Ўзбекистон: Прокуратура ходими Qalampir.uz журналистига таҳдид қилди ва Термиздаги афғон учувчилари қаерга кўчирилади? – Янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Афғонистон учувчилари

Сурат манбаси, Social Media

  • Термиздаги афғон учувчиларини кўчириш бошланди - NYT;
  • Qalampir.uz журналисти прокуратура ходими таҳдидига учради;
  • Президент Мирзиёев Тожикистонга боради;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирига ректорлик вазифаси топширилди.

Термиздан БААга

Бир ойга яқин вақтдан бери Термизда сақлаб келингани айтилган Афғонистон Ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбийларини Бирлашган Араб Амирликларидаги АҚШ ҳарбий базасига кўчириш ишлари бошланди.

Бу ҳақда The New York Times АҚШ Вакиллик палатасидаги манбага таянган ҳолда хабар бермоқда.

16 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Афғонистон Ҳарбий ҳаво кучларига тегишли 22 самолёт ва 24 вертолётда бўлган жами 585 нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи мамлакат ҳаво ҳудуди чегарасини кесиб ўтгани ҳақида маълум қилган эди.

Бироқ, кейинроқ, Бош прокуратура барча учоқлар Термиз халқаро аэропортига мажбуран қўндирилгани билдирилган ўз хабарини "маълумотлар охирига қадар текширилмаган"и важи билан ўчириб ташлаган эди.

Бироқ ижтимоий тармоқда Сурхондарёдаги пахта даласига қўндирилган икки вертолёт ичида бўлган афғон учувчилари ва Ўзбекистон расмийларининг улар билан суҳбати тасвирланган 8 дақиқалик видео тарқалганди.

Эндиликда, The New York Times нашрининг маълум қилишича, афғон учувчилари ва уларнинг оила аъзоларидан иборат илк гуруҳ АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги музокаралар ортидан якшанба куни Термиздан БААга жўнаб кетган.

Мақолада яқин кунларда Афғонистон фуқароларининг яна икки гуруҳи АҚШ ҳарбий базасига етиб келиши билдирилган.

Жаҳон матбуотида Толибон раҳбарияти ушбу учувчиларни қайтариш йўлида Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказаётганига оид тасдиқланмаган хабарлар пайдо бўлган.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати ўтган бир ойга яқин вақт ичида Термиздаги ҳарбий полигон ҳудудида афғон учувчилари сақланаётгани тўғрисидаги хабарларни на рад этган, на тасдиқлаган.

Афғонистон фуқароларининг БААга кўчириш бошлангани ҳақидаги хабарга нисбатан расмий Тошкентнинг изоҳи ҳам, ҳозирча, кўзга ташланмаган.

Прокуратура ходими таҳдиди

Қалампир журналистлари ва милиция ходимлари

Сурат манбаси, .

Qalampir.uz нашри журналисти Феруза Нажмиддинова ва унинг тасвирчиси Юнусобод туман прокуратураси ходими томонидан таҳдидга учраган.

Нашр таҳририятининг маълум қилишича, 6 сентябрь куни журналист ва тасвирчи тадбиркорлар мурожаати асосида туманда ноқонуний қурилма ўлароқ бузиб ташланаётган тижорий бинолар масаласи юзасидан воқеа жойига борган.

Таҳририят баёнотида прокуратура ходими У.А. ҳолатни ёритаётган журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ҳақида сўз боради.

"Прокуратура ходими тасвирчини кўриб, Ички ишлар ходимларига "Олиб кел", деб буйруқ берди ва Ички ишлар ходимлари операторни қувлаб, автомашина олдигача келишди. Эшикни очиб, тезда машинадан тушишни буюришди", дейилади Қалампир.уз баёнотида.

Нашр томонидан эълон қилинган видеода У.А. экани билдирилган эркак кадр ортида тасвирчидан олинган тасвирларни ўчириб ташлашни талаб этаётгани эшитилади.

Видеода, шунингдек, Qalampir.uz журналисти прокуратура ходими нашр ходимларига "керакли жой"да гаплашиб олиш билан таҳдид қилганини иддао этади.

Qalampir.uz баёнотида билдирилишича, Бош прокуратура нашр томонидан келтирилган даъволарни ўрганиб чиққан ва прокуратура ходими журналистик фаолиятга тўсқинлик қилгани аниқланган.

"Текшириш натижасига кўра, У.А. билан Тошкент шаҳар прокурори ҳузурида профилактик суҳбат ўтказилиб, келгусида оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид қонунчиликка ҳамда прокуратура органлари ходимларининг "Касб одобномаси"га қатъий риоя қилиш, акс ҳолда интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилгани айтилмоқда", маълум қилган Qalampir.uz Бош прокуратура баёнотига таянган ҳолда.

Президент Мирзиёев Тожикистонга боради

Президент Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, .

Президент Шавкат Мирзиёев шу ҳафта Тожикистонга боради.

Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов душанба куни маълум қилган.

Билдирилишича, Ўзбекистон президенти 16-17 сентябр кунлари Душанбеда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.

Мирзиёев 16 сентябрда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Россия Президенти Владимир Путин ва Покистон Бош вазири Имрон Хон билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Икки томонлама учрашувлар 17 сентябр куни Эрон Президенти Иброҳим Раисий билан давом этади.

Шерзод Асадов 17 сентябрь куни ўтадиган давлат раҳбарлари йиғилиши якунида ШҲТга раислик Тожикистондан Ўзбекистонга ўтишини эслатиб ўтган.

Вақтинча ректорга айланган вазир

Жамшид Хўжаев

Сурат манбаси, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевга вақтинча Тошкент Давлат Аграр университети ректори вазифасини бажариш юклатилган.

Вазирликнинг маълум қилишича, бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси 10 сентябр куни қарор олган.

Университет ректори вазифасини бажариб келган Ботиржон Сулаймонов бошқа ишга ўтгани маълум қилинган.

Маълумот ўрнида, 42 яшар Жамшид Хўжаев 2019 йилдан буён Қишлоқ хўжалиги вазирлигини бошқариб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek