Янгиликлар. Афғонистон: Мирзиёев бежизга огоҳлантирмаганмиди - ИШИД Ўзбекистон билан чегарадош Балхда шов-шувли ҳужумга қўл урди O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

Сурат манбаси, TALIBAN
ИШИД Афғонистон шимолида шунчалик кучайдими?
Бу каби ҳужум Афғонистонда Толибон қудратга қайтиши ортидан кузатилмагани айтилмоқда.
Алоқадор мавзулар:
Шов-шувли ҳужум

Сурат манбаси, Screenshot
Пайшанба кунги ҳужум Балх вилояти ҳокими Муҳаммад Довуд Музаммийни ўлдирган.
Ҳужум ҳокимнинг вилоят маркази Мозори-Шариф шаҳридаги идорасида амалга оширилган.
Муҳаммад Довуд Музаммий Афғонистон Толибон ҳаракатининг муҳим қўмондонларидан бири саналган.
У Толибоннинг Афғонистонда ҳокимиятни қайта эгаллаган 2021 йилдан буён ўлдирилган энг юқори мартабали мулозими бўлган.
Шов-шувли худкушлик ҳужумига масъулиятни яна Афғонистондаги ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан.
Ҳодиса ИШИД Афғонистон шимолида ҳам қайта фаоллашишга муваффақ бўлганига оид жиддий хавотирлар манзарасида юз берган.
ИШИДнинг Хуросон қаноти жорий пайтда Афғонистондаги энг фаол жангари гуруҳ бўлади.
У Толибоннинг "ашаддий" рақиби саналади.
Афғонистонда Толибон қудратга қайтиши ортидан амалга оширилган энг қонли ҳужумларга масъулиятни ҳам айнан шу гуруҳ ўз зиммасига олиб чиққан.
Муҳаммад Довуд Музаммий ўтган йил октябрь ойида Балх вилоятига ҳоким этиб тайинланган.
Аммо бунгача ИШИД Хуросон қанотининг Афғонистондаги таянч нуқталаридан бири саналувчи шарқий Нангаҳор вилоятига ҳокимлик қилган.
Нангарҳорга ҳокимлиги пайтида айнан худди шу гуруҳга қарши кураш олиб борган.
Стратегик муҳим вилоят

Сурат манбаси, OFFICIAL
Шимолий Балх Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ягона вилояти бўлади.
Ўзбекистон Толибон қудратга қайтиши арафасида, ўтган йилнинг июнида 21 июнь куни Афғонистон билан чегарасини вақтинчалик ёпган.
Ўшанда бунинг сабабини Афғонистондаги ковид билан боғлиқ кескинлашиб бораётган вазият билан изоҳлаган.
Бунинг ортидан чиқарган устма-уст баёнотларида эса, Афғонистоннинг минтақага чегарадош шимолий вилоятларидаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганликларини маълум қилган.
"Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилиши, давлат чегарасини бузганларга эса, энг кескин чоралар кўрилиши" билан огоҳлантирган.
Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош, дунёнинг асл илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ва ўз вақтида айнан Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган ўзбек жангари гуруҳлари ҳали-ҳануз бошпана сақлаб келаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Яқин Шарқдаги ИШИД эса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистонда экан, 2015 йилда сўнгги бор тўлиғича байъат келтирган жангари гуруҳ саналади.

Сурат манбаси, ...
Ўзбекистон Президенти Толибон қудратга келишидан саноқли кунлар ўтиб, Афғонистондаги вазиятга тўхталган.
Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун, " ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирган.
"Мудофаа қудратлари ҳар қандай вазиятга тайёр экани ва Афғонистондаги вазиятни назорат қилиб турганликлари"ни баён қилган.
Президент Мирзиёев Толибоннинг Доҳадаги сиёсий лидери Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслигига ваъда бергани ва ўз ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқотда бўлишлари "табиий" эканини айтган.
Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича "Толибон" ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турганини маълум қилганди.
ИШИДнинг сўнгги ҳужуми эса, Ўзбекистон президенти халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини Афғонистондаги вазиятга яна бир бор тортиши ва Тошкент Афғонистонга қўшни давлатлар саммитига мезбонлик қилишидан саноқли кун ўтиб кузатилган.
Шавкат Мирзиёев Афғонистон можаросига Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳининг куни-кеча Бокуда бўлиб ўтган саммити чоғида хосан тўхталиб ўтган.
Ўзбекистон президенти ўз чиқиши чоғида Яқин Шарқ минтақаси ва Афғонистонда узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган низоларнинг глобал ечими ҳанузгача топилгани йўқлигини урғулаган.
Ўзбекистон президенти ўз чиқишида терроризм ва экстремизм масаласига хосан тўхталган.
Буни барча давлатларда хавф-хатари ўсиб бораётган муаммо сифатида тилга олган.
Мазкур хавф-хатарга қарши Ташкилот доирасида амалий алоқаларни кучайтириш тобора долзарб тус олаётганини алоҳида таъкидлаган.
Ўзбекистон президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ қилиш жараёнида Хавфсизлик Кенгаши таркибида Қўшилмаслик ҳаракати аъзоларининг ҳам доимий ўрни бўлиши кераклигини айтганди.
Агар, Ўзбекистондаги етакчи маҳаллий интернет нашрларининг хабарларига таянилса, Тошкентдаги сўнгги саммит иштирокчилари ҳам "Афғонистонда жойлашган барча террорчилик гуруҳлари минтақавий ва глобал хавфсизликка жиддий таҳдид солишда давом этаётганини таъкидлашган".
"Амалдаги де-факто афғон ҳукуматини мамлакатдаги террорчилик гуруҳларини йўқ қилиш бўйича янада самаралироқ чоралар кўришга қатъий чақиришган".
Минтақа ва ИШИД хавфи
Шавкат Мирзиёевнинг Бокудаги чиқиши эса, Россия ва Россия шамсияси остидаги ташкилотларнинг Марказий Осиёга ИШИД хавфи таҳдиди кучайиб бораётганига оид огоҳлантиришлари манзарасида кузатилган.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бирлашган штаби бошлиғи ўтган ой Афғонистонда ИШИД жангарилари сони 6500 минг нафарга етганини айтган.
Анатолий Сидоров бу жангарилардан "4 мингтаси ҳозир Тожикистон билан чегаралар яқинида жойлашганлиги"ни ҳам иддао қилган.
Ўша пайтда унинг ИШИД жангарилари Марказий Осиё чегараларига яқинлашаётганига оид даъвосига аксарият минтақа давлатлари пойтахтларининг расмий муносабатлари ноаён қолганди.

Сурат манбаси, .
Афғонистонда ҳозир Толибоннинг Исломий Амирлиги ва ҳали-ҳануз дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олинмаган муваққат ҳукумати амал қилади.
Ҳаракат расмий Вашингтон билан 2019 йилда имзолаган "тарихий" битим шартларига кўнган, бирор бир жангари гуруҳнинг Афғонистондан бошпана топиши ва учинчи бир давлатга ҳужум қилишига изн бермасликка рози бўлган.
ИШИД Хуросон қанотининг сўнгги йилларда уюштираётган қонли ҳужумлари манзарасида ўзларининг уларни ҳам жиловлашга қодир эканликларини баён қилган.
Ҳар бир ҳужум ортидан, гуруҳ жангариларига қарши рейдлар уюштирган, уларнинг катта сондаги аъзоларини ўлдирганликлари ва ҳибсга олганликларига оид баёнотлар билан ҳам чиққан.
ИШИД Хуросон қаноти эса, ўтган йил Ўзбекистонни Афғонистон ҳудудидан туриб илк бор ракета ҳужумига тутишга ҳам муваффақ бўлганлигини иддао қилган.
Гуруҳ сўнгги пайтларда ўз ҳужумлари баробарида пропагандасини ҳам янада кучайтирган.
Шавкат Мирзиёев ва Абдулазиз Комилов гуруҳ энг кўп тилга олаётган номлардан бирига айланган.
2019 йилги худди ўша "тарихий" битим шартларига мувофиқ, халқаро коалиция кучлари Афғонистонни буткул тарк этган.
Афғонистонда бирор бир хорижий иттифоқ аскари қолмаган.
Ўзбекистон ва Афғонистон

Сурат манбаси, ScREENSHOT
Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.
Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси қолган ташқи чегараларининг ичида энг қисқаси бўлади.
Аммо Ўзбекистон билан икки ўртада Афғонистоннинг халқаро аҳамиятга молик ва Шимолий Таъминот тармоғининг энг муҳим узви бўлган Ҳайратон кўприги ва порти жойлашган.
Икки давлатни муҳим муҳим автомобиль, поезд ва сув йўллари боғлаб туради.
Бу йўллар орқали Афғонистон импортининг ярмига яқини ўтиши ҳам айтилган.
Афғонистон Ўзбекистоннинг энг муҳим ташқи бозорларидан бири сифатида ҳам кўрилади.
Ҳозир Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларининг барчаси ҳам толиблар назорати остида.
Толибон Афғонистонни яна ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган, мамлакатни эса, муваққат ҳукумати бошқаради.
Лекин ҳозирча Ўзбекистон илова дунёнинг ҳеч бир давлати Толибон ҳокимиятини Афғонистонда қонуний, деб расман тан олмаган.
Айнан Афғонистон жўғрофий жойлашуви назарда тутилганда, Марказий ва Жанубий Осиёни бир-бирига боғлаши мумкин бўлган оралиқ давлат сифатида кўрилади.
Жаҳон бозорига денгиз орқали чиқиш йўллари бўлмаган Ўзбекистон учун ҳам янги имкониятлар эшигини очиши мумкин бўлган мамлакат ўлароқ эътироф этилади.
Ўзбекистонга Афғонистонда ҳали АҚШ ва Нато кучлари ҳозир бўлган 2019 йилги сўнгги амалий ташрифи чоғида эса, Толибон юқори мартабали сиёсий ҳайъати расмий Тошкентни мамлакатда бошлаган лойиҳаларини ниҳоясига етказишга чақирган.
Улар сирасида Ўзбекистоннинг Мозори Шарифга темир йўл ётқизиш, Афғонистон шимолини электрлаштириш каби лойиҳаларини тилга олиб ўтган.
Толибон ҳайъати ўшанда бу ишлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-сотиқ алоқаларининг кенгайишига хизмат қилишини билдирган.
Афғонистоннинг ўзлари назорат қиладиган ҳудудларида Ўзбекистоннинг лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашларини ҳам баён қилганди.
Расмий Тошкент ўзининг баёнотларида Афғонистондаги "Ички афғон кучларининг инклюзив ҳукумат шакллантиришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини қўллаб-қувватлашлари"ни баён қилиб келади.
Афғонистон дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги этник ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати сифатида кўрилади.
Аммо узоқ йиллик урушлар сабаб, Афғонистон аҳолиси бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган, худди шу боис ҳам, мамлакатдаги миллий озчиликларнинг аниқ фоизига оид ишончли рақамлар имконли эмас.
ИШИД Хуросон қаноти

