Янгиликлар: Россия ва Путин нега огоҳлантирганди ёки Ўзбекистон ва Қозоғистон нимадан хавотирда? Podkast O‘zbekiston Qozog‘iston Rossiya Yangiliklar

Kollaj

Сурат манбаси, kollaj

    • Author, Феруза Раҳмон
    • Role, bbc.com/uzbek
  • Ўқилиш вақти: 14 дақ

Хавф кучайдими? Янги саволлар ўртага чиқмоқда...

Алоқадор мавзулар:

Хавф кучайдими? Янги саволлар ўртага чиқмоқда... - "Бу нима дегани?" таҳлилий подкастимизда:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Нима гап?

ISHID Xuroson qanoti

Сурат манбаси, Other

Сурат тагсўзи, Агар халқаро ҳарбий экспертларнинг баҳоларига таянилса, айнан ИШИДнинг Хуросон қаноти Афғонистонда қудрат алмашган сўнгги бир неча йилнинг ўзида гуруҳнинг энг жанговар, энг мутаассиб ва энг шафқатсиз тармоғига айланишга қодир бўлган, амбициялари биргина Афғонистон билан чекланмаслиги, чегараоша ҳужумлар уюштириш ниятида эканини ҳам амалда исботлашга улгурган.

Сўнгги бир неча ойнинг ўзида ИШИД ва унинг Афғонистондаги Хуросон қаноти номи дунёда устма-уст сарлавҳаларга чиқди.

Эрондаги ҳалокатли қўшалоқ портлашлардан қисқа вақт ўтмай Россиянинг бу яқин тарихидаги энг қонлиси бўлган ҳужумга ҳам масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққан гуруҳ яна айнан Яқин Шарқдаги ИШИД бўлди.

Аммо гуруҳ Кирмон мисолида бўлгани каби Москвадаги ҳужум ҳам ўзининг қай бир қаноти ёки тармоғи иши эканини очиқламади.

Америка томони эса, ўнлаб кишининг умрига зомин бўлган ҳар икки давлатдаги ҳужум ортида ҳам ИШИДнинг Афғонистондаги Хуросон қаноти турганлигини даъво қилди, бунга далиллари борлигини айтди.

Уларнинг айни мазмундаги даъволарига ИШИД ва гуруҳ Хуросон қанотининг муносабати ҳали-ҳануз маълум эмас.

Россия президенти бироз ўтказиб бўлса-да, Москвадаги ҳужум "исломий радикаллар иши" эканини тан олди, аммо ўзининг эътиборини "буюртмачи"ларига қаратиб, расмий Киев қатъиян рад этса-да, уни яна Украинага боғлади.

ISHID Xuroson qanoti

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, ИШИД Хуросон қаноти сўнгги ойларда ўз ҳужумлари баробарида пропагандасини ҳам янада кучайтирган. ИШИДнинг Хуросон қанотига 2014 йилда Жанубий Осиёдаги тармоғи экани айтилиб, Покистонда асос солинган, аммо жорий пайтда Афғонистондаги энг фаол жангари гуруҳ.

Эроннинг Афғонистондаги махсус вакили Кирмондаги ҳужумдан кейин Москва мисолида бўлгани каби ўзларини ҳам ИШИД ҳужуми хавфидан аввалдан огоҳлантирган Америка Қўшма Штатларини мазкур гуруҳни "ҳануз қўллаб-қувватлаётганлик"да айблади.

Эрондаги қўшалоқ портлаш мисолида "ИШИД Афғонистонда етарлича салоҳиятга эга эмаслиги, унинг бутунлай мағлуб этилганини таъкидлаганча, Америка томонининг даъволарини кескин рад этган Толибон муваққат ҳукумати эса, Россиядаги ҳужумга келганда "уни кескин қоралаши"ни баён қилишини айтиш билан кифояланди.

Воқеаларнинг устма-уст қонли ҳужумлар билан боғлиқ сўнгги ривожи бундан беш йилча бурун ИШИД турли халқаро коалициялар, Сурия ва Ироқ ҳукумати хавфсизлик кучлари томонидан мавҳ этилгани, гуруҳ Яқин Шарқда асос солган Исломий халифати йўқ қилингани, унинг Афғонистондаги Хуросон қаноти эса, аввалига ҳали мамлакатда экан, АҚШ қўшинлари, кейин эса, айниқса, қудратга қайтиши ортидан Толибоннинг ҳам устма-уст амалиётлари остида жиддий заифлашганига оид баёнотлар ортидан кузатилди.

Ҳар икки қонли ҳодиса ҳам, бошқа томондан, Толибон расмий Вашингтон билан 2020 йилда имзолаган "тарихий" битим шартларига мувофиқ дунё, шу жумладан, Ўзбекистон ва минтақа давлатларини бирор бир жангари гуруҳнинг афғон тупроғидан туриб четга ҳужум қилишига йўл қўймаслигига қайта-қайта ишонтириб келаётган бир манзарада юз берди.

Аммо, агар халқаро ҳарбий экспертларнинг баҳоларига таянилса, айнан ИШИДнинг Хуросон қаноти Афғонистонда қудрат алмашган сўнгги бир неча йилнинг ўзида гуруҳнинг энг жанговар, энг мутаассиб ва энг шафқатсиз тармоғига айланишга қодир бўлган, амбициялари биргина Афғонистон билан чекланмаслиги, чегараоша ҳужумлар уюштириш ниятида эканини ҳам амалда исботлашга улгурган.

Гуруҳ Афғонистон ичкариси ва ташқарисига қаратилган ҳалокатли ҳужумларини фаоллаштириш баробарида ўзининг пропагандасини ҳам кучайтиргани кузатилган, айниқса, Толибон муваққат ҳукумати билан яқин муносабатлари боис, Россия, айрим Марказий Осиё давлатлари лидерлари ва хавфсизлик масъуллари улар энг кўп тилга олувчи номлардан бирига айлангани кўрилган.

ИШИД масъулиятини ўз зиммасига олган Москвадаги қонли ҳужум ортидан эса, Россиянинг ҳатто Толибон ҳаракатини ўзининг "террорчи ташкилотлар" рўйхатидан чиқариш илинжида экани маълум бўлган.

Шу кунларда пойтахт Москвадан олинаётган айни мазмундаги хабарларга ИШИД ва Хуросон қанотининг муносабати ҳозирча имконли эмас.

ИШИДнинг Хуросон қанотига 2014 йилда Жанубий Осиёдаги тармоғи экани айтилиб, Покистонда асос солинган, аммо жорий пайтда Афғонистондаги энг фаол жангари гуруҳ, мамлакатда қарийб уч йилдан буён қудратда бўлган Толибон ҳаракати билан "азалий ва ашаддий" рақиб, аммо айрим халқаро ҳарбий таҳлилчилар фикрича, "Ҳаққоний" тармоғи орқали билвосита иттифоқчи.

ИШИД-Хуросон қанотининг Афғонистонда қайта кучайишига 2020 йилда расмий Вашингтон билан эришишга муваффақ бўлган "тарихий" келишуви ортидан Толибоннинг бошқарувга қайтиши, АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг узоқ йиллик афғон можаросига якуний ечим топмай, Афғонистонни буткул тарк этиши ва мамлакатнинг амалдаги сайланган ҳукумати қулаб, орада қудрат бўшлиғининг юзага келиши сабаб бўлган.

Ҳаракат Афғонистондаги қолган бирор бир томонга музокаралар имкониятини қолдирмай, ҳокимиятни куч билан тўлиғича қайта эгаллаган.

Бошқа томондан, қарийб уч йилдирки, Толибоннинг Афғонистондаги муваққат ҳукумати дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олинмаган.

Xarita

Сурат манбаси, SKRINSHOT

Сурат тагсўзи, Воқеаларнинг сўнгги ойлардаги ривожи ва Москвадаги ҳужум эса, айнан Россия минтақа давлатларини Афғонистондаги ИШИД таҳдиди билан муттасил огоҳлантиришга ўтган, ўз наздидаги хавфни Марказий Осиёдаги ҳарбий базаларини кучайтириш билан аритиш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.

ИШИД-Хуросон қанотининг Афғонистон қолиб, энди ўзининг эътиборини четга қаратаётгани эса, яқинда АҚШ Миллий Аксилтеррор маркази томонидан ҳам "воқеаларнинг энг ташвишга молик ривожи" сифатида тилга олинган.

Аммо, бошқа томондан, президенти бўладими, Ташви ишлар ёки Мудофаа вазирлари - Россиянинг ўзи ҳам сўнгги йилларда худди шунга ўхшаш хавотирларини расман ва ошкора изҳор этиб келади.

Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бирлашган штаби бошлиғи эса, ўтган йил Афғонистонда ИШИД жангарилари сони 6500 мингтага етганлигини маълум қилган.

Анатолий Сидоров ўшанда бу жангарилардан "4 минг нафари ҳозир айнан Тожикистон билан чегаралар яқинида жойлашганлиги"ни айтган, "энг катта хавфни айнан ИШИД ва "ал-Қоида" тармоғи туғдириши"ни таъкидлаган.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бирлашган штаби бошлиғи шундай деркан, Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош жанубидаги вазиятни "мураккаб", деб ҳам атаган.

Унинг чиқишидан кун ўтиб, Тожикистон Ички ишлар вазири ўзларининг "ҳар қандай таҳдидга тайёр эканликлари"ни айтиб чиққан.

Рамазон Раҳимзода, "керак бўлса, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти кучлари ишга солиниши"ни ҳам баён қилган.

Анатолий Сидоров ҳам Афғонистондан Тожикистонга хавф туғилишига йўл қўймасликлари, "туғилган тақдирда, ташкилот кучлари 12 соат ичида жавоб қайтаришга қодир эканликлари"га ишонтирганди.

Воқеаларнинг сўнгги ойлардаги ривожи ва Москвадаги ҳужум эса, айнан Россия минтақа давлатларини Афғонистондаги ИШИД таҳдиди билан муттасил огоҳлантиришга ўтган, ўз наздидаги хавфни Марказий Осиёдаги ҳарбий базаларини кучайтириш билан аритиш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам айнан Тожикистонда жойлашган.

Худди шу манзарада Москвадаги ҳужум ўзи ва иттифоқчилари хавфсизлигига бу қадар "эътибор"да бўлган бир давлатда қандай қилиб рўй берганига оид саволларни ҳам пайдо қилган.

Бошқа томондан, Афғонистон таҳдиди Марказий Осиё давлатларига босим ўтказишида расмий Кремль қўлидаги энг самарали воситалардан бири эканига оид фикрларга ҳам яна бир бор ўрин берган.

Толибон қудратга қайтиши ортидан Тожикистон баробарида Ўзбекистон ҳам ўзининг мустақиллиги тарихида илк бор Афғонистон ичкарисидан ракета ҳужумига учраган.

Афғонистонга чегарадош бу икки Марказий Осиё давлати нишонга олинган ҳужумларга масъулиятни ҳам ўшанда айнан ИШИДнинг Хуросон қаноти олиб чиққан.

Бошқа томондан, айнан Тожикистон минтақанинг Толибон билан терс, унинг муваққат ҳукумати билан фаол мулоқотга интилмаётган ягона давлати бўлади.

Эрон бўладими, Германия, Туркия, Италия ёки Россия - сўнгги пайтларда дунёнинг қатор давлатларида ИШИД билан алоқадорликда кўрилаётган ҳужумларни амалга ошириш ва режалашда гумон қилинаётганлар аксариятининг Марказий осиёликлар, хосан, Тожикистон фуқаролари бўлиб чиқишаётгани эса, воқеаларнинг сўнгги пайтлардаги ривожи фонида ҳатто халқаро миқёсда алоҳида эътиборга молик воқеъликка айланган.

Россия ва ўз вақтида ИШИДнинг таянч нуқталари саналган Сурия ва Ироққа чегарадош Туркия эса, йилларки, аксарият аҳолиси сунний мусулмон, камбағаллик ва ишсизлик ҳануз анчайин долзарб муаммолигича қолаётган, айниқса, Тожикистон мисолида ҳукуматининг диний сиёсати четда жиддий танқид ва хавотирларга сабаблигича қолаётган кўпчилик Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун қонуний ва ноқонуний йирик меҳнат бозори бўлади.

Икковлон, йилларки, ИШИД томонидан меҳнат муҳожирлари ҳисобидан ўз сафларига янги аъзолаш ёллашида энг қулай ва мақбул давлатлар сифатида ҳам кўрилишади.

Айрим нуфузли Ғарб нашрларининг ёзишича, Россия 2022 йилда Украинага очган уруш бу тенденцияни қайта кучайтирган, урушга сафарбарлик юзага келтираётган ишчи кучи тақчиллиги сабаб мигрантлар сони ортаркан, бу ИШИДга ўхшаган жангари гуруҳларга уларни ўз сафларига ёллашни янада осонлаштирган.

O'zbekiston Islomiy harakati

Сурат манбаси, SKRINSHOT

Сурат тагсўзи, Халқаро ҳарбий доираларда ўз вақтида дунёдаги энг йирик Ўзбек жангари гуруҳи сифатида кўрилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам энг сўнггида, яъни 2015 йилда Афғонистондан туриб айнан Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига тўлиғича байъат келтирган.

Дунёдаги "энг қудратли жанговар гуруҳ", деб баҳо берилган пайтда Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи сафларида юздан ортиқ давлат фуқаролари ҳам жанг қилишган, уларнинг умумий сони 40 мингдан ортиши айтилган.

Орада ИШИД сафларидаги хорижий жангариларнинг кўпи собиқ Совет Иттифоқиликлар эканига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Гуруҳнинг постсовет ҳудудидан энг катта сондаги аъзолари эса, айнан Россия ҳисобига тўғри келган.

2017 йилда Американинг Soufan тадқиқот маркази уларнинг сонини 3500 та, деб чамалаган.

Россия, бундан ташқари, дунёнинг Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўзининг тармоғи - "Кавказ вилояти"га асос солган саноқли давлатларидан ҳам бири бўлади.

Россия ичкарисида, айниқса, сўнгги ўн йилликларда ҳам устма-уст урушларга саҳна бўлган ва ҳозир ҳам нисбатан беқарор Шимолий Кавказ минтақасида масъулиятини ўз зиммасига олиб чиқиб келаётган кичик кўламдаги ҳужумлари мисолида ИШИД бу тармоғининг ҳам ҳануз буткул мавҳ этилмагани кўрилади.

Ислом дини Россияда иккинчи йирик дин саналади, мамлакатдаги сунний мусулмонларнинг сони миллионларга етади.

Россия Яқин Шарқда ИШИД жангари гуруҳи ва унинг Исломий халифати яксон этилишида муҳим ўрин тутган, гуруҳга қарши ҳарбий амалиётларида Сурия ҳукуматига яқиндан ёрдам берган.

Бошқа томондан, айрим халқаро экспертларга кўра, АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро иттифоқ кучларининг Афғонистондаги узоқ йиллик ҳарбий ҳозирлигига чек қўйиш ва ИШИД Хуросон қанотига қарши курашиш истаги орада Россияни Толибонга ҳам яқинлаштирган.

Яқин Шарқдаги ИШИД сафларида жанг қилган Марказий осиёликлар сони эса, гуруҳ куч-қудратда бўлган пайтда икки мингдан тўрт мингтагача экани тахмин қилинган.

Халқаро ҳарбий доираларда ўз вақтида дунёдаги энг йирик Ўзбек жангари гуруҳи сифатида кўрилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам энг сўнггида, яъни 2015 йилда Афғонистондан туриб айнан Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига тўлиғича байъат келтирган.

Аммо АҚШ, Россия, Франция, мусулмон давлатлари бошчилигидаги халқаро коалиция, Ироқ ва Сурия ҳукумат кучлари томонидан тор-мор этилгани эълон қилинган 2020 йилларга келиб Яқин Шарқдаги ИШИД сафларидаги бу жангарилар аксариятининг кейинги тақдири ноаён қолган.

Улардан қанчасининг ортга - ўз мамлакатларига қайтишгани, амалиётлар чоғида ўлдирилгани, қўлга олингани ёки таслим бўлганига оид ишончли маълумотлар ҳали-ҳануз кенг матбуотга имконли эмас.

Айрим халқаро тадқиқот марказлари орада эълон қилган қилган ҳисоботларда Россия мисолида ўз Ватанларига қайтганларининг сони бир неча юз экани айтилган, аммо уларда ҳам Марказий Осиё фуқаролариникига оид маълумотлар ноаниқлигича қолган.

Аммо ИШИД гуруҳи сафларидаги Марказий осиёлик жангариларнинг турли йўллар билан Афғонистонга қайтиш ҳаракатида эканликларига оид фикрлар сўнгги йилларда минтақавий экспертлар орасида кенг тарқалган.

Ўзлари тўқнаш келган ва ортида ИШИДнинг айнан Хуросон қаноти турганлиги даъво қилинаётган Эрон ҳамда Москвадаги ҳужумлардан кейин Афғонистондан чегараоша ҳужумлар хавфи ҳозир унга чегарадош Марказий Осиё минтақаси ҳукуматларининг ҳам жиддий хавотирларига молик масалага айланган.

Kobuldagi uchrashuv

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан бирга минтақанинг Афғонистонга чегарадош олтита давлатидан биттаси бўлади.

Эроннинг Кирмонидаги қонли ҳужумдан қисқа вақт ўтмай, Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати раҳбари Афғонистонга сафар қилган, унинг Толибон муваққат ҳукуматидагилар билан айнан чегара хавфсизлиги масаласини муҳокама қилгани айтилган.

Москвадаги ҳужум ортидан эса, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг сабабига расман ойдинлик киритилмаган эса-да, мамлакат ичкарисида, айниқса, жамоат жойларида хавфсизлик чораларини кучайтиришаётганига оид хабарлар олинган.

Расмий хабарларга кўра, жамоат хавфсизлиги шу ой бошида Ўзбекистон президенти ва Ички ишлар вазирининг Хитой Жамоат хавфсизлиги вазири билан пойтахт Тошкентда кечган мулоқотлари чоғида ҳам кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлган.

Томонлар хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олишган.

Жанговар тайёргарлик тадбирлари доирасида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон иштирокида Қозоғистонда кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказилишига оид хабарлар ҳам худди шу пайтга тўғри келган.

Пойтахт Тошкентда эса, Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Тошкент ҳарбий округи қўшинлари бўлинмалари томонидан махсус-тактик ўқувлар ҳам йўлга қўйилган, аҳоли шаҳар кўчаларидан ҳарбий техникалар ҳаракатланишидан ҳам огоҳлантирилган.

Шу орада Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги аҳолини айрим мессенжерлар орқали номаълум шахслар томонидан терактлар уюштириш, турли жамоат жойларини миналаштириш учун пул таклиф этилаётгани ҳақида расман огоҳлантириб чиққан.

Куни-кеча cўнгги ойларда Ўзбекистон пойтахтида диний экстремизм ва терроризмга қарши тезкор тадбирлар ўтказилаётгани, гумондор шахслар қўлга олинаётганига оид хабарлар олинган.

Ўзбекистонда 10 апрел кунига тўғри келган бу йилги Рамазон Ҳайити намози ҳам, айниқса, пойтахт Тошкент масжидларида кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида ўқилган.

Шундай экан, ИШИДнинг Хуросон қаноти бугун Афғонистонга қўшни минтақа давлатлари қолиб, ўзи мазкур гуруҳ таҳдидидан муттасил огоҳлантириб келаётган Россияга ҳужум қилиш даражасида кучайдими - нима бўлди? Воқеаларнинг бу каби ривожи энди Ўзбекистон ва қолган Марказий Осиё давлатлари учун нимани англатади?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди ана шундай саволлар билан етакчи минтақавий экспертларга мурожаат қилди:

Iqtibos

Доктор Довуд Аъзамий,

BBC Жаҳон Хизмати муҳаррири

Халқаро сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича эксперт

Довуд Аъзамий: Айрим Ғарб расмийлари ва шарҳловчилари шу йилнинг март ойида Москванинг Crocus City Hall идаги ҳужум ортида ИШИДнинг Хуросон қаноти турганига ишора қилишди.

Аммо бу ҳужум учун масъулиятни унинг Хуросон қаноти эмас, ИШИДнинг ўзи ўз зиммасига олди. Ҳозирга қадар ҳам ИШИДнинг Хуросон қаноти бундай баёнот билан чиққанича йўқ.

Шу йилнинг январ ойида Эроннинг Кирмон шаҳрида содир этилган худкушлик ҳужумида ҳам худди шундай бўлган, Хуросон қаноти эмас, ИШИДнинг ўзи бунга жавобгар эканини айтиб чиққан.

Иккинчидан, ҳар икки ҳодисада ҳам асосий ҳужумчилар асли Марказий Осиё давлати - Тожикистондан бўлиб чиқишди. Бу минтақалар ИШИДнинг Хуросон қаноти фаолият қилувчи ҳудуд. Шу боис ҳам, бу ҳужумларни режалаштирганларнинг мазкур гуруҳ билан алоқаси бўлиши мумкин. Нима қилганда ҳам, улар турли номлар остида иш олиб борувчи битта ташкилот.

Учинчидан, ИШИД глобал кун тартибига эга халқаро гуруҳдир. Худди шу каби унинг Марказий Осиё ва Жанубий Осиёда фаолият юритувчи Хуросон қаноти ҳам бир давлат билан чегараланиб қолмайди.

Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистондан бўлган юз минглаб одам иш ва бошқа сабабларга кўра дунёнинг турли давлатлари, жумладан, Россия, Туркия ва Эронда яшаб келишади.

Шу боис, ҳам ИШИД ва ҳам унинг Хуросон қаноти худди шу каби қалтис мавқеъдаги одамларнинг баъзиларига эътибор қаратиб, уларни ўз сафларига ёллашга муваффақ бўлди. Ва шунинг учун ҳам ИШИДнинг кенг минтақада ўз аъзолари ва хайрихоҳлари бор.

Тўртинчидан, ИШИД давлатлараро зиддиятлар, шунингдек, минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро шубҳа, ишонч ва ҳамкорликнинг етишмаслигидан фойдаланмоқда.

Савол: ИШИД Хуросон қанотининг ўзи, унинг кучи, Афғонистон ва ундан ташқаридаги операциялари - амалиётлари ҳақида нима дейиш мумкин?

Довуд Аъзамий: ИШИДнинг Марказий Осиё ва Жанубий Осиёни кўзда тутувчи Хуросон қаноти минтақавий гуруҳ ва қатор мамлакатларда фаолият юритади.

2016 йилнинг январида ташкил топган бўлса, ўшандан буён Афғонистон Толибон ҳаракатига қарши ҳам мафкуравий, ҳам ҳарбий жиҳатдан курашиб келади.

Ўша пайтда Афғонистон йирик можаролар гирдобида бўлиб, мамлакатнинг аксарият ҳудудлари ҳукумат назоратидан ташқарида экан, бу ўз бошпаналарига асос солиши учун ИШИДнинг Хуросон қанотига қулай имконият бўлди.

Кўпчилик аъзолари афғонлар бўлишмаса-да, ИШИДнинг Хуросон қаноти ташкил топганидан бери ҳужумларнинг аксариятини Афғонистон ичкарисида амалга оширган.

Икки гуруҳ ўртасидаги рақобат 2021 йил августида Афғонистонда Толибон ҳокимиятга қайтганидан буён кучайган.

Хорижий кучлар чиқиб кетиб, афғон ҳукумати қулаганидан бери Афғонистонда Толибон ҳукуматда.

Толибон ҳукумати ИШИДни ўзи учун хавфсизлик ва мафкуравий муаммо деб билади. Шунинг учун ҳам уни заифлаштириш ва йўқ қилиш мақсадида жуда кўп ресурс ажратди.

Ўтмишдагисидан фарқли тарзда ИШИД ҳозир Афғонистондаги ҳеч қандай ҳудудни назорат қилмайди. Шаҳар марказларидаги масъуллар топишлари нисбатан қийин бўлган яширин кичик махфий уяларида фаолият юритади.

Шу сабабли, ИШИД Хуросон қанотига Афғонистон бўйлаб четдаги ҳужумларини режалаштириши ва амалга ошириши қулай бўлган базани яратиши тобора қийин бўлиб бормоқда.

Толибон афғон ҳукумат кучлари, АҚШ ва НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучларига қарши ортиқ курашмаётгани ва мамлакат ҳукуматида ўзи экани боис, жангчиларининг асосий эътибори ИШИДнинг Хуросон қанотини яксон этиш ва ўз бошқарувига қарши ҳар қандай қуролли қаршиликнинг олдини олишга қаратилган.

Бироқ Толибон ҳукуматда янги ва турли давлат муассасаларини самарали бошқаришга қийналмоқда. Уларга ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорлик масаласида ҳам осон бўлмаяпти, чунки дунёнинг бирор бир давлати уларнинг ҳукуматини расман тан олмаган.

Савол: Бу ИШИДнинг Хуросон қаноти энди йирик таҳдид эмаслигини англатадими?

Довуд Аъзамий: ИШИДнинг Хуросон тармоғи фақат Афғонистон эмас, бутун минтақа учун хавфсизлик муаммоси бўлиб қолмоқда.

Тармоқ Толибон Афғонистонда қудратга қайтганидан сўнг мамлакатнинг турли ҳудудларида қатор ҳалокатли ҳужумлар уюштиришга муваффақ бўлди. Аммо сўнгги икки йил ичида Афғонистон ичкарисида улар ҳужумларининг сони ва суръати камайди.

Бошқа томондан, ИШИДнинг Хуросон тармоғи омон қолиш ва ўз ўрни, аҳамиятини сақлаб қолиш учун курашмоқда. Лекин, шу билан бирга, ўз қамрови ва фаолият доирасини кенгайтириш амбициясида.

2022 йил ўрталарида Афғонистоннинг чегара ҳудудидан Ўзбекистон ва Тожикистонга қарши уюштирилган ҳамда масъулиятини ИШИДнинг Хуросон қаноти ўз зиммасига олган ракета ҳужуми ушбу стратегиянинг бир қисми бўлган.

Толибоннинг ҳалокатли ҳужумларидан жон сақлаш учун ИШИДнинг Хуросон тармоғи ўз сафларига янги аъзолар ёллаш ва ўз фаолият ҳудудини кенгайтиришга ҳаракат қилиб келмоқда.

ИШИД ўзининг тарғиботини ҳам бир неча баробар кучайтирган ва минтақадаги деярли барча асосий тиллар - ўзбекча, тожикча, форс/дарийча, паштунча ва урдуда турли адабиётлар ва тарғибот материаллари тайёрламоқда.

Кўпроқ ташвиқотга эътибор қаратишининг сабабларидан бири эса, гуруҳга кўрсатилаётган босим ва ҳудудлардаги жисмоний ҳозирлигининг камайиб бораётганидир.

Ҳар бир ҳужум ва унинг оммавий ахборот воситаларида шов-шувли ёритилиши ИШИД ҳамда гуруҳнинг Хуросон тармоғига бепул реклама бўлиб беради, уларни қудратли ва ҳануз бор, фаол қилиб кўрсатади. Улар ўзларининг тарғиботларида бундай амаллардан маблағ ва хайрия олиш, янги аъзолар ёллаш ва сафларида бўлган жангариларининг руҳиятини кўтариш учун фойдаланишади.

Аввал айтиб ўтганимиздек, ИШИД халқаро гуруҳ бўлиб, бир қанча давлатларда фаолият юритади, шунинг учун ҳам унга қарши курашиш кўпмиллатли механизм ва самимий ҳамкорликни талаб қилади.

Савол: Нима учун Россия ИШИД нишонига айланди?

Довуд Аъзамий: Биринчидан, ИШИДнинг стратегияси "Ё сен биз билансан ёки бизга қаршисан" тамойилига асосланган. "Дўстона" деб кўрилмас экан, ҳар бир давлат ва ташкилот ИШИД учун қонуний нишон ҳисобланади.

Россияга ИШИДнинг учта тузилмаси таҳдид солмоқда - ИШИДнинг ўзи, 2015 йил июлида ташкил топган "Кавказ вилояти" ва худди ўша йилнинг январида асос солинган "Хуросон вилояти" минтақавий тармоғи.

Россия бир қанча ички ва ташқи сабабларга кўра ИШИДнинг асосий нишонига айланган.

Биринчидан, Совет Иттифоқининг 1979 йилда Афғонистонга бостириб кириши ҳамон ўзига хос адоват уйғотади, чунки ИШИДнинг баъзи асосчилари Афғонистон уруши фахрийлари бўлишган.

Иккинчидан, сўнгги йилларда Суриядаги Башар ал-Ассад режимини ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши ИШИД аъзолари орасида Россияга нисбатан ўша адоватни яна жонлантирган. Россия ва (Эрон)нинг Сурия ҳукуматига кўрсатган дастаги кўплаб ИШИД жангариларининг ўлдирилишига олиб келди ва Асад режимига ИШИДга бой берган айрим ҳудудларини қайтариб олишига ёрдам берди.

Учинчидан, Россия Эрон, Афғонистондаги Толибон ва Саҳелдаги хунталар каби Осиё ва Африкадаги ИШИДга қарши кураш олиб бораётган ҳукуматлар ва ташкилотлар билан иттифоқ тузди.

2022 йилнинг сентябрида Россиянинг Кобулдаги элчихонасининг икки ходими элчиликка кираверишда содир этилган худкушлик ҳужумида ҳалок бўлган камида олти киши орасида эди. ИШИД гуруҳи худкуш ҳужумчи ўзларининг аъзоси эканини айтди. Бу ҳужум Толибон 2021 йил августида ҳокимиятга қайтганидан бери Афғонистондаги бир хорижий миссияга қилинган илк ҳужум бўлди.

Тўртинчидан, Россиянинг ўзидаги икки чечен уруши (1994 ва 2000 йиллардаги) ИШИДга биргина мамлакат ичкарисида ўз сафларига янги аъзолар ёллашида қўл келмади. Бу урушлар ИШИДга алоқадорлари ҳам илова кўплаб жиҳодчиларнинг қаҳру ғазабларини қўзғатди.

Айни пайтда Россия Ғарбни, айниқса, АҚШни ИШИД ниқоби остидаги жангари гуруҳларни Марказий Осиё ва шу билан бирга Россиянинг ўзини беқарорлаштиришда қўллаб-қувватлаётганликда айблаб келади. Аммо Ғарб бу даъволарни рад этади.

Савол: Айнан Россия, айниқса, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларини Афғонистондаги ИШИД хавфидан устма-уст огоҳлантириб келаётган давлат эди. Масъулиятини ИШИД ўз зиммасига олган Россиядаги қонли терактдан сўнг аксарияти Афғонистон билан бевосита чегарадош бўлган Марказий Осиё давлатларига ИШИД таҳдиди кучайган деб айта оламизми? Минтақадан олинаётган хабарларга кўра, Россиянинг Москвасидаги қонли ҳужуми ортидан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам турли хавфсизлик чораларини кўришга ўтишган. Шу кунларда ўзбекистонлик масъуллар мамлакат аҳолисини террорчилик хуружлари ҳақида тарқалаётган чақириқлардан расман огоҳлантириб чиқишган. Марказий Осиёнинг тўртта давлати ва Озарбайжон июл ойида Қозоғистонда кенг кўламли қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказажагига оид хабарлар ҳам олинган...

Довуд Аъзамий: Биринчидан, ИШИД Афғонистон билан чегараланиб қолмаган. ИШИД янада кенг минтақада фаол.

Толибон ҳукумати 2023 йилнинг декабрида сўнгги икки йил ичида Афғонистонда ўлдирилган ёки ҳибсга олинган ИШИД жангариларининг аксарияти Тожикистон ва Покистондан эканини даъво қилганди.

Иккинчидан, Марказий осиёликлар ва Шимолий кавказликлар 2014 йил июн ойида ташкил этилганидан сўнг Сурия ва Ироқда ИШИД сафига қўшилган хорижликларнинг энг йирик гуруҳлари қаторига киради.

Улардан омон қолганларининг айримлари ҳозир ҳам турли мамлакатларда фаол.

Учинчидан, қашшоқлик ва давлат томонидан турли кўринишдаги диний эркинликларнинг бўғилиши ИШИД учун постсовет Марказий Осиё давлатларидан ўз сафларига янги аъзоларни ёллашни осонлаштиради.

Тўртинчидан, Марказий осиёликлар Россияда жуда катта ишчи кучини ташкил қиларкан, айримлари тўқнаш келаётган қўпол муносабат ва ёмон ҳаётий тажриба ҳам уларни ИШИД ва бошқа гуруҳларнинг қармоқларига илинишга мойил қилиб қўяди.

Москвадаги ҳужумдан кейин Афғонистон илова минтақа давлатлари ўртасида хавфсизлик ва разведка соҳасидаги ҳамкорликнинг кучайиши кутилмоқда.

Савол: Москвадаги ИШИД ўзи уюштирганини даъво қилган ҳужумнинг минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Довуд Аъзамий: Афғонистондаги Толибон ҳукумати ҳам Москвадаги ҳужумни "террорчилик хуружи", деб қоралади. ИШИДни "Ислом динига доғ тушириш ва бутун минтақага хавф солишни мақсад қилган жосуслик идоралари қўлидаги гуруҳ", дея атади.

Афғонистондаги Толибон ҳаракати ва ИШИДнинг Хуросон қаноти ҳарбий-мафкуравий кураш олиб бораётгани ва Москвадаги ҳужумнинг асосий айбдорлари қўшни Тожикистон фуқаролари бўлганлиги сабабли энди толиблар ҳамда Россия ўртасида хавфсизлик ва разведка соҳасидаги ҳамкорликнинг кучайиши кутилмоқда.

Айни пайтда АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро иттифоқ кучларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши ва у ердаги йирик можаронинг якун топиши Россиянинг маълум маънода енгил тин олганини англатар ҳамда Афғонистон, шу билан бирга, Марказий Осиёдаги вазият ҳам у қадар хавфли, деб кўрилмасди.

Бошқа томондан, Украина уруши билан банд бўлиб қолиши Москванинг хавфсизлик билан боғлиқ бошқа муаммоларга тенг ресурс ажратиши ва бирдек эътибор кўрсатишини қийинлаштирди.

Аммо Москва ҳужуми Россияни ресурсларни қайта йўналтириш ва ўзининг анъанавий таъсир доираси сифатида кўраётган Марказий Осиёга кўпроқ вақт ажратишга мажбур қилади.

Iqtibos

Мурод Батал Шишаний

Лондондаги "Remarks on Political Violence" гуруҳи раҳбари

Савол: Бугун ИШИДнинг Хуросон қаноти Россия ичкарисида шу қадар йирик теракт уюштиришга қодирми? Тармоқ бугун шу қадар қудрат, салоҳият ва имкониятга эга?

Мурoд Батал Шишаний: ИШИДнинг Хуросон қанотига 2014 йилда асос солинган бўлса, уни ташкил этишдан асосий мақсад - Сурия ва Ироқда ИШИД сафларида жанг қилган Марказий осиёлик жиҳодчиларни ҳам жалб қилиш, бу жиҳодчилар учун уларни яна ўз шамсиялари остига тўплаши мумкин бўлган бир гуруҳни тузиш эди.

Гуруҳ одамлар Сурияни ташлаб чиқишни бошлаган 2017, 2018-йилларга келиб фаоллаша бошлади. Афғонистон ва Покистонда қайта бирлашишга киришди.

Улар Покистон Толибон ҳаракати, "Ҳаққоний" тармоғи ва Покистон масъуллари томонидан яксон этилган бошқа жангари гуруҳларнинг собиқ аъзоларини ҳам ўз сафларига ёллай бошлашди.

Яъни бир томондан, жангарилар Марказий Осиё - Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари, бундан ташқари, яна Покистондаги жиҳодчи гуруҳларнинг омон қолган жангчиларига ўз эътиборларини қарата бошладилар.

Кейин улар Афғонистон ичкарисида қатор ҳужумларга қўл уришди. Толибонга рақибликни бошлашди.

Ҳатто ИШИДнинг Сурия ва Ироқда амалга оширганлари каби Афғонистонда ҳам хосан шиа мусулмонларининг масжидлари ва муқаддас қадамжоларини нишонга олишди.

Шундай экан, улар бу каби ҳужумни уюштиришга қодир.

Нега дейилганида, "Ал-Қоида"га ўхшаб одамларни ёллаб, уларни ҳужумга юбориш ёки Яқин Шарқдаги ИШИДга ўхшаб ўз назоратлари остидаги ҳудудларни кенгайтиришлари керакми-йуқлиги борасида жиҳодчилар ўртасида катта тортишув бўлди.

ИШИД ва унинг тарафдорлари бугун иккинчи йўлнинг имконсиз эканини англаб етишди.

Чунки 2005 йилнинг 7 июлида Лондонда уюштирилган ҳужум $10-$15 минг долларга тушган бўлса, ИШИД ўз вақтида Ироқнинг ғарбий Анбар вилоятида асос солганига ўхшаш ҳукуматни юритиш, бошқариш учун миллионлаб доллар керак бўлади. Масаланинг иқтисодий жиҳати бор.

ИШИД ҳозир ҳам буни истаса-да, аммо улар бунга ўхшаш ҳужумлар ўзларига кўпроқ эътибор тортиши, ўз рақибларини Москвадагисига ўхшаб ҳужумга тутишлари мумкин, деган тўхтамга келди.

Шунинг учун ҳам, бу уларнинг бунга қодир эканликларини англатади.

Чунки, айниқса, Украина урушидан кейин Россиядаги хавфсизлик аввалгисидек мустаҳкам эмаслиги боис бу каби бир ҳужумни уюштириш у қадар қийин эмас. Чунки барча ресурслар урушга ташланган.

Савол: Айнан Россия, айниқса, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларини Афғонистондаги ИШИД хавфидан устма-уст огоҳлантириб келаётган давлат эди. Масъулиятини ИШИД ўз зиммасига олган Россиядаги қонли терактдан сўнг аксарияти Афғонистон билан бевосита чегарадош бўлган Марказий Осиё давлатларига ИШИД таҳдиди кучайган деб айта оламизми? Минтақадан олинаётган хабарларга кўра, Россиянинг Москвасидаги қонли ҳужуми ортидан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам турли хавфсизлик чораларини кўришга ўтишган?..

Мурoд Батал Шишаний: Ҳа, Россия Марказий Осиё давлатларига доимо ўз орбитасидаги субъектлар каби муносабатда бўлган.

Улар билан хавфсизлик соҳасида юқори даражада ҳамкорликка ҳам эга.

Ҳа, бу қизиқ жиҳат.

Чунки айнан Россиянинг ўзи Марказий Осиё давлатларини ИШИДнинг Хуросон қаноти фаолият юритувчи Афғонистон таҳдидидан огоҳлантириб келган. Ҳозир эса, буни тан олмай ўтирибди.

Бундан ташқари, Америка томони ҳам уларни ИШИД Россия ичкарисида ҳужум уюштириши мумкинлигидан огоҳлантирган, аммо улар бугун буни эътироф этишни хоҳлашмаяпти.

Ҳа, биз ИШИДни ҳозир минтақа учун таҳдид, деб айта оламиз.

Улар минтақа давлатлари ҳукуматларини доимо "ноисломий", деб атаб келишган.

ttps://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002