Ўзбекистон: Хоразмда ҳалок бўлган журналист ва Алишер Қодиров президентликка қодирми? – Янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Алишер Қодиров банери

Сурат манбаси, Telegram/Xurshid Daliyev

  • "Халқ сўзи" газетаси мухбири Хоразмда ҳалок бўлди;
  • Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотига старт берилди;
  • Жума намозини масжидлар ичида ўқишга рухсат берилди;
  • Тошкент метросида яна носозлик кузатилди;
  • Коррупцияни ўрганувчи илк ННТ рўйхатдан ўтказилди.

Президентликка қодир номзод?..

20 сентябрдан Ўзбекистонда президент сайлови номзодларининг сайловолди ташвиқот кампаниясига старт берилган.

Ўз сайловолди кампаниясини бошлаган президентликка номзод Алишер Қодировнинг банери эса зумда тармоқ фойдаланувчилари эътиборига тушган.

Банерда "Президентликка номзод Алишер Қодиров" жумласи ва номзоднинг сурати кўзга ташланади.

Бироқ ушбу ташвиқот материалида сўз ўйинидан фойдаланилганидан ундаги сўзлар бир қарашда "Президентликка Алишер Қодир" ўлароқ ўқилади.

Тармоқ фойдаланувчилари "Миллий тикланиш" партияси номзодининг бундай ўзгача ташвиқот услубини ижобий ва ҳазиломуз кайфиятда қабул қилганлар.

Шунингдек, айни сурат акс этган ташвиқот ролиги ҳам тарқатилган.

Унда "Ўзбекистонни ўзгартиришга қодир Алишер Қодиров"га овоз беришга даъват этилади.

"Миллий тикланиш" партияси ўз номзоди иштирокидаги илк митинг 20 сентябр куни Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида бўлиб ўтишини ҳам хабар қилган.

Маълумот ўрнида, сайловолди кампанияси давомида номзодлар омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар ташкиллашлари, оммавий ахборот воситаларида чиқишлари, роликларни жойлаштиришлари, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатишлари мумкин.

Журналист йўл-транспорт ҳодисасида ҳалокат бўлди

Марҳум Саид Маҳсумов

Сурат манбаси, Xalq so'zi

Мамлакатдаги бир қатор маҳаллий нашрлар "Халқ сўзи" газетаси журналисти Саид Маҳсумов Қорақалпоғистонда автоҳалокатга учраб вафот этгани ҳақида ёзган.

ЙҲХББнинг маълум қилишича, фожиа 19 сентябр куни ярим тунда Хоразмнинг Тупроқ қалъа туманида содир бўлган.

Оқибатда, ҳайдовчи билан биргаликда машинадаги уч йўловчи ҳалок бўлган.

Улар орасида 36 яшар журналист ҳам бўлган.

Маълум қилинишича, Саид Маҳсумов бошқа журналистлар билан биргаликда Нукусда бўлиб ўтган ИИ Халқаро бахши фестиваль-танловининг ёритилишида қатнашган.

Марҳумнинг оиласига таъзия изҳор этган "Халқ сўзи" газетаси таҳририятининг эслатиб ўтишича, журналист икки фарзанднинг отаси бўлган.

Юмшатилган чекловлар

Оммавий тадбир

Сурат манбаси, daryo.uz

20 сентябрдан бошлаб маданий-кўнгилочар тадбирлар, томошалар, оммавий тадбирларни очиқ майдонлар ва ёпиқ мажмуаларда ўтказишга рухсат берилди.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

Оммавий тадбирларни ўтказишда маданий-кўнгилочар объектлар ходимлари ва тадбирлар ташкилотчиларининг коронавирусга қарши вакцина билан камида икки доза эмланган бўлиши, ташриф буюрувчилар эса ниқобда тақиши ва карантин қоидаларига риоя этишлари лозимлиги маълум қилинган.

Шунингдек, 20 сентябрдан бошлаб тўй ва оилавий маросимларни ўтказишдаги мавжуд чекловлар ҳам юмшатилиши маълум қилинган.

Хусусан, шу кундан бошлаб тўй, маърака каби оилавий маросимларни 100 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказишга рухсат берилган.

Бундан ташқари Республика махсус комиссияси 24 сентябрдан эътиборан жума намози ва бошқа намозларни масжидларнинг фақат очиқ саҳнларида адо этилишига оид чекловни бекор қилиш тўғрисидаги таклифни ҳам маъқуллаган.

Яна бузилган метро поезди

Метро поезди бузилиши

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq

20 сентябр куни ижтимоий тармоқда Ғофур Ғулом-Чорсу бекатлари йўналишида ҳаракатланаётган метро поезди 20 дақиқага яқин тўхтаб қолиб, йўловчилар вагонлардан туширилгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.

"Тошкент метрополитени"нинг изоҳига кўра, душанба куни соат 09:10 да Ғофур Ғулом бекатидан Чорсу бекатига ҳаракатланиши лозим бўлган 41-йўналишдаги ҳаракат таркибида ҳаво тақсимлаш тизимида техник носозлик юзага келган

"Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўловчилар бекатда туширилган ва ортда ҳаракатланиб келган 43-йўналишдаги ҳаракат таркиби ёрдам сифатида келиб, носоз ҳаракат таркибини техник кўрик пунктига олиб кетган. Техник носозлик 09:25 да бартараф этилган", дейилади расмий изоҳда.

Пойтахт метросида йил бошидан бери ўндан зиёд носозлик ҳолатлари кузатилган.

Коррупцияни ўрганувчи илк ННТ

Адлия вазирлиги расмийси ва "Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофлик" таҳлил маркази (Transparency Uzbekistan) вакиласи

Сурат манбаси, Adliya vazirligi

Ўзбекистонда илк бор коррупция ва шаффофликни ўрганувчи нодавлат-нотижорат ташкилот тузилган.

Адлия вазирлиги "Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофлик" таҳлил маркази (Transparency Uzbekistan)ни давлат рўйхатидан ўтказган.

Вазирликнинг маълум қилишича, марказнинг асосий мақсади - жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шаклланишига кўмаклашиш ҳамда давлат бошқарувида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик механизмларини такомиллаштиришдан иборат.

Шунингдек, марказ коррупциянинг сабаб ва оқибатлари, у етказаётган зарар, шунингдек, унинг олдини олиш бўйича тадқиқотлар ўтказиш, коррупция даражаси, давлат ҳокимияти институтларига ишонч даражаси ва коррупцияга қарши чоралар таъсирини баҳолаш бўйича ўрганишлар олиб бориш ва давлат органлари фаолиятида шаффофлик, ҳаққонийлик ва ҳалолликни таъминлаш бўйича кучли жамоатчилик назоратини амалга ошириш каби вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek