Илк теледебатнинг илк саволи: номзодларнинг ўзи қани? Мигрантларнинг онлайн норозилиги қандай "бостирилди"? Сўхда аэропорт. Дайжест O‘zbekiston Mirziyoyev dunyo yangiliklar

Ўзбекистон президентлигига номзодлар

Сурат манбаси, official

  • Номзодлар қатнашмайдиган теледебат;
  • Сўхдаги аэропорт тайёр бўлди;
  • Мигрантлар учун солиқ қонунда йўқ;
  • Иш билан таъминласак, хорижга кетишармиди?

Номзодлар қатнашмайдиган теледебат

Ўзбекистон нашрлари мамлакатда президент сайлови тарихида биринчи теледебат бўлиб ўтишини маълум қилишмоқда.

Хабарларга кўра, 19 октябрь куни куни маҳаллий телеканалларда эфирга узатиладиган теледебатда президентликка номзодлар эмас, уларнинг вакиллари иштирок этишади.

Маҳаллий ОАВларида номзодлар теледебатида нима учун президентликка номзодларнинг ўзлари иштирок этишлари ҳақида сўз юритилмаган.

Фақатгина кўрсатувнинг вақти ва айнан қайси каналларда эфирга узатилиши билдирилган.

Ўзбекистонда президентлик сайлови шу йилнинг 24 октябрь кунига режаланган.

Унда жами беш нафар номзод беллашади.

Номзодлар орасида амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам бор.

Президентликка номзодларнинг сайловолди тарғибот кампанияларига 20 сентябрь куни расман старт берилганди.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил декабрь ойида мамлакат парламентига қилган мурожаатида президент сайлови халқаро стандартларга мувофиқ ўтказилиши кераклигини таъкидлаган.

Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайлов миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини айтган.

Яқинда эса Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар миссияси ўз ҳисоботини эълон қилганди.

ЕХҲТ ўз ҳисоботида Ўзбекистон президентлигига номзодлар ўртасида рақобат йўқлиги, юзма-юз мунозара кураши кўзга ташланмаслигини билдирганди.

Сўхдаги аэропорт

Сўхда аэропорт билан танишиш

Сурат манбаси, fergana.uz

Фарғона вилоятининг Сўх туманида аэропорт қуриб битказилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлигининг расмий сайти хабар қилди.

Хабарда айтилишича, Сўх туманининг Навобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жадал суръатлар билан барпо этилган аэродром майдони етти гектар бўлиб, узунлиги етти юз метрни ташкил этади.

Қурилиш ишлари учун давлат бюджетидан олти миллиард саккиз юз миллион сўм маблағ ажратилиб, учиш майдончаси, кутиш зали, овқатланиш шахобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойларини ўзида қамраб оладиган замонавий мажмуа ташкил этилаётгани, яқин кунларда синов учишлари амалга оширилиши кўзда тутилгани ҳам урғуланмоқда.

Ўзбекистоннинг Сўх тумани ҳар тарафдан тўлиқ Қирғизистон ҳудуди билан ўралгани боис, сўхликлар Фарғонага бориб-келишда муаммоларга тўқнашаётгандилар.

Бу эса ўз навбатида Сўх анклавида аҳоли орасида қийинчиликлар ва норозиликларни юзага келтираётганди.

2020 йилнинг май ойида шундай норозиликлардан бири чегарадаги баҳсли ҳудудда жойлашган "Чашма" булоғи бўйича кўтарилганди.

Шундан сўнг Сўхда аэропорт қуриш қарорига келинган.

Бироқ орада икки қўшни давлат Сўх-Риштон йўлини қайта очишга, барибир, келишиб олишганди.

Йўл шу йилнинг 1 апрель куни яна ўз фаолиятини бошлаган.

Пост орқали транспорт қатновига рухсат берилган.

Аммо "оғир юк ташувчи машиналарнинг ўтишига йўл қўйилмаслиги" айтилган.

Постдан фақат "20тагача ўринли микроавтобуслар ва енгил машиналар ўта олиши мумкин"лиги маълум қилинган.

Сўхдаги аэропортнинг қуриб битказилганига оид хабар худди шу манзарада чиқмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати суҳбатлашган Риштондаги манбанинг айтишича, йўл қайтиб ёпилмаган.

Ўзаро қатнов ҳеч бир муаммосиз давом этмоқда.

Мигрантлар учун солиқ қонунда йўқ

Президент Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, official

Мигрантларнинг онлайн норозилиги Ўзбекистон расмийларининг жавоблари билан "бостирилди".

Ижтимоий тармоқларда депутат Алишер Қодировнинг кескин қаршиланган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун даромад солиғини жорий этиш ҳақидаги таклифига аввало Давлат Солиқ Қўмитаси матбуот котиби жавоб тариқасида изоҳ берди.

"Бу ташаббусни амалга ошириш учун ҳеч қандай асос йўқ" - еб ёзди Sputnik Ўзбекистон қўмита вакилларига таяниб.

Хабар ДСҚ матбуот котиби Музаффар Назаровга иқтибосан "мигрантлар учун даромад солиғи Ўзбекистон солиқ қонунчилигида ёзилмаган. Ҳозирда бундай таклиф ёки ният йўқ"лигини айтади.

Аввалроқ, Ўзбекистон президентлигига номзод, "Миллий тикланиш" демократик партияси раиси Алишер Қодиров чет элда ишлаётган ватандошлар учун даромад солиғини жорий этишни таклиф қилганди.

Иш билан таъминласак, хорижга кетишармиди?

Шавкат Мирзиёев: Мигрант юртдошимизнинг ўз оиласига берган кўмагини даромад, деб солиққа тортиб бўлмайди.

Лекин ижтимоий тармоқлардаги мигрантларнинг норозиликлари тобора авж олавергач, Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида президентликка номзод сифатида сайловчилар билан учрашув чоғида мигрантларни солиққа тортиш ҳақидаги фикрларга муносабат билдирди.

Четга ишлаш учун кетаётган ўзбекистонликлар

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Четга ишлаш учун кетаётган ўзбекистонликлар

"Номзод сифатида бу масала бўйича ўзимнинг позициямни аниқ айтиб ўтмоқчиман. Ҳозирда 2,5 миллиондан зиёд фуқаромиз хорижда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Улар топаётган даромадларидан хорижда солиқларни тўлиқ тўлаб, қолган қисмини ўз оиласига жўнатмоқда. Ватандан узоқда меҳнат қилиб, ҳам ўзини, ҳам оиласини боқаётган юртдошларимизга, фақат раҳмат айтиш керак.

Бир нарсани аниқ тушуниб олиш керак: бу - солиққа тортиладиган даромад эмас! Фуқаромиз ўз оиласига берган кўмагини, даромад деб солиққа тортиб бўлмайди.

"Мигрантлар менинг фидойи фарзандларим. Бир пайтлар уларга нисбатан нотўғри таъриф ишлатилган эди. Лекин мен бу фикрга қўшилмаганман. Ўзингиз ўйланг, улар нима учун хорижга ишга кетишган? Ноиложликдан! Агар биз бу ерда иш билан таъминлаб берганимизда улар хорижга кетармиди? Йўқ! Мана, 90-йилларда мигрантлар йўқ эди-ку".

"Сўнгги кунларда уларни даромад солиғига тортиш ҳақида турли фикрлар билдириляпти. Лекин ишонтириб айтмоқчиманки, агар мен шу юртда раҳбар бўлиб ишласам, улар ҳеч қачон солиққа тортилмайди. Аксинча, уларга Ўзбекистонда шароит яратиб беришга ҳаракат қиламиз" - деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта (расман 35 милиондан ортади - таҳр.) давлати бўлади.

Йилларки, Ўзбекистоннинг миллионлаб фуқаролари чет элларда меҳнат муҳожирлигида банд.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek