Ўзбекистон: 'Одамлар берилган эркинликдан эркалаб кетди' ёки 'минг марта раҳмат' – Мустақиллик сизга нима берди? O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Тошкент шаҳри

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат тагсўзи, "Одамлар берилган эркинликдан эркалаб кетди..."
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Бугун Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонламоқда.

Мамлакат кўчаларида бу кунни нишонлаш учун чиққан тумонат одам кўзга ташланмайди.

Ҳар йили кўчаларга осиладиган, мустақилликни эслатиб турувчи шиорлар ҳам у қадар кўринмайди.

Пойтахт кўчаларида одамлар ўзларининг кундалик юмушлари, тирикчилик ўтказиш билан банд.

Аммо мустақиллик телевидение ва матбуотда асосий кун мавзусига айланган.

Бу санага бағишланган расмий тадбир эса илк бор пойтахт Тошкентдан ташқарида ўтказилди.

Мазкур байрам муносабати билан ўқилган нутқида президент Шавкат Мирзиёев мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни санар экан, Ўзбекистон "ҳар томонлама обод ва фаровон, эркин демократик мамлакатга айланиши"ни таъкидлаган.

Хўш, ўзбекистонликларнинг ўзи мустақиллик йилларига қандай баҳо беради?

Уларнинг ҳаёти бу ўтган қисқа бўлмаган давр мобайнида қанчалик ўзгарди?

Каримов ва Мирзиёев

Мустақиллик тантаналари

Сурат манбаси, official

Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган давлат тадбири бу йил Тошкентдан ташқарида - Қибрайда қурилган "Янги Ўзбекистон" боғида нишонланган.

Тадбир бошида нутқ сўзлаган президент Мирзиёев биринчи давлат раҳбари Ислом Каримовни ёдга олиб, мамлакат босиб ўтган йиллар сарҳисобини келтирган, аҳолининг яшаш шароити ҳақида маълумот берган, яқинлашиб келаётган президент сайловига тўхталиб ўтган.

Тадбир давомида кўпчилик учун кутилмаган ҳолат юз берган.

Катта экранда Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев фаолияти акс этган тасвирлар намойиш этилган.

Амалдаги президент бу тасвирларни қарсак билан кузатган.

Тадбирда президент Мирзиёев ўтган йилларда мамлакат ҳукумати миллий манфаатларни таъминлаш, халқни рози қилиш йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётгани, "ғоят муҳим натижалар"ни қўлга киритаётганини таъкидлаган.

Аммо ўзбекистонликлар ҳақиқатан мамлакат ўз мустақиллиги йилларида жиддий ютуқларга эришди, деб ўйлайдими?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Демократия бўлиши зарур"

"Ҳозир қўлидан келган одам истаган ишини қиляпти. Аввал бирор нарса қилишингиз учун миллион одамдан рухсат олишингизга тўғри келарди", дейди ёши олтмишлардан ўтган рус аёли.

Уйида тўқиб-тикиб келган нарсаларини кўчада сотиб ўтирган бу аёл мамлакатда демократия ўрнатилиши лозимлигини таъкидлайди.

"Совет пайтида фақат бир шахс раҳбар эди. Фақат унинг айтгани бўлар эди. Унга исталган одам устидан ёзиб кириш мумкин, бундай маълумотлар билан кишилар қатл ҳам қилинар эди.

Лекин ундай бўлмаслиги керак. Ғарбдагидек яхши демократия ўрнатилиши лозим. Бир кишининг айтгани билан узоққа бориб бўлмайди", сўзлайди у.

Фарзандини айлантириб юрган ўттиз ёшлардаги аёл эса мустақиллик, аввало, хотиржамлик берганини айтади:

Тошкент шаҳри

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

"Ҳозир бизда хотиржамлик бор. Эрталаб кўзингизни очганда, осмонда самолётлар изиллаб юрганини кўрмаймиз".

Суҳбатдош бир эркак эса одамларнинг молиявий аҳволи мустақиллик йилларида зўр ўзгарганини таъкидлайди.

"Ҳамма нарсага эркинлик берилди. Фақат одамлар бу берилган эркинликни кўриб, эркалаб кетди".

"Минг марта раҳмат"

Тошкент

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

"Азиз мустақиллигимиз бизга ҳамма имкониятларни очиб берди. Юртбошимизга минг марта раҳмат!", хитоб қилади ёши 20 эканини айтган йигит.

У асли самарқандлик экани, Тошкентдаги олийгоҳлардан бирига сиртқи ўқишга кириб, бўш пайтлари мардикорлик қилишини билдиради.

"Бу йил ўқишга кирдим. Ҳозир мардикорликдан келяпман. Ҳаммаси учун мингдан-минг раҳмат", давом этади у.

Мустақиллик ҳамма имкониятлар эшигини очган бўлса, нега мардикорлик қиляпсиз унда, деган саволга у шундай жавоб беради:

"Конда ишлар эдим. Жамоат тартибини бузганим учун ишдан бўшатишди. Минг марта раҳмат президентимизга. Агар ишга тиклаб қўйсалар миннатдор бўлар эдим".

Би-би-си суҳбатлашган одамларнинг аксарияти мустақиллик ўзлари учун тинчлик, хотиржамликни англатиши ҳақида гапирадилар.

Аммо суҳбатдошлар орасида мустақиллик йилларида ҳаёти ўзгаришга учрамаганини таъкидлаганлар ҳам топилади.

Тошкент шаҳри

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

"Олдин 70 сўм ойлик олардим. Ҳамма нарсага етар эди. Ҳозир миллион-миллион топсанг ҳам, ҳеч нарса бўлмайди", дейди кўчада майда-чуйда сотиб ўтирган аёл.

"Фарзандларимиз ҳам пул топамиз, деб юришибди. Лекин топганлари ўзларидан ортмаяпти", кулади у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek