Афғонистон: Толибон ҳозир ҳам ал-Қоида билан алоқадами? Afg‘oniston dunyo yangiliklar

- Author, Дрисс Эль-Бэй
- Role, BBC Monitoring
Толибоннинг Афғонистонда қудратга қайтиши ортидан туғилган асосий савол уларнинг "ал-Қоида" билан узоқ муддат иттифоқчи бўлгани борасидадир.
"Ал-Қоида" Толибонга иттифоқчилик ваъдасини берган, бошқача айтганда, 1990-йиллар ўрталарида Усома бин Лоден Толибон етакчиси Мулла Умарга байъат қилган.
Гарчи Толибон ошкора тан олмаса ҳам, байъат ўшандан бери бир неча марта янгиланган.
2020 йили АҚШ билан тузилган битимга кўра, Толибон "ал-Қоида" ёки бирор экстремист гуруҳни ўз назоратидаги ҳудудга киритмасликка ваъда берган. Улар бу ваъдаларини 15 августда Кобулни эгаллаганларидан бир неча кун ўтиб яна такрорладилар.
Аммо улар "ал-Қоида"ни ҳам ошкора рад қилишаётгани йўқ.

Сурат манбаси, UNKNOWN
"Ал-Қоида" ҳам АҚШга қарши реторикаларини юмшатмаётир.
Байъатнинг аҳамияти
Араб тилида "байъат" мусулмонлар етакчисига садоқат ваъдасини беришни англатади ва у кўплаб жиҳодчи гуруҳлар ҳамда уларнинг филиаллари ўртасидаги садоқат асосидир.
У икки томонга мажбурият юклайди, жумладан, байъат берадиган томоннинг раҳнамога итоати. Байъатни бузиш Исломда жиддий жиноят саналади.
"Ал-Қоида"нинг ҳолатида бу байъат ташкилотни Толибон етакчиси ва унинг издошларини "Амир ул-мўъминин" сифатида тан олиб, итоат қилишга мажбур қилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Айни ана шу ҳолат Мулла Умарнинг 9/11 ҳужумидан сўнг Бин Лоденни Америкага топширишига тўсиқ бўлган ва бу 2001 йили АҚШ етакчилигидаги кучлар босқинига сабаб бўлган эди.
Байъат бузилишининг машҳур мисоли "ал-Қоида"нинг Ироқдаги бўлими марказий бошқарувга бўйсунишни истамаганидир. Бу ҳолат ташкилот ичида бўлинишни юзага келтирди ва ИШИД гуруҳини пайдо қилди.
ИШИД ва "ал-Қоида" ашаддий рақиб бўлиб қолди.
ИШИД Х - ИШИД Хуросон - ИШИДнинг Афғонистондаги минтақавий бўлимидир.

Сурат манбаси, WAKIL KOHSAR
Афғон Толибонига байъат қилган жиҳодчи гуруҳ фақат "ал-Қоида" эмас.
Покистон Толибони ҳам аввал байъат қилган ва Афғонистон эгалланганидан кейин байъатни яна янгилади.
Ўлган одамга байъат
2011 йили Бин Лоденнинг ўлимидан сўнг унинг издоши Айман аз-Завоҳирий "ал-Қоида" ва унинг минтақавий бўлимлари номидан Мулла Умарга байъат қилди.
2014 йили ИШИД Ироқ ва Сурияда ўзини халифалик деб эълон қилгангандан кейин байъат яна янгиланди.
Аммо 2015 йил июлида Толибон Мулла Умарнинг вафотига икки йил бўлганини эълон қилди. Кулгили жиҳати, аз-Завоҳирий ўлган одамга байъат қилган эди.

Сурат манбаси, UNKNOWN
Аз-Завоҳирий 2015 йил 13 августда янги раҳнамо Мулла Ахтар Муҳаммад Мансурга байъат қилди ва "босиб олинган мусулмон диёрининг ҳар бир қарич қисми озод бўлгунча жиҳод қилишга" ваъда берди.
Мансур "халқаро жиҳодчи ташкилот лидери"нинг байъатини тезда қабул қилди ва бу "ал-Қоида"нинг глобал жиҳодчи ҳаракатларини маъқуллаш эди.
Бу Толибоннинг ўзи айтаётган гапи, яъни Афғонистонда исломий тартибот ўрнатиш ва қўшни давлатлар билан нормал алоқалар бошлаш гуруҳнинг мақсади эканига зиддир.
2016 йил майида АҚШ ҳаво ҳужумида гуруҳ лидери Мансур ўлганида, ҳозирги лидер Ҳибатулла Ахундзода етакчиликни ўзига олгач, Толибон аз-Завоҳирийнинг байъатини қабул қилганини ошкора айтмади.
Бундай бўлганини инкор ҳам қилгани йўқ.
Байъатнинг ҳозирги ҳолати аниқ эмаслиги боис икки гуруҳ ўртасидаги муносабат ҳам ноаниқ бўлиб турибди.
Энди нима?
Қудратга қайтгач, Толибон икки томонга тортилмоқда.
Уларнинг "ал-Қоида" билан алоқаси Толибоннинг муросасиз жиҳодчи гуруҳлар орасидаги мавқеини мустаҳкамлайди ва "ал-Қоида"га тарихан садоқат сақлаб келингани улар ҳокимиятга келгандан кейин ҳам бу иттифоқчиликдан воз кечмаслиги мумкинлигини англатади.
Аммо Толибон АҚШ билан тинчлик битими мажбурияти остидадир ва улар бошқарувда прагматик бўлишга интилмоқда.
"Ал-Қоида" ва унинг минтақавий бўлимлари Толибонни "ғалаба" билан қутлай бошлади ва Ахундзоданинг мўъминлар амири эканини яна таъкидлашди.
Толибон бу қутловлар бўлганини оммага ошкора билдиргани йўқ, аммо Фаластин исломий ҳаракати Ҳамас қутлаганини тан олди.
Афғонистонга Бин Лоденнинг яқин сафдоши Амин ул-Ҳақ келгани ҳақидаги хабарлар икки гуруҳ ўртасида алоқалар сақланиб қолганига далолат қилади.
"Ал-Қоида" Ҳаққоний тармоғи билан яқин алоқаларни сақлаб келаётгани хабар қилинади. Бу тармоқ эса Толибоннинг бир қисмидир.
Бу масала Толибон дуч келаётган дилеммани очиқлайди. Бир томондан, улар халқаро миқёсда тан олинишни қаттиқ исташади, аммо бу уларнинг экстремизмдан қанчалик узоқлашишига боғлиқ.
Бошқа томондан, улар "ал-Қоида" билан йигирма йиллик иттифоқчиликдан осонгина воз кеча олмайди.
Бундай қилиш Толибоннинг ўз ичидаги муросасиз жангариларни гуруҳдан узоқлаштириши мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