Сурат манбаси, Getty Images
Россия ва Россия шамсияси остидаги ташкилотларнинг Марказий Осиёга Афғонистон таҳдидига оид баёнотлари, бошқа томондан, расмий Кремлнинг минтақа давлатларига босим ўтказиш, уларни ўзининг орбитасига янада кучлироқ тортиш ҳаракати сифатида ҳам талқин этилиши бор гап.
ИШИДнинг Хуросон қанотига гуруҳ Ироқ ва Сурияда қудратининг чўққисида бўлган, исломий халифатини барпо этишга муваффақ бўлган 2015 йилда асос солинган.
Аммо орада кечган вақт давомида ИШИД АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучлари томонидан Яқин Шарқда мавҳ этилган, халифати ҳам тугатилган.
ИШИДнинг Хуросон қаноти эса, ўз сафларига ҳам Афғонистон ва ҳам Покистондан жиҳодчиларни, айниқса, ўз ҳаракатининг фаолиятидан норози собиқ толибларни кўпроқ ёллаб келади.
Гуруҳ куч-қудратга тўлган пайтда аъзолари сони 3 мингтагача етган.
Аммо орада анча заифлашган.
АҚШ, афғон кучлари ва Толибон билан кечган қақшатқич жангларда жиддий йўқотишларга учраган.
ИШИД Хуросон қанотининг Афғонистондаги қайта фаоллашуви халқаро коалиция кучлари мазкур гуруҳнинг Яқин Шарқдаги асосини мавҳ этишганига оид баёнотларидан саноқли йиллар ўтиб кузатилмоқда.
ИШИД сафларида Сурия ва Ироқда жанг қилган ўзбек жангариларининг сўнгги тақдирлари борасидаги аниқ маълумотлар эса, ҳануз имконсизлигича қолмоқда.
2018 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти минтақавий аксилтеррор бўлинмаси ижроий қўмитаси раиси, "Сурияда омон қолган ИШИД жангариларининг 90 фоизи Афғонистонга ўтишган"ини даъво қилиб чиққан.
У, "бу жангариларнинг 80 фоизи Россия, Марказий Осиё ва Хитой фуқаролари бўлишгани, улардан 4500 нафари Афғонистон шимолига сафарбар этилишгани"ини иддао қилган.
Аммо ўшанда Жумахон Ғиёсовнинг айни мазмундаги баёноти минтақавий экспертларнинг қарама-қарши акс-садоларига сабаб бўлган, бу Кремлнинг ўз геосиёсий мақсадлари йўлидаги навбатдаги "олабўжи" сиёсати сифатида ҳам талқин этилганди.
Яқин Шарқда "деярли тор-мор этилгуни"га қадар ИШИД гуруҳи сафларида икки мингдан тўрт мингтагача Марказий Осиё фуқаролари жанг қилишгани ишонилган.
Ўзбекистон халқаро рейтингларда Марказий Осиёнинг Қуролли кучлари энг жанговари бўлган давлати сифатида эътироф этилади.
Расмий Тошкент сўнгги йилларда Афғонистон билан чегарасида турли ҳарбий ўқув машғулотларини ҳам фаоллаштирган.
Аммо, худди шунинг баробарида, Толибон муваққат ҳукумати билан дипломатик жабҳада ҳам ўзининг саъй-ҳаракатларига зўр берган.
Толибон муваққат ҳукуматидан сўнгги сўровларидан бири эса, халқаро террорчи гуруҳлар билан алоқасини батамом узиш бўлган.

Сурат манбаси, .
ИШИД Хуросон қаноти "Ҳаққоний" тармоғи орқали Афғонистон Толибон ҳаракатининг билвосита иттифоқчиси сифатида ҳам кўриб келинган.
ИШИД ҳозир Толибоннинг янги ҳукумати учун жиддий бошоғриққа айланиши мумкин.
Бу масала Ғарб махсус хизматларини ҳам ташвишга солиб келади.
Афғонистон Толибон ҳаракати эса, яқин-яқингача минтақадаги энг йирик ва энг жанговар жангари гуруҳ сифатида эътироф этилган.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













