Ўзбекистон: Автоблогер Бобур Ғаниев аппеляцияси қаноатлантирилмади ва ўзбекистонликлар осмонда кўрган учар жисм нима эди? O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Чирчиқ матбуот хизмати ходими ҳужжати

Сурат манбаси, Facebook/Faxriddin Qodirov

  • Оммавий мунозарада ҳақоратли сўз ишлатган матбуот котиби ишдан олинди;
  • Самарқанд ва Марғилон осмонидан қандай номаълум жисм учиб ўтди?
  • Таниқли автоблогер аппеляция шикояти рад этилди;
  • Хоразмда ҳинд ҳарбийлари билан ўқув машғулоти ўтказилади.

"Калтафаҳм" ва ишдан бўшатилиш

Ижтимоий тармоқдаги оммавий мунозарада одамларга нисбатан номақбул сўз қўллаган Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби ишдан бўшатилган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг маълум қилишича, собиқ матбуот котиби Фаҳриддин Қодиров "оммавий мунозара пайтида давлат хизматчисининг мақомига хос бўлмаган тарзда ўз фикрини нотўғри шаклда билдириб, мулоқот маданиятининг умумқабул қилинган меъёрларини бузга".

Бундан аввал Чирчиқ шаҳрида чет тиллардаги сўзлар ўрнига ўзбекча муқобил сўзларни ишлатиш бўйича тарғибот акцияси шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Жамоатчилик томонидан кескин танқидга тутилган акция юзасидан фикр билдирган Қодиров Facebook'даги мунозаралардан бирида қуйидагича изоҳ қолдирган:

"Мен ўйламаган эдим одамлар бунчалик калтафаҳм деб. Оддий сўзлардан тузилган гапни тушунишмай қийналишяпти. Мен тарқатган хабар ўқимишли инсон учун оддий ҳол, (тупой) ёки ўзидан (тупой) ясаб олган калтафаҳмлар учун буни тушуниш қийин".

АОКА юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби билан меҳнат муносабатларини давом эттириш мумкин эмас, деган қарорга келганини маълум қилган.

"Чунки у ўз хатти-ҳаракатлари билан давлат хизматчисининг ахлоқий меъёрлари ва кодексини бузган, шунингдек, ўз фаолиятида мулоқот маданияти меъёрларига риоя қилмаган", дейилади расмий баёнотда.

Агентлик барча матбуот котибларини сўзга масъулиятли бўлиш, ўз вазифаларига жиддий ёндашиш, шунингдек, аҳоли сўровларига тезкорлик билан жавоб беришга чақирган.

Осмондаги номаълум жисмлар

Осмон жисми

Сурат манбаси, Akademia.uz

Ижтимоий тармоқда 5 октябрь тонгида мамлакатнинг бир қанча ҳудудлари осмонида номаълум жисмлар пайқалгани акс этган видеолар тарқалган.

Самарқанд ва Марғилонда олингани айтилган видеоларда ортидан ёрқин из қолдириб учаётган қўшалоқ жисм кўзга ташланади.

Ўзбекистон Фанлар академияси видеолардаги жисмлар ўрганиб чиқилганини маълум қилган.

Фанлар академияси Астрономия институти ходимининг изоҳлашича, жисмларни на комета, на метеор, дея аниқ айтиш мумкин.

"Агар бу объектларни ортидаги хира издан комета ва унинг думи деб тавсифлашга ҳаракат қилинса, унинг видеоматериалдаги нисбий тезлигига кўра бу мумкин эмас. Чунки Комета атмосферадан ташқарида ва анча узоқда бўлганлиги сабабли бундай катта кўринма бурчак тезликда ҳаракатлана олмас эди.

…жисмларнинг ёрқинлиги флуктуацияланучи ёки портловчан эмас, ҳаракати давомида деярли ўзгармас ёрқинликдалиги туфайли бу жисмларни ер атмосферасига кириб келган метеор деб сифатлаш ҳам имконсиз", дейилади Фанлар академияси изоҳида.

Расмий хабарда видеоматериалларнинг сифати ва улардаги далиллар бу объектларнинг табиати ҳақида хулоса беришга етарли эмаслиги ҳақида сўз боради.

Рад этилган аппеляция

Бобур Ганиев

Сурат манбаси, Social media

Суд ЙПХ ходимини ҳақорат қилишда айбланиб, 15 суткага қамалган автоблогер Бобур Ғаниевнинг аппеляция шикоятини қаноатлантирмаган.

ЙПХ ходимлари фаолияти танқид қилинган видеолари билан танилган автоблогер 30 сентябрь куни шов-шувли тарзда ушланган эди.

Расмий изоҳда автоблогер Ғаниев ЙПХ инспекторларини ҳақорат қилиб, жанжал кўтаргани, ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан жамоат тартибини бузгани ҳамда шахсий телефонида порнографик мазмундаги фото-видеоматериаллар аниқлангани таъкидланади.

1 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди Ғаниевга қарийб 6 миллион сўм жарима ва 15 сутка қамоқ жазоси тайинлаган.

6 октябрь куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси автоблогернинг адвокати келтирган аппеляция шикоятини қаноатлантирмаган.

Ўзбек-ҳинд ўқув машқлари

Ҳарбийлар дарсда

Сурат манбаси, O'zbekiston Mudofaa vazirligi

Келгуси йили Хоразмда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳарбийларининг қўшма ўқув машқлари бўлиб ўтади.

Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, "Дўстлик - 2022" номини олган ўқув Хоразм вилоятидаги Шимоли-ғарбий ҳарбий округга қарашли "Янгиариқ" умумқўшин полигони ҳудудида бўлиб ўтиши белгиланган.

6 октябрь куни мазкур ўқувларни ташкиллаш масаласи юзасидан онлайн учрашув бўлиб ўтган.

"Таъкидлаш жоизки, халқаро миқёсдаги ҳарбий машғулотлар Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳудудидаги ҳарбий полигонларида шу вақтга қадар ҳеч қачон ўтказилмаган", дейилади вазирлик хабарида.

Расмий хабарда Ҳиндистон томони режалаштирилган ўқувлар ўтказилишини батафсил муҳокама этиш учун декабрь ойида Ўзбекистонга келиш истагини билдиргани маълум қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek