгина прагматик ёндашув ва асосий томон бўлган ўзларининг иштироклари билангина ечим топиши мумкинлигини айтган.
Толибон муваққат ҳукумати

Сурат манбаси, ...
Толибон ҳаракати Афғонистонда, қарийб икки йилдирки, қудратда. Ҳаракат 2021 йил августида ҳокимиятга қайтган, Афғонистонни яна ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган ва мамлакат уларнинг муваққат ҳукумати бошқаруви остига ўтган. Толибон муваққат ҳукумати қудратга келишидан қисқа вақт ўтмай, мамлакатнинг ўз талқинларидаги шаръий қадриятлар асосида бошқарилишини эълон қилган.
АҚШ ва НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучлари эса, Афғонистонни буткул тарк этишган, ўзларининг мамлакатдаги 20 йиллик ҳарбий ҳозирликларига якун ясашган, афғон можаросига на-да ҳарбий ва на-да дипломатик ечим топа билишган.
Бунга 2019 йилда Афғонистон Толибон ҳаракати ва расмий Вашингтон ўртасида имзоланган "тарихий" битим йўл очган, аммо толиблар қудратни куч билан эгаллашган, бу Афғонистондаги қолган сиёсий гуруҳ вакиллари билан кечаётган музокаралар ва толибларни ҳам ўз ичига олиши кўзда тутилган коалицион ҳукумат ғояси, улар томонидан битим шартларининг бажарилишига бўлган ишонч ҳамда умидни ҳам деярли йўққа чиқарган.
Афғонистон дунёнинг энг кўп миллатли давлатларидан бири бўлади. Дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг кўп - миллионлаб сондаги этник ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати ўлароқ кўрилади.
Муваққат ҳукуматини тан олиш масаласининг муҳокамасига оид гап-сўзлар Толибон халқаро ҳамжамиятнинг кескин танқидларига юз тутиб турган бир пайтда бўй кўрсатган.
Толибон ҳукумати ҳали-ҳануз халқаро ҳамжамиятнинг асосий талабларига қулоқ илмаган.
Афғонистонда турли миллат, сиёсий партия ва ҳаракатлар вакилларини ўз ичига олувчи инклюзив ҳукумат яратиш, афғон хотин-қизларининг ишлаш, таълим олиш имкониятларини тўлиғича таъминлаш ва миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш каби шартлари ҳануз кун тартибидан тушмаган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи ортидан, Ғарб Афғонистонга бериб келаётган молиявий кўмакларини кесиб қўйган, мамлакатнинг четдаги миллиардлаб долларлик активларини музлатган, халқаро ҳамжамият, дунёнинг бирор бир давлати Толибон муваққат ҳукуматини ҳали-ҳануз тан олмаган.

Сурат манбаси, .
Мавжуд вазият Афғонистон "Ер юзининг жаҳаннами"га айланиши, жангари гуруҳларнинг қайта бош кўтариши, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосининг янада кучайиши, қочқинлар бўҳронини пайдо қилиши ва буларнинг барчаси минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни издан чиқаришига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Афғонистонда қисқа вақтнинг ичида юзага келган бу каби ҳолатдан, айниқса, унга қўшни ва яқин минтақа давлатларининг ниҳоятда ташвишда эканликлари кўрилган.
Афғонистондаги вазиятга бағишланган минтақавий анжуманларнинг энг сўнггисига Тошкент мезбонлик қилган, ҳайъатлар Ўзбекистоннинг БМТ шафелигида томонларнинг ўз мажбуриятларини босқичма-босқич бажаришга қаратилган алгоритмни тайёрлаш ва Афғонистонда амалда бўлган ҳукумат билан келишиш учун юқори даражадаги халқаро музокаралар гуруҳини ташкил этиш ташаббусига ижобий муносабат билдиришган.
Толибон эса, аксинча, сўнгги ойларда афғон хотин-қизларининг ҳуқуқларини янада чекловчи янги тақиқлар билан чиққан, аввал уларнинг нодавлат ташкилотлари, кейин эса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти идораларида ишлашларини ҳам расман маън этган.
Толибларнинг устма-уст тақиқлари шу кунларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотини Афғонистондаги фаолиятига нуқта қўйиш танлови қаршисида қолдирган.
Халқаро ташкилот бунинг ортидан Афғонистон юз тутажак оқибатларга Толибоннинг ўзи масъул бўлажаги билан расман ва ошкора огоҳлантиришгача борган.
Сўнгги халқаро ҳисоботларга таянилса, бугун Афғонистонда 34 миллион одам, яъни аҳолининг 90 фоизи аллақачон камбағаллик даражасида яшамоқда. Ҳар уч афғондан иккитаси кейинги овқатни қачон ейишини билмайди.
Толибоннинг тақиқлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотига Афғонистон учун қилинаётган ёрдам пулларининг кескин камайиб кетишига олиб келади, деган қўрқув ва хавотирларни кучайтирган.

Сурат манбаси, Getty Images
Сўнгги ойларда дунёнинг глобал қудратлари саналувчи Россия бўладими ёки Хитойнинг Толибон муваққат ҳукуматига шу пайтгача кўрилмаган иқтисодий имтиёз ва лойиҳалар билан чиқаётгани эса, толибларни халқаро ҳамжамиятнинг босимларига "бардошли" қилиши, улар қўллаётган иқтисодий санкциялар таъсирини заифлаштиришига оид қўрқувларга ҳам замин яратган.
Россиянинг Толибонга тобора яқинлашиш саъй-ҳаракатлари ва Путиннинг Толибон Афғонистонидаги иқтисодий вазиятни ўнглаш борасидаги некбин баёнотлари эса, Украина уруши ва айни шу уруш боис, Кремль Ғарбнинг мислсиз санкциялари остида экани фонида кузатилаётгани билан янада хос аҳамият касб этган, хавотир уйғотган.
Муҳим транзит йўлида жойлашган, табиий захираларга бой, аммо иқтисоди таназзулга юз тутиш ёқасида қолган ва аксар аҳолиси қашшоқ Афғонистон Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатлари баробарида бир томондан, дунёнинг ядровий қудратлари саналувчи Хитойу Покистон, бошқа томондан, геосиёсий муҳим Эронга чегарадош, Россия ва Ҳиндистонга эса, яқин жойлашган, минтақанинг аксарияти ўзаро адоватда бўлган бу ўйинчи давлатлари, йилларки, ўз таъсирлари остига олиш, ўз манфаатларини парваришлаш илинжида бўлган мамлакат.
Толибон муваққат ҳукумати эса, айниқса, Украина уруши фонида янада кучайиб бораётган худди ана шу геосиёсий танглик манзарасида Афғонистон иқтисодини яхшилаш, мамлакатга кўпроқ халқаро сармоя жалб этиш ва ўзларининг савдо-тужжорий шерикларини турфалаштириш орқали халқаро иҳотадан чиқиш режаси ва ҳаракатига тушган.
Имкон қадар кўпроқ хорижий сармоя, савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорлик илинжи сўнгги йилларда Афғонистонга қаратилган минтақавий йиғинларда Толибон муваққат ҳукуматини энг кўп қизиқтираётган мавзу экани кўрилган.
Толибон Афғонистонга гуманитар ёрдам сиёсийлаштирилмаслиги керак, хотин-қизлар ҳуқуқлари масаласи эса, мамлакатнинг "ички иши" эканини айтиб турибди.
Бу галги бошқарувининг аввалгисига ўхшамаслиги, мўътадил бўлажагига оид ваъдалари эса, ҳозирча Афғонистон ижтимоий, иқтисодий, маиший ва сиёсий ҳаётида ўзининг тўлақонли исботини топмаган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида эса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Толибон муваққат ҳукумати юборган элчиси номзодини ҳали-ҳануз маъқулламаган ва уларни тан олиш-олмаслик масаласи муҳокамасини ортга суриб келаётганди.
Шу кунларда Ғарбда Афғонистоннинг яна террорчилик плацдармига айланганига оид хулосаларга келинаётганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Воқеаларнинг Толибон муваққат ҳукумати бошқаруви остидаги Афғонистон билан боғлиқ бу каби ривожи эса, энди Бирлашган Миллатлар Ташкилотига уларни тан олиш масаласини кўтаришдан бошқа танлов қолдирмайди, деган таҳлил ва талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Толибоннинг Афғонистондаги халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаган илк тузуми эса, 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари томонидан ағдарилган.
Бунга Толибон ҳаракатининг худди ўша йилнинг 11 сентябрь куни Америка Қўшма Штатларига уюштирилган ҳужумларга масъулликда айбланган "ал-Қоида" тармоғига Афғонистондан бошпана бергани сабаб ўлароқ кўрсатилган.

Сурат манбаси, .
Афғонистон Толибон ҳаракати яқин-яқингача минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи бўлган.
Халқаро ҳарбий доираларда ҳаракат сафларидаги доимий аъзоларининг сони 100 мингга яқин экани айтилган.
Ўзи Афғонистонда қудратга қайтган қисқа вақтнинг ичидаёқ хавфсизлик кучлари сонини 150 мингга етказган ва шу кунларда бу рақамларни яна эллик мингтага ошириш режасида эканини ҳам расман баён қилган.
Уларнинг бу каби баёнотлари айнан Толибон муваққат ҳукуматининг халқаро миқёсда тан олинмаётгани манзарасида янграгани билан ҳам минтақавий экспертларнинг эътиборларига тушмай қолмаган.
Бу каби йирик Армия эса, Ўзбекистон илова аксарияти Афғонистонга чегарадош бирор бир Марказий Осиё давлати ҳукумати ихтиёрида йўқ.
Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон дунёнинг турли жангари ташкилотлар фаол бўлган саноқли давлатларидан бири бўлади, ўзбек жангари гуруҳлари ҳам бошпана топиб келган, келаётган мамлакат саналади.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам ўз вақтида Афғонистон Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган.
Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.
Ўзбекистон Президенти Толибон қудратга келишидан саноқли кунлар ўтиб, Афғонистондаги вазиятга тўхталган.
Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун "ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирган.
"Мудофаа қудратлари ҳар қандай вазиятга тайёр экани ва Афғонистондаги вазиятни назорат қилиб турганликлари"ни баён қилган.
Президент Мирзиёев Толибоннинг Доҳадаги сиёсий лидери Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслигига ваъда бергани ва ўз ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқотда бўлишлари "табиий" эканини айтган.
Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича "Толибон" ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турганини маълум қилганди.
Воқеаларнинг бу каби ривожи нимани англатади? Халқаро ҳамжамият Толибон муваққат ҳукуматини барибир тан олишга мажбур бўладими? Би-би-си Ўзбек хизмати сўнгги хабарлар манзарасида худди ана шундай саволлар билан Ўзбекистондан етакчи минтақавий сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди:

Сурат манбаси, .
Камолиддин Раббимов: Менинг назаримда бу ерда бир вақтнинг ўзида иккита вазифа қўйилаяпти. Биринчиси - Толибонга қўйилган шартлар, авваламбор, инклюзив ҳокимият, инклюзив ҳукумат шакллантириш талаби қанчалик бажарилаяпти ва бажарилмаётган бўлса, худди шу орқали Толибонга қўшимча сигнал бериш ёки босим ўтказиш.
Иккинчидан, БМТга аъзо давлатларнинг маълум бир қисми хавотирдаки, Афғонистондаги ижтимоий, иқтисодий вазият яна таранглашиб бораяпти ва у ерда ўрнатилган тинчлик қайтадан фуқаролик урушига айланиб кетиши хавфи бор. Яъни, шундай бир тафаккур ҳам бир қанча давлатларда йилдан йилга кучайиб бораяпти.
Чунки Толибон ҳокимиятга келганидан кейин у халқаро даражада тан олинмади ва йиллар давомида, кейинги 20 йилда, яъни 2001-2021 йиллар оралиғида Афғонистон жамияти четдан берилган катта молиявий ёрдамлар ҳисобига яшаб келди. Ва тан олинмаган Афғонистон ҳокимияти ҳозир ташқи дунёдан тўлақонли ёрдам ололмайди, музлатилган пулларини ҳам қайтаролмаяпти.
Шундан хавотир кучайиб бораяптики, амалдаги Афғонистон ҳокимияти, яъни Толибон бу - барқарор омил, у йўқолмайди, ҳаттоки, Афғонистонда беқарорлик пайдо бўлганда ҳам, яна ҳокимиятдан йиқитилиши мумкин, лекин сиёсий куч сифатида йўқолмайди.
Яъни, Афғонистонда қайтадан фуқаролик уруши, партизанлик уруши бошланиши мумкин ва мана шу фонда Толибон мухолифат ёки қайтадан урушаётган томоннинг биттасига айланиши мумкин. Бу, албатта, кўпчиликни безовта қилади. Айниқса, минтақа мамлакатлари ва яна баъзи қудратли давлатларни ҳам.
Демак, босим ўтказиш орқали унга қўйилган шартларга эришиш имконсиз бўлар экан, баъзи бир давлатлар босқичма-босқич расмийлаштириш орқали Толибонни ижтимоийлаштириш, дунё ҳамжамиятининг масъул аъзосига айлантириш тактикасини қўллаётган, яъни ўйлаётган бўлиши мумкин. Яъни, муҳокамаларга қўйилишининг ўзи маълум бир сигналки, Толибонни тан олиш вақти келаяпти, агар Толибонни тан олмайдиган бўлсак, уни халқаро даражада расмийлаштирмайдиган бўлсак, вазият яна қайтадан издан чиқади ва бу орқали ҳамма, жумладан, авваламбор, Афғонистон жамияти кўпроқ азоб чекади, деган бир тафаккур, менимча, кучайяпти.
Чунки Толибоннинг ҳокимиятга келганига, мана, бир ярим йилдан ошди. Август ойида, мана, икки йил бўлади.
Биласизми, менимча, бу ерда икки томон маълум бир муросага борса керак.
Чунки Толибон мафкуравий ҳаракат ва баъзи бир масалаларда муросага бора олмайди.
Иккинчидан, экспертлар, ташқи дунё, халқаро ташкилотлар шу нарсани яхши биладики, Толибон ҳаракатининг ичида ўнг ва сўл қанот мавжуд.
Сўл қанот бу дунё ҳамжамиятини, халқаро ўйин қоидасини яхши тушунадиган, асосан қўштирноқ ичида "дипломатлар", деб айтиладиган куч.
Лекин ўнг қанот бу ўша жангарилар. Улар халқаро муросалар, демакки, мафкураларидан чекинишни ўзларига жуда ҳам оғир олишади. Ва халқаро ҳамжамиятнинг бугунги кунда Толибонга таъсир қилувчи реал инструментлари мавжуд эмас.

Сурат манбаси, AFP
Толибон, мана, инклюзив ҳукумат, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари борасида, собиқ ўша Ашраф Ғаний ҳукуматидан ишлаган шахсларга ҳам имконият бериш, уларни ҳукуматга тортиш масалаларида муросага тўлақонли бора олмаслигини Толибон ўзи ҳаракат қилиб кўрсатди. Чунки ичкарида зиддиятлар чиқди. Толибоннинг ўнг қаноти билан сўл қаноти тўқнашди.
Энди, мана шу каби шароитда халқаро ҳамжамиятнинг, ташқи дунёнинг Толибонга босим қилиш имкониятлари жуда ҳам чекланган.
Албатта, қўшни давлатлар Толибоннинг инклюзив ҳукумат қилишини, нормал давлат бўлишини жуда ҳам истайди.
Айниқса, Ўзбекистон. Чунки у ерда 5-6 миллионлик этник ўзбек гуруҳи ҳам мавжуд. Тожикистон, Покистон ҳам худди шуни истайди. Эрон ҳам.
Лекин бу ерда, ўйлайманки, Толибонни тан олиш-олмаслик борасида бир-бирини инкор қилувчи маълум бир геосиёсий лойиҳалар ҳам мавжуд.
Чунки Афғонистонда беқарорлик пайдо бўладиган бўлса, демакки, бу ташқи дунёдаги баъзи бир геосиёсий кучларга қулайроқ бўлиши мумкин.
Яъни, дейлик, Хитойнинг ўша лойиҳалари, Афғонистон орқали транспорт йўлаги лойиҳалари амалга ошмаслиги учун, деган қарашлар ҳам йўқ эмас.
Лекин Ғарбнинг ўзида ҳам бу ерда иккиламчи манфаат мавжуд. Бир томондан, айтайлик, Афғонистонда тинчлик бўлиши бу - Европа Иттифоқининг манфаатларига тўғри келади кўпроқ. Чунки Франция, Германия - Европага қочқинлар оқими керак эмас.
Ва у ерда муқобил транспорт-логистика лойиҳаларининг ривожланиши - умуман қитъанинг ривожланишига ижобий таъсир қилади.
Ва, ўйлайманки, агар овозга қўйилса, Толибонни тан олиш,олмаслик масаласида БМТ Хавфсизлик Кенгаши доирасида бир муросага келиниши қийинроқ бўлади.
Лекин Бош Ассамблея даражасида овозлар кўпроқ тўпланиши мумкин, деб ўйлайман. Толибоннинг ижтимоийлашуви, унинг қўшни давлатлар билан келишиб, дипломатик мулоқотларни нормал бир оҳангда давом эттириши бу - Ўзбекистон учун муҳим.

Сурат манбаси, RASMIY
Чунки, мана, ўша Қўштепа каналининг қазилиши бугунги кунда минтақа давлатлари учун жудаям ноқулай бир омил. Бир томондан, Афғонистоннинг ҳақ-ҳуқуқи мавжуд, иккинчи томондан, қолган давлатларга бу жуда ҳам жиддий экологик ёки сув танқислиги каби муаммоларни яратади.
Қолаверса, Толибон, масалан, авваламбор Тожикистон учун, бошқа жиҳатдан, Ўзбекистон учун ҳам анча мураккаб ҳамкор. Буни очиқ айтиш керак. Яъни, Толибон қулай ҳамкор эмас.
Ва, шунинг учунки, Ўзбекистон бир томондан Толибоннинг тан олинишини истайди. Иккинчи томондан, бу Ўзбекистоннинг манфаатларига тўғри келувчи тан олиниш бўлишини хоҳлайди.
Энди биринчи бўлиб, масалан, инклюзив ҳокимият бўладиган бўлса, бу Ўзбекистон учун жудаям билан қулай маъмурият бўлади Афғонистонда.
Чунки у ерда этник ўзбеклар бор. Масалан, Ҳамид Карзай ёки Ашраф Ғаний ҳокимияти даврида у ердаги ўзбеклар мисли кўрилмаган бир ютуқларга эришди. Уч юздан ортиқ оммавий ахборот воситалари бор эди, Алишер Навоий куни бор эди, Ўзбек тили куни бор эди, ўша собиқ президентлар ўзбек тилида Ўзбек тили куни билан халқни табриклар эди. Буларнинг ҳаммаси йўқотилди бугунги кунда.
Яъни, толиблар, аслида диний ниқоб остида пуштунлаштириш ёки кучли бир этник марказлашган бир сиёсат олиб бораяпти.
Буни Ўзбекистон кўриб турибди, буни Тожикистон кўриб турибди. Ёки дунё ўзбеклари, тожиклари, ҳазоралари кўриб турибди.
Ва инклюзив ҳокимият қурилиши, қилиниши ва у ерда, жумладан, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларининг таъминланиши ҳам уларга қўйилган шартларнинг бажаришини англатади ва аслида қўшни давлатларнинг манфаатларига ҳам тўғри келади.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














