Толибон энди Афғонистонни бошқара оладими? Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, AFP via Getty
Бугун Толибон байрам кайфиятида. Улар Афғонистонда назоратни қўлга олишди.
Бироқ жангари ҳаракат энди давлатни бошқара оладими, турли миллатлар ва қавмларнинг бошини қандай бириктиради ва ниҳоят, иқтисодни қандай юритишади каби саволлар янграмоқда.
Пайдо бўлганидан бери умри жангда ўтган толибларнинг мамлакатни бошқариш тажрибаси борасида шубҳа-гумонлар кўп.
Толибон энди давлатни қандай бошқаради?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Дунё уларни тан олмаса ва қўлламаса давлатни бошқариш, иқтисодни тиклаш ҳамда тинчлик ўрнатиш ўта қийин кечишини бугун Толибон яхши англамоқда.
"Афғонистон Исломий Амирлиги Америка билан ҳам яхши дипломатик алоқалар қуришни истайди" - деди Толибон воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид хорижий кучлар чиқиб кетиши ортидан гапираркан.
"Улар бу ерда ҳарбий мақсадларига эришмадилар. Бироқ Афғонистон Исломий Амирлиги бутун дунё билан яхши муносабатлар ўрнатиш истагида. Биз ҳамма билан мустаҳкам дипломатик алоқалар қуришни хоҳлаймиз. Хусусан, АҚШ билан ҳам" - давом этди Толибон вакили.
Халқаро доирада тан олиниш ва дипломатик алоқалар ўрнатиш - ҳар қандай ҳукумат учун ўта муҳим.
Аммо ўшанда ҳам исёнкор гуруҳнинг бирданига давлатни бошқариб кетишига ишониш осон эмас.

Сурат манбаси, Reuters
"Толибон давлат бошқаруви бўйича бироз тажрибага эга. Улар фақатгина қуролли ё исёнкор гуруҳ эмас" - дейди британиялик таҳлилчи Флориан Уэйганд.
"Охирги йиллари қишлоқ ҳудудларида Толибоннинг таъсири анча кучайганди ва улар низоларни ҳал қилиб, адлия-маҳкама ишларини юритишган ва солиқ ҳам йиғишган. Аммо бу ишлар давлатни бошқариш учун етарли дейиш қийин. Чунки уларнинг бош эътибори ҳарбий амалларга қаратилганди" - дейди таҳлилчи.
Халқ ишонадими?
Толибон Кобулни эгаллаши билан минглаб одамлар мамлакатдан қочишга тушдилар.
Улар орасида ўтган 20 йил давомида етишиб чиққан ўқимишли ва тажрибали одамлар кўп.
Толиблар мутахассислар кетмасин, деди ва умумий афв ҳам эълон қилишини билдирди. Лекин кўпчилик ҳали бу ваъдаларга ишонмаяпти.
"Менимча, Толибон яқин орада қандай қилиб бўлмасин, қўрқитибми ё мажбурлабми, ишқилиб, одамларни Афғонистонда қолишга ундаса керак" - дейди Сингапурдан сиёсий тадқиқотчи Раффаэлло Пантуччи - "Чунки четга қочаётганларнинг кўпчилиги иш юритиш тизимида ишлаган одамлар".
"Агар бу инсонларнинг ҳаммаси кетиб қолса, Толибон мамлакат иқтисодини қайта қуришга жуда қийналади".
Ёрдамсиз ривожланиш

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон бошқарувни қўлга олиши билан ғарбдаги қатор йирик донорлар Афғонистонга ёрдамларини тўхтатишди.
Хусусан, АҚШ ва Германия, Жаҳон Банки ҳамда Халқаро Валюта Жамғармаси молиявий қўллов ва маблағларни музлатишди.
Шу қаторда, Афғонистон Марказий Банкининг 9 миллиард долларлик хорижий захираси ҳам АҚШда қолмоқда.
Толиблар бу каби иқтисодий қийинчиликларга дуч келишларини яхши билишади.
Шу боис ҳали ҳукумат тузмасдан туриб, Толибон раҳбарлари барчани Афғонистонга сармоя киритишга чақиришганди.
Лекин уларнинг ҳукумати нафақат ичкарида, балки ташқарида ҳам тўлиқ тан олинмасдан туриб, улкан хорижий сармояларга умид қилиш амримаҳол.
"Толибон, аввало, сиёсий тўсиқлар қаршисида турибди. Маҳаллий доирада легетимликка эришиши лозим. Кўпчилик Толибларга ишонмайди" - дейди таҳлилчи Флориан Уэйганд.
"Толибларга ҳалқаро ҳамкорлар ҳам керак ва улар иқтисодий муаммоларни енгиши лозим".
Толибон ва иқтисод

Сурат манбаси, Getty Images
Собиқ ҳукумат бюджети аксар хорижий ёрдамларга қарам эди. Бироқ у ҳукумати АҚШ қўллаган ва халқаро донорлар йирик маблағлар ажратишган.
"Энди Толибон давлатни тутиб туриш, дейлик, ўқитувчилар ё масъулларга маош тўлаш ва яқинлашаётган инсоний инқирозни бартараф этиш учун даромад ишлаб чиқариши керак" - дейди Флориан Уэйганд.
"Буёқда одамлар очликка юз тутмоқда, кўплар ички қочқинга айланган. Толибон мазкур муаммоларни зудлик билан ҳал қилиши даркор".
Хорижий кучлар чиқиб кетиши ортидан Толибонга бугун заиф ҳамда ташқи ёрдамга қарам иқтисод мерос қолмоқда.
Шу қаторда, малакали ва билимли мутахассислар ҳам Афғонистонни тарк этишмоқда.
1990-йиллардаги илк бошқаруви йиллари Толибон ўз бошқарувида қаттиқ чекловлар ҳамда зулмга урғу берганди.
Бугун эса, агар Афғонистонни ривожлантириш истагида бўлса, Толибон жуда кўп нарсани ўзгартириши, хусусан, афғонларнинг ҳам, дунёнинг ҳам ишончини қозониши керак бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














